Туркманистон президенти ҳокимиятни ёшларга топширишга тайёрлигини эълон қилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 11 февраль куни парламент юқори палатасининг навбатдан ташқари сессиясида ҳокимиятни “ёш етакчилар”га топширишга тайёрлигини маълум қилди.

Туркманистон президентининг бу баёноти у ҳокимиятни ўғлига топширишга тайёрланаётгани ҳақидаги миш-мишлар айтилаётган бир вақда янграмоқда. Халқ Маслаҳатининг йиғини Бердимуҳамедов ҳокимият тепасига келганининг 15 йиллиги муносабати билан ўтказилган.

“Мамлакат ривожланишининг янги босқичида давлат бошқарувини замонавий талабларга жавоб берадиган, маънавий муҳитида вояга етган ёш етакчиларга топшириш ғоясини қўллаб-қувватлайман, – деди у.

Кўпчилик Бердимуҳаммедов ҳокимиятни сентабр ойида 40 ёшли ўғли Сердарга топширишга уринаётганини тахмин қилмоқда.

Туркманистон президентлигига номзодларнинг ёши 40 дан катта бўлиши керак. Сердар Бердимуҳамедов ўтган йили бош вазир ўринбосари этиб тайинланган. Бундан ташқаи Туркманистон президентининг ўғли  Давлат хавфсизлик кенгаши аъзосидир.

Табиий газ захираларининг ҳисобсиз эгаси бўлган Туркманистон Евроосиёдаги энг изоляция қилинган ва энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади. Сердар Бердимуҳамедов жума куни бўлиб ўтган Халқ кенгаши йиғилишида иштирок этиб, мамлакатнинг 2052 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш режасини тақдим этди. 30 йиллик режанинг тафсилотлари ошкор этилмаган.

Сердар Бердимуҳамедов бир вақтнинг ўзида ижроия ва назорат қилувчи ҳокимият функцияларига эга бўлиб, Туркманистон Олий Назорат палатаси раҳбари, Хавфсизлик Кенгаши аъзоси ва энг муҳими, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларига тайинланган.

Бўлишинг: