Тил ҳам аслида ватандир…

Alimardon AnnaevУлуғ мутафаккир, ўтган асрнинг энг  буюк алломаларидан бири Алихонтўра Соғуний ўзларининг бир мақоласида “Онги очилмаган, билимсиз миллат ўз душманлари олдида кушхонага ҳайдалмоқда бўлган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир” деганларида нақадар ҳақ бўлганларини даврлар ўтгани сари янада чуқурроқ англай бошлар экансан. Ватан, миллат озодлиги учун курашнинг узоқ эмас, бор-йўғи ўн беш-йигирма йиллик тарихига назар солсак кифоя. Ҳали кўпчиликнинг эсида, онги шуурида бўлиши аниқ. Биз ўшанда Тошкентда таҳсил олишдек бахтга мушарраф бўлган ёш-яланг тарихий ўзгаришлар юз бераётганини бирда англаб, баъзида моҳиятига етмай турган пайтлар эди. Кечагидек эсимда, 1989 йил Ўзбекистон учун анчайин таҳликали келган эди. Жон талвасасида, умрининг сўнгги йиларини кечираётган тузум ҳали у ерда, ҳали бу ерда турли тала-тўпларни келтириб чиқарар ва шу йўл билан ОЗОДЛИК йўлига ғов солмоққа интилар эди. Ўзбек зиёлилари ва маърифатпарварлари бу тарихий имконият бўлганини яхши англаб етдилар ва миллатнинг асосий белгиси ТИЛ эканини тўғри тушуна олдилар. Ана шу пайтда улардан бир гуруҳи ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш зарурлигини ўша пайтдаги Олий кенгаш кун тартибига киритишга муваффақ бўлди. Албатта, бу жараённинг осонликча содир бўлмагани, бунинг учун қанча кишилар мавжуд тузумга қаршилик кўрсатганини муъжазгина мақолада баён этиш мушкул. Ўша пайтлар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ҳар бир сонини биз талабалар қўлма-қўл ўқир эдик. Тил муаммоси хусусидаги мақолаларни ўзимизча таҳлил қилардик. Камина рус тилида таҳсил кўрган эсамда, ўзбек тили, унинг таназзул ёқасига келиб қолганини анчайин дуруст фаҳмлай олганлар қаторида бўлганимидан энди-энди ғурурланиб қўяман. Онда-сонда тумтоқроқ бўлсада фикрларимни қоғозга тушириб ҳали Шавкат Раҳмоннинг, ҳали Муҳаммад Юсуфнинг олдига чопардим. Уларга кўрсатганларимда айтарли янгилик бўлмаганини бугун тушуниб етгандекман, аммо, ҳарқалай тарихий жараёнда нимагадир қодир эканимни ёшларча ғайрат билан исботлагим келганидан баъзан энтикиб қўяман. Эсимда бор, таниқли шоир Муҳаммад Юсуф билан ижодий учрашувни ташкил қилиш ғояси билан деканимиз ҳузурига кирганимда у кишининг ўзлари “Муҳаммадни мен оп келаман” дедилар. Хуллас, учрашув кутилганидан аъло ўтди. Шоиримиз тўлқинланиб-тўлқинланиб шеър ўқиди. Ўзбеклар, ўзбек тили ҳақида кўзларидан ёш чиқиб сўзлади. Талабалар степендиямиздан йиғиб сотиб олган гулларга шоирни буркадик. Орадан бир ой ўтар-ўтмас октябрнинг 21-санасида Олий кенгаш “Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисида” қонун қабул қилди. Адашмасам, бу хабарни Пахтакор туманида пахтада, “ётоқда” эшитдик. Телевизор “штаб”да турарди. Теримдан ҳориб-чарчаб келиб, кечки овқатдан кейин Олий кенгашнинг мажлиси мажлисида мазкур қонуннинг қабул қилинганини эшитдик. Кимлардир, очиғи бунга унчалик аҳамият бермади, кимдир буниси нима энди деб кулди. Аммо домлалар орасида миллат, юрт қайғусида риёзат чекиб юрганлари билан бир гуруҳ талаба тонгга қадар бу янгиликнинг нақадар улуғ хилқат эканини гапиришиб чиққандик. Пахта мавсуми тугаб, Тошкентга қайтгач бир муддат таҳсилни Россияда ўтказдим. Бу ерларда ҳам озодлик, мустақиллик, суверенитет деган иборалар тез-тез қулоғимизга чалинадиган бўлиб қолди. Ана шу ерда туриб юртдаги ўзгаришларни эшитардик. Худди шу жойда мамлакатда биринчи бўлиб президентлик бошқаруви Ўзбекистонда жорий этилганидан қанчалик ғурур туйганимизни айтишга тил ожиз. Болтиқ бўйилик талаба оғайнилар билан фикр алмашардик. Уларнинг СССРдан ажралиб чиқиш, мустақил давлат тузиш ҳақидаги ғояларидан ҳайратланардик. Айнан шу ошналар ўзбек тилининг давлат тили мақомини олганини эшитиб, бизни чин дилдан қутлагани ҳамон эсимда. Биздан кейин гуржилар, эстонлар, латиш ва латвияликлар байроқни қўлга олдилар. Бирин-сирин ана шу республикаларда ҳам миллий тилга давлат мақоми берилди.

