Хитойда ҳукумат тарафдори бўлган бир нашр мамлакатнинг ядровий арсеналини мингтагача оширишга ундаган мақолани босиб чиқарди.
Ушбу мақола Хитой Коммунистик партиясининг расмий матбуот органи – «Жэньминь жибао» шафелигида ташкил этилган инглиз тилидаги газета “Global Times”да пайдо бўлди. Мақолада бош муҳаррир Ху Сицзиннинг таъкидлашича, яқин келажакда мамлакат ядро каллакларини мингтага, «Дунфэн-41» стратегик ракеталари сонини 100 тага етказиши лозим.
Ху Сицзинь ядровий қуролни фойдасиз деб ўйлайдиганларни “содда болалар” деб атайди. Унинг фикрича, фақат ядро қуролигина Вашингтоннинг Пекинга қарши агрессиясини тўхтатиб туради. Сўнгги ойларда АҚШнинг “бемаъни” хатти-ҳаракати фонида бу муаммо айниқса долзарб бўлиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Хитой ўзининг ядро арсеналини қурмоқда ва модернизация қилмоқда. 15 йил ичида мамлакат бу кўрсаткични икки баравар оширди ва тадқиқотчиларга кўра, бугунги кунда у 300 та жанговар ядровий каллакдан иборат. Бироқ, ҳақиқий рақам анча катта, деган хавотирлар бор, чунки Хитой қуролни бошқариш механизмларида қатнашмайди, бу эса маълумотларни яширишга имкон беради.
Тадқиқотчилар, шунингдек, Хитой ҳарбий-денгиз кучлари, жумладан, иккита самолёт ташувчиси ва учта ҳарбий кема қурилиши кутилаётганини қайд этдилар. Бу нафақат Пекин ва у Жанубий Хитой денгизи устидан ҳукмронлик қилиш борасида тортишаётган минтақавий кучлар ўртасидаги можарога, балки Америка ва Буюк Британия кемалари билан тўқнашувга олиб келиши мумкин, дейди ташқи сиёсат тадқиқот институти катта илмий ходими Жереми Блэк. Таҳлилчининг қўшимча қилишича, бутун дунёни қамраб олган, аммо тезда Хитойда тарқалиб кетган коронавирус пандемияси унга қуролли кучларга кўпроқ имкониятлар беради.
Жереми Блэкнинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда Ғарб Россияга яқинлашиши керак, чунки Хитой, шубҳасиз, уни АҚШ ва Европанинг асосий душмани ролидан суриб чиқармоқда. Албатта, эксперт тан олишича, буни амалга ошириш осон бўлмайди, чунки Москва Пекин билан дўстона муносабатларни ўрнатган, шунинг учун уни ўз томонига тортиш муаммоли. Бироқ, Ғарбда аллақачон Россияга НАТО билан таъсир ўтказиш механизми мавжуд. Шу билан бирга, Хитойнинг Ғарб мамлакатлари билан муносабатларида изчил ёндашув йўқ, дея хулоса қилади Блэк.