Онажоним

Аброл Қаххоров.  Таржимон Моҳирабону

Мама [А. Кахаров]

Булутлар ортида ухлар сариқ ой.

Қоронғу ўрмонга боққандек, гўё,  мен кўкка термулиб қарайман.

Қайдадир, юлдузлар аро адашган онам, муҳаббат билан боқар самодан. 

Қанча йиллар ўтди, мен ўша-ўша. Тақдирдан мўъжиза кутмасман асло.

Энг оғир пайтларда – менинг онам бор.

У муҳаббат билан боқар, менга самодан.

Қалбимда куз бўлса ва ғамга тўлса, ўзимни ҳайдайман одатий жойлардан.

Онам мен учун қилар илтижо. Ахир у муҳаббат билан боқар, менга самодан.                                   

(Роман Булгачев.)

Горизонты Джамбула [А. Кахаров]

Мана шу замонавий Тароз шаҳри ёйилган жойда, жуда қадим замонлардан бери одамлар ўрнашиб қолишган. Бу ҳақида қадимий ҳайкаллар, жумладан қоялардаги тасвирлар ҳам гувоҳлик беради. Хитойдан Оврупага етказувчи Буюк ипак йўлида жойлашган Тароз шаҳрининг тарихи минг йилликлардан бошланади. 

     Тарихий Тароз номи ўлчов ва тарозилар рамзи бўлиш билан биргаликда, узоқ йиллар тенглик ва адолат рамзи бўлган, (одам ишонишни жуда хохлайди) Ўрта Осиёнинг чексиз кенгликларида жойлашган қабила ва халқларнинг ўй-хаёллари ва умидсизликларини жонлантириб ифодалаган.Қадимги ёзув манбаалари бизга қонли урушлар, суғориш ариқлари ва кўприкларнинг қурилиши, ҳунармандчилик ва савдо, шаҳарнинг дабдабали равнақи ва шу билан биргаликда Чингизхон қўшинлари томонидан бутунлай бузиб ташланганлиги ҳақидаги хабарларни етказган. Ўрта асрлардаги Қорахонийлар давлатининг собиқ пойтахти Тароз шаҳри кўп юз йилликлар мобайнида ҳукмдорсиз ва аҳолисиз харобалар ичида қолиб кетди. Фақатгина 18-асрнинг охирларига келиб, Фарғона водийсидаги Қўқон хонлиги жангчилари Тяньшан тоғ тизмасининг чўққиларидан ошиб ўтиб,  бу ерга қалъа қуришган. 19-асрнинг бошларида эса бу қалъа яқинида наманганлик ўзбекларнинг биринчи уйлари пайдо бўлди. Уларнинг орасида менинг аждодларим ҳам бор эди. Наманганликларнинг изидан бу янги ерларга тошкентлик, марғилонлик ва ўра-тепалик ўзбеклар ҳам кела бошлашди. Шундай қилиб қадимги Тароз шаҳрининг харобалари ўрнида янги шаҳар пайдо бўлди ва Авлиё-Ота номини олди. “Авлиё-Ота” таржимада “Муқаддас ота” маъносини билдиради. Шаҳарда ҳунармандлар ва савдогарлар истиқомат қилишар эди. Баҳорги бозорларда маҳаллий аҳоли ўзининг маҳсулотларини кўчманчи қозоқларнинг чорвачилик маҳсулотларига алмаштиришган. Менинг аждодларим Ўрта асрлар ҳукмдорининг мақбараси пойдевори устида мачит қуришган ва  диний уламо ва диндорлар шавқатсиз жазоланган фожеали кунларнинг охиригача ўз хизматларини сидқидилдан бажаришган.

