Буюклар сайёралар алмашинуви даврида дунёга келадилар

Абулфайз БАРОТОВ Абулфайз БАРОТОВ

Давлат арбоби, истеъдодли журналист Ахмаджон МУХТОРОВ ҳаётидан лавҳалар

1966-1980 йилларда Самарқанд вилоят “Ленин йўли” (Ҳозирги “Зарафшон”) газетасида кечган кунларим.

                                                               1-БОБ

        1966 йилда мен “Ленингн йўли” газетасига ишга борганимда, у ердаги муҳит ўта зиддиятли эди.Энг қизиғи менинг ишга жойлашишимга сабабчи бўлган таҳририятнинг тарғибот ва ташвиқот бўлимининг катта адабий ходими Исроил Мирзаев (худо рахматига олган бўлсин у кишини) газета бош муҳарорирининг биринчи ўринбосари Ахмаджон Мухторовнинг ашаддий ғанимларидан бири экан. Шоир Суръат Орипов бўлим мудири, Самариддин Сирожиддинов катта мухбир бўлиб ишлаётган маданият бўлимига мени таржимонликка расмийлаштириб, тиқиштириб қўйишди. Бош муҳаррир Лутфулла Ҳамроев билан соз бўлган Исроил аканинг “одамиман», бир гап билан айтганда, Ахмаджон Мухторов ғанимларининг арзандасиман. Чунки ўрта маълумотим билан ойлик маоши адабий ходимники билан тенг бўлган таржимонлик штатини эгаллаб ўтирганим, корректурада корректор ёки подчечик лавозимларида ишлаётган олий маълумотли ҳамкасбларимининг ғазабини қўзғатганди. Улар менга эшиттириб, “сув келтирган хору-зору, кўза синдирган азиз,-“деган гапларни айтарди. Бўлим мудиримиз Суръат ака ва қишлоқ хўжалик бўлимининг катта адабий ходими Нусратилла Раҳматов (Нусрат Рахмат)лар менга бу гапларга парво қилмаслигимни айтишиб, кўнглимни кўтариб қўйишарди.

    Бундан олдин Пайариқ туман “Коммунизм байроғи” газетасида техник-котиб лавозимида ишлардим. Ойлик маошим 50 сўм бўлган бу ишга туман Давлат банкининг бошқарувчиси бўлган, қариндошимиз Шукур Сафаров жойлаштириб қўйганди. Туғилган жойим-Ғаллаорол туманининг тоғли Ўгат қишлоғидан бу ерларга қандай келиб қолганлигимни айтмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ўн олти ёшга тўлганимда отам Мўлла Барот Дангал ўғли вафот этди. Оилада олти жон онам қарамоғида қолдик. Тўнғич фарзанд мен бўлганлигим учун мактабда ўқишимни ташлаб тирикчилик йўлига кирдим. Аввалига Қўйтош конига қарашли ёрдамчи хўжаликда, сўнгра кон геология қидирув экспедидциясида тўғри келган ишларни бажариб юрдим. Аммо ойлик маошим жуда кам эди. Шунинг учун 1962 йилнинг бошида Ғаллаорол туман комсомол Қўмитасининг йўлланмаси билан чўлни ўзлаштириш ишларида иштирок этиш учун жўнадим.

      Жиззах туманидаги янгидан ташкил этилаётган “Боғдорчилик” (ҳозирги Пахтакор туманидаги “Пахтакор”) совхозида қурилиш ишларини олиб бораётган “Янгиерсувқурилиш” трестига қарашли 6-қурилиш-монтаж бошқармасида бетончи бўлиб ишлай бошладим. Ўша пайтларда участка нозирлари идоралари қошида ташкил этилган кўнгилли халқ дружиначилари штаби аъзоси сифатида кечалари участковой Яҳё Қўзиев билан биргаликда жамоат тартибини сақлаш учун навбатчиликка чиқардик.

      1963 йилнинг 2 январидан 3 январига ўтар кечаси навбатчилик пайтимда безорилар ўқига дуч келиб, бир умрга ногирон бўлиб қолдим. Бир ярим йилча Жиззах шаҳридаги “Қизил казарма” касалхонасининг жарроҳлик бўлимида оғир аҳволда ётдим. Беш марта оғир операцияни бошимдан ўтказиб, тўқиз ойча ишлаб фожеага йўлиққан жойимга қайтиб бормай, абгор бир ҳолатда уйга қайтиб келдим. “Осмон узоқ –ер қаттиқ,”-деганларидек, нима иш қилишимни билмайман. Енгилроқ ишга қўл урай десам маълумоти йўқ. Жисмоний ишга ярамайман. Шундай кунларнинг бирида Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида Давлат банкида бошқарувчи бўлиб ишлаётган қариндошимиз Шукур Сафаров ёрдам қўлини чўзди.

       Бу инсондан бир умр миннаддорман. Балки бошқа қариндош бўлганида бор-йўғи еттинчи синф маълумотга эга бўлган, бунинг устига ногирон мендек қариндошига ёрдам бериш ҳақида ўйлаб кўрармиди. Аммо Шукур ака ҳеч ўйлаб ўтирмасдан мени банкка операторлик вазифасига ишга қабул қилди. Мактабда математика фанларидан жуда ёмон баҳоларда ўқиганман. Банкда эса… Шукур аканинг мени молиячи қилиб тарбиялашга бўлган уринишлари зое кетди. Менинг эси-дардим ёнимизда жойлашган туман газетасига ўтиб ишлаш эди. Шундай бўлди ҳам. Маоши кам бўлса ҳам дунёда мендан бахтли одам йўқ эди. Отамнинг укаси Олишбой амаким ўнинчи синфни тугатганим тўғрисида табель тўғрилаб берди. Кечки ўн биринчи синфда ўқишни давом эттирдим. Шанба-якашанба кунлари ўз ҳисобимдан колхоз-совхозларга ва бошқав турли ташкилотларга хизмат сафарига жўнайман. Ёзганларимнинг бир нусхасини вилоят газетасига ҳам жўнатиб турибман. Ёзганларим уларга маъқул келаяпти шекилли, юборганларимнинг бари газетада босилиб турибди. Кейин эса Исройил аканинг ёрдами билан вилоят газетасида иш бошлаб юбордим.

     Менимча жамоага сингишиб кетганлигимнинг сабаби, нима иш буюришса, жон деб бажариб кетаверганимдан бўлса керак. Чунки редакциядаги ҳар қандай иш ҳам мен учун ғоят қизиқарли эди. Масалан, бош короректор Зоя опа бугун подчетчик ишга келолмаганлигини айтиб, котибиятдан одам сўрайди. Кунлик норма – 200 сатр чет муаллифнинг материалини тайёрлаб, режпни бажариб қўйганман. Масъул котиб Облоқул ака Усмонқулов аста кабинетимизга муралайди. Ўта мулойимлик билан аввал бўлим мудиримиз Суръат ака, сўнгра Самариддин ака билан қуюқ сўрашади. Кейин менга юзланиб, илтимос оҳангида дейди:
– Абулфайз, бугун подчетчик ишга келмабди. Пастки тушиб Зоя опага бироз қарашиб юбормайсанми?

     Корректура биринчи қаватдаги иккита кичкина хоначада жойлашган. Мен бўлим мудиримизга қарайман. У киши бошини лиқиллатиб, розилик беради. Бундай илтимослар кўп бўлиб туради. Машинка бюросида ишлайдиган Фая, Жамила, Насиба сингари опаларимиздан биронтаси ишга чиқмай қолса, Облоқул ака юзига мулойим тус бериб яна кабинетимизда пайдо бўлади. Ҳар галгидек ававал Суръат ака билан сўнгра Самариддин ака билан қуюқ сўрашади-да, кейин менга юзланиб, илтимосини бошлаб юборади:
-Абулфайз, Насибанинг боласи касал бўлиб қолибди. Номерга материал кўпайиб кетди. Машисткалар улгуриша олишмаяпти. Озроқ ёрдам бериб юборсанг дегандим.
Материалларни печатлаш борасида бўлимимизда муаммо йўқ. Чунки мен борман. Машинкани бўлимга олиб келиб, чиқиллатишни бошлаб юбораман. Хонамизни енгил кулги ва хуш кайфият эгаллайди.

      Кейин мени хатлар ва оммавий ишлар бўлимига ўтказишди. Ишнинг қизиғи шу ерда экан. Бўлим мудиримиз Матлаб опа Эрмуҳаммедова тик сўз, жасоратли аёллар сирасидан. У кишини  Ахмаджон аканинг ўнг қўли деса ҳам бўлади. Менинг вазифам, жамоатчи мухбирлардан келган хатларни рўйхатдан ўтказиш, бўлимларга тарқатиш, жавоб ёзиш, текширишга юбориш, “бир хат изидан” рубрикаси остида материаллар тайёрлаш, баъзан шикоят юзасидан хизмат сафарига ҳам бориб тураман. Бирин-кетин “Фарзандлар кечирмайди”, “Садоқат”, “ Вишкадаги жасорат,” “Сира шак келтирмасдан” сингари шов-шувли мақолаларим эълон қилинганидан сўнг менга нисбатан айтилаётган гап-сўзлар  тўхтади. Лекин таҳририятдаги оғир муҳит ҳамон сақланиб турарди.

    Бир куни бош муҳарриримиз Лутфулла Ҳамроев қайсар ўринбосаридан узил-кесил қутилишга ахд қилди. Партия аъзоси бўлган ўз тарафдорларини йиғди-да, шаҳар партия қўмитасидан вакил таклиф қилиб, партбюро йиғилишини ўтказмоқчи бўлди. Бош муҳаррир тарафдорлари асосан, Октябрь Жавлонов, Нормурод Нарзуллаев, Тельман Рахматов, Манноп Нажмиддинов, Қудратилла Мизомов, Марди Нуриддинов, Шоди Мардиев ва Исроил Мирзаевлардан иборат гуруҳ эди. Матлаб Эрмуҳаммедова, Ибодулла Ўлмасов, Самариддин Сирожиддинов, Очил Тўйчиев, Отахон Хўжаевлар Ахмаджон ака томонида эдилар. Суръат Орипов, Исо Абдурахмонов, Нусрат Рахмат, икки нафар сураткаш- Ғулом Алиев билан Узоқжон Абдуллаевлар бетарафликни маъқул кўришганди. Менга ўхшаган бир нечта партиясизлар эса тамошабин эдик.

    Йиғилиш бошланмасдан олдин Ахмаджон ака қўлида бир даста газета билан бош муҳаррир хонасига кириб кетди. .Ярим соатлардан сўнг котибамиз бўлимларга кириб, йиғилиш қолдирилганлигини айтиб чиқди.

    Кейин билсак, Ахмаджон ака бош муҳаррнинг жон жойидан ўшлаган экан. Лутфулла Ҳамров бир ойда 9 та бош мақола ёзибди. Бош мақола ҳақида газетада ишлаганлар яхши билади. Яхшигина қалам ҳақи тўланадиган бош мақолани асосан раҳбарлар ва бўлим мудирлари ёзишади. Хуллас, бош муҳаррир ёзган бош мақолалар эгизакдек бир-бирига ўхшаш бўлиб, фақат фактларида фарқ бўлган. Ахмаджон ака бош муҳаррирга нима деса деган. Эси тескари бўлиб кетган Лутфулла Ҳамроев дарҳол шоша-пиша чақирилган йиғилишни қолдирди.

       Ахмаджон ака фавқулодда истеъдодли журналист эди. Қаттиқ ишларди. Ахмаджон аканинг бот-бот, “ҳозир ёшмиз, белимизда қувватимиз бор экан, ишлаб қолайлик, қариганимизда бемалол ётиб дамимизни олаверамиз,”- деган гапларини ҳозир ҳам эслаб тураман. У киши эрталаб соат 8.00 да ишга келарди. (Таҳририятда иш соат 9.00 да бошланарди) Бугунги сонга ва заҳирадаги материалларнинг 80 фойизини Ахмаджон ака кўриб берарди. У киши мавқеи бўйича биринчи ўринбосар ҳисобланарди.

