Порахўрлик – жамият танасига тушган қуртдир

29.07.2014 14:26

ПорахўрликПорани “ришва” ҳам дейилади. Ришва аслида тилёғламалик қилиб нарса бериш деганидир. Муқаддас динимиз истилоҳида эса, “Бировни ўз фойдасига ҳукм қилиши ёки ўз истагига юргазиш мақсадида берилган моддий нарса порадир”.

Исломда порахўрлик қатъий ҳаром қилинган ва унинг турлари батафсил кўрсатиб берилган. Ислом иқтисодида ҳар бир моддий кирим хизмат ёки бошқа бирор моддий нарса эвазига бўлса ёки ҳеч қандай ғаразсиз ҳадя шаклида бўлсагина ҳалол ҳисобланади. Аммо, обрў ва мансаб моддий эвазликка ярамайди. Шу боис, обрў ёки мансабни суистеъмол қилиш орқали ўзлаштирилган маблағ пора ҳисобланади ва бировнинг молини ноҳақ ейишга киради. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!  (188-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ноҳақ йўл билан ейишдан қайтармоқда. Ўғрилик, талончилик, рибохўрлик, порахўрлик каби ношаръий йўллар билан маблағ топиш ана шундай ноҳақ ишлардан саналади.

“Нисо” сурасида Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ)  ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ  сизларга раҳм-шафқатлидир. (29-оят).

Демак, ўзаро розилик билан қилинган савдо-сотиқ орқали топилган мол ҳақиқий ҳалол мол ҳисобланади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ

رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْأَرْبَعَةُ وَحَسَّنَهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ ابْنُ حِبَّانَ  وَزَادَ أَحْمَدُ ” وَالرَّائِشُ ” هُوَ الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا وَهُوَ السَّفِيرُ بَيْنَ الدَّافِعِ وَالْآخِذِ ، وَإِنْ لَمْ يَأْخُذْ عَلَى سِفَارَتِهِ أَجْرًا فَإِنْ أَخَذَ فَهُوَ أَبْلَغُ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар”. Имом Аҳмад ва тўртовлари ривоят қилишган, Темизий ҳасан ҳамда Ибн Ҳиббон саҳиҳ деганВа имом Аҳмад “Ва ар-Роиш” “Порада ўртада турувчи” лафзини зиёда қилган.  “Роиш” дегани- пора берувчи ва олувчи ўртасидаги воситачи. У “элчи”лик қилганига ҳақ оладими, йўқми фарқ қилмайди.”

“Ниҳоя” асари соҳиблари: ”Берувчи бергани, олувчи пора олгани ва воситачи эса ботил ишга кўмаклашгани учун гуноҳда баробардирлар”- деган.

Яна бошқа бир ҳадисда эса,

عن عبد الله بن عمرو قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم الراشي والمرتشي في النار

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”, деганлар. Табароний ривояти.

Ҳа, порахўрлик енгил иш эмас. У кўпчилик ўйлагандек, шунчаки “тортиқ” ҳам эмас. Порахўрлик қанчалик одамларга оддий туюлмасин, у пул топишнинг жирканч усулларидан ҳисобланади, ҳаром саналади. Мусулмон киши порадан қаттиқ ҳазар қилиши фарз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам порахўрни ҳам, пора берувчини ҳам лаънатлаганлар. Демакки, порахўр Аллоҳ таолонинг раҳматидан  узоқ бўлган шахсдир.

Порахўрлик жуда ҳам ёмон иллат ҳисобланади. Доно халқимизда “Ўрганган кўнгил ўлганда қолар” деган пурмаъно нақл бор. Порахўр ҳар қанча бой бўлса ҳам, ҳалол пул топиш имкониятлари бўлса ҳам, пора олишдан ўзини тўхтата олмайди. Порахўрлик жамият аъзоларини бир-бирларига душман қилади, жамиятда ҳақиқат қарор топишига, адолат ўрнатилишига, қонун устивор бўлишига тўсқинлик қилади. Порахўрлик бор жойда илм-маърифат ҳеч қачон равнақ топмайди. Порахўрлик бор жамиятда жабру зулм урчиб кетади, адолатсизлик ҳукм суради. Порахўрлик жамият танасига тушган кемирувчи қуртдир. Порахўрлик давлат барқарорлиги ва халқ тинчлигига раҳна солувчи ахлоқсизликдир. Порахўрликдан қутилмай туриб жамият ривожлана олмайди. Порахўрлик халқнинг келажаги учун энг ёвуз таҳдиддир.

Афсуски, бугунги кунда юртимизда порахўрликка қарши кўплаб қарорлар қабул қилиниб, турли чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамай, ўз мансабини суистеъмол қилиб, порахўрлик касалига мубтало бўлганлар борлиги ачинарли албатта. Улар арзимаган мол-дунё эвазига инсонийликларини, қадрларини сотиб, халққа, жамиятга зарар келтиришмоқда. Энг ачинарлиси, бу иллатнинг тиббиёт ва таълим соҳаларига ҳам кириб қолиши янада аянчлидир.

Бу ҳолатдан тезда огоҳ бўлиб, олдини олиш зарур бўлади. Нега деганда, бу кетишда бора-бора ёшлар онгида порасиз ҳеч нарса битмайди, деган тасаввур пайдо бўлиб қолиши мумкин. Бу эса уларнинг билимсиз, масъулиятсиз кишилар бўлиб шаклланишига олиб келади. Қолаверса, ҳаром йўл билан топилган нарсани еб катта бўлган кишиларда ушбу ҳаром нарсанинг таъсири кўриниши табиий. Буларнинг барчаси Юртимиз келажаги учун таҳдиддир.

Қуръони каримда бандаларнинг катта  гуноҳлардан сақланишлари кичик гуноҳларининг ўчирилишига сабаб бўлиши айтиб ўтилган:

إِنْ تَجْتَنِبُوا كَبَائِرَ مَا تُنْهَوْنَ عَنْهُ نُكَفِّرْ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَنُدْخِلْكُمْ مُدْخَلًا كَرِيمًا

Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни  роҳатбахш манзил (жаннат)га киритурмиз.  (Нисо сураси, 31-оят.)

Келинг азизлар, бироз ўртаҳолроқ бўлса ҳам, ҳалол-пок яшайлик, озроқ топсак ҳам, ҳалолдан топайлик. Кимларнидир ранжитсак ҳам, ҳақиқат учун интилайлик. Бу борада барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Ана шунда, иношооллоҳ, фарзандларимиз баркамол инсонлар бўлиб тарбия топадилар, келажагимиз ҳақиқатан ҳам порлоқ бўлади. Ана шунда биз дунёда илғор, охиратда бахтиёр халқлардан бўла оламиз.

Жалолиддин Ҳамроқулов, “Новза” жоме масжиди имом хатиби

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нодир тўрақуловнинг қудасига қарашли «метан-заправка» сотилди

Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Нодир Тўрақулов ва унинг жиноий шериклари Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми билан узоқ йилга жиноий жавобгарликка ...

Ўзбекистонда ҳайвонларни қийнаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва ...

Шри-ланка президенти истеъфога чиқмай, мамлакатдан қочиб кетди

Шри-Ланка президенти Готабая Ражапакса чоршанба куни эрта тонгда намойишчилар талабига биноан вазифасини топширмай, мамлакатдан қочиб кетди. У Қуролли кучларининг самолётида ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400