Мечеть Карахана [Интернет]Вход Карахан [Ш Комолходжаев]Profil Karakhan [Интернет]

       1864 йилда Россия Туркистон ўлкасининг бошқа кўплаб шаҳарлари қаторида Авлиё-Отани ҳам босиб олди ва ўзига бўйсундирди. Шаҳарга қўшинлар киргач, аҳолини мамлакатнинг оврупа қисмидан Россия империясининг жанубий ўлкаларига оммавий кўчириш бошланди. Шаҳарда янги уйлар, ҳарбий казармалар, черковлар,жун ва терини қайта ишлаш цехлари қурилди. Шаҳарга яқин ерларда эса янги ўрисча номланган қишлоқлар пайдо бўлди: Ровное, Головочевка, Михайловка, Луговое, Гродеково,Покровка.

        Ўзбек қариялари Россиядан  биринчи кўчиб келганларни яхши хотиралар билан эслашади. Улар жуда кўп қийинчилик ва қайғули кунларни бошидан ўтқазишган. Улар пиёда йўл босишган. Фақат баъзиларининг зўрға нафас олаётган отлари ва араваси бўлар эди.Ойлаб ва йиллаб юриб ,  жонсиз даштлар ва саҳроларни кезиб ўтишган. Кўплари ҳосилдор ерларгача етмай,ном- нишонсиз жойларда ўлиб кетишган.

  Энг кучли,чидамли,ҳунарли ва жасурларининг исмлари : Николай, Петр, Семен, Михаил, Алексей, Георгий, Григорий ва бошқалар ҳалигача қишлоқ номларида сақланиб қолган.

    Кўчиб келганлар ариқлар ,булоқлар ва йўлларга яқин бўш ерларда жойлашар эди.Турмуш тарзини жуда тез тартибга келтирар эди.Маҳаллий аҳоли кўз ўнгида,уларга аввал маълум бўлмаган,томи қия ўрнатилган, совуқ тушганда тутун чиқадиган мўрили уйлар қурила бошлади.

  Ўрислар етиштираётган картошка, помидор, карам каби сабзавотлар маҳаллий аҳолини кўпроқ лол қолдирарди. Аввалига ёшлар томонидан махфий ва журъатсизлик билан татиб кўрилган бу маҳсулотлар кейинчалик, катталар томонидан ҳам эътироф этилди. Биринчи кўчиб келганлар ва уларнинг фарзандлари устачилик билан шуғулланишарди. Улар ҳайбатли дарахтлардан бежирим тахталар, ихчам тақалар, кичик омочлар, белкурак ва паншахалар, ғилдираклар учун темир чамбар, ёғоч бочкаларни, шунингдек ўймакор дарвозали ва нафис ишланган эшикли деразалари бўлган уйлар, ёрқин нақшли черков қўнғироқлари, уй бекаларининг бойлиги ва фахри – безатилган сандиқлар, бочкалар, қошиқлар ва бошқа уй жиҳозларини маҳорат билан ясашарди.Бўшаб ётган ерларда буғдойлар бошоқлади, боғлар гуллади. Ўрислар хўжалиги тез мустаҳкамлана бошлади. Одамлар бойроқ яшай бошлашди. Маҳаллий аҳоли билан иш бўйича муносабатлар ўрнатиларди. Томонлар бир-бирларининг ички ишларига аралашишмас эди. Мусулмонлар мачити ва хрестианлар черкови  ўзаро сабрли бўлиб, осуда қўшничиликда яшар эди. Савдо ривожланди. Россиядан маҳсулотлар кела бошлади. Ҳар бир ўзбек оиласи рус мўъжизаси – самовар сотиб олишга ҳаракат қилар эди. Русский самовар [Не известен]