      Иккинчи ўринбосаримиз Отахон Хўжаев эса Паст Дарғом туманининг маркази Жума шаҳарчасида яшарди. Шунинг учун иш вақти тугадими, уйига қайтиш тараддудига тушиб қоларди.Фақат навбатчи муҳаррир сифатида газета чиқишига масъул бўлган пайтлардагина жойида қимирламай ўтиришга мажбур эди. Баъзи кунларда ишини ими-жимида тугатган Отахон ака уйига ҳеч кимга айтмай жўнаб қоларди. Корректурада ишлаётганлар аллақачон ишларини тугатган бўлсаларда, навбатчи машинанинг Паст Дарғомдан қайтишини кутиб ўтиришга мажбур эдилар.

   Ахмаджон ака эса ундай эмасди. Саҳифаларни аллақачон ўқиб бўлишига қарамасдан, навбатчини ва кўз ойнагини ялтиратиб босмахона билан таҳрирят орасида зир қатнаётган масъул котиб ўринбосари Тугалбой Музаффаровни кутиб ўтирарди. У пайтларда босмахона билан таҳририят (шу жумладан “Ленинский путь”) газетаси ҳам эски обком ва кооператив институтининг рўпарасидаги пишиқ ғиштдан қурилган икки қаватли эски бинода жойлашганди. Тугал иккаламиз шаҳарнинг 3-митти туманидаги Акмал Икромов кўчасида яшардик. Ахмаджон ака эса шаҳарнинг бутунлай бошқа томонидаги Лолазор деган даҳасида истиқомат қиларди. Бошқа одам бўлганида аввал ўзи уйига етиб олишга ошиққан бўларди.

    Ҳалигидай эсимда. Баъзан катта сиёсий анжуманлар бўлиб қолганида, телетайпдан материаллар кутиб, ярим кечагача таҳририятда қолиб кетган пайтларимиз бўларди. Тасаввур қилинг. Шаҳар кўчаларида зоғ учмайди. Машинамизнинг олдинги салонида ўттирган Аҳмаджон ака мудраб кетаяпти. Қайтишимиздан олдин шофёр билиб турса ҳам Ахмаджон акага, “аввал қаёққа ҳайдай,”- дейди. Жавоб олгач йўлга тушамиз. Кейинги ўриндиқда мен ва Тугалбой Музаффаров иккимиз.Тугалбойнинг жонига тўзим берсин. У тунда ишлашга яратилган шекилли, чарчаш нималигини билмайди. Босмахона билан таҳририят оралиғида гандираклаб, пилдираб юраверади. Кечаси эса навбатчига қўшилиб жуфт бўлиб уйига қайтади. Ҳар куни шу аҳвол. Ахмаджон ака ҳар биримизни уй-уйимизга тушириб, яхши дам олишимизга тилак билдириб, кейин уйига кетарди. Бизлар у кишининг 3-4 соатлардан сўнг яна таҳририятда бўлишини билардик.

     Ахмаджон аканининг муносабатини менга нисбатан яхши эди деб, деб бўлмасди. У киши жуда мураккаб шахс эди. Ашаддий ғанимларининг арзандаси ҳисобланган менга у кишини яхшилик қилган деб, айта олмайман. Лекин шу нарсага аминманки, Ахмаджон ака менга ёмонликни ҳам соғинмаган. Баъзи пайтларда Ахмаджон ака истеъдодсиз ходимларни ҳам қўллаб-қувватларди. Кейин билсам бундай ходимлар у кишига бошқа мақсадларда керак бўлган экан. Ана шундай ходимлардан биттасини (баъзи мулоҳазаларга бориб унинг номини айтмай қўя қолай) қишлоқ хўжалик бўлимининг адабий ходими Шоди Мардиев ва сураткаш Ғулом Алиевларнинг изидан айғоқчиликка қўйганини кейинчалик сезиб қолдик.

   Ким қандай иш буюришса индамай бажариб кетаверишимни юқорида айтган эдим. Кейин билсам Ахмаджон ака буларнинг барини ҳисобга олиб юрган экан. Чунки кунларнинг бирида у киши мени ҳузурига чақириб газета саҳифаларида нега кам кўринаётганимни сўраб қолди. Нима ҳам дердим. Материалларим котибиятда навбат кутиб ётганлигини айта олмайман-ку, ахир.Кўнглимдан нима ўтганини сездими, билмадим, Аъхмаджон ака, “бундан кейин бўлим мудирингиз кўрган материалларингизни менга олиб келиб беринг,”- деди. Бу мен учун кутилмаган гап эди. Бир неча кундан кейин эса у киши менга бир хат бериб, “Самарқанд туманининг фалон жойига борасиз. ОБХСС ходимлари аҳолининг шикояти бўйича бир дўконни ёпиб, муҳрлабди-да, кейин негадир унинг мудирига ҳеч қандай чора кўрмай, уни яна очиб берибди. Шу масалани бир ўрганиб келинг,”- деди.

     Яхши эсимда. Қишлоқ Советининг раисаси семиз тожик аёли мени хушламайгина қарши олди. Шикоятни ўқиб чиқиб, “хўш энди нима қилмоқчисиз?”- дегандек менга қаради. Мен шикоятчилар ва дўкон мудири билан албатта учрашиб, суҳбатлашиш зарурлигини айтдим. Раисанинг бироз ранги учди. Сўнгра озроқ ўйланиб турди-да, котибини чақириб, “мана бу кишини шикоятчилар ва дўкон мудири билан учраштиринг,”- деб топшириқ берди.

     Шикоятчиларни топдик. Улар билан танишиб, котиб ҳамроҳлигида етти киши узун-қисқа бшлиб дўконга кириб борганимизда, узун бўйли қорачадан келган дўкон мудири бизларни кўриб капалаги учиб кетди. Котиб уни бир четга чақириб, нима келганликларини тушунтирди.Дўкон мудири менга қараб-қараб қўярди. Бир оздан сўнг яна илгариги ҳолига қайтган дўкон мудири бизлар билан менсиммай муамолада бўла бошлади.

    Шикоятчилар билан дўкон мудири котиб иштирокида тожикчалашиб роса ғала-ғовур қилишди.Дўкон мудири ҳар замонда мен томонга қўлларини силкиб, тинмай жоврар, бир жойда туролмас, у ёқдан-бу ёққа бориб-келиб турарди. Қарасам, уларнинг гапи сира тугамайдиган. Шунинг учун шикоятчиларни бирма-бир ёнимга чақириб, улардан тушунтириш хати ола бошладим.Менинг ана шу ҳатти-ҳаракатим дўкон мудирини бироз шаштидан туширди. Шикоятчиларнинг гапларидан шу нарса маълум бўлдики , дўкон мудири туман ички ишлар бўлими бошлиғининг қадрдони бўларкан. Шунинг учун сен ўзи кимсанлар, анови мухбирингнинг қўлидан нима келарди қабилида гап қилиб, шаддодлик қилаётган экан.

   Бироздан сўнг қишлоқ Советининг семиз раисаси ҳам келди. Афтидан кимдир дўконда мухбир иштирокида ғурбат бўлаётганини унга етказган кўринади. Раиса менга нисбатан ўзини бефарқ тутиб, шикотчиларнинг гапларига аралашиб, нимадир деб вайсай бошлади. У бу ҳаракати билан гўё оловга керосин сепгандек бўлди. Шикоятчилар қутуриб кетишди. Мен эса хорижий мухбирларга ўхшаб шикоятчиларнинг гапларини блокнотимга тинмай ёза бошладим. Бу ҳатти-ҳаракатим дўкон мудири билан раисани сергаклантирди. Улар олдимга келишиб, нимадир демоқчидек, теппамда иккиланиб туриб қолишди. Лекин ҳеч нима дея олишмади. Ғазабланганликларидан кўзлари ола-кула бўлиб кетган шикоятчиларнинг олдида бирон дейишга юраклари дов беришмади, шекилли.

    Ишим битиб, кетишим олдидан туман прокурори Шариф Раббимовга қўнғироқ қилиш учун дўкон мудиридан изн сўрадим. Мудир, “мебахшет-марҳамат” деганича, прилавка устида турган телефон гўшагини шоша-пиша менга узатди. Шариф Раббимов қўшнимиз бўлади. Эски шаҳарда квартирада ижарада турганимизда ҳам қўшни эдик, янги квартира олганимизда ҳам қўшни бўлиб қолдик. Мабодо уйга қайтадиган булса, бирга кетиш ниятида унга қўнғироқ қилаётган эдим. Менинг нақ туман прокурори билан бемалол гаплашаётганимни эшитган дўкон мудири билан раиса опанинг ранги оқариб кетди. Прокурорнинг у ерда нима қилиб юрибсиз деган саволига, қандай иш билан келганлигимни айтдим.

   Шикоятчилар билан хайрлашиб, қишлоқ Советининг раисасига, “энди бизга жавоб берасиз-да, опажон, мени прокурор кутаяапти,”- дедим. Шикоятчилар атрофимда кирди-капалак бўлишар, раиса опа билан дўкон мудири эса ранглари оқарганича довдирашиб туришарди. Шариф воқеани эшитиб, “энди обрўйинг бир поғона ошадиган бўлди жўра, эрталаб нақ милиция бошлиғининг ўзи бош муҳарриринга югуриб боради, мана кўрасан,”- деди. Эрталаб ишга борганимданоқ котиба, “сизни Ахмаджон ака сўраяпти,”- деб қолди. Ахмаджон аканинг ҳузурида ўрта ёшар бир киши ўтирарди. Мен саломлашиб бир четга ўтирдим.

     -Кеча сизларга борган мухбир шу йигит бўлади,- деди Ахмаджон ака.

    Прокурор Шариф Раббимов башорат қилганидек, фуқороча кийинган киши туман ички ишлар бўлимининг бошлиғи бўлиб чиқди. Бошлиқ мен билан қуюқдан-қуюқ сўрашганидан сўнг, асли қаерлик эканлигимни сўради. Айтдим. “Э-э, ўзимиздан экансиз-ку,”- деди хурсанд бўлиб. –Суриштирсам қариндош бўлиб ҳам чиқишингиз мумкин.

     Хайрият суриштирмади.Гапидан шу нарса маълум бўлдики, ходимлари ( албатта ОБХССчиларда) номақбул иш қилишган. Дўкон мудирига чора кўрмай, дўконни очиб бермасликлари керак эди. Ҳали улар бу ишлари учун жавоб беришади,- деди ички ишлар бўлими бошлиғи.

    Пайтавасига қурт тушиб қолган милиция бошлиғи гоҳ Ахмаджон акага, гоҳ менга қараб анча гапирди. Мен жимгина гапга қўшилмай ўтирдим. Ниҳоят, Ахмаджон ака у кишига қараб, “бизлар бир маслаҳатлашиб кўрайлик, сиз хотиржам кетаверинг,”- дегандай гап қилди. Милиция бошлиғи хайрлашиб чиқиб кетди.

    Ахмаджон ака менга бироз ҳайрон бўлиб қараб турди-да, гап қотди:
– У ёқларда нима бало қилиб келдингиз? Милиция бошлиғининг довдираганига қаранг?
-Ахмаджон ака, менинг айбим йўқ,- дедим.- Мен шикоятдаги далилларни қайта текширдим. Шикоятчилардан тушунтириш хатлари олдим. Улар ҳақ. Ички ишлар бўлими бошлиғи масаласига келсак, туман прокурори менинг қўшним бўлади. Қайтишда унинг машинасида келдим. Дўкондан унга қўнғироқ қилганимда гапларимизни қишлоқ Советининг раисаси билан дўкон мудири эшитиб турган эди. Бор гап шу.
-Э-э, гап бу ёқда денг?- деди Ахмаджон ака. –Борингда, бўлим мудирингиз Матлаб ойти билан маслаҳатлашинг. Хуллас, шикоят тақдирини ўзларингиз ҳал қилинглар.