Шу йилларда халқ шоири Абдулла Ориповнинг мана бу сатрлари эл-улус орасида машҳур бўлганди:

Минг йилларким, булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Амо шўрлик тўтининг ҳоли

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим, сен борсан, шаксиз

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан…

90-йилларда адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бир публицистик чиқишини ўқигандим. Унинг бир бобини домал “Оломонлар салтанати” деб номлайди. Мақолани кўчириб босиш ниятидан узоқман. Фақат сарлавҳага эътиборингизни тортмоқчиман. Орадан ўн беш-ўн олти йил ўтиб кетди. Хўш, бугун биз миллат, халқ сифатида оломонлик кайфиятидан ажрала олдикми? Тилимиз, миллатимизга ҳурмат ҳисси шаклландими? Бугун атрофга яхшироқ назар солсангиз унча-мунча кишининг ўйи-хаёли нима қилиб бўлсада тўрт танга топишда ва тирикчилик илинжида ўзини ўққа-чўққа ураётганини кўрамиз. Ўзбек зиёлиларнинг тил ва миллат қайғусидан кўра, қорин қайғуси кўпроқ андармон қилиб қўйгани ҳақиқат. Яна 1989 йилги “Ўзбек тили тўғрисида”ги қонунга қайтсак, унда республикада тамомила ўзбек тилида иш юритишга ўтиш муддати ўн йил қилиб белгиланган ва бу қадар катта муддат кўпчиликнинг асосли эътирозига ҳам сабаб бўлганди. Афсуски, қонундаги муддат ўтиш арафасида (1998 йил) тил тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди. Унга кўра тил ўрганиш мавҳум муддатда амалга ошириладиган ва бунинг устига бошқа тилларнинг ҳам ўзбек тили қатори тенг ҳуқуқли экани белгиланган. Очиқ айтадиган бўлсак, олдинги қонундан асар ҳам қолмаган. Балки шунинг учун ҳам бугунга келиб республикамизда тилимизга беҳурматлик ҳолатлари кўпаётгандир. Атрофга қаранг: кечагина ўзбек тилида ёзилган пештахта ва лавҳалар бошқа тилда битиб қўйилди. Катта-катта вазирликлар ва идораларда иш юритиш бутунлай рус тилига ўтиб олди. Банклардаги вазият бундан баттар. Оддийгина тўлов топшириқномалари фақат рус тилида юритилади. Ёзишма ва хатлар ҳам рус тилида. Вазирликлардан келаётган хабарномаларнинг аҳволи тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Мисол учун, яқинда янги ташкил қилинган Босма ва мустақил оммавий ахборот воситалари ва агентликларини қўллаб-қувватлаш фондига нуфузли бир газетанинг ўзбек тилида ёзиб топширган грант лойиҳасини рус тилига таржима қилиб бердим. Сабаби: бу ердаги жаноб эксперт умуман ўзбек тилини билмас экан. Бунинг устига бу фонддаги жанобларнинг аксари ўзлари ўзбек бўла туриб ўрис тилида сўзлашишни урф қилиб олишган. Унча-мунча ўзбек тилидаги матнни эплаб ўқиб ҳам бера олмайдилар. Шу ўринда, ўзбек тилида чиқадиган газетанинг лойиҳасини рус тилига таржима қилишга мажбур қилиш қонунни