Би-Би-Си меҳмони – Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича эксперт Шермуҳаммад Абдуллазода

Шермуҳаммад Абдуллазода Ўзбекистонда солиқ ва молия соҳалари бўйича узоқ йиллар ишлаган.

Шермуҳаммад Абдуллазода 1966 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни олтин медал билан тамомлаган.

Аввал Самарқанд Давлат Университетининг математика факультетини, сўнг Молия коллежини қизил дипломлар билан якунлаган.

У ҳоким маслаҳатчиси, туман солиқ идораси бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

1996 йилда Молия вазирлигининг солиқ сиёсати бошқармасига ишга таклиф қилишган.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши академиясини битирган.

Шермуҳаммад Абдуллазода Молия вазирлигининг Валюта бошқармасини, “Ташқи иқтисодий алоқалар ва Ўзбекистоннинг ташқи қарзини мониторинг қилиш” бошқармасини бошқарган, Инвестицион лойиҳа ва дастурларни экспертизадан ўтказиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2002 йили “Давлат белгиси” корхонаси раҳбари ўринбосари лавозимига таклиф қилинган.

Бироқ Шермуҳаммад Абдуллазода 2004 йилда Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилади.

Бунинг сабаби, “менинг танқидларим”, дея жавоб қайтаради у.

“Ўзбекистон ҳукуматининг юритаётган иқтисодий сиёсати билан келишолмадим, мана шу норозилигим туфайли кетдим”, дейди иқтисодий таҳлилчи.

Ҳозирги пайтда оиласи билан АҚШда истиқомат қилади.

Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар жаноб Абдуллазодадан Ўзбекистон иқтисодига доир эксперт хулосаларини сўраганлар.