     Ишонсизми? Танқидий мақолам газетада чиқиб кетди. Ундан олдин Матлаб ойтига қўнғироқлар бўлди. Шикоятчилар таҳририятга ташриф буюришди. Опа маслаҳатлашиш учунми, билмадим, бир неча марта Ахмаджон ака ҳузурига кириб чиқди. Танқиддан сўнг иккала ОБСС ходими ҳам вазифасидан мосуво бўлишди. Мен Ахмаджон аканинг Самарқанд туман прокурори билан яхши таниш эканлигини билардим. Бундан ташқари вилоят прокурори Фарид Аббасович Абдухолиқзода Ахмаджон аканинг қадрдони эди. Ҳузурига тез-тез келиб, мақолалар ташлаб кетарди. Кўпинча қўнғироқлар қилиб, Ахмаджон акадан мақолалари ҳақида сўраб-суриштирарди. Ҳақиқатнинг рўёбга чиқишида, нопок ОБСС ходимларининг ишдан кетишида Аҳмаджон аканинг тарози палласининг адолат томонида турганлигини билмаслигимиз мумкин эмасди.

    Ахмаджон Мухторов обрў-эътиборга молик инсон эди. Ўз касибига фидойилигининг чеки-чегараси йўқ эди. Бошқалардан ҳам шундай фидойиликни, ишчанликни талаб қилгани учун ҳам у киши кўпчиликка ёқмаган бўлиши мумкин. Мен ҳали Ахмаджон аканинг ўринбосарлик пайтларидаги ишлари ҳақида фикр юритаяпман. Бошқа одам бўлганида, “ўзимни ўтга-чўққа ураверишдан нима фойда бор?”- деган фикрга келиши мумкин эди. Ахир, ўринбосари Отахон Хўжаев шундай ишлаётган эди-да. Аммо Ахмаджон ака ундай одамлар хилидан эмасди, хўжа кўрсинга ишлай олмасди. Ёхуд юқоридагиларга ёқиш учун ёки бошқа мақсадларни кўзлаб ишлаш у кишига бегона эди. Газетачилик у кишининг тақдирига қони билан муҳрлаб қўйилган қисмат эди. Ахмаджон Мухторовга бундан бошқачароқ бахо бериш ҳақиқатган йироқ бўларди деб ўйлайман.

    Ёза-ёзлар, тортишувлар охир-оқибатда ўз таъсирини кўрсатди. Лутфулла Ҳамроев ишдан кетди. Таҳририядаги вазиятдан обкомдагилар ҳам яхши хабардор эдилар. Шунинг учун обкомнинг биринчи котиби Саид Нуъмонович Усмонов шахсан ўзи Ўзбекистонда кўзга кўринган адабиётшунос олимлардан бири, Самарқанд Давлат Университетининг филология факультети декани Нуриддин Шукуровни муҳаррирликка тавсия этди. Домла ажойиб инсон эди. Лекин газетачи эмасди. Шунинг учун бу ердаги қийинчилик дош бера олмай тез-тез касалхонага тушиб турарди.

    Ахмаджон ака эса ҳамон ўшандай, жонини жабборга бериб ишларди. Ишга эрта келиб, кеч қайтарди. Аммо бизлар домланинг муҳаррир бўлганини Ахмаджон ака ҳазм қила олмаётганлигини билмаслигимиз мумкин эмасди. У киши обкомнинг бу қарорини адолатсизликдан бўлак нарса эмас деб қабул қилган шекилли, баъзи пайтларда нафратини домлага билдириб турарди. Лекин домла ўзининг зукко ақли ва теран тафаккури билан Ахмаджон акада ўзига нисбатан ҳурмат ўйғота билди. Шу билан бирга таҳририятдаги зиддиятли қарама-қаршиликларга ҳам барҳам берди. Шу орада пропаганда бўлими мудири Нормурод Нарзуллаев шаҳар партия қўмитаси пропаганда ва агитатция бўлими мудири вазифасига ишга ўтиб кетди.Бу вазифада ишлаётган Исроил Мирзаевнинг қайноғаси Содиқ Ахмадович Нишонов Марказий Комитетга ишга кўтарилган эди. Нормурод ака билан Исроил ака қашқадарёлик бўлиб, доимо бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келишарди.Ғанимлар қарашса, бир томонда ўзларига илм берган домлалари муҳаррир, иккинчи томондан эса қайсар Ахмаджон Мухторов билан курашишдан фойда йўқлигини англаб етгандилар. Шунинг учун бир-бирларини “кўтар-кўтар”га тушишди.Марказий Комитетда ўтирган Содиқ ака бир поғона ўсди. Жойини бегона қилмай дедими, ишқилиб, Нормурод акани ишга чақирди. Нормурод ака Марказий Комитетнинг пропаганда ва агитатция бўлимига инструктор бўлиб ишга кетди.Ўрнига Исроил ака борди. Вақт ўтиб, Марди Нуриддинов обкомга ишга ўтди. Илгариги муҳаррир Лутфулла Ҳамроевнинг саъйи-ҳаракатлари билан ишдан ҳайдалиб, вилоят радио комитетига ишга ўтиб кетган Облоқул Усмонқуловнинг ўрнида масъул котиб вазифасида ишлаётган Октябрь Жавлонов эса янги ташкил этилган Жиззах вилоят газетаси –“Жиззах ҳақиқати”га муҳаррир бўлиб иш борди. Уни бу вазифага Тошкентда ўтирган ҳомийлари –Содиқ Нишонов ва Нормурод Нарзуллаевлар тавсия этишган эдилар. Октябрь Жавлонов асли форишлик бўлиб, ўта мижғов, маҳаллийчиликка берилган одам эди.

    Таҳририятнинг қишлоқ хўжалик бўлимига Қудратилла Мизомов мудир эди. Гавдали, икки бети нақш олмадай қип-қизил бу одамнинг юзида доимо табассум балқиб турарди. Нусратилла Раҳматов (Нусрат Рахмат), Бобоқул Имомов ва Шоди Мардиевлар бўлимда катта-кичик адабий ходим вазифаларила ишлашарди. Айниқса шуларнинг ичида Шоди Мардиев ўзининг ғалати характери билан алоҳида ажралиб турарди. Айниқса у шикоят текширишга жуда ўч эди. Қўлига биронта шикоят тушиб қолса борми, эзғилаб, мижғовланиб сўрагани сўраб- суриштиришга тушиб кетар эди. Бу одам аслида терговчи бўлиши лозим эди. Ҳар қандай жиноятни очиши мумкин эди. Бир гапни қайта-қайта эзмаланиб сўрайверарди. Охири жиноятчининг ҳам сабр-тоқати тугаб, унинг илмоқли гапларидан қутулиш учун ҳам айбига иқрор бўлиши турган гап эди.

     Бир куни Нусрат Раҳмат билан қишлоқ хўжалик бўлимида ўтирганимизда, қаёқдандир ҳаллослаб Шоди Марди (таҳририяда уни ҳамма шундай деб атарди) келиб қолди. Кира сола Нусратилдан, “мени ҳеч ким сўрамадими?”- деди. Қандайдир қоғозларни титкилаётган Нусратила бепарво оҳангда жавоб берди:
-Сўради!
-Ким сўради?
-Мужибир Раҳмон сўради.
Бу нотаниш ва ғалати фамилияни эшитган Шоди Марди бироз бошини қашлаб турди-да, сўнг ўтира сола қўйнидан блокнотини олиб, варақлай кетди. Бир муддат шу иш билан машғул бўлди. Сўнгра бошини кўтариб, Насратиллага деди:
-Бундай фамилияли кишини мен чақиртирмаган эканман.- Ким экан у? Сўраб қолмабсиз-да?
-Сўрадим.
-Ким экан?
-Бангладеш Республикасининг президентиман,- деди.
Оғзини карракдай очиб турган Шоди Марди ҳали ҳам Мужибир Раҳмоннинг ким эканлигига ақли етмай турарди. Мен эса қотиб қолгандим. Ўша кунлари Бангладеш республикасининг президенти Мужибир Раҳмоннинг собиқ СССРга расмий ташрифи давом этиб, у кечагина қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанддаги тарихий обидаларни зиёрат қилиб кетганди. Нусратиланинг ҳазил қилаётганига тушуниб қолдим. Кулиб юбормаслик учун оғзимни маҳкам ёпганимча, хонадан тезда чиқиб кетдим. Вақтли матбуот нашрлари саҳифалари Бангладеш президентининг расмлари билан тўлиб чиқаётган, радио ва телевидение бу олий мартабали меҳмон ҳақида тинмай бонг ураётган бир бир пайтда, савияси ғовлаб кетган Шоди Мардининг ён дафтарини ковлаштиргани баридан ошиб тушди. Ўзини зўр журналист деб ҳисоблаб ана шу Шоди Марди билан домла тил топишди.  Домланинг топшириғи билан Шоди Марди турли хил шикоятларни текширишга тушиб кетди. Баъзибир казо-казолар устидан уюштирилган шикоятлар ғовғаси охир-оқибатда катта жанжалга сабаб бўлди. Бу масалани Ахмаджон Мухторов кўтарди. Домла ҳам, Шоди Марди ҳам пусиб қолишди. Биз эса ҳайрон эдик. Кейин эса олимларда ҳам нафс деган балонинг бўлиши мумкин-ку, улар ҳам одам ахир, балки домламизни шайтон йўлдан ургандир,- деб, ўзимизни овутиб қўя қолдик.
Нусрат Рахмат эса Шоди Марди воқеасини шундайлигича ташлаб қўймади. Бу масалани таҳририят йиғилишида кўтариб чиқиб, савияси ғовлаб кетган ношуд журналистни пўстакдан олиб пўстакка солди. Шоди Марди пинагини ҳам бузмай ўтирарди. Хижолат бўлиш ўрнига, худди катта бир ишни бажариб қўйганидек, Нусратилланинг гапларидан мазза қилганидек, тиржайиб қўярди.
Кейин вилоятга Ўзбекистон Марказий Комитетида бўлим мудири вазифасида ишлаётган Владимир Николаевич Қодиров обкомнинг биринчи котиби бўлиб ишга келди. Ёши қирқ учлар атрофида бўлган бу инсон вазифасида бор-йўғи бир ярим йилча ишлади. Ана шу қисқа вақт ичида унинг номи афсоналарга айланди. Вилоят котибининг иш тутумини туман партия қўмиталарининг биринчи котиблари қўллашга ҳаракат қилиб кўришга Аммо эплай олишмади. Чунки уларда оддий бир нарса –ҳалоллик етишмасди. Янги обком котиби Ахмаджон Мухторовни Нуриддин Шукуровнинг ўрнига муҳаррирликка ўтказди.
Қодировнинг ғалати-ғалати ишлари тезда бутун вилоят бўйлаб овоза бўлиб кетди. У киши оддий харидор сифатида дўконларга кириб, махсулотлар харид қилар, такси машиналарига миниб, юлғич таксичиларнинг қилмишларини фош қилар, бозорларни текшириб, чайқовчи ва олиб-сотарларнинг додини берар, хуллас, оддий меҳнаткашларнинг арз-додларининг бесамар кетишига йўл қўймасликка ҳаракат қиларди. Хуллас, қинғир ишлар билан шуғулланган, нопок кимсалар таъқиб остида қолди.
Маишатпараст раҳбарлар изидан одам қўйиб, уларни кузатув остига ола бошлади.Бундан қоринлари қаппайган ўқув даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари ҳам четда қолишмади. Қодировнинг довруғи шундай ошиб кетдики, дўкон мудири биронта харидорнинг ҳақига хиёнат қилиб қолса борми, у дарров, “мен ҳозирроқ Қодировга бораман, онангни учқўрғондан кўрсатади,”- деб, шовқин кўтарадиган бўлишди.Бозордаги гўштнинг нархи 6 сўмдан 3 сўм 50 тийинга туширилди. Қассоблар норозилик билдиришиб, Қодировнинг қарорини байкот қилишга уриниб кўрдилар. Қўлларидан келмади.Вилоят чегараси мустаҳкамлаб қўйилди. Гўшт махсулотларини вилоят чегарасидан бошқа вилоятларга олиб ўтмоқчи бўлган кўпгина учар қассобларга қўлга олиниб, уларга қаттиқ чоралар кўрилди. Гўштлари қуртлаб, айниб кетган ёки қамоққа тушишдан қўрққан қассоблар охири тақдирларига тан беришиб, ўзлари бўғизлаётган қўйлардек юввош тортиб қолдилар.
Самарқанд савдо бошқармаси базасида директор бўлиб ишлаётган қариб қуйилмаган бир кимсанинг қилмишларини Қодиров фош қилиб, уни қаттиқ жазога тортди. Худони худойбердича кўрмайдиган бу кишининг ишини тергов қилган танишим менга шундай воқеани айтиб берган эди: “бу муътабар зотнинг тирговчиси жуда катта одам экан. Нима қилишимни билмайман. Менга нисбатан дўқ-пўписалар, ўзига оғдириб олишдек ҳатти-ҳаракатлар бошланиб кетди. Қўлим ишга бормай, нима қилишимни билмай ўтирган пайтимда телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим. Симнинг нариги учидан, “мен Қодировман, ишларингиз қандай кетаяпти?”- деган овоз келди. Тўғриси, мен обкомнинг биринчи котибининг қўнғироқ қилишини сира кутмагандим. Шошиб қолдим. “Ишим яхши кетаяпти Владимир Никалаевич”,- дедим ғулдираб. “Ишингиз яхши эмас,- деди Қодиров.- Сизга тазийқлар бўлаётганини биламан. Бундан буён сизни ҳеч ким безовта қилмайди. Фақат терговни адолатли олиб боринг. Бундай манфур кишиларга орамизда ўрин бўлмаслиги керак. Агар адолат чегарасидан чиқсангиз, ўзингиз ҳам ўшаларга қўшилиб кетасиз. Хайр.”
Биласизми, анча вақтгача ўзимга келолмай ўтирдим. Ана шу суҳбатдан кейин мени ҳеч ким безовта қилмади. Улгуржи савдо базаси директори, бу қари чолнинг қилмишлари эса қуюшқондан бутунлай чиқиб кетган эди. Бойлик уни бузиб, охиратини вайрон қилганди. Ахлоқан бузуқ чол катта пул эвазига ёш қизларни йўлдан уриб, ўзига ўхшаб шалпайиб қолган сабилини уларга уқалатиб, кайф-сафо қилилар экан. Ўртага катта-катта мансабларда ишлаётган ўғиллари тушди. “Тергов материалларингиздан мана шу шармандалик ҳолатини олиб ташланг, ака. Ахир, бизлар қандай бош кўтариб юрамиз…”- деб ёлвориб, терговчининг пойига бош уришди. Жонимни гаровга қўйиб бўлса ҳам, уларнинг илтимосини бажаришга мажбур бўлдим, деганди терговчи танишим.
Самарқанд шаҳарида ЗАГС бюроси мудираси бўлиб ишлайдиган Саида опа деган ажойиб аёл бўларди. Ана шу аёл Владимир Николаевич Қодировга қариндош бўлган. Қодиров Самарқандда туғилган, болалар уйида тарбия топган. Самарқанд Давлат университетини тугатган. Лекин хизмат вазифасини кўпроқ Сурхондарёда ўтаган. У ерда обкомнинг идеология масалалари бўйича котиби вазифасида ишлаган. Сўнгра Марказкомга ишга кўтарилган. Тақдирнинг тақозаси билан ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилоятига биринчи раҳбар бўлиб ишга келади. Албатта, ўсиб-улғайган шаҳрида уни танийдиганлар, ёр-жўралар, қариндошлар, соясига салом берадиганлар истаганича топилиши мумкин эди. Шундайлар топилди ҳам. Афсуски, улар Қодиров билан учрашишга сираям муяссар бўла олмадилар. Ана шундайлардан бири Саида опа эди.

