15 июндан Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, трамвай, метрополитен) йўл ҳақи чорак баробар – 800 сўмдан 1000 сўмга оширилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясига тегишли жамоат транспортларида пайдо бўлган эълонларга кўра, йўл ҳақининг қимматлашуви ёқилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисмлар учун харажатларнинг ошгани билан боғлиқ.
Шаҳар жамоат транспорти билан бир қаторда йўналишли таксилар («маршруткалар»)нинг ҳам йўл ҳақи ошди. Ўз навбатида, ўқувчилар, талабалар, нафақахўрлар ва ногиронлар учун ҳам ойлик йўл чипталари нархи оширилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент жамоат транспортида йўл ҳақи охирги марта 2013 йил 2 апрелида 700 сўмдан 800 сўмга оширилганди.
Мулкдор хабар маркази