Аммо бу узоқ давом этмади. 1917 йилдаги рус подшоҳининг  зўравонлик оқибатида тасодифий ўлимидан сўнг христианлар қалбида қандайдир ёвуз руҳ ўрнашиб олганлигини мусулмонлар таъкидлашарди. Маҳаллий аҳоли наздида уларнинг ақли хиралашиб, ўз черковларини бузиб, ўт қўя бошлашди, бир-бирларини ўлдиришди. Зудлик билан тартиб ўрнатиш учун шинел кийган, қиличли, бошига пешонасидан сал тепароқда қизил юлдуз ўрнатилган ўткир учли бош кийимли отлиқ аскарлар етиб келишди. Бошқалардан кўра яхшироқ яшайдиганларни қамоққа олишди ва уйларини тортиб олишди. Бошқаларнинг сигир,бузоқ ва отларини тортиб олишди. Чарм куртка ва галифе шим кийган янги бошлиқлар пайдо бўлди. Ризқсиз қолган бошқа одамларга халқ душманлари тугатилганлиги, энди подшоҳсиз ва Худосиз янги ҳаёт бўлиши ҳақида хабар беришди. Улар бир вақтнинг ўзида мусулмон диндорларини ҳам йўқ қилишди. Мачитлар ёпилди, диний маросимлар тақиқланди. Қуръон ўқишни билган барча диний уламолар, жумладан менинг онамнинг отаси ҳам бир кечада махфий қамоққа олиниб, ҳали ҳеч ким қайтиб келмаган – Чимкент вилояти марказига жўнатилди.

      Православ диндорлари: “Гуноҳларимиз учун бизни Худо шавқатсиз жазолади, ерга қурғоқчилик ва очликни жўнатди”- деб ўкинишарди. 1933-34 йилларда бўшаб қолган қишлоқларда оч итлар подаси хўжайинлик қила бошлади. Шоқоллар қабрларни очиб, жасадларнинг қолдиқларини еб кетишарди. Аёллар бева, болалар етим қолишди, оилалар боқувчисидан ажралди. Очлик минглаб ўзбек, рус, қозоқларни ҳаётдан олиб кетди.   Онамнинг ота-онасининг туғилган жойи Фарғона водийсининг тоғ олди табиат манзараларига уйғунлашиб кетган қадимий ўзбек қишлоқларидан бирида бўлган. Онамнинг онаси – бувим менга кўп маротаба такрорлар эди: “Тоғнинг нариги томонида сенинг уйинг, ҳовлинг ва еринг бор. Ёдингда тут! Олмос деган жойда ҳовлисида, булоқ оқадиган ва бу булоқда муқаддас балиқлар сузиб юрадиган мачит бор. Бу мачит сенинг аждодларингники. Мачитга асосий кириш жойидан тўртинчи ҳовли сенинг уйинг”. Онамнинг онасини биз “Катта ойи” деб чақирар эдик. У муқаддас Авлиё-Отадаги қариндошлариникига ҳали ўн тўрт ёшга тўлмасданоқ келган. Тез орада уни келиб чиқиши Олмослик бўлган, шаҳар мачитининг диний хизматчисига турмушга беришади. Баланд деворлар билан ўралган, одатдагидек осиёчасига қурилган диндорлар уйида менинг онам дунёга келган. У ёшлигиданоқ  меҳнат қилиш  ва бошқаларни эшитиш руҳида тарбияланган. Онам арабча ўқишни ва ёзишни билар , чиройли кашта тикар , шарқ таомларини жуда мазали тайёрлар, шу билан биргаликда гўзал аёл ҳисобланар эди. Унинг исми Ҳабибахон эди. Онам олти ёшидан бошлаб паранжи кийганлиги учун унинг юзини бегоналар кўрмаган. Турмушга чиққанидан кейин ҳаётининг асосий қисмини худди шу ҳовлига ўхшаган бошқа бир ёпиқ ҳовлида ўтказди.

Бу ҳовлида менинг катта опам – Муҳаррамхон, кичик укам – Шукуржон ва мен туғилганмиз.

Джамбул - 1941 [Городская фотография]