    Саида опа Қодировнинг ягона яқин қариндоши бўлишиша қарамасдан, обком котиби ҳузурига кириш учун қанчалик ҳаракат қилмасин, бунга эриша олмайди. 8- март арафасида Қодировнинг шофёри Саида опа ҳузурига кириб келиб, Қодировнинг байрам совғасини топширади. Бир жуфт чиройли атлас орасидан икки энлик хат чиқади. Унда шундай сўзлар ёзилганди: “опа, сизни хотин-қизлар байрами билан чин қалбдан табриклайман. Узоқ умр кўринг, доимо соғ-саломат бўлинг. Мендан хафа бўлманг. Насиб қилса яхши кунларда албатта учрашиб, дийдорлашамиз…”
Афсуски, Саида опага қариндоши билан учрашиб, дийдорлашиш насиб қилмади. Владимир Никалаевич Қодиров сирли тарзда ўлим топди. Бутун вилоят оёққа қалқди. Халқ ўзининг севимли кишисининг тобутини елкаларида кўтариб, ўн килметрча йўл босиб аэропортга элтарди. Ана шулар ичида Саида опа ҳам бор эди. У тобут орқасидан судралиб борар экан, машаққатли йўл азобидан оёқлари шишиб кетганди. Аммо у буни сезмасди. Фақат зор йиғлаганича бир гапни тинмай такрорларди: “нега мен билан учрашишни хохламадингиз, нега бундай қилдингиз Владимир Николаевич! Учрашиб, дийдорлашардик, ота-оналаримизни хотирлардик. Нега бундай мудҳиш фожеа юз берди? Сиз яшашингиз керак эди, оддий инсонлар учун, бева-бечоралар учун яшашингиз керак эди…” Бу жудолик Саида опа учун бир умрга аламли армон бўлиб қолди.
Тобутни ўз елкаларида кўтариб, аэропорт томон кетаётган мингларча одамлар оқими орасида Қодиров учун ёш тўкаётганлар жуда кўпчилик эди. Бир вақтлар Қодировдан жабр кўрганлар  ҳам унга ич-ичларидан қайғураётган эдилар. Мен ўша куни Тошкентдан Самарқандга тонг саҳарда поездда етиб келиб, вокзалда уйга кетиш учун такси тўхтатдим. Мен Қодировнинг вафоти ҳақидаги машъум хабарни ўша таксичидан эшитдим. У йиғларди, кўз ёшлари шашақатор оққанича у менга, “Қодиров ўлибди,”-деганди.
Владимир Николаевич Қодировнинг вафот этганига кўп йиллар бўлди. Мен бу инсонни ҳануз бот-бот эслаб тураман.Чунки мен ҳаётимда кутилмаганда пайдо бўлган оғир бир вазиятдан шу инсоннинг номини пеш қилиб қутулиб кетганман. Пайариқ туманида ҳозирги замон ибораси билан айтганда, Низом Тайлоқов деган зўр мафиячи бўлар эди. У кўп йиллар Пайариқ туман матлубот жамиятига раислик қилган. Кейин Самарқанд вилоят матлубот жамиятига қарашли Жомбойдаги тумалараро улгуржи савдо базасининг директори бўлиб ишларди. Ана шу мафиячининг туғишган жияни дўстим, мени ўғлининг суннат тўйига таклиф қилди. Дабдаба билан бошланган тўйда Низом Тайлоқов вилоят, туман раҳбарлари ва бошқа казо-казолар билан тўрда ўтириб олиб, кимга сўз берилса, дарҳол микрафонни эгаллаб олиб, ўша кишининг шаънига тили калованганича маза-матрасиз сўзларни айтар, хуллас, бу қилиғи билан меҳмонларни ҳам, санъаткорларни ҳам хит қилиб юборди.
Менга ҳам сўз беришди. Мен дўстимнинг ўзига ва ўғлига яхши тилаклар тиладим-да, Абдулла Ориповнинг ажойиб бир шеърини меёрига етказиб ўқидим. Тайлоқов дарҳол микрафонни олиб менинг шаънимга ғулдираб нималардир, -деди. Базм тугаганида сўнг эса қўлимдан маҳкам тутиб ичкарига етаклади. Пайариқча одатга кўра энг азиз меҳмонлар тўй тугаганидан сўнг ичкарига таклиф қилиниб, базм давом этарди. Кайфи тароқ Тайлоқов мени зўр шоир деб ўйлади шекилли, катта хонадаги ноз-неъматлар билан безатилган узун столнинг тўрига олиб бориб ўтқазиб қўйди. Декабрнинг ўрталари бўлганлиги сабабли ҳаво совуқ, зал ҳам анча салқин эди.  Шунинг учун барчамиз ечинмай ўтирибмиз. Тентак тўрини бермас деганларидек, столнинг энг тўрига Тайлоқов жойлашиб олган, ёнида Тошкентдаги ҳарбий қисмлардан бирининг майори, туғишган жияни Баҳриддин. Рўпарамда туман прокурори, ёнида туман матлубот жамиятитнинг раиси Холиқ Тўйчиев ва бошқалар. Вилоятдан келган азиз меҳмонлар хайрлашиб, кетишган.Узун стол атрофига салкам қирқ киши жо бўлганмиз. Туман бош врачи, колхоз раиси, совхоз директорлари ва бошқа шунга ўхшаган казо-казолар бизлардан пастда ўтирибди. Хуллас, пайариқликлар шу ерга жам бўлганмиз.
Бир вақт Тайлоқов жияни Баҳриддин билан оғиз-бурун ўпиша кетса бўладими.Уларнинг бу қилиғи кўпчилик ўртасида ноқулайлик туғдирди. Бирон киши эътироз билдирай демайди. Ҳатто прокурор ҳам ўзини кўрмаганга олиб, бошини бошқа ёққа бураяпти. Ҳамиятим қўзғади. Секингина, “Низом ака, бу ишингиз одобдан эмас,”- дейишимни биламан, Тайлоқов жиянининг оғзидан оғзини аранг ажратиб олди-да, маст кўзларини менга тикиб, нописандлик билан:
-Сен кимсан ўзи?- деса бўладими.
Аччиғим чиқди. Шу Тайлоқовнинг ўзи-ку, мени қўярда-қўймай шу ерга олиб кириб, тўрга ўтқазиб қўйган. Энди эса бундай деяпти. Мен ҳам ютиб олган зормандадан “герой” бўлиб ўтирган эмасманми, унга нописандлик билан, аммо сизсираб:
-Сиз ўзингиз кимсиз?- деб, жавоб қайтардим.
Давра жимиб қолди. Тайлоқов эса жойидан бир қўзғалиб олди-да, овозини бир парда кўтариб:
-Мен Тайлоқов бўламан,- деди.
Мен ҳам у кишига тақлид қилиб. жойимдан бир қўзғалиб қўйдим-да, овозимни сал баландлатганимча:
-Мен Барротов бўламан,- дедим.
Тайлоқов ажаблангандек менга бироз қараб турди-да, кейин паст овозда, аммо қатъий қилиб:
-Сени бу ерга ким чақирди?- деди.
Мен ўзимни босиқ тутишга ҳаракат қила бошладим. Чунки гапларимиз жиддийлашиб, хавфли тус ола бошлаган эди. Мен бу тортишувимиз яхшилика олиб бормаслигини сезиб, хушёр тортдим. Аммо энди орқага йўл йўқ эди. Давра қулоққа айланиб, бизларнинг гапларимизн тингларди. Прокурорга кўзим тушиб қолди. У менга еб қўйгудек бўлиб ўқрайиб қараб турарди. Нима бўлса бўлди, “бошга тушганини кўз кўрар,”- деб ўйладим. Шунинг учун тишларимни ғижирлатганимча:
-Сенинг ўзингни бу ерга ким чақирди?- деб, мен ҳам сенлашни бошлаб юбордим.
Давра тап-тахта бўлиб қолганди. Кимсан, вилоятдаги таниқли бойвачча билан мен- оддий мухбир типпа-тик ади-бади айтишаётган эдим-да. Тайлоқов ҳақиқатдан ҳам ҳазилкам одам эмас эди. У киши вилоят ижроқўми раиси Синдор Ҳамроқуловнинг арзандаси бўлади. Синдор Ҳамроқулов эса, Жиззах вилояти, Жиззах туманидаги донгдор “Москва” колхозининг раиси, икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Ҳамроқул Носировнинг ўғли. Ҳамроқул Носиров эса Шароф Рашидовнинг туғишган тоғаси бўлади.
Лаънати Тайлоқов эса сира тинчий демасди. Мушук тутиб олган сичқонини паққос туширишдан олдин, уни қандай азоблаб ўйнатаётган бўлса, Тайлоқов ҳам мени шундай ўйнатиб, сўнгра икки ямлаб бир ютишга аҳд қилган кўринади.Агар у прокурорга бир имо қилса борми, мен ўзимни авахтада кўришим, шармандаларча ишдан ҳайдалишим муқаррар эди. Аммо Тайлоқов шошмасди. У “бу маҳмадона ва бефаросат мухбир менинг чангалимда., хоҳлаган пайтимда унинг кунини кўрсатишим мумкин ,- деб, ўйлаётган бўлиши мумкин эди. Шунинг учун бўлса керак, бу сафар мулойимгина қилиб деди:
-Мен жиянимнинг тўйида ўтирибман.
-Мен эса дўстимининг тўйида ўтирибман,- дедим, мен ҳам мулойимлик билан.
Тоғасининг бирданига мулойимлашиб қолгани жиянига ёқмади. Унинг ғазаби қўзғаб кетди. Жойидан тура сола, “ҳе, онангни…”- деб ёқамга чанг солди. Мен буни кутмаганим учун жон ҳолатда жойимдан тура сола, унинг қўлини силтаб ташладим-да, столга куч билан мушт туширдим.Стол устидаги шиша ва қадаҳлар сакраб, жаранглаб кетди. Бир нечтаси ерга тушиб чил-чил бўлди. Мен эса кўзларимнинг пахтасини чиқариб, “ҳозир ҳаммангни қамоққа тиқаман,”- деб, даҳшатли тарзда бақириб юбордим. Менинг важоҳатимдан даврадагиларнинг капалаги учиб кетди. Жойидан қўзғалаётганлари ҳам таппа ўтириб қолишди.Мен эса темирни қизиғида босдим.

