Турк тадбиркорларини Ўзбекистонга келишдан нима тўсмоқда? Ўзбек элчиси уларни қийнаётган муаммолар хусусида

Хорижий салоҳиятли инвесторлар, сармоядорларни Ўзбекистонга пул киритишдан нима тўсиб турибди, деган савол кўпчиликни қийнаб келмоқда. Бу борада турли фикрлар билдирилади ва уларда асос ҳам бор. Чет эллик сармоядорларни Ўзбекистонга инвестиция киритишдан тўсаётган шундай муаммолардан бири – бу қонун устуворлигининг йўқлиги, жойларда ҳар бир иш маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига боғлиқ бўлиб қолганлигидадир. Бундан ташқари, хусусий мулкка бўлган муносабат бозор тамойилларига асосланмаганлигидадир. Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев Kun.uz мухбирига интервью берар экан, шулар ҳақида сўз юритди.

«Биз бу ерга малака ошириш бўйича баъзи бир раҳбарларни тез-тез чақириб турамиз. Шу жумладан, бир вилоят ҳоким муовинини ҳам таклиф қилдик. Биринчи муовинлари. У киши билан биргаликда ҳар куни учрашув бўлди.

У киши учрашувларнинг бирида ўрнидан турди-да, (тадбиркорларга қарата – таҳр.) агар сиз бизнинг вилоятимизга келиб, қайси еримизни бир нуқтасини кўрсатсангиз, сизга ёққан бўлса, у ерда иншоот бўладими, парк бўладими, боғ бўладими – шундоқ бузаман-да, сизга бераман деди. Ўзи ушбу муовин ҳам атайлаб айтгани йўқ, чунки бизда бу табиий ҳол. Бизнинг Ўзбекистонда, (мансабдор шахсни – таҳр.) менинг энг яқин дўстим экан, мардлик қиляпти, деб тушунамиз.

Лекин турк тадбиркорлари ҳаммаси менга кўзини олайтириб, ҳайрон қараб турибди: “сен кеча бизга бошқача гапираётгандинг, бу нима деяпти”, дегандек. Мен биринчи муовинга секин шипшидим: “эй, оғайни, булар мулкдор, ерга муносабати умуман бошқача, агар бировнинг ерини булар учун бузиб берадиган бўлсанг, 3-4 йилдан кейин буларникини ҳам бошқа одамга бузиб берар экансан-да, (деб тушунмасликлари учун) ҳеч бўлмаса, гапингни суваб юбориб, (биноси) бузилган одамга компенсация бераман, пулини бераман, деб айтгин, десам, ҳокимимиз муовини мени тушунмаяпти», – дея таъкидлади Алишер Аъзамхўжаев.

Элчи жаноблари яна бир мисол билан бошқа турк тадбиркори Ўзбекистонга сармоя ётқизишдан бир зумда воз кечгани, шу билан бирга, у нима учун бундай қарорга келганини изоҳлаганини ҳам маълум қилди.

«Яқинда яна бир ҳокимият вакилларидан бири келди. Бир корхона раҳбарининг олдига олиб бордик. Жудаям бақувват (бадавлат – таҳр.) одам. Мен уни икки ой (мобайнида – таҳр.) “Ўзбекистондан зўри йўқ, Ўзбекистон сенинг ватанинг бўлади, у ерда уй сотиб оласан, шу корхонани ўша ерда қурмасак бўлмайди”, деб жуда ишонтирганман. Тадбиркор тайёр, пишиб турибди.

Бирданига у ҳоким бува ўтирдилар-да, “мен сизга сўз бераман, бирорта прокурор, бирорта мелиса, бирорта судья, ҳеч ким сизга тегажоғлиқ қилмайди. Мен ўзим гарантман. Келасиз, корхонангизни очасиз, ишлаймиз”, деди.

Тадбиркор менга қараб, “шу кунгача мен иштиёқ билан Ўзбекистон ҳақида ўйлаб юрган эдим, энди бормайман”, дейди. “Нимага?”, деб сўрасак, “ҳамма нарса битта одам билан ҳал бўладиган бўлса, мен нима қиламан бунақа жойни”, деди. Ҳокимият вакили, нима дейишим керак эди, деб сўради. Тадбиркор “агар сиз менга, бизда қонун устувор, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди (қонундан ташқари – таҳр.) десангиз эди, эртага жомадонимни кўтариб борардим. Агар ҳамма иш сизга боғлиқ бўлса, эртага менга нисбатан кайфиятингиз ўзгариб қолса, менга ҳам шунақа муомала қиларкансиз-да. Нима, қонун устуворлиги йўқми?”, деди», – дея қайд этди элчи.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда мулк ва мулкдорга бўлган муносабат йўқ, аммо аста-секинлик билан бу жараён йўлга қўйилмоқда.

«Бизда мулкдорга бўлган муносабат йўқ ҳали. Бу нарса, секин-секин йўлга қўйилмоқда, президентимиз шу нарса бўйича ишлаяптилар. Биз шу маданиятни кўтаришимиз керак», – деди Алишер Аъзамхўжаев.

Манба:Кун.уз

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Morgan stanley тергов ишлари тугатилиши учун ақшга 2,6 млрд тўлайди

Американинг Morgan Stanley банки АҚШ Адлия вазирлиги билан қимматли қоғозларни сотиш борасидаги тергов ишларини тугатиши учун 2,6 миллиард доллар миқдорида маблағ тўлашга ...

Бизга мурувват керак эмас, дадам қамоқдан чиқса бўлди

Яқинда ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлган Яккабоғ туманидаги тадбиркорнинг дўкони маҳаллий ҳокимлик масъуллари томонидан қандай бузилган бўлса, шундай қайтадан ...

«фарғона-қизил қия» автобус қатнови йўлга қўйилди

Транспорт вазирлиги томонидан “Фарғона-Қизил Қия” йўналишида автобус қатновлари ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик хабарида айтилади. Йўналишнинг очилишига бағишланган ...