Ота-онамизнинг уйи икки қисмдан иборат эди. Биринчиси “ичкари”  ёки ичкари ҳовли, деб аталарди. Ҳовлининг бу қисмида катта деразали кенг хоналардан иборат асосий уй жойлашган эди. Хоналардаги токчаларда худди расталардагидек, Хитой чиннисидан ясалган ҳар хил гулли чойнаклар, пиёлалар ва ликопчалар қатор қилиб териб қўйилган эди. Эшикнинг қаршисидаги асосий деворда мусиқадор қулфли иккита ёрқин сандиқ савлат тўкиб турган иккита катта токча – “Меҳроб” бор эди. Сандиқ устига  қавилган гулдор пахта кўрпалар, нақшдор юмшоқ ёстиқлар бежирим тахлаб қўйилган. Токчалар орасида ўймакор ромга солинган тухумсимон ойна осиғлиқ турар эди. Яна эшиклари ойнали, ғаладонлик, калит билан қулфланадиган жовон бор эди. Бу жовонда махсус нақшли чиройли, олтин суви юритилган идишлар, онамнинг узуклари, билагузук ва зираклари сақланар эди. Хоналарнинг поли одатдагидек ердан иборат эди.Ерга қамишдан тўқилган тўшамалар қўйилар, устидан қалин жун кигиз қопланар эди. Асосий катта хонага эса кигиз устидан чиройли Эрон гилами тўшалар эди.

        Уйга ёзги ошхона уланиб кетган, ҳовлининг узоқ бурчагида эса, ифори атрофга ёйилиб турган атиргул бутоқлари ортида, тозалаб супирилган шарқона ҳожатхона барча зарурий ашёлари билан жойлаштирилган ва алоҳида мағзавалар сингиб кетишига мўлжалланган ўра бор эди. Ҳовлининг ўртасида эса бобомнинг дабдабали томорқаси бўлиб, четларида эрта баҳордан кеч кузгача онамнинг нафис гуллари  очилиб турар эди. “Ташқари” деб аталадиган ташқи ҳовлидан ўтиб, боғ эшик орқали ичкари ҳовлига кириш мумкин. Ташқари ҳовлида алоҳида қурилган меҳмонхона, ошхона, отхона ва бошқа қурилмалар жойлашган. Катта, вазмин, темир лўкидонли дарвозадан “Ташқари” га  кириш мумкин.

        Бу ҳовлидан ташқари  бобомнинг мевали боғ ва токзордан иборат яна бир ёзги ҳовлиси бор эди. Бизнинг уйимизда муомала маданияти ҳар бир кишининг ҳурматга лойиқлиги ва тенглигига асосланган олий табақа тамойилларига мослаштирилган эди. Қариялар ва ёшлар бир-бирлари билан дўстона ва фақат “сиз” деб гаплашишар эди. Илтимослар тилак сифатида билдирилар эди. Ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда одамлар ҳақида ёмон гапирилмас эди.

    1941-45 йиллардаги урушгача бизнинг қариндошлар кўпчиликни ташкил қилар эди. Фақат онамнинг холаваччалари ва ўгай ака-укаларидан саккизтасини санаганман. Улар менинг  тоғаларим эди. Амакиларим бундан ҳам кўпроқ эди. Амма-холаларимни эса санаб чиқиш қийин эди. Отамнинг отаси – бобомнинг учта ака-укаси бўлган. Кичик бувимнинг опаси ва акаси бўлган. Бу барча қариндошлар, уларнинг аёллари ва болалари билан биргаликда ўзгача бир боғлиқлик, муҳаббат, қўллаб-қувватлаш ҳукм сурган катта бир оилани ташкил қилар эди. Мен болалигимнинг  асосий кунларини фақат байрамлардек эслайман. Ҳовлимиз тез-тез меҳмонларга тўлар эди. Қариндошларимиз бир-бирлари билан учрашганларида гўёки, йиллаб кўришмагандек хурсанд бўлишар эди. Қучоқлаш, ўпиш, кулгу ва табассум анъанага айланган эди. Ҳовлидаги тандирда мазали нонлар пиширилар, мис қозонларда хушбўй мурабболар пиширилар, ялтиратиб тозаланган самоварларда чой қайнатилар эди.

