Дунёдаги вазият: Британияда можаро ва Хитойни судга берган штат

Испания, Италия ва Европанинг бошқа бир неча давлатлари қатъий карантин чораларини юмшатишда давом этмоқда, Британияда ҳимоя воситалари тугаб қолди, Черногорияда илк зарарланиш ҳолати қайд этилди, АҚШ Хитойни яна бир бор пандемия учун айблади, БМТ эса «бемисл кўламдаги очлик» бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Reuters

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 2,6 миллиондан ошган, ўлимлар сони 182,4 мингдан ортиқ, 714 мингдан ортиқ киши соғайган. АҚШ шифохоналарга олиб келинган беморлар сони бўйича етакчи – 829 минг ҳолат.

BBC коронавирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги янгиликларни жамлади.

Испания бош вазири Педро Санчес ҳукумат май ойи ўрталаридан карантин чораларини юмшатиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди, аммо бу жараён босқичма-босқич кечади. Мамлакатда ўтган ҳафтадаёқ айрим чекловлар бекор қилиниши бошланганди: аввалига айрим заводлар ва корхоналар фаолиятига рухсат берилди, якшанба кунидан 14 ёшгача бўлган болалар кўчага чиқиши учун қўйилган тақиқ бекор бўлди – улар фақат ёши катталар ҳамроҳлигида кўчада сайр қилиши мумкин. Бунгача болалар уйларини тарк этиши тақиқланганди.

Испания зарарланиш ҳолатлари сони бўйича Европада биринчи ўринда жойлашган (208 мингдан ортиқ ҳолат), ўлимлар сони бўйича эса Италиядан кейин иккинчи (21 717 қурбон).

Испанияда қатъий карантин чоралари 14 март куни жорий этилганди.

Францияда қаторасига учинчи кун Париждан шимолдаги ҳудудда тартибсизликлар давом этмоқда. Полиция билан тўқнашувга киришган ёшлар чиқинди идишларини ёқиб, тошлар улоқтиришмоқда. Ушбу ҳудуд қашшоқ маҳаллалардан иборат бўлиб, карантин туфайли вазият оғирлашган, полициячиларнинг кўчалардаги тун-у кун навбатчилиги эса ижтимоий кескинликни оширган.

Францияда Covid-19 беморлари орасида интенсив терапия бўлимларига ётқизиш зарурати бўлганлари сони қаторасига 13 кун пасаймоқда. Айни вақтда реанимацияларда 5 433 бемор қолмоқда.

Аммо ўлим ҳолатлари сони ўсиши тўхтамаяпти. Сешанба куни мамлакатдаги шифохоналарда 544 киши вафот этди ва эпидемия бошланганидан буён қайд этилган жами ўлимлар сони 21 340 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир кунда яна 1827 киши касаллангани аниқланган ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 160 мингга яқинлашган.

Италия 4 майда карантиндан чиқа бошлаши мумкин / GETTY IMAGES

Италия ҳукумати ҳафта охирида мамлакатни карантиндан олиб чиқиш режасини тақдим этади. Бош вазир Жузеппе Контенинг маълум қилишича, нормал ҳаётга қайтиш коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари ва олимларнинг қатъий назорати остида кечади.

Карантин чоралари 4 майдан сусайтирилиши кутилмоқда.

Мамлакатда янги зарарланиш ҳолатлари камайиши давом этмоқда (сўнгги бир кунда 3370та янги ҳолат, жами ҳолатлар сони 187 мингдан ошиқ), аммо ўлимлар кўрсаткичи ўсмоқда. Сўнгги бир кунда 534 киши коронавирус қурбонига айланди, жами қурбонлар сони 25 085 кишига етди – Европадаги энг юқори кўрсаткич.

Британиядаги можаро

GETTY IMAGES

Буюк Британияда сўнгги бир кунда коронавирус туфайли шифохоналарда 763 киши оламдан ўтди. Эндиликда жами қурбонлар сони 18 100 кишига етди, зарарланиш ҳолатлари сони – 133 мингдан ошган.

