Барча мухолифат ташкилотларини ҳамжиҳатликка чақираман!

Ҳурматли мухолифат етакчилари ва фаоллар!

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган авторитар тузум халқнинг тинкасини қуритмоқда. Халқимизнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашмоқда.

Мамлакатни ноқонуний эгаллаб олган ҳукумат давлатимиз бойликларини ҳар томонлама талон-тарож қилиб, миллат келажагини барбод қилишда давом этмоқда.

Мамлакатнинг ичидаги мухолифат ҳануз тазйиқ ва таъқиблар остида яшашга маҳкум, мамлакатдан ташқаридаги мухолифат эса дунёнинг турли-туман давлатларида қувғинда, тарқоқ ҳолда фаолият қилмоқда.

Бугунги сиёсий вазиятдан, сиёсий ҳолатдан мамлакатда сиёсий ўзгаришларни фақат мухолифат, мухолиф ташкилотлар амалга ошира олиши ойдин бўлмоқда. Ҳозирги режимнинг мамлакатда сиёсий ислоҳатларни амалга оширишдан бош тортганини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Бу ҳолат мамлакатда яна диктатура тузуми қарор топишига олиб келиши аниқ.

Мен, Бирдамлик Халқ Демократик Партиясининг раҳбари Баҳодирхон Хон Туркистон мамлакатнинг келажаги, халқнинг фаравонлигини ўйлаб Сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу Манифест лойиҳасини ёздим. Марҳамат ўқиб, лойиҳасига ўз фикрингизни билдиринг. Лозим топсангиз кейинги қадам Мухолифат Меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқишга қўшилинг ва биз билан ҳамкорликда иш юритинг!

Биз, 2020 йил 25 майда Мухолифат Меморандумини қабул қилиш учун мухолифатдаги ташкилотлар ва уларнинг вакиллари, аъзоларини Онлайн конференцияга таклиф қиламиз.

Конференцияда қатнашиш истагида бўлган мухолифатчилар 15 майдан 23 майгача birdamlik@gmail.com е-майл адресига хат ёзиб, рўйхатдан ўтиши мумкин.

Рўйхатдан ўтган ҳар бир маслакдошларимизга конференцияни ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилади ҳамда қабул қилишга тайёрланаётган Мухолифат Меморандуми лойиҳаси тақдим этилади.

Мухолифат Меморандуми лойиҳаси муаллифлари Сизларнинг лойиҳа билан танишиб чиқиш асносида пайдо бўлган мақбул фикр-мулоҳазаларингиз ва таклифларингизни албатта инобатга олади.

Конференция натижасига биноан Манифест тўлиқ эълон қилинади. Унда Манифестга қўшилган мухолифатчиларнинг исм-фамилияси қайд этилади ҳамда Мухолифат Меморандумига қўшилувчилар учун очиқ деб эълон қилинади.

Марҳамат Манифест лойиҳаси билан танишинг!

Ҳурмат билан,

Баҳодир Хон Туркистон

Мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик Партияси раҳбари

Манифест

(лойиҳа)

Мухолифатни қудратга, ҳокимиятга олиб келиш ҳақида

2020 йил,     Май.

Тарихга назар: Маълумки, Каримов собиқ СССР парчалангандан кейин Коммунистик партия раҳнамолари ёрдамида Ўзбекистон ҳукумати тепасига келган, давлат мустақиллигига аввал бошда тиш-тирноғи билан қарши бўлган шахс ҳисобланади. У Ўзбекистонни 27 йил давомида ноқонуний равишда бошқариб, ўзбек халқи, мамлакат аҳли бошига кўп кулфатлар солди. Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон автократик, тоталитар давлатга, ёпиқ жамиятга, Марказий Осиёда иқтисодий аҳволи ночор минтақага айланди. Мамлакатда диктатура тузуми қарор топди.

Бугун: Каримов вафотидан кейин ҳукуматни Мирзиёев ноқонуний равишда эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига хилоф равишда, ёт сиёсий кучлар ёрдамида президент лавозимини қўлга киритди. Биз бугунги тузумни ҳеч иккиланмасдан Каримов-Мирзиёев тузуми деб баралла айта оламиз. Бу тузум қарийб 30 йилдан буён ҳокимиятни ноқунуний эгаллаб, мамлакатни адолатсиз тамойиллар негизида, халқ хоҳиш-иродасини инобатга олмай, саноқли сиёсий элита талабига мос усулда, зўравонликлар ва бюрократияга таянган ҳолда бошқариб келмоқда.

Каримов-Мирзиёев тузуми ҳукмронлик қилаётган бир пайтда халқ том маънода қашшоқлашди, хўрланди, зорланди, мол-мулки талон-тарож қилинди, ноҳақликлар, жабру ситамлар кучайди, коррупция, монополизм, непотизм, сансоларликлар авж олди.