   Қўрқинчли хабар ва ташвишлар уйимизга кутилмаганда бостириб кирди. Бозор ёнидаги баланд устунга ўрнатилган катта қора радиокарнай хиёнаткорона ҳужум ва урушнинг бошланганлиги ҳақида хабарларни тўрт томонга эшиттира бошлади. Шаҳар бир лаҳзада бўшаб қолди. Эркаклар урушга кетишди. Аёллар, қариялар ва ўсмирларнинг юзлари қайғуланди. Ҳамма даҳшат ичида ёмон хабарлар кута бошлади. Бундай хабарлар кўп куттирмади. Фронтдан биринчи хабарлар пайдо бўлди: “Сизнинг ўғлингиз (турмуш ўртоғингиз) қаҳрамонларча ҳалок бўлди…”.

Похоронка [А. Кахаров]Мама, сестра, братишка [Городская фотография]

     Ҳар куни эрталаб оилалар қўрқинч билан почтачидан хат кутишар эди. Кичкинагина хат-хабарнома, халқ тили билан айтганда “қора хат” ҳеч кимга шавқат қилмади. Қайси оила қора хат олганлиги ҳақида, ўша оиланинг  катталари ва болаларининг қалбларни ларзага солиб, қулоқларни қиёматга келтирувчи фарёдларидан билар эдик. Қўшнилар ва қариндошлар шу заҳотиёқ уларникига бориб, уларга қўшилишар ва оммавий кўп соатлик йиғи бошланар эди. Болалар йиғиси билан аралашиб кетган аёлларнинг қаттиқ қичқириқлари, беҳол кампирларнинг Худога қилган нолалари узундан-узун совуқ нолишга айланарди. Бу нолишлар қариндошларнинг келиб қўшилишига қараб, гоҳида янги куч билан авжига чиқар эди. Кейин қариялар келишар, уларнинг орасида эса қирғинлардан омон қолган, жаноза номозини ўқишни биладиган Мулла бўлар эди. Йиғлаётганлар бу вақтда жим қолишарди. Оҳангдор араб дуоси бутун сукунатга қуйилар, фақатгина Мулланинг “Омин!” сўзидан кейин, ўтирган ҳолда дуо ўқиётганлар кафтларини юзлари олдида очиқ китобни тутгандек тутиб “Илоҳо омин!” деб, баланд овозда қўшилишарди. Бундан кейин Мулла Худога илтижосини ўзбек тилида давом эттириб, бевақт бу дунёни тарк этганларга жаннатдан жой беришини, унинг фарзандлари ва қариндошларига узоқ умр беришини сўрар эди…  Жаноза барча иштирокчиларнинг биргаликдаги “Аллоҳу Акбар!” жумласини баланд овозда қайтаришлари билан якунланар эди. Бир дақиқадан сўнг аёлларнинг бўғиқ йиғиси яна янгидан бошланар  ва уларга таъзияга келганларнинг янги гуруҳлари қўшилиши билан узоқ давом этар эди. Қариялар йиғини тўхтатишга, тинчлантиришга ҳаракат қилишар, аммо бу ҳар доим ҳам ёрдам бермас эди. Фронтда ҳалок бўлганлар учун аза маросимлари уйда вафот этганларга қилингани каби ўта синчковлик билан ўтказилар эди. Биринчи, учинчи, еттинчи, ўнинчи, йигирманчи ва қирқинчи кунлари кўпчилик бўлиб йиғлашар ва дуо ўқишар эди. Вафот этган кунининг бир йиллиги алоҳида хотирланар эди. Барча яқин қариндошлар бир йил давомида қора кийимда юришар ва юзларидан ғам аримас эди. Қайғу тирикларнинг ҳаётини қисқартирар эди.  Қора хат бизнинг оиламизни ҳам тинч қўймади. Катта бувим изтиробларга дош бера олмай ҳаётдан кетди. Тез орада бобом ҳам вафот этди. Ҳовлимиз бўшаб қолди. Уйимизнинг томидан сув ўта бошлади. Қишга ўтин тайёрлайдиган ҳеч ким йўқ эди. Одатларимизга кўра фақат эркаклар бозорга бориб оиласини керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашар эди. Энди бу мажбуриятлар кичик бувим ва онам ўртасида ўзаро бўлинди. Кичик бувим боғ ва уйини сотди, биз маълум бир вақт шу пуллар ҳисобига ҳаётимизни амаллаб турдик. Қиш совуқ эди. Осиёча усулда – сандалда исиниб совуқдан сақланар эдик. Сандал – бу хонанинг ўртасида тўрт бурчак шаклида қазилган ўра бўлиб, унинг устига баланд бўлмаган ёғоч стол ўрнатилади ва стол устидан пахта кўрпа ёпилади. Одатда ҳовлида ўтин ёқиб, оловнинг чўғини стол остидаги ўрага қўйилар, чўғ эса бизнинг оёқларимиз ва қалбларимизни иситар эди. Қайғули хабарлар тинимсиз келиб турар эди. Онамнинг ҳамма қариндошларидан фақатгина оғир яраланган ва контузия бўлган одамгина урушдан қайтди. Отам томонидан ҳамма эркаклар ҳалок бўлишди. Ҳаёт фақат жанозалардан иборат бўлиб қолди. Онам мени ҳамма маъракаларга ўзи билан бирга олиб борар эди. Шунинг учун унинг йиғиси ва кўз ёшлари менинг хотирамда бир умрга сақланиб қолди.