Аммо бу статистикадан Covid-19 билан оғриганларнинг барчаси, шунингдек, ўз уйида ёки қариялар уйларида вафот этаётганлар ўрин олмаган. Сўнгги беш кунда касалхоналардан ташқаридаги ўлимлар сони икки баробар кўпайган, шундай экан, ҳақиқий ҳолат расмий рақамлардагидан жиддий фарқ қилади.

Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Ҳэнкокнинг сўзларига кўра, айни вақтда Британия касаллик тарқалишининг энг юқори даражасида турибди. Бу эса тез орада пасайиш бошланишига умид бермоқда, аммо вазир ҳукумат карантин чораларини фақатгина иккинчи тўлқин бошланмаслигига ишончи комил бўлганидагина бемор қилишини айтди.

Бу вақтда Британияда мамлакат ЕИ билан Covid-19ни аниқлаш ва даволаш учун зарур бўладиган воситалар – тиббиёт ходимлари учун ҳимоя воситалари, сунъий нафас олдириш аппаратлари, лаборатория учун қурилмалар, шунингдек тест тўпламлари харид қилиш бўйича умумий келишувда иштирок этмагани бўйича можаро бошланди.

Бундай келишувда ЕИга аъзоликдан қатъи назар Европанинг барча мамлакатлари иштирок этиши мумкин бўлган. Биргаликдаги ҳаракатлар бўйича режа биринчи марта январь ойи охирида муҳокама қилинган, 17 март куни эса махсус комиссия давлатлардан муайян жўнатмалар учун буюртмаларни қабул қилишни бошлаган.

Евроиттифоқ амалдорларининг сўзларига кўра, Буюк Британия вакиллари ушбу жараённинг барча босқичларида иштирок этишмаган ва белгиланган кунда ариза топширилмаган.

Британия ҳукуматидагилар белгиланган муддатга улгуришмагани ҳақида айтмоқда.

Бу вақтда эса Лондондаги шифохоналарда шахсий ҳимоя воситалари тугамоқда, айримларида эса умуман қолмаган. Лондонликлар ташаббус кўрсатиб онлайн-дўконлардан ва тўқимачилик корхоналаридан шифохоналар учун тиббий ниқоблар излашмоқда.

Европада яна нималар бўлмоқда?

Руминияда кўчаларда ҳаракатланишга қатъий чекловлар ўрнатилган / GETTY IMAGES

Руминия расмийлари бир ойга яқин вақт ичида хазинани карантин қоидаларини бузганлик учун қўлланган жарималар орқали 69 миллион фунтга (78 млн евро) тўлдиришган. Таққослаш учун, мамлакатда февраль ойида шунча миқдорда солиқ йиғилганди.

Хабар қилинишича, март ойи охиридан буён полиция 200 мингга яқин кишини изоляция режимини бузгани учун жаримага тортган.

Энг кўп жарималар пойтахт Бухарестда ва атрофдаги ҳудудларда қўлланган. Бухарест мэри Роберт Негоица ҳам жазодан қочиб қутула олмаган, у шаҳардаги хиёбонда велосипедида сайр қилгани учун жазоланган.

Карантин тартибларига кўра, кўчада ҳаракатланиш фақат муҳим соҳалар ходимларига мумкин, қолганлар эса уйдан кундуз кунлари фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарурий харидлар учун чиқиши мумкин, одатда бир кунда фақат бир марта чиқишга рухсат берилади.

Черногорияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Шу тариқа, бу давлат Европада Covid-19 аниқланган сўнгги ҳудудга айланди.

Нидерландия молия вазири Вопке Ҳукстра одамлар ҳаёти учун курашаётган ва ҳар куни ўз ҳаётини хавф остида қолдираётган шифокорлар олқишлардан ҳам каттароқ мукофотларга муносиблигини айтиб ўтди.

Нидерландиядаги шифохонада / GETTY IMAGES

Ҳукстранинг фармонига кўра, Нидерландияда тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатаётган ҳар бир ходим ҳар куни бонус олади. Ҳозирча мукофот суммаси маълум қилинмаган.