Би-би-си меҳмони Шермуҳаммад Абдуллазоданинг саволларга жавоблари

Тошпўлат ака, АҚШ: Ассалому алайкум. Ўзбекистонда расмийлар қўшиб ёзишлари одатий ҳолат бўлиб қолгани ҳаммага аён бўлса керак. Ҳар йили сал кам 1 млн янги иш ўринлари яратилмоқда, электроэнергия ишлаб чиқариш камайгани йўқ, бу йил ҳам 8,1 млн т буғдой дони етиштирилди ва шунга ўхшаш статистикани ўқиганда, ҳа, шоввозлар яна қўшиб ёзибди-ёв, деган фикр хаёлга борамизда, лекин уни баралла айтишга журъат қилмаймиз. Айни пайтда йиллик статистик ахборотларда Ўзбекистонда ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг ўсиши ўртача 8%ни ташкил қилади, дейишганда, кўпчилик, ҳатто Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва бошқа энг эътиборли халқаро молиявий институтлар уни ҳақиқий, реал маълумотлардек қабул қилишади ва ўз номлари, экспертлик гувоҳлари билан расман тасдиқлашади ҳам.
Савол: Малакали иқтисодчилар тахминича, Ўзбекистон ҳукумати йиллик ҳисоботларининг қанча фоизи сохталаштирилади? Бугунги Ўзбекистонда расмий қўшиб ёзишлардан, майнавозчиликдан қутулишнинг иложи борми?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Биринчидан, Тошпўлат акага ўзларини вақтларини аямай савол берганлари учун мен ўзимнинг миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Иккинчидан, мен у кишининг саволларига ўзимнинг фикрларимни билдираман. Гапимни бошлашдан олдин бир нарсани айтиб ўтмоқчиман: мен шахс сифатида қуёш ботишига, куннинг отишига ишонаман, лекин Ўзбекистоннинг иқтисодий-молиявий аҳволининг бугунги кунда ўзгаришига ҳеч қандай ишончим йўқ. Бу билан мен айтмоқчиманки, Тошпўлат ака жуда яхши, қизиқарли мисолларни келтириб ўтганлар. Ўзбекистоннинг раҳбарияти қанчалик яширишга ҳаракат қилмасин, Тошпўлат ака келтирган мисолларда ҳам ҳамма нарса очиқ-ойдин кўриниб туради. Келинг Президент Ислом Каримовнинг 25 йиллик раҳбарлик даврини олмайлик-да, охирги беш йилликни олсак, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда ҳар йили 1 миллионта иш жойи яратилса, 5 йилда 5000000 иш ўрни очилади, 10 йилда 10 миллион иш жойи очилади. Лекин бугун Ўзбекистоннинг 7 миллион аҳолиси мамлакатдаги ишсизликдан, ўзининг оиласини боқиш ёки ишлаб чиқаришдан топадиган ўзларининг ойлик сармояларини йўқотганлари сабабидан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Агар Ўзбекистон ҳукумати эълон қилаётган рақамлар тўғри бўлганда эди, улар Ўзбекистондан чиқиб кетиш у ёқда турсин, ҳар йили 1 миллион иш ўрнини яратаётган Ўзбекистон ҳукумати четдан ишчи кучини олиб келишга ҳаракат қилган бўларди. Тошпўлат ака, тўғри айтиб ўтганлар, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамон ўша-ўша, лекин минг афсуслар бўлсинки, улар Ўзбекистон халқига эга эмас, четга валютага сотилиб ётипти, ўзбекистонликларнинг ўзлари эса электрсиз ўтиришга мажбур бўлаяптилар. Дон Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаяпти, лекин бу буғдойни сотиб олишга ўзбекистонликларнинг бир ойлик маоши ёки пенсионерларимизнинг пенсия, нафақалари етмайди. Бу нимадан далолат беради? Ўзбекистон ҳукумати “яллама ёр” деб Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаларига катта-катта ҳисоботлар беришади, бу ҳисоботларда Ўзбекистон иқтисодиётининг йилдан-йилдан ошаётганини, қарийб 10 фоизга ўсиш бўлаётганини айтишади. Яқинда Ўзбекистонга бориб келган Халқаро валюта фондининг вакиласи ҳам Ўзбекистонда йиллик ўсиш 10 фоизни ташкил этди, деб ёзган ҳам экан. Булар ҳаммаси Ўзбекистон ҳали ҳам Совет даврини яшаётганини, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирги бошқаруви Совет давридагидан ҳам салбийлаштирилган равишдаги бошқарув эканини кўрсатади. Ўзбекистонга ташқаридан ҳар қандай текширувчи, ҳар қандай назоратчи келганида, авваламбор, ўзбекона меҳмондорчиликни кўрсатишади. “У ёққа олиб бор, бу ёққа олиб бор, қадимий обидаларни томоша қилдир…” Мана шу нарсалар билан вақтни ўтқазишади-да, кейин ўзлари сохта ҳисоботларни тақдим қилишади. Мен халқаро вакиллар Ўзбекистонга келганда “сотиладилар” демоқчи эмасман. Улар ўзлари алдашмайди, лекин Ўзбекистон расмийларидан ҳам алдашни кутмаган ҳолда, ишониб бу рақамларни қабул қилишади. Кейин бу рақамларни ўзларининг ҳисоботларига қўшадилар. Ўзбекистон ҳукумати нима учун бундай сохта ҳисоботлар тақдим қилади? Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банкига, Халқаро Валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия ташкилотларига Ўзбекистонни ривожланаётган мамлакат сифатида тақдим этишни истайди. Бу ташкилотлар бирор мамлакатга қанчалик кўп ишонса, бу мамлакатга сармоя олиб киришга ёки сармоядорларни ўша мамлакатга инвестиция киритишга ишонтиришга мойил бўладилар. Бу халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларини кўрган бизнесменлар Ўзбекистон ҳақидаги рақамларга ишонадилар, Ўзбекистонни ўзи учун янги бозор сифатида кўриб сармоя киритишни истайдилар. “Ҳа, бу мамлакат ривожланаётган экан, ташқи қарзлари йўқ экан”, деб бу рақамларга ишонишади ва Ўзбекистонга сармоя киритишади. Охир-оқибат Ўзбекистон ҳукумати бу инвесторларни ё қамоққа тортишади ва бор-будини шилиб олиб мамлакатни ташлаб кетишга мажбур қилишади. Бунга мисол қилиб, Ўзбекистонда қамоққа олинган бир туркиялик бизнесменни, мол-мулки тортиб олингани учун Ўзбекистон ҳукуматини судга беришга қарор қилган бир Голландия ширкати мисолларини келтиришим мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистондан ташқарига чиқиб чиқиб муҳожирлик билан оиласини боқишга мажбур бўлган ўзбекистонликларнинг ҳақиқий сонини Ўзбекистон ҳукуматидан бошқа ҳеч ким билмайди ва шунинг учун доим матбуотда тахминий рақамлар келтиради. Мана сиз 7 миллион ўзбекистонлик ташқарига чиқиб кетган, деб айтаётганда қандай ҳисоб-китоблар, таҳлилларга таяндингиз?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Ҳа, бу менинг тахминим. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг эмас, бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг берган маълумотлари асосида қилган ҳисоб-китобларимга таяниб шу рақамни олганман. У маълумотлар ҳам тақрибий олинган. Менинг фикримча, уларнинг кўпчилиги ўша хорижий мамлакатларда расман рўйхатга олинган муҳожирлар бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтмай юрган ноқонуний муҳожирлар ҳам кўп. Мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб 7 миллион ўзбекистонлик четга чиқиб кетган, деган хулосага келганман. Агар Ўзбекистонда ҳақиқий ўсиш, 8 фоиз эмас, 0,5 фоиз бўлганда ҳам, бизнинг меҳнатсевар ўзбек халқимиз, мияли, доно олимларимиз, зиёлиларимиз, врачларимиз, куч ва қудрати бўлган оталар, акалар, укалар, ҳозирги кунда аёлларимиз ҳам ўз оилаларини ташлаб кетишга мажбур бўлмасдилар.

