
Яқинда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги халқаро аэропорт 415 миллион долларга сотилгани маълум бўлганди. Бу хабар ўзбекистонлик блогерларнинг яна аэропортларни хусусийлаштириш борасида фикр билдиришларига асос бўлди.
Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи ва блогер Беҳзод Ҳошимов телеграмдаги каналида бу борада ўз фикрларини билдирди: «Олмаота аэропортини 415 миллион долларга сотиб юборишибди (Олмаота аэропорти 1994 йилдан буён хусусий). Сотиб олувчи Туркиянинг TAV Airports Holding компанияси.
Биз ҳам шу инқироз пайтида барча аэропортларимизни хусусийлаштириб юборсак яхши бўларди. Қарабсанки, инқироздан кейин Ўзбекистонда авиатранспорт ҳам балки ривожланар. Шунча йил рақобатсиз бўлган авиатранспорт учун рақобатчилар кириб келса, иқтисодиётимизга жуда кўп фойдаси тегар эди.
Албатта, хусусийлаштириш жараёни адолатли ва шаффоф бўлиши керак. Буни таъминлаш эса унчалик қийин эмас. Хуллас, 2020 йилга умидларимдан бири энг камида Тошкент аэропорти хусусийлаштирилиши. Хусусийлаштириш ва «осмон очилиши» натижасида чипта нархлари тушиши аниқ», деб якунлаган иқтисодчи постини.
Беҳзод Ҳошимовнинг фикрларини қўллаб қувватлаган таниқли ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам аэропортлар хусусийлаштирилиши ҳақида баъзи мулоҳазаларини билдирди: «Шу чоққача халқ тўлаган солиқлар эвазига фаолият юритиб келган аэропортлар ва «Uzbekistan Airways» компанияси ишончни оқлаётгани йўқ.
Аксинча, улар зарар кўрмаслиги учун монополга айлантириб қўйишган ва барча оғирлик халқнинг гарданига тушмоқда: чипталар қиммат, хизматлар сифатсиз, ривожланиш суст. Давлат бюджети на улар тўлайдиган солиқлардан, на улар топган даромаддан тайинли фойда кўраётгани йўқ.
Яъни, халқ ўзи тўлаётган солиқлари эвазига кун кўраётган компаниялар сабабли яна ўзи қўшимча тўлов қилишга, зиён кўришга мажбур бўлмоқда. Бу ўта оддий ҳаёт ҳақиқатини англаш учун иқтисод фанлари профессори бўлиш шарт эмас.
Шу сабабли иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида тезроқ давлат улушини камайтириш ва уларни хусусийлаштириш керак. Ҳар бир соҳага қанча тез рақобат кириб келса, бундан фақат ва фақат халқ ютади. Халқ ютди дегани давлатга ҳам фойда дегани. Фақат хусусийлаштириш жараёни очиқ, ошкора ва шаффоф ўтиши керак», деган Хушнудбек Худойбердиев ўз каналидаги постида.
Маълумот учун, Ўзбекистонда бирорта хусусий аэропорт мавжуд эмас. Ўз навбатида, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам мамлакатдаги ягона авиакомпания ҳисобланади.