        Мен мактабга борадиган кун ҳам келди. Онам мусиқали сандиқдан чиройли дўппи, енгил, ёзги шиппак, очиқ рангли кўйлак, рангли қаламлар ва дафтарлар олди. Бу сандиқларда деярли балоғат ёшига етишимга қадар ва опамнинг сепига етарли жуда кўп нарса сақланган эди. Совуқ тушганида онам ўзининг қимматбаҳо буюмларини тилло сотиб оладиган дўконга бериб, бизга кийим сотиб олди. Менга мўйна ёқали, иссиқ ярим пальто, пояфзал ва қандлар сотиб олди.

        Қайғу ва фалокат ҳар томондан келар эди. Тўсатдан онам касал бўлиб қолди. Биринчи маротаба у эрталаб ўрнидан тура олмади ва ўзимиз чой қайнатишимизни илтимос қилди. Муздек совуқ кунлар эди. Жон-жонингдан ўтиб кетадиган рутубатли совуқ шамол тинмас эди. Касал бўлишидан бир кун олдин онам кун бўйи ҳовлида нон ёпди ва қаттиқ шамоллади. Унинг иситмаси юқори эди. Шифокорлар ўпкаси яллиғланганлигини айтишди, укол ва дорилар ёрдам бермади. Иссиғи тушмагач, онам алаҳсирай бошлади. Онам инграб, бизнинг отларимизни айтар эди…  Укам билан мен сандал четида битта ёстиқнинг тагига бошимизни тиқиб ётар эдик. Тун бўйи онамнинг ёнида кампирлар ўтириб, ярим овозда дуо ўқиб чиқишди. Онам бир неча сўзларни пичирлаб такрорлади. Бир куни онам ўзига келиб, кичик бувим ва бизларни ёнига боришимизни илтимос қилди. Ҳаммамиз ҳар томондан чўккалаб унга ёпишдик. У кўзларини озгина очиб, ҳаммамизга қараб чиқди. Унинг кўзлари ёшга тўлди. У кўзларини юмиб, узоқ жим турди-да кейин гапира бошлади: “Барча одамлар бу дунёга Яратганнинг иродаси билан синов учун келади… Одамлар бу дунёдан кетаётганларида қилган гуноҳлари учун тавба қилиб, кечирим сўрашлари лозим… Сиз бизнинг қўшнимиз рус қарияси Маскаевни биласиз. Ундан менинг гуноҳларим учун кечирим сўранг… Шу ёзда қаттиқ шамол бўлганида бир нечта пишган шафтолилар унинг боғидан бизнинг ҳовлимизга тушган эди. Эрта тонгда мен уларни челакчага териб, ошхонага қўйдим. Қариндошларимиздан бирор бир эркак келганида шафтолиларни эгасига бериб юборишга умид қилган эдим… Лекин бера олмадим… болаларим бу ҳақида билишмас эди, шунинг учун еб қўйишибди… бу менинг хатойим… бу менинг гуноҳим. Ва яна… кўк бозорда, кириш дарвосидан чап томонда оқ соқолли кекса темирчи бор. Мен ундан кул олиш учун темир ҳокандоз сотиб олганимда майда тангам етмай қолди. Мен унга икки танга қарз бўлиб қолдим… Олиб бориб бермоқчи эдим, аммо касал бўлиб қолдим. Ундан кечирим сўранг… ва пулини қайтаринг ”. Онам секин гапирар эди. Кейин: “Худо кечиради… Худо кечиради…” деб бир неча маротаба такрорлади ва ухлаб қолди.

