Россия президенти Владимир Путин прокурорлар билан суҳбатда Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) “таниқли россиялик тележурналистга суиқасд уюштиришга уринган террорчилик гуруҳи фаолиятига барҳам бергани”ни айтди. Президент журналистнинг исмини айтмади.

Бу Бутунроссия давлат телерадиокомпаниясининг (ВГТРК) таниқли бошловчиси, кремлпараст журналист Владимир Соловьёв бўлганини ФСБга таяниб, “РИА Новости” ёзди.
Нашр маълумотларига кўра, қўлга олинганлар неонацист террор ташкилоти аъзолари бўлган. Хабарда айтилишича, Соловьёвни ўлдириш буйруғини Украина Хавфсизлик хизмати берган. Ушбу хизмат Россия баёнотига изоҳ бермади.
Путин бу ҳужум ортида хорижий разведка хизматлари турганини, улар “Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти билан боғлиқ Россия жамиятини йўқ қилишга уриниш” эканини айтди.
Владимир Соловьёв – Россиянинг етакчи журналистларидан бири. Россия Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб мамлакатлари унга ҳам санкциялар жорий қилган.