«Кунтуғмиш»дан
Акиф БАҒИРга
КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН,
Ёлғиз бошим узра узилар шамол,
Кўзларимни ғажир аллақандай тун,
Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? –
Ақлимни ғижимлар яланғоч савол –
Ассалому алайкўм дорнинг оғочи.
Туркийлар, айтингиз бизда нима бор,
Бизда бор мутеьлик, қуллик, озорлар,
Бизда бор қўллардан кетган ихтиёр,
Манхус кимсаларнинг талон-тарожи,
Ҳайқириб ётибди буюк мозорлар –
Ассалому алайкўм дорнинг оғочи.
Туркийлар, айтингиз бизда нима йўқ,
Бизда йўқ иттифоқ, бизда йўқ бирлик,
Оёқ остиндадир инсоний ҳуқуқ,
Бу туркий оламнинг қутлуғ меьрожи,
Оёқ остиндадир муқаддас ҳурлик,
Ассалому алайкўм дорнинг оғочи.
Ёвузлар кучларин тўплаб шайланар,
Ичи тўла ғазаб, қўлларида тиғ,
Замонлар айланар, осмон айланар,
Она Туркистондир туркларнинг тожи –
Айтингиз, қандайин яшаймиз ортиқ,
Ассалому алайкўм дорнинг оғочи.
Нон сўраб келганга жонингни бердинг,
Сендадир матонат, сендадир тоқат,
Қон сўраб келганга шонингни бердинг,
Юртингни бердинг сен қаттол ҳирожи,
Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат,
Ассалому алайкўм дорнинг оғочи.
Магар оҳинг билан оламни тўлдир,
Тингламас Аллоҳинг нолаларингни,
Ваҳки отангни от, онангни ўлдир,
Эй қора дунёнинг қора муҳтожи,
Бўғизла толесиз болаларингни,
Ассалому алайкўм дорнинг оғочи.
1988