Тил – ўзагимизнинг, ўзлигимизни ўзига беклигимизнинг бош белгиси

Тўра СУЛАЙМОН

011

Матбуот, маданият ва адабиётимизнинг оқсоқоллари, арбоблари – барча жонкуярларига, хусусан, Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов, Исмоил Сулаймон, Мақсуд Қориев, Азимжон Ҳожиев, Шоаҳмад Шоабдураҳмонов, Бахтиёр Назаров, Ўткир Ҳошимов, Ислом Шоғуломов, Низомиддин Маҳмудов ҳазратларига

ОЧИҚ ХАТ

Тилдан айрилганинг – элдан айрилганинг,
Тилдан тонганинг – элдан тонганинг.
Шарқ халқлари ҳикмати

Тўра СУЛАЙМОНҲар бир соҳанинг соҳиблари, ҳар жамоанинг ўз оқсоқоллари, ҳар бир касб-корнинг усталари, диний ва дунёвий илмларнинг устозлик мартабасига, пирлик мақомига эришган азиз кишилари – эл суйган жонкуяр зотлар бор. Муборак мамлакатимизнинг, жонажон халқимизнинг ҳаётини ёритишга-ёзишга бутун умрини бағишлаган барча ҳамкасбларимизга тил ва талаффуз, сўз, ибора ҳамда атамаларни қай йўсинда айтиб, қай йўсинда ишлатиш ҳақидаги истакларимни, эътирозларимни айнан жонкуяр зотлар орқали айтишни маъқул кўрдим.

Бу хайрли ишда оқсоқолларнинг кўмаклари керакка ўхшаб кўринади. Бу ишни холисанлиллоҳ ижро этиш ҳам, ижро эттириш ҳам қўлларингиздан келади. Сабаби, мамлакатимизда чиқаётган барча газета-журналларнинг бош муҳаррирларидан тортиб то радио ва телевидениенинг масъул ходимларигача бири шогирдларимиз бўлса, бирлари жон аямас иниларимиз, сингил-қизларимиздир. Шунинг учун ҳам билдирмоқчи бўлаётган эътирозларимни, айтмоқчи бўлаётган таклиф ва истакларимни матбуот ходимлари самимий қабул қилишини хоҳлардим.

Аввало, Тошкент ва тошкентликлар ҳақида гапиришдан олдин муқаддас пойтахтимизнинг таърифини айтсам:

Тошкент ободлиги ҳаддидан ошган,
Ўзбекистон пойтахтига ярашган.

Иккиламчи, Тошкентни нон шаҳри деб атайдилар.

Учламчи, Тошкентга қайқитаёқ билан борган киши тойлик бўлиб қайтади. Теҳронга қайқи от миниб борган одам той билан қайтади. Бу қадимгилардан қолган нақл.

Тўртламчи, мағрибу машриқда Тошкентни – Шарқ машъали деб эътироф этадилар.

Мен Тошкентга (1958 йили) қай йўсинда, қай ҳолда борган эдим? Ким бўлиб қайтдим? Тўрва-сетка билан бориб, чинакам Тўра бўлиб қайтдим. Эгнимда исқирти тўн. Бошдаги дўппимни дўппи деса ҳам бўлади, демаса ҳам бўлади. Кўйлакнинг ёқаси бор-у, танаси йўқ. Буни бошидан ўтганлар билади. Аёқда керзовой батинка. Батинка эмас, қўнжиси кесиб ташланган керзовой этикнинг пойафзал қисми. “Бек”ликнинг белгиси. Чўнтак масаласи ҳам шунга яраша. Яхшиям ўша вақтлари “Бешёғоч” бозорига киришда тўрт тийинлик “Ухагорлонос” деган перашка сотиларди. Навбат деганингиз то Муқимий театри биносигача бориб тақалар эди. Хайрият, менга ўхшаган “тўралар” кам эмас экан…

Энди тунаш масаласига келинг. Фарғона эмас, “Тошкент тонг отгунча”… Қўноқ тополмай, Киров паркининг ёзлик театрининг тўрини эгаллаб олдим. Скамейканинг иккисини туташтириб, ўтдан болиш, ўт-ўланлардан тўшак қилиб (Мирза ётиб, мирза туришнинг худди ўзи!). Биласиз, Тошкентнинг туни Мирзагулистоннинг тунидан таоми фарқ қилади. Саҳарда турсам, суякларим зирқирайди: “Икки жаҳон менга сиғар, Мен бу жаҳона сигмаям”, деган гап.

Шу йўсин Киров паркида икки кеча “тўралик” қилиб чиқдим. Ҳушёрроқ, шаҳар кўрган бир боланинг шарофати билан учинчи кун бир бева маржанинг уйига ҳар кун учун бир сўмдан тўлаб туриш шарти билан “ичкуёв” бўлиб кириб олдим. Жоним кириб қолди. Одамга ўхшаб ётиб-тура бошладим. Мактабда яхши ўқиганим қўл келиб САФЭИга (Среднее Азиатский Финансово Экономический институт) ўқишга кирдим.

