Шанба куни Нью-Йоркнинг Буффало шаҳридаги супермаркетда 10 кишининг ҳаётига зомин бўлган қуролли ҳужум ирқий зўравонлик сифатида текширилмоқда.
Полициянинг маълумотларига кўра, 18 ёшли Пэйтон Жендрон ярим автоматик милтиқдан ўқ узган. У ҳужумни Twich стриминг хизматида жонли эфирда кўрсатган. Ўлган 10 кишидан ташқари 3 киши яраланган. Қурбонларнинг аксарияти қора танлилар.
Ўқ узган одам қўлга олинди ва қотилликда айбланди.
Ушбу ҳужумдан сал олдин у нафратли ғояларни ифода этган “манифест” эълон қилган. Полиция ва ФБР у қора танлиларни ўлдириш учун асосан афро-америкаликлар яшайдиган Буффало ҳудудидаги супермаркетга борган, деб ҳисоблашади.
Жендрон милтиқда 77 кишини ўлдирган норвегиялик неонацист Андрес Брейвик билан Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ўқ узган Брентон Таррантнинг исмларини ёзган. Бу ҳужумлар оқибатида 51 киши ҳалок бўлиб, 40 га яқин киши яраланган эди. Уларнинг аксарияти мусулмонлар бўлган. Ҳар икки ҳужумчи ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.