Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди.
Навқирон ёшга кирган бўлсаям, ўта нимжон. Куч-қувватга тўлолмаяпти. Халқаро тадбирларку нарёқда турсин, элимиздаги машваратлардаям “Ассалом”дан ўтолмаяпти.
Шу даражага етдикки, ўзбек тилини билганларнинг жойи пойгакка тушиб қолди. Она тилини чалама-чатти гапириб, сал-пал ажнабийчани ўзлаштирганлар тўрнинг тепасида. Энг ардоқижон ходим ҳам, ойликнинг баланди ҳам ўшаники. У ўзбек тилидан кўра, муомала тилини яхши билади-да.
Ўшанақа тоифанинг давраларда оғзини тўлдириб ўзбек тилининг бугунги мақоми, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида воизлик қилаётганини кўриб, Одил Ёқубовнинг ўша қанотли гапи эсимга тушиб кетаверади…
Тилагим, ўзбек тилимизга тезроқ куч-қувват инсин. Давлат тили мақомига ярашиқли бўлсин!