Ўқишдан кўра, чўт қоқиш кўпроқ машқ қилинар экан. Нуқул рақам. Нолдан триллионгача. Қарасам, бўладиган эмас. Бор миямдан ҳам ажраладиганга ўхшайман. САФЭИдан кўнглим совуди. Деканимиз: “Сен бола бекор қиляпсан. Бу жуда яхши касб. Битириб олганингдан сўнг Муқимий бўламан десанг – Муқимий, Фурқат бўламан десанг – Фурқат бўласан”, деб маслаҳат берди. “Муқимий бўламан дегунимча борли-йўқли миядан айрилиб қоладиганга ўхшайман”, деб институтдан чиқиб кетдим.

Сўнг ТошДУга кирдим. Шу кирганча кириб… Аввал газеталарда, сўнг журналларда жўқиёна шеърларим чиқа бошлади. Сўнг китобларим. Жўқийлар сафига кириш ҳам пешонага битилган экан. Энди ҳеч кимга гап бермас эдим. Оғайнилар орттирдим. Хизрга йўлиқдим – улуғ Миртемир оғамларнинг хизматларини қилишга тутиндим. Аввал Тўрақул эдим. Бир думалаб Тўра Сулаймон бўлиб олдим. Одамга ўхшаб бўйинбоғ тақа бошладим. Шляпа кўпам менга ўтирмади. Қулоғи катта одамга бу бош буюм бўлмас экан. Бора-бора тошкентликларга чалакуёв ҳам бўлиб олдим: Тўйтепалик Замирахон исмли бир қизга кўзни чирт юмиб муҳаббат изҳор қилдим. “Нари туриб, сал нарироқ юрсангиз бўлар эди”, деди қиз. Ўламан Раззоқ деб, тўрт аёқлаб туриб олдим. У ёғидан ўтавуриб, бу ёнидан ўтавуриб сал эритгандай бўлдим. Қовуннинг яхшисини ит ейди дегандай, уйланиб ҳам олдим.

Бир яхшига бир ёмон ҳар қайда бор,
Икки яхши биргина “тор жойда бор… ”

Қизнинг дугоналари: “Танлай-танлай топганинг шу бўлдими?” дебдилар…

“Ўткан кунлар”ни ўқиб кўзларим жиққа ёшга тўлган кезлари кўп бўлган. Менга ҳам Кумушбибига ўхшаган қиз насиб қилармикан, деб. Илтижоларим ижобат бўлган экан. Чини билан йиғласанг сўқир кўздан ёш чиқар, деганлари рост экан. Мен ўқиб, мен орзу қилган китобдаги Кумуш – Замирахоним ҳаётдаги Кумуш эди. Тўрт ўғил, тўрт қизлик бўлдик.

Дунёда мендан бахтли одамнинг ўзи йўқ эди… Кейин нима бўлди, дерсиз. Нима бўлар эди. Яхшига юриш йўқ деган қисмат азал котиблари томонидан Замирахонимнинг пешонасига битилган экан. Ўша “Ўткан кунлар”даги Уста Олимнинг куни бошимга тушди.

Ўғил-қизларим тошкентликларнинг тус жиянлари бўлади. Мен эса эрка-тантиқ куёвлари. Энди ўзингиз инсоф билан айтинг, эндиги кунда Киров паркида тунар эканманми? Қўноқ тополмай Тошкент кўчаларида кезар эканманми? Ёқаси бор-у, бу ёғи йўқ кўйлак кияр эканманми? Э-ҳ-а! Нима девоссиз?! Қатор-қатор китобларим чиқди. Мен олмаган мукофот, мен олмаган унвоннинг ўзи қолмади. Эндиги илинжим – Нобел мукофоти! Мен сизга айтсам…

Ана, энди мен айтмоқчи бўлган гапларни тошкентликлар ҳам, жон аямас ҳамкасбларим ҳам ҳам кўнгилларига оғир олмаса керак. Ҳа, айтгандай, Тошкентга тушар олдида покланиб, шаҳарга кирар олдида “от”дан тушиб, азим шаҳарда ўтган не бир яхшилар, не бир азизлар руҳи покларига бағишлаб тиловат тушириб, сўнг шаҳар оралайман. Ишни Миртемир оғамларнинг қутлуғ хонадонларини зиёрат этиб, остоналарини тавоф қилишдан бошлайман.