      Опамнинг даҳшатли қичқириғидан уйғониб кетдим… Бизни кимларга ташлаб кетдинг, Она? Хўрсиниб йиғлаётган бувим: “Секин…секин… мумкин эмас… ҳали тун”, – деди. Менга тез янги кийимлар кийдира бошлашди. Дадажон амаким келди. У мени ердан кўтариб олди ва мен эгарда ўтирган амакимнинг олдида пйдо бўлиб қолдим.  От йўртиб  бизларни яқинларимиз ва қариндошларимизнинг уйларига  етказди. Кўп ҳовлиларни мен танидим. Биз онам билан бу ерда маъракаларда бўлганмиз. Қоронғу тун эди. Одамлар уйқуда эди. Уларнинг кириш дарвозалари ёпиқ эди. Амаким қамчининг дастаси билан эшикларни қатъиятли тақиллатар эди. Ҳовли ичида хира керосин чироқ ёнди ва кампирнинг бўғиқ овози эшитилди. “Бу мен – Дадажонман. Биз Абролхон билан жияним Ҳабибахон бизни ташлаб, нариги дунёга кетганлигини айтгани келдик” – баланд овозда бидирлади амаким ва биз бақириб йиғлаётган қариндошлариизни ортда қолдириб, йўлда давом этар эдик.

     Тонг ёриша бошлади. Биз кўк бозор дарвозасига етиб келиб, оқ соқолли темирчини қийинчиликсиз топдик. Темирчи эндигина устахонасини очиб, печига олов қалаётган экан. Биз шошилаётган эдик. Амаким отни боғлаб, баланд овозда хўжайин билан сўрашди. “Хуш келибсиз! Сизга тинчлик ва хотиржамлик! ”, жавоб берди темирчи ва қўш қўллаб кўришиш учун амакимга ва менга қўл узатди. Қўл бериб кўришишгач, улар кафтларини юзларига тортиб, соқоллари учини силаб қўйишди. Мен ҳам шу ҳаракатни такрорладим.

  «Ҳозир чой тайёр бўлади»- тараддудланди темирчи.

 «Безовта бўлманг, биз шошиб турибмиз»- гапира бошлади амаким. «Таниқли шаҳар мулласи, Саидхон эшоннинг қизи,  Абролхоннинг онаси,бизнинг суюкли жиянимиз Ҳабибахон сиздан узр сўради ва биз орқали кул олиш учун сотиб олган темир ҳокандознинг қарзини бериб юборди», -деб узоқ сўзлади ва қўшимча қилди: «Яратганнинг иродаси билан бугун у бандаликни бажо келтирди». «Ё, Оллоҳ!» – ачиниш билан кафтларини бир-бирига уриб қўйди. Шу ернинг ўзидаёқ чўккалаб, менинг онамга жаннатдан жой беришини сўраб дуо ўқий бошлади. Дуони тугатиб, қария кўз ёшларини артди ва бизга икки ўғли фронтда ҳалок бўлиб, ёлғиз ўзи ёрдамчисиз қолганлигини ёзғирди. «Оллоҳ ва сизнинг олдингизда уч марта, минг марта қайтараман, икки танга қарздан кечдим, менга уни қайтаришни кераги йўқ»- баён қилди оқ соқолли мункайган одам. «Худога шукр, кечирганингиз учун раҳмат. Лекин икки тангани унинг ўғлининг қўлидан қабул қилиб олишингиз шарт», – деди амаким ва менга иккита йигирма тийинлик тангани узатди. Мен тангаларни қарияга бердим. У иккиланиб турди, кейин менинг қалтираётган қўлларимни олиб ўпди, мени қучоқлаб йиғлади. Мен ҳўнграб юбордим.