    -Мен Қодировнинг махсус топшириғи билан бу ерда ўтирибман,- дедим, овозимга қаҳрли тус бериб.-Сизларнинг ким ва қанақа махлуқлар эканликларингизни аниқлаш менга топширилган.
Кейин билагимдаги соатимга қарадим-да, тишларимни ғижирлатганимча яна овозимга эрк бердим.
-Мен ҳозир, шу заҳотиёқ у кишига ахборот беришим керак.Мени идорасида кутиб ўтирибди. Қодировнинг топшириқларини юз фойиз бажардим. Ростдан ҳам туман прокурордан тортиб бошқа барча раҳбарлар Тайлоқовнинг ҳамтавоқлари ва югурдаклари экан. Тайлоқов ўз теварагига ўта хавафли тўдани тўплаб, Қодировга нисбатан суиқасд уюштирмоқчи.
Даврадаги қирқ нафарча меҳмоннинг бари ўлик тусига кирди. Прокурорнинг ранги докадай оқариб, юзи қийшайиб кетди ва тура сола   гум бўлди. Тайлоқов эса бир зум менга кўзларини ола-кула қилиб маъносиз қараб турди-да, аста-секинлик билан орқа томонга оға бошлади. Сўнгра гуп этиб қулади. Жияни жон ҳолатда тоғасига ташланди. Елкамга кимдир туртди. Қарасам, шу қишлоқда яшайдиган дўстим Жалили Абдуазизов. Унинг ҳам ранги оқариб кетибди.
-Тез бўл,- деди у.- Одам-подам эмас экансан. Ўтиришни бузиб, азага айлантирдинг.
Шундай деб у, бўшаб қолган столга қараб қўйди. Кейин “қочиш керак”- деб, мени жон ҳолатда ҳовлига судраб чиқди. Ҳовлидаги одамлар ҳам қаттиқ саросимада, менга кўзларининг пахтасини чиқариб қарашади. Мен эса ҳали ҳам ютиб олган арақларимнинг таъсиридан қутула олганимча йўқ. Шунинг учун, тутақиб, сўкиниб бораяпман. Жалилнинг “Жигули”сига ўтирар эканман, эшикдан калламни чиқариб, охирги марта бор овозим билан бақирдим.
-Ҳой, лаънати Тайлоқов, хотининг ва болаларинг билан хайрлашиб қол.- Эртага сен ва жиноятчи шерикларинг Каттақўрғоннинг тош турмасида бўласизлар. Пайариқ раҳбарсиз қолади. Урре-ей-й-й!
Жалил мени сўка-сўка Пайариқ туман марказида яшовчи қайнотамнинг уйига олиб бориб ташлади.Қанча ухлаганимни билмайман.Бир вақт қайнотам Шакар Турсунов мени турткилаб ўйғотди.
-Турсангиз-чи, сизни райпо раиси сўраб кепти.
Дарвоза олдида туман муталубот жамиятининг раиси Холиқ Тўйчиев турарди. У киши илтижоли оҳангда деди:
-Сизни Низом ака сўраяпти. Гапларидан жуда пушаймон. Илтимос, юринг.
Уйқусизликдан бошим ғувуллаб турибди. Мени уйқудан қолдирган РАЙПО раиси кўзимга балодек кўриниб кетди. “ҳе, ўша Низом Тайлоқовингнинг ҳам онасини…”-деб, дарвозани унинг юзига тарсиллатиб ёпдим.

  Қайнотанинг уйида бошимни кўтара олмай, тушгача ухладим. Карахт ҳолда аранг ўрнимдан туриб, кечаги воқеани эслаб, уҳ тортиб ўтирган эдим, туман иарказий дорихона мудири Зиёдулла Нурматов билан Жалил келиб қолди. Ёнларида семиз бир киши.
-Бу киши- колхозимиз раиси,- деди Жалил.- Қора рўйхатингда бу киши ҳам бор. Илтимос, уни ўчириб ташласанг. Ўзи яқиндагина раис бўлганди.
-Қанақа қора рўйхат?- дедим-у, дарров тилимни тишладим. Аввал бу ердан кетиб олишим керак. Жонимга Зиёдулла аро кирди.
-Эй, жўра, туманда обрўйинг ошиб кетди. Кимсан, нақ Тайлоқовдай одамни ётқизиб ташлабсан-а. Боя прокурор ҳам келиб, ўртага тушишимни жуда қаттиқ илтимос қилди.
Ёнимизда оппоқ соқолини силаб, қайнотам Шакар Турсунов гапларимизга жимгина қулоқ солиб турарди. Бир оздан кейин қандайдир ўкинч оҳангида гапга қўшилди.
-Гапларимга хафа бўлманг-у, ҳовлимиз эрталабдан бозор бўлиб кетди. Туманнинг ҳамма казо-казолари бирин-кетин келаяпти. Сизни ўйғотмадим. РАЙПО раисини қувиб солганингиздан кейин, сизни ўйғотишга чўчидим. Ўзи нима гап?
-Ҳеч гап бўлгани йўқ,- дедим тўнғиллаб.- Кеча тўйда бир-иккитасини мастлигимда чангитиб сўккан эдим. Сизнинг ҳурматингизни қилиб индамаган эди. Бугун биздан кечирим сўрасин деб келаётган бўлсалар керак.
Қайнота менга бир оз ҳайрон бўлиб қараб турди-да, кейин индамай нари кетди. Жалилнинг машинасида раис, Зиёдулла ва мен кетаяпмиз. Челакда машинани ДАН ходими тўхтатди. Жалил билан бир нималарни гаплашди. ДАН ходими хурсанд бўлиб  машинасига мина сола қаёққадир  ғизиллаб жўнади.
-Прокурордан суюнчи олгани кетди,- деди Жалил.- Прокурорнинг ичига ит кириб олиб тимдалаб ётганмиш. Қодировнинг агентининг тилини Зиёдулла иккаламиз боплаб нухталаб қўйдик, кечаги воқеа ҳақида ғинг деб унга оғиз очмайди деб, ваъда бериб юбордим. – Жуда хурсанд бўлиб кетди.
Аччиғим чиқди. Нима мен эшакмидимки, нўхталашса.- Ўндан кўра бир шиша пиво топиб беришса яхши бўларди. Бошим тарс ёрилиб кетай, деб турибди.
Бизлар билан бирга келаётган колхоз раиси Жалилнинг бу гапларини эшитиб, негадир машинадан тушаманга тушиб қолди. Ишим жуда кўп эди, бўлмаса сизлар билан бир улфатчилик қилардим,- деб, бизлар билан чала-чулпа хайрлашиб, кетворди.
Машинада уч жўра қолдик.Олдинги салонада ўтирган Зиёдулла бурилиб қаради-да, деди:
-Ҳақиқатдан ҳам сени Қодиров агент қилиб юборганмиди?
-Э, қаёқда, у кишини бир марта йиғилишда кўрганман, холос. Вазият шундай бўп қолди.
Уйда қариндошимиз, вилоят молия бошқармасининг бошлиғи Шукур Сафаров мени кутиб ўтирган экан.
-Қаёқларда юрибсан? Тайлоқов билан қаерда жанжаллашдинг?- деди.
Бўлган воқеани айтиб бердим. Шукур ака бир зум ўйланиб турди-да, бошини чайқаб деди:
-Эҳтиёт бўлмайсанми ука. Уларга тенг келиб бўлармиди. Тайлоқов ишқилиб Синдор Ҳамроқуловнинг олдига бормасин-да.
Шукур аканинг нимадан хавотирланаётганлигини сезиб турибман. Вилоят ижроқўмининг раиси Синдор Ҳамроқулов Шукур аканинг “танка”си бўлади. Мен эса Шукур аканинг қариндошиман.Тайлоқов тонг отгунича ичини ит тирнаб, у ёқ-бу- ёққа чопган, шекилли.Шукур акага далда бериш мақсади-да., кўнглини кўтарадиган гап қилдим:
-Тайлоқов у кишига боргани билан, Синдорингиз Қодировга боролмайди. Ундан қўрқади.
Эрталаб ишга борсам, коридорда Ахмаджон ака сигарет чекиб турган экан.
-Қодировнинг агенти, қани бу ёққа юр-чи,- деб мени кабинетга олиб кирди.
-Пайариқда нима балолар қилиб юрибсан,- деди Ахмаджон ака.
-Ҳеч бало қилганим йўқ, дўстимининг тўйига борган эдим.

   -Бўлмаса нега хўроз қичқирмасдан, Жомбойдаги улгуржи савдо базасининг директори Низом Тайлоқов дарвозам тагида турибди. Нуқул, айб мендан ўтди, кечиринглар, деб, бир гапни такрорлайди. Рангидан ранг қолмаган.Кейин сенинг номингни тилга олди. Ораларингдан нима гап ўтди.

                                                                ИККИНЧИ БОБ

    Бўлган воқеани оқизмай-томизмай Ахмаджон акага айтиб бердим. Ахмаджон ака аввалига менга ҳайрон бўлгандек, бироз қараб турди-да, сўнгра қорнини ушлаб шунақанги кулдики, кўзларидан ёш чиқиб кетди. Кабинетига кириб қолган ўринбосари Очил Тўйчиевнинг таажжубланганидан оғзи карракдай очилиб қолди. Ахмаджон ака у киши билан саломлашиб менга, “ишингизга бораверинг” дегандай қўли билан ишора қилди.

     Бу воқеа ҳақида Ахмаджон ака бошқа гап очмади. У Тайлоқовга нималар деган, ўзигагина маълум. Балки Ахмаджон ака, менинг бу қилмишимни маъқулламагандир. Аммо шу нарсага ишончим комилки, Ахмаджон Мухторов табиатан Тайлоқовга ўхшаган бойваччаларни хушламаган, уларнинг соясига кўрпача солишни ўзига ор деб билган.
Мен Низом Тайлоқов билан яна бир марта учрашдим. Бу гал уни ҳузуримга келишга мажбур қилдим. Хатлар ва оммавий ишлар бўлимида ишлайман. Унинг устидан аноним хат тушди. Тайлоқовни базага келган енгил машиналарни хуфиёна сотаётганлиги ҳақида ёзишганди. Тагига , “бир группа кишилар,”-деб ёзилган, аммо имзо қўйилмаган ушбу хат юзасидан унга қўнғироқ қилдим.

    Гўшакни Тайлоқов олди. Саломлашиб, воқеани айтдим. У менинг кимлигимни сўради. Ўзимни таништириб, жиянининг тўйини эсига солдим. Тайлоқов жим бўлиб қолди. Тушдан сўнг, соат 15.00 лар атрофида кабинетим эшиги тақиллаб, секингина очилиб, шляпали бош кўринди. Бу Тайлоқов эди. Мен жойимдан туриб, у киши билан кўришдим. Тасаввур қилинг: кичкинагина кўримсиз хона. Эски стол-стуллар… Бир тарафга қийшайиб қолган алимсоқдан қолган, ичи папкаларга тўла шкаф. Стол тортмаларини очсангиз ёпилмайди, ёпилса очилмайди. Сал тегсангиз ғижирлаб кетадиган стулга Тайлоқовни ўтиришга таклиф қилдим.