Энди тил ва нутқ маданияти ҳақида мулоҳаза ҳамда эътирозларимизни баён этишга ўтсам. Бутун халқнинг тили ҳам, маданият-маърифати ҳам, санъат-адабиёти ҳам бутун бўлади. Тўғри, яқингача яримта эдик. Танамиз шу ерда-ю, тафаккуримиз, тақдиримиз Кремль деган томонларда эди. Яратганнинг инояти, Юртбошимизнинг тенгсиз-тимсолсиз жасорати билан қон тўкмасдан, жон бериб-жон олмасдан мустабидликдан қутилиб, мустақил бир мамлакатнинг, озод бир ўлканинг армонсиз фуқаролари бўлиш бахтига муяссар бўлдик.

Авваллари эркимиз ҳам, бўркимиз ҳам ўз инон-ихтиёримизда эмас деб дод солардик. Ва дод дейишдан бошқа чорамиз ҳам йўқ эди. Динимиздан, тилимиздан салкам айрилиб қолаёзганимиз ҳам рост. Энди-чи? Энди ўз туғи, ўз туғросига, ўз тахт-тожига, пойтахтига, ўз раҳнамосига эга бўлган халқмиз. Қозонимиз ҳам, хирмонимиз ҳам, дастурхонимиз ҳам ўртада деб айтсак ярашади. Энди дод деган кишининг қўлига кишан, оёғига ғулу солиб додҳога топширмоқ керак! Ҳамма жабҳаларда кечаётган гўзал жараёнлар қаторида она тилимиз кун сайин, йил сайин тиниқлаша бориши керак. Бу тилни тиниқлаштириб, чўпи хаслардан, курмак-абаслардан тозалай бориш биргина тилшуносларнинг эмас, ҳаммамизнинг ишимиз, бурчимиз.

Одатда, кичик нуқсонлар йиғила-йиғила қусурга, кўз илғамас иллатлар бора-бора жароҳатга, майда айблар тўплана-тўплана гуноҳи азимга айланади.

Ўзи нима гап, дерсизлар? Гап “Зангори экран” билан радиода кўрсатилиб-айтилган, газета-журналларда ёзилаётган айрим сўз, айрим атама ва айрим ибораларнинг ножоиз, ноўрин ишлатилаётгани, ножўя қўлланилаётгани хусусида. Шевабозликнинг болалаб кетаётгани борасида. Гапни кети-кўлами, борлиқ имкониятлари чексиз бўлган, ташвиқот-тарғиботимизнинг қон томири ҳисобланган, неча минглаб кишиларнинг минбарига, “Ўқир китоблари”га айлана кетган республика телевидениеси – “Зангори экрани”дан бошласам.

Мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, ҳар бир гўшасида яшовчи турли касб-кор эгалари бу минбарга чиқиб олиб ўз шева, ўз лаҳжаларида “кевотти-кетвотти”лаб, “келутти-кетутти”лаб, “келсан-а-кетсан-а”лаб, “борайди-келайди”лаб, “келажатир-кетажатир”лаб турсалар нима бўлади? “Ойнаи жаҳон”имиз Олой бозорига айланади-қўяди. Оддий деҳқон, боғбон, қўйчибон, йилқичи, ишчи, чилангар, овчи мисоли суяклари меҳнатда қотиб, танглайлари ўзимиз пайдо бўлиб, ўзимиз қайта борар еримиз – тупроқ билан кўтарилган кишилар ўз шеваларида гапирса, бу сифат у кишиларга яраша тушади. Бироқ олий маълумотли шифокор, ё мударрис, ё бирор-бир корхона раҳбари экранда “вотти-вотти”лаб ё “келағай-борағай”лаб сайраб турса, нима бўлади? Айб бўлади! Тилга, элга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Бефаҳм-бефаросатлик бўлади. Тилга эътибор – элга эътибор деб бекорга айтилар эканми!

Минг афсуски, “Зангори экран”да гапирувчиларнинг кўпчилиги Тошкент шевасини ўзлаштириб олган кўринади.

Куз ойлари эди (24. IX. 2001 йил). Тошкент телевидениесининг бир мухбири (журналист сингилларимиздан бири) Тошкент Аграр университетининг Ўрта Чирчиқ туманидаги “тажриба хўжалиги”да пахта тераётган талабалар даврасида суҳбат олиб борди:
“ – Ўртангизда юз килодан ошириб пахта тераётганлар боми?
– Шунча пахтани теришда қўлила неча марта чаноққа боради?”
Саволни қаранг, саволни! Талабалар пахта терсинларми, қўлларининг неча марта чаноққа бориб-келишини санасинми?!

Талабалар эса соф адабий тилда жавоб берар эди.

“Олтин дала”, “Қишлоқ ҳаёти”ни олиб борувчи синглимиз Моҳинисо Камолованинг кўрсатувларини кўрган киши роҳатланади, завқланади. У суҳбатлар, у ҳазил-мутойибалар, шоирона лутфлар! Ажойиб лавҳалар! Ширали тиллар!

“Тайёргарлик кўрвоппиза. Қизғин иш олиб борвоппиза… Жа оширвордийиз” (Педагогика фанлари докторининг гапларидан).

