Франция президенти Эммануэль Макрон Киевга 1,2 миллиард евро молиявий ёрдам ва ҳарбий жиҳозлар беришини айтди. Бу ҳақда у Брюссельда Европа Иттифоқининг Украина бўйича навбатдан ташқари саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз европаликлар қатори Украинага 1,2 миллиард евро миқдорида иқтисодий ёрдам беришга қарор қилдик, бу аввал бўлмаган ёрдам. Биз ҳарбий техника билан таъминлашда ва аҳолини ушбу қийин ишда қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, — деди Макрон.
Унинг қўшимча қилишича, Париж Руминияга қўшин киритилишини тезлаштиради ва Украинадан келган қочқинларга ёрдам беради.
“Франция, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари каби, Украина халқига, шунингдек, ўз ҳудудини тарк этган ва Европа Иттифоқи ҳудудида бўлганларга ёрдам беради”, — дея қўшимча қилди у.