Россия Мудофаа вазирлиги Россия кучлари Украинанинг Луцк ва Ивано-Франковск шаҳарларидаги иккита ҳарбий аэродромни “яроқсиз қилганини” маълум қилди. Бу ҳақда 11-март куни вазирлик матбуот котиби Игорь Конашенков айтди. Унинг қўшимча қилишича, Россия Украинага бостириб кирганидан бери Украинанинг 3213 та ҳарбий инфратузилмаси йўқ қилинган.
Мудофаа вазирлигининг сўнгги баёноти мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади. Аммо Луцк ва Ивано-Франковск шаҳарларининг айрим аҳолиси икки аэропорт яқинида портлаш овози эшитилганини айтишди.
Бомбардимонлар аввал Россия ҳужум қилган ҳудудларнинг ғарбий қисмида содир этилган. Айрим кузатувчиларнинг фикрича, бу Россия ҳужумининг янги йўналишини кўрсатиши мумкин.
Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченконинг айтишича, Россия кучлари 11 март куни шарқдаги Днепр шаҳрига уч марта зарба бериб, камида бир киши ҳалок бўлган.
Британия Мудофаа вазирлиги Россия қуруқликдаги кучлари чекланган ютуқларга эришганини, бироқ рус армияси асл мақсадига эриша олмаганини айтди. Шунингдек Британия вазирлиги Москва яқин кунларда ҳужумларини кучайтириши ва Киевни яна нишонга олиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Россия 24-февралда Украинага бостириб кирди. Ўшандан бери Украинада юзлаб аскарлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди. Урушни тугатишга қаратилган тинчлик музокаралари муваффақиятсизликка учрамоқда.