Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) асосчиси, Давлат думаси депутати Владимир Жириновский 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Давлат думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди.

Аввалроқ сиёсатчига коронавирус ташхиси қўйилган ва февраль ойи бошидан бери касалхонада ётган эди.
“РИА Новости” ва “ТАСС” спикерга таяниб, марҳум узоқ давом этган оғир хасталикдан сўнг вафот этганини маълум қилди. ЛДПР ҳам етакчининг ўлимини тасдиқлади.
Қозоғистонда туғилган Жириновский ўзининг миллатчилиги билан танилган эди. Декабрь ойи охирида давлат телевидениеси дастурида депутат Россия армияси Янги йил арафасида Украинани бомбардимон қилиши мумкинлигини айтганди.
1990-йиллардаги иккинчи Чечен уруши бошида у Чеченистонга қарши ядро қуролидан фойдаланишга чақирган. Сиёсатчи Қўшма Штатлардан Аляскани тортиб олиш, собиқ Совет Иттифоқи устидан назоратни тиклаш ва Қозоғистонни Россияга қўшиб олишга чақирар эди.
Унинг қачон ва қаерга дафн этилиши ҳозирча номаълум бўлмоқда.