Қаршида аёл шифокор калтакланди

Жорий йил 16 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига қўнғироқ қилган фуқаро Ш. Г.ҳушидан кетгани учун “тез ёрдам” чақирган. Врач А. Б., фельдшер С. Н. ҳамда ҳайдовчи Ғ. Р.дан иборат “Тез ёрдам” бригадаси жўнатилган ва улар манзилга зудлик билан соат 08.42да етиб борган. Аммо, ўша хонадонда жам бўлган кишилар тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган.

Врач ва фельдшер хонага кирганида бемор ёнбош ётган, қўллари ва оёқлари букилган ҳолатда бўлган. Врач қон босимини ўлчаш учун унинг қўлини тўғрилашга уринганида қўли музлаганини сезган. Шундан сўнг шифокор дарҳол беморнинг бўйнидаги томир уришини аниқлашга ҳаракат қилган. Томир уриши сезилмаган, бемор нафас ҳам олмаган, кўз қорачиғининг ёруғликка таъсири текширилганида эса умуман реакция бўлмаган.

Шундан сўнг шифокор биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С. Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А. Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган.

“Тез ёрдам” ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келган. Мутахассислар кўриги ва стандарт текширувларда фельдшер С.Н.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач А. Б.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда РШТЁИМ Қарши филиалининг нейрохирургия бўлимида даволанаяпти.

Чақириқ бўлган хонадондаги марҳумнинг жасадини унинг яқинлари ўзларининг автомашинасида РШТЁИМ Қарши филиалига ўзлари олиб боришган. Реанимация бўлими шифокорлари уни тахминан бир соатча аввал вафот этганини тасдиқлаган. Шундан сўнг шифохона маъмурияти ички ишлар бўлимига хабар берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бошқармасига кўра, айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон туркий кенгашга қўшилади

Ўзбекистон туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (туркий кенгаш) аъзоси бўлиш учун ариза топширган. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли маълум қилганини ...

Фарғонада коллеж ўқувчиси мактаб ўқувчисини пичоқлади

Коллежнинг 3-босқич ўқувчиси ўрта умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчисини пичоқлади. Бу ҳақда ИИВ нинг матбуот ҳизмати маълум қилди. Иллюстратив фото 2019 йил 28 февраль ...

«ушланг, прокуратурага берворамиз»: зўравон «замҳоким»лар пойтахтда ҳам бор. олмазор туманида kun.uz ходимлари тажовузга учради

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди. Мурожаатда ташкилот ...