     Тайлоқов шляпасини бошидан олиб қаерга қўйишни билмай бир зум тараддуланиб турди-да. сўнгра, стол устидаги хатларга тўла папкалар устига қўйди. Саломлашиб, у ёқ- бу ёқдан сўрашган бўлдик. Тайлоқовга хатнинг мазмунини айтдим. Унинг аноним хат эканлигини ҳам яширмадим. СССР даврида аноним хатлар ҳам текшириларди. У кишининг айтишича, базада машинани умуман сотиш мумкин эмас экан. Ҳар чоракда олиб келинган машиналарни вилоят ижроқўми қошидаги махсус комиссия туманларга бўлади. Баъзи пайтларда биронта идора учун ажратилган хизмат машинасини базанинг ўзидан олиб кетиш ҳоллари ҳам юз берган. Биронта ғаламис буни кўриб, “Тайлоқов машина сотаяпти,”- деб, ёзиб юборгандир.
Тайлоқов анча одамшаванда киши экан. Анча вақтгача ҳангомалашиб ўтирдик, Иши битсаям, негадир кетгиси келмасди. У бироз тараддуланиб турди-да, ниҳоят, ўша воқеадан гап очди.

-Тўғрисини айтинг ука, ўшанда сизни Қодиров агент қилиб юборганмиди?
-Мен Қодировни умримда бир мартагина, ўшанда ҳам бир йиғилишда узоқдан кўрганман,- дедим, – Шундай инсон дунёдан ўтиб кетди. Энди бари бир эмасми.
Тайлоқов бир зум сукутга чўмди. Кейин бошини кўтариб, секингина деди:
-У кишининг ўлимига бизларни ачинмайди,-деб, ўйладингизми? -Аммо сиз ўшанда роса ҳўнар кўрсатингиз-да. Икки кун ўзимга кела олмадим. Аммо сизга қойилман. Баримизнинг қулоғимизга лағмон илиб, қутулиб кетдингиз. Омон бўлинг ука. Хайр.
Тайлоқов хонадан хайрлашиб, лекин маъюс ҳолда чиқиб кетди. Мен ўшанда, у кишининг ўзи учун бир чақага арзимайдиган мендек оддий бир мухбирдан шунчалик ахмоқ бўлганига алами ичида чиқиб кетди, -деган хаёлга борганман. Аммо Низом ака Тайлоқовнинг ўшандаги ҳолатини нотўғри баҳолаганимни кейинчалик тушуниб етдим. Тайлоқов билан яна бир неча марталар учрашишимга тўғри келди. У доимо мен билан самимий саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрарди. Шундан билдимки, инсоннинг ёмони бўлмас экан. Муқаддас битикларда таъкиланганидек, инсон турли оламларда, турли ҳолатларда турлича намоён бўлувчи кўп ўлчамли мавжудотдир. Балки ўшанда Тайлоқов ўз феълидаги қусурларни, қирраларни, ҳаёт тарзини тарозига солишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Балки Қодировнинг бу беш кунлик фоний дунёда инсонларни пок, ҳалол яшашга даъват қилувчи худонинг бир суюкли бандаси экинлигини охир-оқибатда англаб етгандир.

     Аҳмаджон Мухторовда ҳам салбий ҳолатлар кўп бўлган. Қалби пок, ажойиб инсонларга зулм ўтказиб, адолатсизлик қилганлигининг ҳам гувоҳи бўлганмиз. Ана шундайлардан бири , ажойиб инсон ва журналист Бобоқул ака Имомов эди. Бобоқул аканинг бирон кишини ғийбат қилганлигини эшитмаганман. У киши инсоннинг фақат яхши томонини изларди. Ана шу кишининг туристик идорада таржимон бўлиб ишлаётган қизига Ахмаджон ака оғиз солди. Тўғрироғи, Бобоқул аканинг қизини укасига олиб бермоқчи бўлди. Лекин негадир Бобоқул ака Ахмаджон ака билан қуда-анда бўлишни истамади. Сабабини билмадик. Аммо узун-қулоқ гапларга қараганда, Бобоқул ака тожик миллатига, Ахмаджон ака эса эрон миллатига мансуб кишилар эди. Ана шу нарса ики ёшнинг тақдирини боғлашга моънелик қилгандир балки.
Лекин нима бўлсаям, Ахмаджон ака Бобоқул аканинг сиқиб сувини ича бошлади. Арзимаган нарсаларни баҳона қилиб. унинг материалларини қайтарар, ёши пенсияга яқинлашиб қолган одамни корректурадаги майда-чуйда ишларга жалб қиларди. Бобоқул ака ҳаммасига чидади. Қўй оғзидан чўп олмайдиган бу инсонга баъзида роса ачиниб кетардик.

      Лекин тан бериш керак, Ахмаджон ака туғма ва шу билан бирга ғоят истеъдодли журналист эди. Бир вақт Самарқандга анжуманга келган Ўзбекистон ССР Министирлар Советининг раиси Н.Ж.Худойбердиевга маъруза текстини Ахмаджон ака ёзиб берганди.Ўша пайтлардаги обкомнинг биринчи котибларига ва вилоят ижроқўми раисига ҳам доклад мантларини Ахмаджон ака ёзиб берарди. Хуллас, Ахмаджон аканинг ёзиш услуби Нормуҳаммад Жўраевичга жуда ёққан. Шундан сўнг Ўзбекистон ССР Минстрлар Советининг раисига бундан буён маърузалар текстларини Ахмаджон ака ёзиб берадиган бўлди.

    Бундай пайтларда Ахмаджон ака таҳририятнинг энг тажрибали машинсткаларидан бири Фая опа билан Тошкентга учарди. Фая опа доимо ишлайвериб ўрганиб қолган машинкасини ҳам бирга олиб кетарди. Самарқанд вилоятида обкомнинг биринчи котиби бўлиб ишлаган Бектош Рахимов туманларда йиғилиш ўтказса, албатта, Ахмаджон акани ўзи билан бирга олиб кетарди. Кечқурун йиғилишдан қайтиб келган Ахмаджон ака тўғри машинистка хонасига кириб борар, у ерда ўзини кутиб ўтирган Фая опанинг ёнига ўтириб олиб. мақолани диктовка қилишни бошлаб юборарди. Масъул котиб Асад Дилмуродов машиканадан чиққан текстларни Ахмаджон аканинг олдида кўрар, тушунмаганларини сўрар, кейин уни бирин-кетин цехга теришга элтарди. Қарабсизки, эрталаб йиғилиш ҳақида ёзилан бир саҳифалик материал дунё юзини кўрарди.

     Ахмаджон ака ташаббускор инсон эди.1973 йилда обкомнинг орқасидаги чуқурликда таҳририятнинг янги биноси қурилиб, Фойдаланишга топширилди.Ундан олдин эса таҳририят Ленин номидаги марказий истироҳат боғининг ёнида жойлашганди. Боққа таҳририят томондан кираверишда пивохона бор эди. Баъзан ишдан қайтишимизда, у ерга кириб бир-икки бокалдан пиво ичиб турардик. Пивахўрликнинг ташкилотчиси маданият бўлимининг мудири Суръат Орипов бўларди.Суръат ака доимо пулга ялчимай юрарди. Маош олган кунимиз Суръат ака бизларни қўярда қўймай пивахонага етакларди. Чунки иккинчи куни у кишида пул бўлмасди. Эрининг одатини билган Суръат аканинг сап-сариқ хотини эрининг чўнтагини қоқлаб қўярди. Шунинг учун бўлса керак, Суръат ака маош олган куни иложи борича бизларни меҳмон қилишга ҳаракат қиларди. Лекин олиб берган пивоси икки бокалдан ошмасди. Бу пулни уйда ҳали янгангиз кутиб ўтирибди, деб қўярди. Кейин эса бизлар навбатма-навбат маош бергунга қадар у кишига ичгиси келган пайтларда пиво олиб беришга мажбур бўлардик. Баъзан бизларда ҳам пул бўлмай қолган пайтларда, “бу муаммони” Суръат аканинг ўзи ҳал қиларди. У киши Ахмаджон акага ёки қишлоқ хўжалик бўимининг адабий ходими Бобоқул Имомов олдига югургилаб қоларди. Таҳририятда бизлар билан улфатчиликка рози бўлган ана шу икки кишида доимо пул бўларди.
Ахмаджон акани фақат Суръат акагина пиво ичишга таклиф қилишга журъат эта оларди. Ахмаджон ака хонасига зипиллаб кириб кетган Суръат ака у кишига нималар дейди, билмадик, аммо қарабсизки, бир оздан сўнг улар кабинетдан чиқиб келишарди. Шунда бизларга кўзи тушган Ахмаджон ака, “ҳа, йигитлар, нега кетмай турибсизлар?”-деб сўрарди. Бизлар эса оёқларимиз билан ер чизганимизча, “шундай ўзимиз турибмиз,”- дердик. Шунда Суръат ака отни қамчилаб қоларди: “буларнинг пивохона ёнидан ўтишга юраклари дов бермаяпти,”- деб лабларини қимтиб кулимсираб қўярди. Зийрак Ахмаджон ака, гап нимадалигини сезиб, “қани йигитлар, кетдик,”- деб, қўллари билан имо қиларди.

     Мана пивохона ёнбошига қатор қилиб қўйилган бўш бочкалар устига ўтириб олганмиз. Бочка устига ўтириб, оёқни ликиллатганича пиво ичишнинг ўзига хос гашти бор,- дерди Ахмаджон ака. У киши пивочини имлаб чақиради. Пивочи бундоқ қарасаса, вилоят газетаси бош муҳаррирининг нақ биринчи ўринбосари бочка устида оёғини,ликиллатиб ўзини имлаб чақираяпти. Югургилаб келган пивочига Ахмаджон ака, “қани оп келинг пивонгиздан,”- деб буюртма беради. Суръат ака эса, “қалай зўр бўлдими,”- деб қошларини учириб қўяди. Ҳазил-мутойиба билан бироз пивохўрлик қиламиз. Кейин бизлар уй-уйимизга, Ахмаджон ака эса яна ишига кетарди.

     Бобоқул ака Имомов ҳам бабаҳо инсон эди. Ғийбат деганини жинидан ёмон кўрарди. Баъзан Суръат ака, мен ва Бобоқул ака уччаламиз ишдан қайтишимизда пивохона ёнида жойлашган вино дўконига кириб турардик. Суръат аканинг пули йўқлигини у кишининг ҳатти-ҳаракатидан ҳам билса бўларди. Лабини чўччайтириб, бир ерда типирчилайвердими, демак, чўнтагида бир мириси ҳам йўқ. Уччаламиз бир стакандан дўкон мудири бочкадан қуйиб берган винодан ютиб оламиз. Бобоқул ака виносини шоша-пиша ичади-да, қўйнидан шартта ҳамёнини чиқаради. Баъзи пайтларда Суръат ака хўжа кўрсинга чўнтакларини титкилаб, йўқ пулни излаб кетади.

     Мен “Ленин йўли”да ўн беш йилча ишладим. Ана шу даврда газета (санаси аниқ эсимда йўқ) икки марта ўзининг юбилейини нишонлади. Биринчи юбилей тахминан 1969 йилда эски таҳририят биносида бўлиб ўтганди. Аниқ номи эсимда йўқ, газета юбилейига бағишлаб, махсус журнал нашр этилганди. Журналда таҳририят ходимларининг расмлари ҳам эълон қилинганди. Бу ишда ҳам асосан Ахмаджон ака ташаббус кўрсатганди.

