Помпео: Уйғур миллатининг бирлигига путур етказилаётгани ҳақида бонг уришда давом этамиз

АҚШ Хитойда «инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши» мавзусини кўтариб чиқишда давом этади, деб маълум қилди Қўшма Штатлар давлат котиби Майк Помпео.

«Уйғур миллатининг бирлигига путур етказилаётгани ҳақида бонг уришда давом этамиз. Умид қиламизки, Хитой ўз муносабатини ўзгартиради. Бу –инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол этилишигина эмас. Воқеаларнинг бундай ривожи Хитойнинг фойдасига ишлайди, деб ўйламайман», – деди Помпео Американинг PBS телеканалига берган интервьюсида.

Майк Помпео
Фото: REUTERS/Erin Scott

Хитой ғарбидаги ҳолат учун республика раиси Си Цзиньпин масъулми, деган саволга Помпео: «Танк взводининг командири ёки кичик бизнес раҳбари каби, Си Цзиньпин ҳам унинг номидан қандай иш олиб борилаётгани учун масъулдир», деб жавоб берди.

Қайд этиш керак, Хитой ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати учун жазо сифатида АҚШ шу ҳафтада Хитойнинг сунъий онг устида иш олиб бораётган йирик стартапларини қора рўйхатга киритди. Бундан ташқари, америкаликлар Шинжон вилоятидаги мусулмонларнинг тутқунликда ушлаб турилиши ёки уларнинг камситилиши учун жавобгар деб ҳисобланган Хитой ҳукумати ва коммунистик партияси расмийларига нисбатан виза чекловларини жорий этди.

Майк Помпео якшанба куни барча давлатларни Хитойнинг уйғурларни «қайта тарбиялаш» талабини қоралашга чақирган, Пекиннинг Шинжондаги сиёсатини «ўз фуқароларини йўқ қилишга қаратилган уриниш» деб баҳолаган эди.

БМТ экспертлари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Хитойнинг узоқ ғарбий вилоятида уйғур миллатига мансуб, ислом динига эътиқод қилувчи камида 1 миллион киши тутқунликда ушлаб турилиши ҳақида айтиб келади.

Расмий Пекин бу иддаоларни рад этган ва Шинжондаги вазият мамлакатнинг ўз ички иши эканини билдирган.

«АҚШ томони Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини диний эркинлик ва инсон ҳуқуқлари жиҳатдан танқид остига олиб, шубҳа билдиряпти ҳамда асоссиз, хато ва фактларга қарама-қарши хулоса чиқармоқда. Хитой бундан жиддий норозилиги ва қатъиян қаршилигини билдиради», – деганди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Гэн Шуан Пекиндаги матбуот анжуманида.

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси ҳам сешанба куни баёнот билан чиқиб, АҚШнинг виза санкцияларини қоралади ва Американинг инсон ҳуқуқлари бузилишига оид айбловлари «Хитой ички ишларига аралашиш мақсадида тўқиб чиқарилгани»ни билдирди.

15 ойдан буён Қўшма Штатлар билан чигал савдо урушига кириб қолган Хитой, шунингдек, АҚШни Ҳонгконгдаги намойишларни қўллаб-қувватлашда, бу орқали мамлакат суверенитетига дахл қилишга уринишда ҳам айблаб келади.

Манба:Кун.уз

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мирзиëев электр ва газ учун ҳақ ундирадиган “полиция” тузди

  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро ...

Қуддус исроил пойтахти, деди трамп

АҚШ Президенти Дональд Трамп баёнот берди: "Қуддусни Исроил пойтахти дея расман тан оладиган вақт етиб келди". (more…)