– Дадамла расомла. Ўргатар эдила. Катта-катта ишлага қўл урвоппан… (Рассом қизнинг гапидан)

“Ишончийизи оқлашга ҳаракат қивоппиза… ” (Кап-катта раҳбарнинг гапи)

“Ёш товуқларни алоҳида, тухум берадиган она товуқларни алоҳида парвариш қивоппиза… ” (Парандачилик фермаси раҳбарининг гапи)

“Жаҳон афгор оммаси…” (“Сиёсат оламида” кўрсатувини олиб борувчи сиёсатдоннинг гапи)

“Афгор” дегани жароҳатланган, мажруҳ, хаста дегани. Энди юқоридаги афгор сўзи ўрнига “жароҳатланган”ни қўйиб, сўнг унинг маъносини чақиб кўринг.

Бундай мисолларни зерикмай келтирар бўлсак борми? Китоб бўлади, китоб!

Энди ўзимизнинг соф ўзбекона ибораларимиз, атамаларимиз ўрнига ғализ, қўпол, ҳақоратомуз бирикмаларнинг айтилаётганига, ёзилаётганига эътибор берсангиз борми?! Бир ерда газета ёзилса, бир ерда жарида, бир ерда рўзнома, бир ерда учоқ ё тайёра ёзилса, бир ерда самолёт ёзилади. Ҳозиргача биз газета-журналларда хизмат қилиб келаётган ҳамкасбларимизни журналист дея атаб келдик. Рўзнома ё жарида деб айтар бўлсак, унда рўзномачи ё жаридачи деймизми? Ҳозиргача мен ёшлар тугул қарияларимизнинг рўзнома, жарида, учоқ деганларини эшитганимча йўқ. Унингсиз ҳам, рўзнома, жарида, тайёра соф ўзбек тилига дахлдор эканми?

Компютер, магнитафон, микрофон, трактор, вертолёт, метрополитен, тепловоз, бензин, костюм, шляпаларни қандай ўзбекчалаштирамиз? Қандай ўзлаштирамиз? Хорижлик дўстларимиз палов, тўн, тумоқ, қайнатма шўрва, қимиз, қимрон, ғилминди, қовурдоқ сингари сўзларимизни ўз тилларига қай йўсинда ағдариб олади? Бизнингча, юқорида қайд этилган атамалар қайси миллатда ижод этилган бўлса, ўша миллат тилида қабул қилинади. Бу тилнинг халқаро мезонларига ҳам мос тушади. Халқимиз табиий ҳолда тамоми ўрганиб-ўзлаштириб бўлган альманах, альбом, журнал, газета, обуна, почта сингари сўзларни ҳеч иккиланмай ишлатаберсак, Ҳитлер қайта тирилиб келар эканми?! Сталин СССРни қайта тиклар эканми?! Эканми?!

Энди “Зангори экран”нинг шанба куни бериладиган “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатувини олиб борувчининг уй бекаларига берган бир маслаҳатига эътиборингизни тортиб, сўнг асосий айтар гапларимга ўтсам. “Тонг азонда магнитофонни баланд қўйиб, рақсга тушсангиз, ҳам жисмоний жиҳатдан, ҳам руҳий жиҳатдан бақувват бўласиз!” Шубҳасиз, бу кўрсатувни мамлакатимизнинг узоқ гўша, кент, қишлоқ ва овулларида яшовчи кишилар кўради. Вилоят, туман ва қишлоқларда яшовчи уй бекалари магнитофон эшитиб рақсга тушсинларми? Ўғил-қизларини едириб, кийдириб ишга ё ўқишга кузатсинларми? Унда сигирни ким соғиб, сутни ким пиширади? Уй ичи билан ҳовлини ким супуриб-сидиради? Кир-чирни ким ювади? Нонуштани ким тайёрлайди? Боз устига, бирлари ишга боришлари керак. Бирлари… Шунча ишни йиғиштириб четга суриб қўйиб, рақсга тушиб турсалар-а!

Бу маслаҳат ўзларини тошойнага бир солиб-бир олувчи оқбилак ойимларга жуда мос тушади. Ваҳоланки, бу кўрсатувни, юқорида айтганимиздай, бутун халқ кўради, эшитади.

Яна иқтибослар келтиришга ўтаман:
“Галина Бланка”ни биринчи қошиқданоқ севиб қоласиз.
Киши овқатни ҳам севиб қолар эканми?
“Қуён бўлмай десангиз,
Ёмон бўлмай десангиз,
Қани келинг, кепқолинг,
Яхшисидан оп қолинг!”

Бир ойлик метро чиптасини олмаганлар (қунт қилмаган) қуён бўлар эканми? Чиптанинг ҳам яхши-ёмони бўлар эканми?

