Суриянинг Россиядаги элчиси Риёд Ҳаддод Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикасини тан олиш эҳтимоли борлигини, Россия билан рублда савдо қилишга тайёрлигини айтди, деб ёзади “ТАСС”.
“Сурия икки республика билан халқ манфаати йўлида дўстлашади ва агар умумий манфаатларга тўғри келадиган бўлса, бу дўстликни кенгайтиришга тайёр”, – деди Ҳаддод.
Шунингдек, у Россия рублидан фойдаланиш муҳокама қилиняптими, деган саволга жавоб берди.
“Сурия биринчи бўлиб дунёни доллар гегемонлигидан воз кечишга чақирди. Чунки у жаҳон иқтисодий тизимида АҚШ гегемонлигининг асосий қуролидир. 2011-йилдан буён Сурия валюта саватига Россия рубли ва Хитой юанини қўшиб олди”, – дейди у.