Тошкентдан Ҳожиаҳмад: Жаноб Абдуллазода, бир неча йилки ҳукумат ижтимоий соҳага давлат бюджетининг фалон фоизини йўналтирмоқдамиз, дея айтиб келади. Бироқ амалда эса ҳар йили 10 фоизга Молия вазирлигидан бюджет қисқариши рўй бермоқда. Бу иддао эмас, бу факт. Ўзим шуни ичида бўлганим учун айтаяпман. Бу нимага олиб келиши мумкин? Ва бу жаҳон тажрибасида қандай рўй беради?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Ҳожиаҳмад дўстимизми, акамизми ёки укамизми, ёшларини билмадим, саволлари учун раҳмат. У киши ичидаман деганлари учун у кишини ҳукуматнинг ижтимоий таъминот соҳасида ишласалар керак, деб биламан. Йилига қанча фоиз қисқартириш бўлаётганини фақат шу соҳа ичида ишлаганлар яхши билишади. Мана биз ойлик маошларнинг, пенсияларнинг ва болаларга бериладиган нафақаларнинг ўз вақтида берилмаётгани ҳақидаги хабарларни Интернетдан, Би-би-си ва «Озодлик» хабарларидан эшитиб турамиз. Нима учун ўз вақтида берилмайди? Чунки бу пуллар Ўзбекистон бюджетида йўқ. Бюджетга киритилмайди. Мисол учун, ижтимоий соҳага 1 миллиард сўм керак, дейлик. Бу рақамни мисол тариқасида келтираяпман. Бюджетдан 1 миллиард ўрнига 500 миллион сўм ажратишади. Демак, бу ярим миллиардни ижтимоий соҳага тааллуқли ташкилотларга камайтириб-камайтириб тарқатиш лозим, деганидир. Камайтириб тарқатиб, “қолганини нима қилиб бўлса ҳам ўзинг топ”, деб айтишади. Бу ҳақиқат. 10 фоиз ҳар йили 10 фоизга камайиш дегани. Ўзи-ку ижтимоий соҳага бериладиган маблағ талаб қилинганидан кам. Шуни ҳам 10 фоизга қисқартиришга тўғри келаяпти. Жаҳон тажрибаси қандай, деган саволларига ўзим билганича жавоб беришга ҳаракат қиламан. Тараққий этган, коррупцияга ботмаган, диктатура бўлмаган давлатларда ижтимоий соҳа учун маблағ ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда ажратилади.

давоми бор

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/07/140720_tpoint_shermuhammad_abdullazoda.shtml 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сурхондарёда табиий газ таъминотидаги узилишлар сабаб саксовул кўп кесилмоқда

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Жарқӯрғон туманида тезкор рейд ӯтказилганда рейд ...

Тбилисидаги намойишлар:россиялик депутатнинг грузия парламентидаги чиқиши ўнлаб одамлар жабрланган оммавий норозилик тадбирига айланиб кетди

Тбилисида 20 июнь оқшомида кўп минг кишилик норозилик акцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқдаMeduza. Парламент олдидаги майдонга 10 мингга яқин одам тўпланди. Улар Грузиянинг ...

Ўзбекистонда уч ойда 26,7 млрд сўмлик норуда фойдали қазилмалар ноқонуний қазиб олингани аниқланди

Жорий йилнинг сентябрь—ноябрь ойларида ўтказилган ўрганишларда 186 та субъект томонидан тегишли лицензия олмасдан 26,7 миллиард сўмлик норуда фойдали қазилмалар ноқонуний ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400