Энди иқтибос келтиришнинг танобини тортмасам, гапимиз оч ичакдай чўзилиб кетади, шекилли. Яхшиси, сиз билан биз ўзимизни чорвадор ёки турли касб эгалари даврасида қатнашаётибмиз деб тасаввур этайлик-да, телевизор ёки радиода кўрсатилиб, эшиттириладиган, газета ёки журналларда, айрим адабий асарларда ёзилаётган қуйидаги аросатда қолган сўз, жумла ҳамда атамаларга эътибор берсак:
“Сут ва сут маҳсулотлари.
Саноат маҳсулотлари.
Нон ва нон маҳсулотлари.
Сабзавот маҳсулотлари.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари… ”
“Айрим маҳсулотларни тикиб чет элга жўнатяпмиз. ”
“Илонлар турли маҳсулотлар билан овқатланади. Илонлардан олинадиган маҳсулотлар медицинада қўланилади” (“Ғаройибот” эшитиришидан). Бу “маҳсулот”да инсоф борми ўзи? “Маҳсулот” тумшуғини тиқмаган ер борми? Илондан заҳар олинади деб эшитар эдик. Лекин маҳсулот деб… Маҳсулотни ҳам тикиб бўлар эканми? Ё тавба! Ё раҳмон!

Айниқса, чорвачиликка бағишланган эшиттириш ёки мақолаларда ишлатилаётган: “Йирик шохли моллар”, “майда шохли моллар”, “она сигир”, “эркак қўй”, “она совлуқ”, “эчки боласи”, “бир ёки икки туёқли моллар”, “ота бўри”, “йилқи подаси”, “от сути”, “отчилик”, “йирик ва майда моллар тўдаси”, “туя боласи”, “туя сути”, “итимиз туғди”, “ҳайвон бозори” сингари “ўйнашдан бўлган” ибораларни бир бошидан санар бўлсангиз борми?

Халқимиз ҳеч қачон “Мол бозори”ни “Ҳайвон бозори” демаган. Демайди ҳам. Сабаби, қўй билан эчки одатда ҳайвон дейилмайди. Шу ўринда бир муддат тўхталамиз, шекилли. Юқоридаги “йирик ва майда моллар тўдаси”га эътибор берсангиз. Чорвачилик дунёсида бундай бирикманинг ўзи йўқ. Бизнингча, бу жумлада тўрт тўлик ҳақида гапирилаётир.

Тўрт тўлик:
а) қора мол,
б) жонлиқ,
в) йилқичилик ва
г) туячилик.
Той, қулин, ғунон, дўнан, тўлан, бия, байталдан тортиб то арғумоққача бўлган йилқи турлари йилқичиликка киради. Чўвир, ёби, от, айғирлар ҳам. От сути дейиш ҳам айб саналади. Бунинг ўрнига биргина сўз – қимиз дейилса бас.

Қўй билан эчкининг борлиқ турлари – жонлиқ. Улоқ, чивич, серка, така, қўчқор, қўй, совлуқ, чори, панжи, шиш…

Бўталоқ, тойлоқ, моя, лўкча, нор, булар – туячилик.
Туя сути дейилмай, қимрон дейилса бас.
Бузоқдан тортиб буқагача – қора мол. Тана, новвос, сигир, соғин сигир…
Йилқининг тўп-тўдаси – уюр.
Ёбон, чўл, саҳрода юрган туя тўдаси – гала. Ўнлаб-юзлаб қўй-қўзиларни қўра ё қўтон деб айтилса бас. Қўра-қўра қўйларимиз ё қўтон-қўтон қўй-қўзиларимиз.

Тўрт тўликнинг ҳар бирининг ёшига, жинсига, юк кўтаришига, соғ-носоғига қараб номларини айтар бўлсак борми, э-ҳ-а-а! Сайхон ё қир тўла йилқилар йилқи уюри дейилади. Ёки уюр дейилса бас. Паррандачилик ҳақида гап кетганда эркак товуқ, урғочи курка дейиш айб саналади. Эркагини хўроз, урғочисини эса мокиён дейилса бўлгани. Унингсиз ҳам урғочи, чибич, ғунажин, мегажин, қанжиқ, мокиён, мочахар, мода, нормода, байтал сингари сўзларни ўринсиз ишлатиш одобсизлик саналади.

Ҳаммамиз ҳам осмондан тушмаганмиз, ердан ҳам чиқмаганмиз. Ота-онамиз сабаб дунёга келганмиз. Пайдо бўлганмиз. Бирда-бирда фалончи туғди ё Холбиби бўғоз деган сўзларни эшитиб қоламиз ё бирон-бир ерда ўқиб қоламиз. Туғди, бўғоз! Қандай айб! Қанчалик ҳақоратомуз. Нечоғлик қўпол. Бўғоз сўзини уялмасдан айтиш ўрнига бўйида бор, оғироёқли, иккиқат, суягида бор, юкли деб айтиш қанчалик пардали. “Туғди” дейиш кишининг шахсиятига, нафсониятига тегадиган гап. Унинг ўрнига кўзи ёриди, омон-эсон қутилиб олди дейиш одобдан бўлади. Унингсиз ҳам қиз бўлса, минг қўйли бўлди, ўғил бўлса, от боғлар деган иборалар йўқ эмас. Одатда, бўғоз ё қисир ёхуд туғди сўзлари молга нисбатан ишлатилади. Ҳатто қўйни қўзилади, бияни қулунлади, итни кучуклади ёки болалади дейилади. Товуқни туғди деб бўларми экан?