    Иккинчи юилей 1970 йилнинг охирларида, вилоят партия қўмитасининг орқасидаги чуқурликда қал кўтарган уч қаватли янги таҳририят биносида бўлиб ўтганди. Бино жуда сифатсиз қурилганди. Бу вақтга келиб бош муҳаррир бўлган Ахмаджон ака енг шимариб бинони қайта таъмирлатиш учун ишга киришиб кетди. Таҳририятга обкомнинг биринчи котиби Бектош Раҳимовни таклиф қилди. Бинони кўздан кечириб чиққан обком котиби, уни қурган ташкилот бошлиғини чақириб, таҳририят жамоаси олдида роса пўстагини қоққанди. Ахмаджон аканинг саъйи-ҳаракати ва обком котиби Бектош Раҳимовнинг кўмаги билан бинони қайта таъмирлаш ишлари қизиб кетди. Зинапояларга мармар плиталар ётқизилди. Дубдан эшиклар ўрнатилди. Бинонинг ташқи томони ўша пайтда удумга кирган мармар қуми (крошка) билан қайтадан суваб чиқилди. Бино олдидаги лўлининг уйини эслатадиган кўримсиз бир нечта бино бузилиб, ўрни боққа айлантирилди.

    Ахмаджон ака бу билан тинчимади. У киши газета солномасини яратишга астойдил кириди. Университетдан академик Вохид Абдулла, Сайдулла Мирзаев, Ботир Валихўжаев синари олимлар, Барот Бойқобилов, Душан Файзий синари адиблар тарих зарварақларини титкилашиб, солнома яратишга киришиб кетдилар. Бу гал Ахмаджон ака газета юбилейига бағишланган китобни Тошкентда чоп эттиришга астойдил бел боғлади. Лекин у киши Самарқанд ва Тошкент орасида қанчалик зир югурмасин, обкомнинг биринчи котибига неча марталаб Марказкомга қўнғироқ қилдирмасин, нияти амалга ошмади. Илгари “Зарафшон” номи билан аталган “Ленин йўли” газетасига таъмал тошини қўйган бир қанча адиб ва алломаларнинг номлари ва ишлари тарих қаъридан юзага қалқиб чиққанлиги, ўша даврдаги мафкурачиларга ёқмади. Цензура китобни чоп эттиришга рухсат бермади.

    Юбилей эса жуда катта тантана билан ўтди. Марказқўм котиби Оқилжон Умурзоқович Салимов бошчилигида катта делегация юбилей тантаналарида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди. Марказий Комитет биринчи котиби Шароф Рашидов ўзи бир вақтлар муҳаррир бўлган севимли газетасига юборган табрик хатини О.У.Салимов йиғилишда ўқиб эшиттирди. Тантаналар шаҳардан ташқарига, туманларга ҳам кўчди. Барча газета мухлислари ўзларининг севимли газетаси “Ленин йўли” (“Зарафшон”)нинг муборак тўйини тантана қилардилар. Кўтаринки руҳда ўтаётган бу тантаналарнинг асосий сабабчиси Ахмаджон ака эди. У кишида миллий ғурур кучли, ориятли инсон эди. Ўз халқига, Ватанига меҳр-муҳаббати чексиз бўлган бу инсон, “Зарафшон”нинг бешигини тебратган зукко журналистлар, адиблар ва алломаларнинг табаррук номаларини қоронғу ўтмиш қаъридан ёруғликка олиб чиқиб, уларнинг пок руҳларини шод айлаш ва халқига кўз-кўз қилишдаги дасорати афсуски сарообга айланди. Ўша пайтдаги мафкура ва миллатчилик бунга йўл бермади.
Шўро даврида май ойининг биринчи ўн кунлиги байрамларга сероб эди. Матбуот куни, радио куни, 9 май ғалаба байрами… Матбуот кунини ҳар йили Ургутдаги энг хушҳаво пансионатда нишонлаш таҳририят учун анъанага айланган эди. Ахмаджон ака Ургут район партия комитетининг биринчи котибига қўнғироқ қилиб, бу ишни ҳал қиларди. Баъзи пайтларда райкомнинг биринчи котиби ҳам ўтиришимизда иштирок этиб, қадаҳ сўзларини айтган пайтлари бўлганди.

   Ахмаджон аканинг энг олийжаноб хислатларидан биттаси, ўз ходимини ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила олишга қодирлигида эди. Ёзувчи Нусрат Рахмат бир гал КПСС Марказий Комитетининг қайсидир бир Пленумига бағишлаб, Пахтачи туманидаги илғор чўпон номидан мақола (отклик) уюштирди. Мақола катта жанжалга сабаб бўлди. Сабаби, Нусрат Рахмат блокнотидаги эски фактлардан фойдаланган экан. Аллақачон бандаликни бажо келтирган чўпон , “ҳар юз бош совлиқдан 120 тадан дуркун қўзи оламиз,”- деб, нақ газетанинг биринчи сахифасидан ўрин олиб ваъда бераётган эди. Буни ўзларига ҳақорат деб билган марҳумнинг қариндошлари таҳририятга ташриф буюришиб, Ахмаджон ака ҳузурида бўлишди. Ахмаджон ака дарҳол Нусрат Рахматни улар билан Пахтачига жўнатди. Дўппи кийиб олган Нусрат Рахмат марҳумнинг оиласига таъзия изҳор қилди. Қишлоқ оқсоқоллари-ю, қариндош уруғларидан кечирим сўради. Хуллас, Ахмаджон аканинг саъйи-ҳаракатлари билан бу иш бости-бости бўлди. Ҳатто бу воқеадан таҳририятдаги кўпчилик ҳамкасблар бехабар ҳам қолдилар. Бу воқеани орадан анча вақт ўтганидан кейин Нусрат Рахматнинг ўзи менга гапириб берган эди.

    Шунга ўхшаш кўнгилсиз воқеа мен билан ҳам содир бўлган эди. Қайси йилда эканлиги хаёлимдан фаромуш бўлибди. Шуниси аниқ эсимдаки, Республика журналистларнинг бир ҳафталик ҳудудий ўқув-семинари Самарқанд шаҳрида ўтаётган эди. Ўқув машғулотларидан кейин, меҳмонларни шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига олиб бориб, томоша қилдирганимиз яхши эсимда. Айниқса чинни заводидаги иш жараёни меҳмонларда катта таассурот қолдирган эди.

    Ўша кунлари КПСС Марказий Комитетининг қандайдир Пленуми бўлиб ўтганди. Газетанинг ўша кунги сонига мен навбатчи эдим. Ахмаджон ака шошилинч бир иш билан Тошкентга кетган эди. Хато қандай ўтиб кетганлигини сезмай қолибман. Хуллас, КПСС деган сўз КССС бўлиб чиқиб кетди. Япалоқ қора ҳарфларда терилган бу жумлани турли келишикларга солиб, қайта-қайта ўқийман, сира маъно чиқмайди.Газетани босишга рухсат бериб қўл қўйганимиздан кейин, бир нусхасини уйга олиб келиб, яна кўздан кечириб чиқиш одат тусига айланганди. Ўша куни ухлай олмадим. “ Иш расво бўлди, вазифамдан мосуво бўлишим аниқ,”- деб ўйладим. “Нима бўлса бўлди, эшак бўлса ўлди,”- қабилида иш тутдим. Уйдагиларга, мени сўраганларга қишлоққа кетган,- денглар деб, араққа зўр бердим.

   Тўс-тўполон тушга яқин бошланди. Телефоним тинимсиз жиринглаб, асабга тега бошлади. Уйдагилар мен тайинлаган гапларни айтиб туришибди.  Бир вақт эшик гумбурлаб кетди. Келган одамни овозидан танидим. Ахмаджон аканинг шофёри Зиё. Қишлоғимнинг манзилини сўраяпти. Бориб-келиши 300 километрни ташкил қиладиган Ғаллаоролнинг Ўгат қишлоғига боришнинг ўзи бўлармиди. Зиё қайтиб кетади.

    Икки кундан сўнг ишдан ҳайдалганимга аниқ ишонч ҳосил қилганим ҳолда таҳририятга қадам босдим. Ҳамма менга ачиниш билан қарайди. Девордаги рамкада эса ишдан бўшатилганлигим ҳақидаги буйруқ осиғлик турибди. Тўғри Ахмаджон ака ҳузурига кириб бордим. У киши мени кўриб, “қаёқларда юрибсиз, нима иш қилиб қўйдингиз?”- деб жойидан туриб кетди. Мен айб ўзимда эканлигини тан олиб, бор гапни айтдим.Ахмаджон ака дарҳол котибасига, ходимларни чақиришни буюрди.
Ҳамма жамул-жам бўлди. Ахмаджон ака менинг масаламни жамоага ҳавола этди. Биринчи бўлиб Манноп Нажмиддинов сўз олиб мени ҳимоя қила кетди. Кейин Нусрат Рахмат, Суръат Ориповлар сўз олишди. Хуллас, таҳририятдагиларнинг ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб, мени ҳимоя қиларди. Мен эса ғиқ этмай ўтирибман. Сўнгра галалашиб менга қаттиқ ҳайфсан беришди. Енгил нафас олган Ахмаджон ака мен ҳақимдаги буйруқни йиртар экан, мамнунлигини яширмасди. Бўлган жанжал тафсилотини кейин айтиб беришди. Газетадаги бу хатони ўқув-семинарга раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Марказий Комитети пропаганда ва агитатция бўлими мудирининг биринчи ўринбосари (исми-фамилиясини унутганман, лекин у кишининг арман миллатига мансуб эканлиги эсимда қолган) топган. Топган захотиёқ минбарда ўтирган жойида жанжални бошлаб юборган. Воқеа шу билан тугаганки, бюро чақиришиб, Ахмаджон акани қаттиқ ҳайфсан билан сийлашган.

    Ахмаджон Мухторов куйиб-ёниб ишлайдиган фидойи инсонларни жуда қадрлар ва сира иккилланмай уни юқори лавозимларга кўтарарди. Ана шундайлардан бири Миршариф Хўжаев эди. У оддий адабий ходим эди. Кейин партия турмуши бўлимига мудир бўлди. Бу вазифада ишлаётган Абдурахим Убайдуллаев пенсияга чиққан Отахон Хўжаевнинг ўрнига бош муҳаррир ўринбосари бўлди. Миршариф партия турмуши бўлими мудирлигида кўп қолмади. Ахмаджон аканинг ёрдами билан обкомга инструктор бўлиб ишга ўтди.

     Миршариф Хўжаев ниҳоятда ҳалол, пок инсон эди. Мен Бобоқул ака Имомов ва Миршариф Хўжаевга ўхшаган ҳалол инсонларни бошқа учратмадим. Миршариф доим кулиб турарди. Унинг аччиқланганлигини ёки арзимаган нарсадан ғазаб отига минганини сира кўрмаганман. Ленкин кутилмаганда қалтис ҳазил қилишни яхши кўрарди.Бир гал менга ҳам шундай ҳазил қилиб, анча вақт тинчимни бузганди.

   “Дом”нинг биринчи қаватида яшайман. Кунларнинг бирида, унитазга нимадир тиқилиб, ахлат қайнаб тошиб чиқа бошлади. Уй-жой коммунал хўжалиги бўлимидан сантехник чақирдим. Ўрта ёшар, юзлари тиришиб кетган сантехник қайнаб чиқиб полда сизиб оқаётган ахлатга парвосиз бир назар ташлади-да, дабдурустдан, “арағингиз борми?”- деб сўради. Аччиғим чиқди. Араққа бало борми? Аввал ишни бажаринг, кейин бир нима бўлар,”- деб тўнғилладим. Сантехник эса, “ука, арақ ичмасам, ахлатга тумшуғимни тиқа олмайман, кўнглим айниб, қусиб юборишим мумкин,”- деди.

    Бу касофати ахлатга қўшилган қусиғи билан яна уйнинг расвосини чиқармасин деб, магазинга чопдим. Сантехник олиб келган яримтани ўзи очиб, пиёлани араққа лиқ тўлдириб, симирди. Газак ҳам қилмади, “уфф,”- деб бошини ирғаб қўйди. Кейин ўзи билан олиб келган тросини чувалантириб, унитазга тиқиб, у ёқ-бу ёққа бураб айлантира бошлади. Ўтириб олиб тросни тинмай айлантиравергани учун, ахлатнинг қайнаб чиқиши тўхтади. Кейин узунлиги салкам 5-6 метр бўлган тросни ошхона томон торта бошлади. Тросдан оқаётган ахлат уйни расво қиларди. Мен уни тўхтатмоқчи бўлган эдим, сантехник баттар авжга чиқди. Халақит берманг ука,- деб, тросини у ёққа-бу ёққа саланглатиб бир тортган эди, тросс ҳаволаниб кетиб, деворларнинг ҳам расвосини чиқарди. Жоним халқумимга келди. “Ҳой ака, нима қилаяпсиз?” – дейишимни биламан, у кишининг аччиғи чиқиб, минғирлашни бошлаб юборди.