Ҳукумат тадбиркору ишбилармонларнинг, фермеру бизнесменларнинг фаолиятига аралашишни одатий тусга айлантирди. Халқ эзилгандан эзилди. Ёш авлоднинг келажаги, миллатнинг эртанги куни мавҳумликка юз тутди. Ишсизлик кенг қулоч ёзди. Инсон ҳуқуқлари топталди, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, фикрлар эркинлигига изн берилмади.

30 йил давомида сохталиклар, ёлғонларга бурканган сиёсат давлат бошқарувини чин маънода қамраб олди. Бунга сўнгги бор бўлиб ўтган Президент сайлови ва «Янги Ўзбекистон» дея таърифланаётган даврда ўтказилган Парламент сайлови яққол мисол бўла олади.

Юқоридаги омилларни инобатга олиб, биз, мухолифатдаги сиёсий етакчилар: (Исм, фамилиялар …)  ушбу Манифест билан Ўзбекистон халқига мурожаат қилмоқдамиз.

Қадрли миллатдошларимиз, биз, Сиз азиз халқимизга итоатгўйликка, қуллиққа бўйин эгиб яшашни бас қилингизлар, деб ҳайқиргимиз келади ва бизнинг ҳайқириғимизни қўллаб-қувватлайсизлар деган ўйдамиз.

Биз сиёсий етакчилар бутун ўзбек халқини сиёсий фаолликка, мухолифатдаги барча сиёсий ташкилотларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка, фаолиятларини мувофиқлаштиришга чақирамиз!

Етар энди! Қачонгача ёруғ, фаравон кунларни кўрмай яшашда давом этасиз! Сиз эркин мамлакатда, мустақил юртда, озод, ҳур диёрда яшашга, ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни талаб қилишга тўла ҳақлисиз! Шундай экан, ҳақ-ҳуқуқларингиз, келажагингиз, фарзандларингиз, авлодларингизнинг келажаги учун дадил ва шахдам қадамлар билан курашинг!

Сизу биз биргаликда миллатимизга мададкор бўлайлик, халқимизнинг мулкдорга айланиб, яхши яшаши учун бор куч-ғайратимиз билан олға интилайлик! Бунинг учун ҳеч иккиланмасдан сиёсий ҳаракат ва партияларга қўшилайлик! Белида белбоғи бор йигит-қизларимиз янги сиёсий ҳаракат ва партиялар тузиб, халқ фаравонлиги йўлида ўз ғоя ва мақсадлари учун кураш йўлига тушсин!

Биз, Сиз азизларни барча юртдошларимизнинг сиёсий қарашлари, ғоя ва мақсадларини бирдек кўрадиган, барчага бирдек имкон берадиган, зарур ҳолларда қўллайдиган, ҳимоя қиладиган мухолифат платформасига қўшилишга, Мухолифат Меморандумини имзолашга чақирамиз!

Курашимиз уч босқичдан иборат:

Биринчи босқич. Мухолифат Меморандуми атрофида барча мухолиф ташкилотларни тенг манфаатли сиёсий ҳамкорликка, барча кучларни ягона нишонга, диктатура тузумига таъсир қилишга, мухолифат партияларни Президент сайловига  рўхсат берилишига  қаратилади. Бу босқич 2021 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайловига старт берилгунча давом этади.

Иккинчи босқич. Сайлов жараёнида ўзаро шаклланган сиёсий маданият, ҳамкорлик доирасида халқни сиёсий фаолликка чақириш. Ғоя ва мақсадлари турлича бўлган мухолифат тарқоқликка йўл қўймаслик учун Мухолифат Мемонрандумини янги босқичга кўтариш.

Учинчи босқич. Агар мухолифатни бўлиб ўтган сайлов натижалари қаноатлантирмаса, у ҳолда “Бирлашган Мухолифат Иттифоқи”ни ташкил этиш, сайловдан кейин адолатсизликка қарши нозўравон курашни олиб бориш.

Азиз юртдошлар! Биз билан бирга бўлинг, бизга қўшилинг! Зеро, биз биргаликда бир кучмиз!

Мухолифат етакчилари:

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Америка  ўзбекистон  муносабатларига  россиянинг  таъсири

Баҳодир Хон Туркистоннинг  “Ислоҳотларимизнинг муҳимлигини бир туман мисолида исботлай оламиз”  лойиҳаси асосида Бирдамлик ХДҲ фаоллари мазкур лойиҳани  Ўзбекистон ...

Тошкентда “бирдамлик” халқ демократик  ҳаракати фаолларининг  йиғилиши бўлиб ўтди

   Жорий йилнинг 15- августида, Тошкент шахрида  “Бирдамлик” Халқ Демократик  Ҳаракати фаолларининг  йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳаракатнинг бугунги аҳволи, фаолияти ...

Мулкдорлик тузумида ер ислоҳоти

Мулк шаклига кўра унга муносабат турлича бўлади. Давлат мулки, жамоатчилик мулки, бошқа шахсларга оид мулк, яқин қариндошнинг мулки ва ўз шахсий мулкига кўра уларга муносабат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400