Қайси бир ёзувчининг ҳикоясидан: “Сотиболдининг сигири безовта бўлар, ётиб-турар, ўзини қўйгани жой топмас – пана бир жой қидирар эди”. Молнинг туғиш олдидаги бундай ҳолатини чорвадорлар биргина сўз билан ифода этади – бўрчалади. Бу кетишда айғиримиз “ой кўриб”, товуғимиз “бош қоронғи” бўлиб юрибди дейишгача бориб етамиз, шекилли!

Кўча-куйларда, давраларда яна шундай иборалар қулоққа чалиниб қоларди: “Бу киши менинг хотиним бўлади. Бу киши менинг эрим бўлади”. Бизда азал-азалдан эр-хотин бир-бирини қандай чақириб, қандай аташлари ҳам одоб санала келинган. Аёл киши – “бизнинг хўжайин”, “бизнинг бой”, “дадалари” деса, Эр кишилар – “бизнинг хоним”, “бизнинг оила”, “бизнинг бека” дейди. Бир-бирларини чақирар, чорлар бўлса, эр аёлини – “қаёқдасан?” ё бирон қизининг исми билан – “Ойқизнинг онаси” ёки онаси, ойиси; аёл киши хўжасини бирон ўғлининг исми билан – “Алишернинг дадаси” (буни оилавий исм – куня дейдилар) дейди.

Томларни қор босиб эрув бошлангандан сўнг томнинг бўғот-зийларида беш панжа шаклида пайдо бўладиган музларни чумак дейдилар. Бу ҳақда болалар қўшиғи ҳам бор:

Бош бармоқ,
Кўрса керак (кўрсаткич бармоқ),
Ўрта терак,
Болали буйрак (суқ, узук тақадиган бармоқ),
Чулдур чумак (чинчалоқ).

Ёки:

Муз муздан тайғон экан,
Аёғи синғон экан,
Том зийида чумаклар
Йиғлашиб турғон экан.
Ёлғиз қолғон чумакни
Худойим урғон экан…

Чумак сўзи эса ҳали-ҳамон сумалак тарзида ишлатилмоқда.

Ҳатто бир шоирнинг “Сумалак” сарлавҳали шеъри ҳам бор. Керак бўлса, 1-синф “Ўқиш китоб”ида ҳам сумалак деб битилибди.

Баҳор пайтларида тоғлардан кўчадиган қорни терма дейдилар. Ваҳоланки, ҳамма ерда кўчки тарзида ёзилмоқда. Қор шу қадар шиддат билан энишга қараб кетадики, йўл-йўлакай дуч келган дов-дарахтларни, тошларни, қояларни териб кетади. Шунинг учун ҳам терма деб атайдилар: “Тоғларда терма бошланди, ҳозир авжи терма пайти, термага йўлиққан тек қолмас”.

Дарё, сойлардан пиёда, отлиқларнинг ўтадиган жойларини кечик эмас, кечув дейдилар.
Тоғларнинг кун тушмас – шимол томони терскай, кун бўйи кун тушар – жануб томони беткай дейилади. Бизда эса тоғолди, тоғ орқаси деб ёзиб келинмоқда.

Буюк сиймолар ҳақида битилган тазкира ҳамда хотираларда шундай жумла, шундай гапларга кўзимиз тушади: “У ўз даврининг улуғ сиймоларидан эди”. У дегани сен дегани. “Уни чақириб кел” дегани ҳам чақирилувчини сенсираш билан баробар. Чақирувчи киши чақирилувчидан катта бўлсагина, уни айтиб кел, дейиш одобсизлик саналмайди. Ҳатто манаман деган олимлар ўтган улуғ кишиларимиз ҳақларида ёзган хотира ё эсдаликларида юқорида айтганимиздай, у киши шундай донишманд эдилар, дейиш ўрнига, у шундай донишманд эди, деб ёзади. Бир қараганда, бундай гапларнинг қандай тузилиб, қандай бузилганига кўпам эътибор бермаймиз.