      Биз уйга қайтганимизда ҳовлимиз одамларга лиқ тўла эди. Ичкари ҳовлида аёллар фарёд солишарди. Ташқари ҳовлида эса қариялар ва ўсмирлар тўпланишган. Амаким ичкаридан опам ва укамни чақирди. Биз қўшнимиз Маскаевларнинг эшигини тақиллатдик ва журъатсизлик билан уларнинг ҳовлисига кирдик. Опам қўлида гўдак укамни ушлаб йиғлар эди, мен эса опамни ушлаб йиғлар эдим. Амаким биз учун ва онам учун кечирим сўради. Қария Маскаев чўқинди ва кўз ёшларини артди.

    Бир пас ҳаммаси тинчиб қолди. Эркаклар онамнинг жасади солинган чиройли безатилган тобутни ичкаридан елкаларида кўтариб чиқиб, эшик олдига қўйишди. Қисқа ибодатнинг видолашув русуми бажарилди. Дарвоза очилди. Мени ҳаммадан олдинга қўйишди. Биз Тунқуриш қабристони томонга ҳаракатландик. Мен қўлимда асо билан борар эдим. Эгнимда миллий беқасам тўн, дўппи ва оёғимда янги пояфзал бор эди.

Мазар Сын [Алишер ]


    Йиллар ўз тезлигини оширган ҳолда югуриб ўтяпти. «Вақт учяпти», деб бекорга айтишмайди. Ёшим ҳам анчага бориб қолди: қиз набираларим – 17 ёшда, ўғил набирам – 21 ёшда. Бу йил катта қизимнинг 50 йиллик ёшини нишонлаймиз. Рафиқам ва яқинларимиз билан «олтин» тўйимизни нишонладик. Айтганларидек, эслашга арзигулик воқеалар бор. Босиб ўтилган йўлни тоққа чиқадиган тиканли ва паст-баланд йўлдек тасвирлаш мумкин. Биз бу йўлда қайрилмасдан ва тўхтамасдан ҳаракат қилдик. Бу йўлда ғовлар кўп бўлди, шунингдек бу йўлнинг маълум бир қисмини ғирромлик ва ёлғон билан ўтишга ундовчи, йўлдан оздирувчи ҳаракатлар ҳам кам бўлмади. Аммо бундай пайтларда ҳамиша кўз ўнгимда Онамнинг муқаддас сиймоси гавдаланар эди.

      Онамнинг ва аждодларимнинг қони олдида, ҳаётда эгаллаган ўз ўрним учун қарздорман. Ва буни қуйидаги сўзларда ифодалайман:          «Мен ўғирлик ва ғирромликни кўрганимда Онамни эслайман. Нимадир орттириш ва юлиш мақсадида мени йўлдан итариб юбормоқчи бўлганларида, мен Онамни эслайман».

 [] [] [] [] []

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркманистонда гўзаллик салонлари ёпилмоқда

Туркманистонда гўзаллик салонлари ёпилаётгани хабар қилинмоқда. Косметик хизматлар ва турли хил гўзаллик процедуралари тақиқланган. Ҳозирда фақат сартарошлар ишламоқда. Бу ...

Онажоним

Аброл Қаххоров.  Таржимон Моҳирабону Булутлар ортида ухлар сариқ ой. Қоронғу ўрмонга боққандек, гўё,  мен кўкка термулиб қарайман. Қайдадир, юлдузлар аро адашган онам, ...

Ўзбек тили давлат тили (эмас)

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлибди. Биз одатда бир асрнинг учдан бирига менгзалган бу фурсатни ислоҳотлар ва тараққиёт учун жуда қисқа фурсат деб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400