«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ана шу воқеалар ва уларнинг бугунги кундаги акс садоси ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

 

1917 йилда Россияда рўй берган Октябрь тўнтариши Евросиёнинг катта ҳудудини эгаллаган бу мамлакатда яшаётган турли халқлар ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Россия императори Николай II ни тахтдан ағдариб, унинг ўрнига ҳокимият тепасига келган ва олдинига «большевиклар», сўнгра «коммунистлар» деб аталган сиёсий гуруҳ тўнтаришдан бироз ўтиб, Россияда оёққа туриб олганидан кейин мамлакат бошқарув тизимига, одамларнинг кундалик ҳаётига, минг йиллар давомида эътиқод қилиб келинган динларга, турли миллатларнинг тарихига, ҳудудларига, умуман олганда ҳаммасига шунчалик кўп ўзгаришлар киритдики, ўшанда ўзлигидан, динидан, маданиятидан, тарихидан, ҳудудларидан ажралаётган миллат вакиллари келажакда «янгича ҳаёт» ортидан бошларига нима тушишини англаб ҳам етмаган эди. Коммунистлар қўл остиидаги ҳудудларда яшаётган турли миллатларни дини, тарихи, маданияти, урф-одатини ўзгартириш билан чекланиб қолмади. Одамларнинг қандай кийиниши, кўча-кўйда қандай юришигача аралашди. Бу сиёсатнинг акс садоси бугунги кунга қадар етиб келмоқда.

* * *

Албатта, бу ишларни амалга ошириш осон эмас эди. Аммо тарғибот ва жазо машиналари шунчалик кучли ишладики, натижада одамлар ўзгарди ва бироз муддатда ҳаммасига кўникди. Шу жумладан Марказий Осиё халқлари ҳам.

Ҳаммамизга маълумки, бу ҳудудда азалдан яшаган миллат ва элатлар ислом дини арконларига амал қилиб яшаган. Бу динда оиланинг таъминотчиси эркак киши бўлиши шарт қилинган. Аёллар эса уйда болалар тарбияси билан шуғулланган. Албатта, аксарият аёллар бўш пайтларида уйда ўтириб инсонга жисмоний зўриқиш бермайдиган ҳунар билан шуғулланган. Масалан, кийим тикишган, гилам ва матолар тўқишган, ип йигиришган. Аммо оғир ишларни қилишмаган. Дала ишларида ҳам асосан эркаклар меҳнат қилган.

Фото: «Яндекс»

Ўрта Осиёда коммунистлар олдида одамларнинг онгини, турмуш тарзини ўзгартириш вазифаси турар экан, улар биринчи навбатда ислом динига зарар бериш ва аёлларни кўчага чиқаришни мақсад қилди. Бу йўлда улар энг аввало динни одамлар учун зарарли эътиқод деб эълон қилди. Уларнинг наздида коммунистик жамиятда яшайдиган инсонларнинг эътиқоди «коммунистча даҳрийлик» бўлиши лозим эди. Иккинчи тарафдан, Марказий Осиё аёлларининг кўча кийими бўлган паранжини йўқ қилиш учун турли ҳаракатлар бошлашди.

Аёлларнинг паранжи ёпинишига қарши ҳаракат номи «Ҳужум» деб аталди.

«Ҳужум»нинг илк ташвиқот ҳаракатлари 1924 йилда ташкил этилди. Аммо у муваффақиятсизликка учради. Сабаби, Ўрта Осиё минтақасидаги аёлларнинг аксарияти диний эътиқод руҳида тарбия топган ва шу руҳда яшар эди. Паранжи ёпиниш эса ислом динида аёлларнинг кўча-кўйда авратини тамомила ёпиб юриши лозимлиги ортидан жорий бўлган эди. Шунингдек, кўпгина эркаклар оиласидаги аёллар кўчада очиқ юз билан юришини қабул қила олмаган.

1925–1926 йилларда «Ҳужум» ҳаракати сустроқ давом этди. Аммо 1927 йилдан бу ҳаракат қаттиқ авж олди. Коммунистлар янги артеллар, кечки ўқув курслари ташкил этиб, унга аёлларни жалб этиб ёки уйма-уй тарғибот қилиб, аёлларни паранжидан озод эта олмасликларини тушуниб етди ва энди бошқача йўлга ўтди.

1927 йилда Ўрта Осиё Марказий қўмитасининг биринчи котиби Исаак Абрамович Зеленский ғояси билан илк марта Самарқанддаги Регистон майдонида мамлакатнинг турли ҳудудларидан йиғиб келинган ва паранжисини ташлашга рози бўлган аёллар олдинроқ ҳаракатга қўшилган фаоллар иштирокида оммавий паранжи ташлаш тадбирини уюштирди. Паранжисини оловга улоқтираётган аёлларни оломондан ҳимоя қилиш учун кўп сонли милиция ходимлари тўпланди; улар паранжисини оловга отган аёлларни майдонга киришда ҳам, чиқиб кетишда ҳам қўриқлаб турди.

