«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилади

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Белгилаб қўйилишича, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш очиқ ҳамда ошкора амалга оширилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ташкил этилаётганда ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида фуқаролар воқиф этилади, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда нодавлат нотижорат ташкилотларидан, оммавий ахборот воситаларидан, шунингдек фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчалар ва кўп квартирали уйлар аҳолиси вакилларидан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Кузатувчилар ўз фаолиятини фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар) комиссиялари томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.

Манфаатдор ташкилотлар ҳамда тегишли фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўчабоши ва уйбошилар ўз кузатувчилари тўғрисида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар) комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади. Бунда кўчабоши ва уйбошиларнинг кузатувчилари тўғрисидаги ҳужжатлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ (бундан буён матнда ишчи гуруҳ деб юритилади) томонидан умумлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

Манфаатдор ташкилотлар ҳамда тегишли фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўчабоши ва уйбошилардан ариза олинганидан кейин беш кун ичида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар) комиссияси кузатувчи учун мандат беради.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ишчи гуруҳларнинг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов ўтказиладиган жойда ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, овоз берувчиларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва саноқ комиссиясининг баённомаси тузилаётганда, фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарор қабул қилаётганда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхаларини ишчи гуруҳдан сўраш ва уларни олиш;

башарти сайлов жараёнларида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларга маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

овоз берувчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;

овоз берувчилардан уларнинг кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки овоз берувчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

ишчи гуруҳ ва саноқ комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилади.

Билдирилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари комиссияларнинг ишчи органларидир.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан 7-11 нафар аъзодан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови эълон қилинганидан кейин ишчи гуруҳ ўз фаолиятини тугатади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

48 фоиз россиялик фақат озиқ овқат ва кийимга пул топа олади

Тахминан 48 фоиз россияликнинг иқтисодий ҳолати фақат озиқ-овқат ва кийим сотиб олишга етади. Уларга бошқа каттароқ нарсаларга нисбатан тўлоқ қобилияти йўқ. Бу ҳақда Росстат ...

Грин кард сўнги умиди бўлган халқим…

Сўнги йиллардаги бир трендни машхурлашиб бораётганини хеч сезяпсизми? Ҳа бу Грин Кард. Грин Кард бу ҳар йили АҚШ томонидан ўтказиладиган лоторея ўйини, бунда ғолиб ...

Туркия қимматчилик билан қандай курашмоқда

Туркия қимматчилик билан курашиш учун қўшимча тўловларни пасайтирди. Бироқ, маҳаллий тадбиркорлар ўзгаришларни дўкон пештахталарида киритишга шошилмаяпти. Шу муносабат билан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400