Бир олим академик шоиримиз Ғафур Ғулом ҳақидаги “Ёднома”сида “У туғма талант эгаси эди” деб ёзади. Ўша олимнинг ёши ҳам, даражаси билан мартабаси ҳам Ғафур Ғуломдан катта бўлсагина юқоридагидай ёзса кишига эриш туюлмайди. “Омад кулиб боқди”, “илиқ сўз”, “бир нафар киши”, “олий жазо” сингари жумлалар ҳам кўп ишлатилади. Омад ҳам кулиб боқар эканми? Фалончининг омади келди ё кетди деб эшитар эдик.

Сўзнинг ҳам илиғи бўладими? Самимий сўз, яхши гап, яхши сўз, ўринли гап, ўринли сўз, ёлғон гап, ёлғон сўз дер эдик. Маъқул гап, маъқул сўз деб эшитар эдик. Форсийларда як нафар мардум, се нафар мардум деган ибора бор. Бу “нафар” қаёқдан суқила келди. Бундан кўра бир киши деб айтганимиз, ёзганимиз маъқул ва ўринли эмасми?

Жазонинг ҳам олийси бўладими? Олий – олий. Олий ўқув юрти. Олий маълумотли. Ундан кўра, энг оғир, энг сўнгги жазо дейиш мантиқан маъқул эмасми?

Хуллас, у қилдик-бу қилдик, оддий одамларни ҳам ўзимизга ўхшаб гапиришга, ўзимизга ўхшаб муомала қилишга ўргатиб олдик. Шунга улгурдик ҳам. Бу “нафасимиз” узоқ қишлоқларда яшовчи кишиларгача бориб етди. Кўпдан бери кўриб-кўришмаган қариндошларимиз келиб ҳол-аҳвол сўрашган бўлади:
– Тўрақул, қандай, ишлар муваффақиятли кетажатип-па?
Мен ҳам гапига яраша жавоб берган бўламан:
– Ҳа, муваффақиятли бўлганда қандай! Жавлон уриб, кексалик гаштини суриб юрибман. Ўзингиз қалай, Товбой Жуманович?
– Ҳа, энди биз…

Соддагина, самимийгина бир киши шундай сўрашиб тургандан сўнг бошқалардан нима умид! У шўрлик қариндошимиз бизни ҳам китобий яшаб, ҳам гаплашса керак деб ўйлайди, шекилли.

Мамлакатимизда ҳозирда чиқиб турган газеталарнинг сони 700 дан ошиб кетди. Ким нима деб ёзса, ёзиб ётибди. Қозон битта-ю, чўмич кўтарган кўп. Қўримиз битта-ю, кулни ўзига қарата тортиб, кўмач кўтарган ундан кўп. Қўра, қўтонимиз битта-ю, қўй билан қўзи эгаларининг саноғига етиб бўлса кошки!

Биргина “сарт” сўзининг ноўрин, ножўя ишлатилганини “ҳазм” қилолмай Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари кимлар билан тортишмаган эди, кимлар билан айтишмаган эди (Маҳмудхўжа Беҳбудий. “Cарт” сўзи маълум бўлмади”. “Ойна” журнали, 39-сон, 1914 йил).

Биз эса қанча сўзлар ҳақида баҳс юритдик. Ўзбекистон халқ шоири, Гулистон давлат университетининг профессори сифатида мен ҳам, қў-й-э-э, менга нима деб чиллахонага кириб кетиб, кўзга кўзойнакни ёпиштириб, тўрткўз бўлиб олиб бўлар-бўлмас жўқиёна шиғирларни ёзиб, ё илмий ишлар билан шуғулланиб (садағаси кетай ўша шиғирларинг билан палағда илмий ишларингни дейдиган одам бўлса кошки), кўкрагимни захга бериб ётсам бўлар эди.

Гап ана шу менга ним-а-а-я дейишда! Бу кетишда тилимизнинг аҳволи нима кечади деб мен ўйламасам, сиз қайғурмасангиз, у эса қилар ишни бир чеккага йиғиштириб қўйиб тижоратчиликка уриб кетса (хижолат бўлмасдан), алалоқибат нима бўлади?! Ҳали юқорида айтиб ўтилгандай тилимиз от бозорига айланади-қўяди.

Ваҳоланки, Атама қўмитаси ишлаб турган бўлса, Тил хақида фармон чиқиб турган бўлса! Ҳамма гап ўша, “Мен-г-а-а ни-м-а-я”-да! Сир эмас, кўпчилик ҳамкасбларимиз она тилимиздан кўра рус тилини яхши билади. Бу яхши. Бироқ бу дегани ўз тилингни янтоққа судра дегани эмас.

Бизнингча, “йирик шохли мол”, “от сути”, “товуқ қичқирди”, “эркак қўй” каби сўзларнинг камайиш ўрнига кунба-кун болалаб, урчиб бораётганининг сабаби ҳавойи бўлиб, ердан йироқлашиб, борлиқ урф-одатларимиздан мосуволашиб қолганимизда.