Бу воқеадан сўнг жамиятда, айниқса эркаклар орасида норозиликлар авж олди, кўплаб оилаларда низо чиқди, одамлар онгида норозилик кайфияти кучайди. Икки йилда паранжисини ташлаган 2 500 аёл ўз яқинлари томонидан ўлдирилди. Илк қурбонлар Сурмахон Шерматова ва ёш актриса Нурхон Йўлдошхўжаевалар бўлди.

1936 йилда адиб Комил Яшин Нурхоннинг ҳаётига бағишланган «Нурхон» пьесасини ёзди.

Фото: Google Photos

Бундан ташқари, паранжи ташлаган аёлларнинг маълум қисми ота-онаси томонидан оқ қилинди. Турмуш қурганларининг кўпчилигини эри талоқ қилди. Яқин қариндошлар, маҳалла аҳли юз ўгирди. Энг қизиғи, аксарият ҳолларда паранжи ташлаган аёллардан паранжисини ташлашни хоҳламаган аёллар юз ўгирган. Паранжи ташлашни хоҳламаган аёллар наздида ҳам, бошқалар наздида ҳам паранжисидан воз кечиб, юз-қўлини очган аёллар ор-номусидан воз кечганлар сифатида баҳоланган.

Паранжига қарши «Ҳужум» ҳаракати бошланган кезларда коммунистлар иложи борича аҳоли орасида таниқли бўлган аёллардан фойдаланди. Масалан, Қирғизистонда Чингиз Айтматовнинг онаси Наима Айтматованинг хизматидан фойдаланишган; бу аёл ўша пайтда турли юқори лавозимларда ишлаш билан бирга Қирғизистонда паранжи ташлаш тадбирларининг фаол тарғиботчиси бўлган.

Ўзбекистон ва Тожикистонда эса Тожихон Шодиева деган аёл паранжи ташлаш тадбирларининг фаол тарғиботчиси бўлди.

Паранжи ташлаш тадбирлари 1924 йилда бошланган бўлса ҳам, Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида 1940 йилгача, ҳатто марказлардан узоқ ҳудудларда 1950-йилларгача паранжи ёпинишди. СССРда паранжининг оммавий йўқ бўлиши Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтга тўғри келган бўлса, унинг бутунлай йўқолиши 1950-йилларга келиб амалга ошди.

Паранжи ташлаш, бир тарафдан, аёлларнинг жамиятга қўшилишига, фаоллиги ва ижтимоий лаёқати, жамиятдаги ўрни ошишига олиб келса, иккинчи тарафдан, уларнинг арзон ишчи кучи сифатида оғир эксплуатация қилинишига имконият яратди. Паранжи ташлаш натижасида мамлакат миллионлаб аёллардан иборат ишчи кучига эга бўлди.

Юқорида айтилганидек, Октябрь тўнтаришидан аввал ёки паранжи ташлаш тарғиботи илк бошланган кезларда оиланинг асосий таъминоти эркаклар зиммасида бўлган. Аёллар эса асосан уй бекаси сифатида болалар тарбияси билан шуғулланган. Паранжи ташлаш тарғиботлари бошлангандан кейин аёллар учун махсус артеллар, фабрикалар ташкил этила бошланди. Шаҳар-қишлоқларда паранжи ташлаган аёллар артелларга қамраб олина бошланди. Аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилишни ўз олдига қўйган коммунистик тузум ўз ниятига етди ва аёлларни турли ишларда эркаклар билан баравар ишлата бошлади.

«Ҳужум» ҳаракати Ўрта Осиё республикаларининг ҳар бирида кенг олиб борилиб, аёлларни кечки мактабларга, саводхонлик курслари ва ҳунар ўргатиш тўгаракларига, ишлаб чиқариш артелларига жалб этиш билан бирга янгича ҳаёт тарзига ташвиқот қила бошлади. Бунда «Ҳужум» ҳаракати худосизлар жамиятлари биргаликда иш олиб борди. Зеро аёлларнинг паранжи ўраши ҳам диний қадриятларнинг бир бўлаги ҳисобланган ва ундан воз кечишга ундаш тарғиботи худосизлар ҳаракати вакиллари билан бирга олиб борилган. Бу йўлда «дин афюнлиги», «дин бойлар томонидан камбағалларни, эркаклар томонидан аёлларни эзиш учун ўйлаб топилган восита» эканлиги тинмай уқтирилди.

Фото: Google Photos

«Ҳужум» ҳаракати давом этар экан, жамиятдаги бу ҳаракатга қарши чиққан ҳар қандай одам «ёт унсур» сифатида баҳоланиб, жазоланди.

Паранжига қарши курашнинг маълум босқичида миллийликка урғу бериб, рўмол ўраш ҳам тарғиб этилди. Рўмол паранжига нисбатан анча очиқ бўлгани боис дастлаб унга қаршилик бўлмади, аксинча, у миллий либос сифатида анча ижобий қабул қилинди. кейинчалик рўмол ҳам айрим сиёсатчиларга ёқмай қолди. Ҳозир ҳам Ўрта Осиё жамиятларида бу муаммо бутунлай ҳал бўлмаган: қаердадир паранжига қарши рўмол миллий либос тарзида тарғиб қилинса, яна қаердадир рўмол ҳам салбий баҳоланади.