Германия ҳукумати анъанавий Берлин марафонини қолдирган, бу тадбир сентябрь ойида бўлиб ўтиши белгиланганди. Мамлакатда оммавий тадбирларга қўйилган тақиқ муддати 24 октябргача узайтирилган.

Жаҳондаги вазият
Американинг Миссури штати Хитойни пандемия юзага келишида айблаб судга берди. Штатнинг бу ҳаракати расмий Пекинни дунёда юзага келган вазиятда айблаб келаётган Оқ уй позициясини ифодалайди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой коронавирус тарқалиши кўлами бўйича тўғри маълумотларни тақдим этмагани, ЖССТ эса хитойликлар берган статистика маълумотларга кўр-кўрона ишонгани ва эпидемия тарқалиши олдини олиш учун зарур чоралар кўрмагани ҳақида айтиб ўтганди.

Кўплаб америкалик таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Трамп бу билан пандемия вақтидаги ҳаракатсизлиги туфайли тушиб кетган рейтингини кўтариш учун америкаликларнинг эътиборини Хитойга қаратишга уринмоқда.

Хусусан, аввалроқ МРБ ходимлари гуруҳи январь ойидаёқ Оқ уйга юзага келаётган муаммо ҳақида ҳисобот берилгани, унда Пекин тақдим этган маълумотлар ишончсиз эканидан огоҳлантирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо, агентларнинг сўзларига кўра, Трамп уларнинг ҳисоботига эътиборсизлик билан қараган – у Хитой билан савдо келишуви бузилишидан хавфсираган.

Хитой томони Миссури штатининг судга беришидан ташвишга тушаётгани йўқ, чунки Хитой вакилини Америка судига чақириш имконсиз иш.

Бу вақтда АҚШ касалликлар ва профилактика маркази раҳбари Роберт Редфилд мамлакатда карантин чораларини юмшатишга ҳали эрта экани, касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқини ҳозиргисидан кўра хавфлироқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Сингапурда Covid-19дан зарарланиш ҳолатлари сони 10 мингга етди, сўнгги кунда янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилиши бўйича кунлик рекорд қайд этилди – 1 016 ҳолат.

Шу тариқа, Сингапур Жанубий-шарқий Осиёда коронавирусдан энг жиддий зарар кўраётган давлатга айланди. Ҳукумат зарарланиш ҳолатларининг аксари хорижий муҳожирларнинг ётоқхоналари билан боғлиқ эканини таъкидламоқда.

Мамлакатда карантин чоралари 1 июнга қадар узайтирилди, қатор чоралар қатъийлаштирилди.

БМТ маълумотига кўра, сайёрадаги миллионлаб кишилар ҳозирданоқ инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлиб қолган / REUTERS

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат дастури Covid-19 пандемияси «бемисл даражада очлик» бошланишига олиб келиши мумкинлиги ва бунинг оқибатлари кўплаб давлатлар ва айрим қитъалар учун жуда оғир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

 

https://kun.uz/news/2020/04/23/dunyodagi-vaziyat-britaniyada-mojaro-va-xitoyni-sudga-bergan-shtat

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қишлоқ одамларида қўл теримидан воз кечишга умид уйғонмоқда

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида замонавий пахта териш машиналари синовдан ўтказилаётган экан. Буни эшитган қишлоқ одамларида энди қўл теримидан воз кечарканмиз, деган ...

“боболаримиз қурганини таъмирлаб, оталаримиз бунёд этганларини эса бузамиз”

Пойтахтнинг замонавий қиёфаси, Tashkent City, алюкобонд ва шаҳарсозликнинг асосий тамойиллари ҳақида Александр Куранов – 40 йиллик тажрибага эга меъмор, “Шарқ”, “Илҳом” ...

Петербургдаги фаст-фуд ресторанидан 26 яшар ўзбекистонликни томоғидан пичоқланган ҳолатда топишди

Петербургдаги фаст-фуд кафеларнинг бирида ўзбекистонлик эркак жасади топилди, деб ёзмоқда “Соф.уз” сайти "Бургер Кинг" фаст-фуд кафеларининг бирининг раҳбари ишхонага келгач, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400