   -Ҳмм, нима қиппиз? Ишимиз ёқмадими,- деб, чуваланиб ҳамма ерни расво қилаётган тросини буклаб халтасига солди-да, қолган арақни шишаси билан қўйнига тиққанича, хайр-маъзурни ҳам насия қилгаича, жўнаб қолди.

   Унинг бу “хурмача қилиғи” ғазабимни қўзғатди. Зудлик билан “Арақхўр сантехник” номли мақола ёздим-да, хотинимнинг фамилиясини қўйиб, котибиятга топширдим. Мақолани тайёрлаётганимда қишлоқ хўжалик бўлимининг адабий ходими, ҳамкасбим Илаш Суяров хонамга кирганида, унга бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб бердим ва сантехникнинг момосини энди кўрсатаман деб мақтандим. Мақола газетанинг эртанги сонида чиқадиган бўлди. Иш кунимиз тугаб, уйга энди қайтаман деб турганимда, телефон жиринглаб қолди. Овози қандайдир танишроқ, лекин хириллашидан билишнинг иложи бўлмаган кимса, томдан тараша тушгандек, мени тусатдан сўроққа тутди:

    -Кимсан?

   Аччиғим чиқди.
-Ўзингиз кимсиз? –дедим мен ҳам.
Лекин хириллаган овоз ўзи ҳақида изоҳ бергиси келмасди. Қайтага баттароқ авжланди.
-Газетанинг эртанги сонида “Арақхўр сантехник” сарлавҳали мақола чиқади. Эътироз билдираман деб ўйлама. Мақола Мусаллам Шакарова номидан чиқади. У эса сенинг хотининг. Тўғрими?

   – Тўғри, хотиним бўлади,- дедим минғиллаб.- Бу билан нима демоқчисиз?
-Демоқчиманки, Шакарова-пакарова билан ади-бади айтишиб ўтирмаймиз. Умуман хотинлар билан жанг қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Барига сен палакати айбдорсан. Хўш, қайси йўлдан уйинга қайтасан.

   Жон-поним чиқиб кетди. Бу аблаҳ сантехник каллакесар ҳам экан-ку.  Аммо мақоланинг чиқаётганинидан алкаш-сантехник, қанай хабар топди экан? У мендан ўч олмоқчи. Бирон муюлишда йўлимни пойлаб, тош ёки таёқ билан бошимга тушириши мумкин. Шуни ўйлаб, қалтираганимча жойимда ўтириб қолдим. Энди навбатчи машина билан уйга етиб олмасам бўлмайди. У аблаҳдан ҳамма нарсани кутса бўлади.

    Навбатчи машина шофёри ўта кетган ўжар, галварс одам. Уйимиздан анча берида тўхтаб, “энди тушинг, мен подъзд оралаб юрмайман, ҳалиям одамгарчилик юзасидан сизни олиб келдим. Бугун навбатчи бўлмасангиз,- деб минғирлай бошлади. Унга дардимни айта олмайман. Пешонамда борини кўрарман деб, машинадан туша сола олға интилдим. Бир оёқ нобоп эмасми, юришим ҳеч ўнмайди. Ҳозир кимдир ҳов, анови пана жойдан чиқиб, тош билан бошимга тушириб қоладигандек туюлади. Бу ерни шаҳар деб қўйибди. Агар сени биров кўчада бўкиртириб сўяётган бўлса ҳам, ажратадиган одам топилмайди. Фақат тўнғиз қўпганингдан кейингина мелиса зоти пайдо бўлади. Хуллас, ранги-қутим учиб, уйга бир амаллаб кириб  бордим.

Кечаси билан ичимни ит тирнаб бир тонгни оттирдим. Иш пайтида ҳеч ким безовта қилмади. Фақат уйга энди қайтаман деб турганимда, телефон жиринглаб қолди.

    Гўшакдан хириқироқ, овози танишроқ, аммо кимлигини  билиб бўлмайдиган овоз эшитилди.

    -Кеча омадинг бор экан, қутулиб кетдинг. –Бугун кунингни кўрасан, лаънати.У дунёга ҳозирлигингни кўравер.

    Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймас, деган гап бор. Азбаройи аччиғим чиққанидан ғазабим қўззиб кетди. Агар ажалим шу сантехник қўлида бўлса…. Ғазаб билан гўшакка бақирдим.
-Ҳой, онангни… Мақсадинг нима ўзи, алкаш сволич. –Нима қилмоқчисан ўзи? Фалонимни ебсан, қўлингдан келса мана қирқиб ол.? Ифлос, эшак.

    Сантехникнинг дами ичига тушиб кетди. Уни сўкиб ҳовуримдан тушгач, гўшакни қўйдим. Бундай қарасам тепамда ранги-қути учиб қишлоқ хўжалик бўлимида ишлайдиган Илаш Суяров турибди. У қўли билан телефонни кўрсатиб нимадир демоқчи бўлаяпти.
-Биттасини бопладим,- дедим манунлгимни яширмай.- Икки кундан бери жиғимга тегаётган эди. Момосини кўрсатдим ўзиям.
Бироз фурсат ўтиб, телефон яна жиринглаб қолди. Илаш типирчилаб қолди. Гўшакнинг нариги томонидан Миршарифнинг овози келди.
-Сизга нима бўлди, Абулфайз! -Нега сўкинасиз? Ит, алкаш, онангни деганингиз нимаси? Тозаям бопладингиз-ку.
-Кечирасиз, бу сизмидингиз? Сиз ҳам ҳазилнинг тагини зилга айлантирдингиз-да, ўзиям. Икки кундан бери роса асабимга ўйнадингизда. Сизни ўша одам деб ўйлабман. Кечирасиз, дўстим.
Миршарим бироз жим турди-да, кейин секин деди-

    Уйингизга қўрқмай кетаверинг, дўстим. Сизни кўнглимга яқин олганлигим учун бир ҳазиллашгандим.
-Э-э, ҳазилингиз қурсин,- дедим енгил тортиб.- Агар шунақа ҳазилдан яна бир-икки марта қилсангиз, нақ инфаркт қилиб ўлдираркансиз-да, одамни.
Кейин билсам ,Илаш билан Миршариф иккаласи менга “ фитна” уюштирган эканлар. Дўстингдан топ деганлари шу булса керак-да.

    Ана шу воқеаларнинг бўлиб ўтганига кўп йиллар бўлди. 1980 йилда оилавий муносабатим энг юқори нуқтасига етганлиги туфайли Самарқандни тарк этдим. Редакция ҳисобидан олган 3 хонали уйни войвояк хотинимга ва икки нафар қизимга қолдириб, фақат уст-бошимни олиб уйдан чиқиб кетдим. Судга ажралиш ҳақидаги аризани хотиним эмас, мен бердим. Самарқанд шаҳрининг Темирйўл туманидаги суд биносида аризамни топшириш учун навбат кутиб ўтирибман. Мендан ташқари 20 тача аёл аёл ҳам суд раисини кутиб ўтиришибди. Журналист эмасманми, уларни гапга солдим: “Эрим ичади, жанжал қилиб мени уради. Бундай эрнинг боридан йўғи яхши, ажрашаман, вассалом…” Тўрт-бештаси билан гаплашдим, бари шундай жавоб берди. Улардан бирига ақл кирди шекилли, мендан сўраб қолди: “сиз бу ерга нима иш билан келдингиз?” “Менинг хотиним ҳам сизларнинг эрларингизга ўхшаб топганини ичади,- дея дийдиёмни бошлаб юбордим..- Жанжал кўтариб, мени судраб уради. Бундай хотиннинг боридан йўғи яхши. Икки боламни олиб онамникига кетаман…”

    Улар ҳангу-манг бўлиб қолишади. Кейин биттаси шерикларига деди: “Бу эркак бизларни эрмак қилаяпти. Юринглар кетдик. Мен эса шу дамда бошқа нарса ҳақида ўйлардим. Самарқанд шаҳрида 3 та туман бор. Ҳар ҳафтанинг маълум кунида судлар фуқоролардан ажралиш ҳақида аризаларини қабул қилар экан. Мана шу ернинг ўзида 20 тача аёл эримдан воз кечаман деб хезланиб турибди. Буни шаҳардаги 3 та туманга қиёслайдиган бўлсак ажраладиган сони ҳафтада 60 нафарни, бир ойда 240 нафарни ташкил қилар экан. Вой-буй, агар аҳвол шу даражада давом этса, 400 минг кишилик шаҳарда бузилмаган оила қолмайди-ку.  Хотиним суднинг 3 марта юборган чақирув қоғозини менсиммасдан судга келмади. Бизларни сиртдан ажратиб юборишди. Мен Жиззах вилояти, Зарбдор туманига қарашли Бўстон шаҳарчасида жойлашган “Жиззахчўлқурилиш” ҳудудий бошқармасининг кўп нусхали “Бўстон” газетасида ишлай бошладим. Орадан мана 30 йилдан ортиқроқ вақт ўтганидан кейингина, кичик қизим Наргиз мени излаб топди. Тошкентда яшаётган экан. Собиқ хотиним қизларимга: “Отанг арақхўр эди, ичкилик туфайли тўнғиз қўпганига кўп йиллар бўлган,”- деб қулоғига қуйган экан. Катта қизим Лайло Америкада яшаётган экан. У собиқ божам Аевар Жўрабоевнинг ёрдамида Америкага бориб, у ерда саккиз йилдан бери яшаб келаётган экан.

Йиллар тушови узилган отдек елиб ўтиб борарди. Ахмаджон ака “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига бош муҳаррир бўлди. У киши муҳаррирлик қилган кезларда менинг Жиззах чўлини боғу-бўстонга айлантираётган кишилар ҳақида ёзган ўнлаб очерк, лавҳа ва мақолаларим “Қишлоқ ҳақиқати”да эълон қилинди. Кейин у киши “Халқ сўзи”га бош муҳаррир, СССР Олий Советига депутат бўлди. Ғурурланиб юрдим.

Орадан йиллар ўтди. Ахмаджон аканинг бу фоний дунёни тарк этганига ҳам анча йиллар бўлди. Тоғлар салобатини кўрмоқчи бўлсанг, унга узоқдан назар сол деган гап бор. Вақт ўтгани сайин Ахмаджон Мухторов шахси тобора ўлканлашиб бораётгандек гўё. Бу инсон ўлкан ишлар учун яратилган эди. Ахмаджон аканинг ҳаёти ҳам, тақдири ҳам фожеали кечди. Коинотнинг кичик бир зарраси бўлмиш инсон ўз тақдирини ўзгартириши мумкин деган кўҳна диний таълимот ўз ўрнини, одам тақдирини ҳеч бир қудрат ўзгартира олмайди деган, “ТАҚДИРНИНГ МУҚАРРАРЛИГИГА” бўшатиб берди. Начора, инсон ўз толеномасида битилган қисматдан қочиб қутула олмас экан. Ахмаджон Мухторовнинг руҳи доимо шод бўлсин.

Абулфайз БАРОТОВ.

Самарқанд-Жиззах-Бўстон.
2009 йил, 30 декабрь

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«яшаб бўлмай қолди-ку!»

Халқни жимжимадор қўшиқлар ва вайсақи оммавий ахборот воситалари орқали алдаш, «бахтли» эканига ишонтириш мумкин. (more…)

Тадбиркор ҳақми ёки тошкент шаҳар божхона бошқармаси?

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” Бирор хорижий давлатда қўлингизга тушган маҳсулотда шу ёзувни ўқиб қолсангиз фахрланасизми? Мен фахрланаман. Навбатдаги журналистик текширув ...

“бирдамлик” тарафдори бўлган қонуншунос дилсора фозилова нега иккиюзламачига айланди?

ДИЛСОРА ФОЗИЛОВА Куни кеча қонуншунослик фанлари кандидати Дилсора Фозилова ижтимоий тармоқлардан бирида "Бугунги Ўзбекистон ва Баҳодир Чориев" деб номланган мақола эълон ...