Коммунистлар бу ҳаракатни оммалаштириш учун ҳамма воситалардан фойдаланди. Бу йўлда ҳатто шоир ва ёзувчилар, драматурглар, қўшиқчилар хизматидан ҳам фойдаланилди. Уларнинг аксарияти аёлларнинг паранжи ташлашдан олдинги ҳаётини «қора зулмат», паранжи ташлагандан кейинги ҳаётини эса «бахтли ва саодатли ҳаёт» деб асарлар ёзди, шеърлар тўқиди, қўшиқлар куйлади, пьесалар ёзиб, театрда намойиш этди. Бу асарлар, шеърлар, қўшиқлар, пьесаларда «аёлларга бахтни фақат коммунистик партия бера олиши» тарғиб қилинди. Ҳатто бу йўлда «ота-онанг хатти-ҳаракатингга қаршими, ҳеч ўйламасдан улардан воз кеч. Партия сенга ҳам оталик, ҳам оналик қила олади» деган шиорлар илгари сурилди.

«Ҳужум» ҳаракати ортидан Ўрта Осиёда ўқимишли аёллар кўпайди. Аммо кўпчилик динни қораламасдан, «Ҳужум» ҳаракатини бунчалик аёвсиз тарзда ўтказмасдан ҳам аёлларни ўқимишли қилиш мумкин эди деб ҳисоблайди. Шу жумладан мен ҳам. Аммо начораки, коммунистлар ҳукмрон бўлган Совет Иттифоқи аёвсиз кураш йўлини танлади ва бу йўл кўпчиликда оғир асоратлар қолдирди.

* * *

Бугунги кунда ўша машҳур паранжи ташлаш ҳодисаларига жамиятимиздаги турли одамлар турлича баҳо беради. Айримларнинг фикрича, «агар ўшанда ‘Ҳужум’ ҳаракати ўтказилмаса ва аёллар паранжи ташламаса, бугун ҳам Ўзбекистон аёллари паранжи остида, зулматда қолиб кетар эди».

Бошқаларнинг фикрича эса, «‘Ҳужум’ ҳаракати ўтказилмаса ва давлат миқёсида паранжи ташлаш ҳаракатлари мажбурий ўтказилмаса ҳам маълум бир давр ўтиб аёллар паранжи эмас, балки мусулмон дунёсидаги, аксарият аёллар каби оддий рўмол билан ўранишга ўтар эди». Шу тоифага яна бир гуруҳ «ҳар қандай ҳолатда ҳам жамиятда одамларнинг қандай кийинишига давлат томонидан аралашув, босим ва мажбурлаш бўлмаслиги лозим» деб ҳисобловчилар қўшилади.

Бугунги кун.Фото: Wikipedia

«Ҳужум» кампанияси, ҳеч шубҳасиз, Ўрта Осиё тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ва, большевикларнинг жуда кўп ислоҳот ва сиёсатлари қаторида, унга ҳам бир тарафлама баҳо бериш анча қийин. Бир томондан, ростдан ҳам аёлларнинг жамиятдаги ўрни, турмуш тарзи яхшиланиши тараққиётга хизмат қилди. Бошқа тарафдан, бу жамиятда кўплаб зиддиятларни келтириб чиқарди. Оилаларнинг бузилиши, аёлларнинг ўлдирилиши сингари шахсий муаммоларни қўя турайлик. Бутун жамиятга таъсир ўтказган ва ҳатто бугунги кунимизга таъсир ўтказаётган жиҳатлари ҳам йўқ эмас.

Бугунги кунга қадар ўзбек, тожик ёки қозоқ жамиятида аёлларнинг либоси, бош кийими билан боғлиқ баҳслар келиб чиқмоқда. Кимдир миллий ва диний қадриятларни сақлаш керак деса, яна кимдир уларни эскилик сарқити деб билмоқда. Шусиз ҳам жуда кўп ижтимоий ва иқтисодий муаммолари бўлган Ўрта Осиё жамиятлари ҳозирча бу масалада муросага келиб, олтин ўрталиқни топа олмаяпти: бир тараф бутунлай қарши, бошқа тараф бутунлай хайрихоҳ, ҳар ким билганича кийинсин дейдиган овозлар кам эшитилмоқда. Кийим эса одамларнинг кундалик ва ижтимоий ҳаётига таъсир кўрсатмоқда: бугун паранжи ўраш қолмаган, лекин рўмолни томоқ тагидан боғлашни танлаган аёллар ҳам дискриминацияга учрамоқда; бошқа тарафдан, дунёвий либос танлаган айрим аёллар оиласидаги эркаклар билан низога бормоқда.

Шундай қилиб, советларнинг «Ҳужум» кампанияси Ўрта Осиё аёлларига дунёвий ҳаётни, ижтимоий лаёқатни ўргатиб, тараққиётга маълум ҳисса қўшгани билан, бугунга қадар ҳал бўлмай келаётган ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқарган.

Манба:Дарё

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.