билмаслик эмас, балки ўзбек тилига беҳурматлик эканини айтиш керак. Ҳазрат Навоий айтадилар “Эл нетиб топқай мени ки, мен ўзимни топмасам”. Бу ўзликни йўқотиш эмасми? Бугун биронта вазирликка телефон қилиб кўринг: ўзбек тилидан бошқа бир неча тилда сўзлашадиган хоним пинагини бузмайгина сиздан рус тилида сўзлашингизни талаб қилади. Илтимос эмас, талаб қилади. Яқингинада давлат раҳбари Фарғона вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида куйиб-ёниб айтган гапларига эътибор беринг. Президент миллатни тилидан, маънавиятидан ва ўзлигидан ажратиш учун беқиёс даражадаги кураш бораётганини эътироф этди. Бу кучларнинг ниятига етиш учун миллионлаб доллар сарф қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ҳа, яшанг, кимлардир ўзлигимиздан мосуво қилиш учун миллионларни аямай ҳаракат қилиб турган пайтда, ўзимиздан чиққан шоввозлар кимнинг тегирмонига сув қуяяпти? Шунинг учун ҳам телевизор-у радиода ўзбек тилига беҳурмат қўшиқ ва қўшиқчилар кўпаётгандир? Ўзини ўта замонавий деб атаётган “ҳофизчалар” ўзбек тили деб атаётган қоришма эртага нима каромат кўрсатишини тасаввур қилиш қийин эмас. Мўжазгина фикримизга яна устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг мақоласидан иқтибос келтириб якун ясашга қарор бердим. У киши ёзадилар: “Маънавий-маърифий муаммолар ҳақида сўз борар экан, менинг назаримда, биринчи вазифалар қаторида замонавий ўзбекнинг маънавий номаи аъмолини яратмоғимиз зарур… Фавқулодда саволларни кўндаланг қўйишдан чўчимаслик керак. Негаки, шунга ўхшаш яна кўплаб саволларга топилажак ва умумлаштирилажак жавоблар пиравордида …ўзбекнинг ўзлигини англашга олиб боради. Ўзлигини англаган, англашга ҳаракат қилаётган халқ ҳаёти мазмунан бойийди, ботинан ва зоҳиран гўзаллашади, умрига барака киради”. Алалхусус, тилини, миллатини ҳурмат қила олган халқнингина келажаги ёруғ, эртаси нурафшон бўлади.

Алимардон Аннаев

 

3 май 2007 йил.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эронда нархларнинг ошишига қарши чиққан одамлар ҳибсга олинди

13-май куни Эроннинг бир қанча шаҳарларида озиқ-овқат нархи ошишига қарши чиққан камида 20-30 нафар намойишчи ҳибсга олинди. Мамлакат президенти шу ҳафтада бир қатор ...

Тошкент герби

ТОШКЕНТ ГЕРБИ – илк ўрта асрлардаёқ Тошкентнинг ўзига хос рамзи юзага келган. 8-асрда Чоч (Шош) шаҳрининг нишони қоплон (тоғ барси) бўлган. Буни 8-асрнинг 1-ярмида ҳукмдорлик ...

Латвияда россияни қўллаб-қувватлаганлар фуқароликдан маҳрум бўлишади

Латвия парламенти (Сейм) Украинадаги қуролли можарода Россия ёки бошқа демократик давлатларга ҳужум қилган мамлакатлар билан террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400