Қани ўша Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Миртемирларнинг қуймали ва суймали тиллари! Ширали иборалари! Ақл-ҳушингни олиб қўяр соф, самимий, салмоқли тилда битилган асарлари. Шу ўринда эр-хотиннинг бир-бирига қандай муомала қилиб, қандай гаплашишларини чиройли ифодалаб, чиройли битиб берган, чавондознинг чавондозларча, чўпоннинг чўпонларча сўзлашишларини қойилмақом қилиб ўз асарларида акс эттира олган, номлари юқорида зикр этилган улуғ зотларимизнинг чироқларини қайта бошдан мунаввар этиб ёқишни ният қилган инимиз Тоғай Мурод биз тенги ёзувчиларни сал уялтириб қўйди, чамамда. Қишлоқ одамлари мана бунақа гаплашади, деб. Шунақа тиниқ, тугал тилимиз туриб ўзимизни “аққа-бақа” уриш шарт эканми, деб. Халқимиз азалдан ана шундай гапира келган, деб.

Латифа

Бир замонларда бир шаҳар доруғосининг ташаббуси билан бир неча тунқотар шаъмини кўтариб, шаҳар кўчаларини қий-чувга қўптириб, овозлари борича бақириб чиқар эди:
– Халойиқ! Фармон доруғодан! Уни ижро этиш биздан! Тинч ва осуда ором олиш эса сизлардан! Хавфу хатардан дарак йўқ! Бетоқат ва безовта бўлишга ҳожат ҳам йўқ! Сизларга тинч тун! Тиниқ уйқу! Раҳмоний туш!. .
Шу йўсин тинчгина ётган шаҳар аҳлининг оромини тун бўйи бузиб чиқар эканлар.

Шу шекилли, урра-уррачилик билан, қуруқ шиорлар билан, фармонлар билан тилимизни тозалаб, тиниқлаштириб, аввалги ҳолига келтириб бўлмайди. Бу ҳамма-ҳаммамиз – бутун ижодкор “тилимиз”ни тинимсиз кўз қорачиғимиздай асрашимиз, гуручни курмакдан тозалашдек машаққатли меҳнатимиз, игна билан қудуқ қазишдек хайрли ишларимиз билан амалга ошадиган иш.

Тилни миллатнинг кўзгуси дейдилар. Бу кўзгуни гард-ғуборлардан, чанг-тўзонлардан сония сайин тозалай бориш ҳар биримизнинг фарзандлик, фуқаролик бурчимиз. Ва яна тил – ўзагимизнинг, ўзлигимизнинг, ўзига беклигимизнинг бош белгиси.

Юқорида одамларга ақл ўргатгандай, тилдан бир оз хабаримиз бор дегандай бўлсам, шу хатга кўзи тушган ва тушмаган кишиларнинг ҳамма- ҳаммасидан қўлимни кўксимга қўйиб кечирим сўрайман. Тил масаласида баҳс кетадиган бўлса, бизни маъзур тутасизлар. Сабаби, камина ҳам ўша сизлар ўқиган совет мактабида ўқиганлардан. Олий ўқув юртида таҳсил олганлардан. “Маймундан тарқаганмиз” деган манфур назария қулоқларига қўрғошин бўлиб қуюлганлардар. Ундан кўра, итдан тарқаганмиз десак, яхшироқ бўлар эди. Сабаби, итнинг ўндан ортиқ фазилати бор. Маймуннинг “кетидан” бошқа неси бор? “Бисмиллоҳ” билан пайдо бўлган-бўлмаганимизни айта олмайдиганлардан. Ўзимиз ёзиб, ўзимиз айтган, бир аравада ўтириб, “Ким эдик тарихда бизлар? Номи қул, қашшоқ, гадо”, деб жирланганлардан.

Эстония деган мамлакатда давлат тили бўйича махсус инспекция ташкил этилган бўлиб, унинг ходимлари давлат тили ҳақидаги қонуннинг бажарилишини назорат қилиб борар экан. Улар эстон тилини билмаган ёки яхши билмаган, бу тилда гапиролмаганларни учратса (иш жойларида) ёки эстон бўлатуриб ўз лаҳжаларида (расмий йиғинларда, экранда) гапирсалар катта миқдорда жарима солишар экан. Биргина 2001 йилнинг январь ойидан август ойигача етмиш икки кишига (улар орасида фуқаролар, савдо ходимлари, турли тоифадаги амалдорлар) ўн беш минг крон миқдорида жарима солишибди ва ундириб олишибди. Қандай яхши!

Бизда ҳам шундай қилинса қандай бўлар экан? Бизда ҳам ҳукуматимизнинг тил бўйича қарорлари чиққанми? Чиққан. Нима учун энди биз шу қонунга амал қилмаймиз? Ундан ташқари, атамалардан, янги ва эски архаик сўзлардан қандай фойдаланиш, уларни қандай қўллаш кераклигини назорат қилиб борувчи махсус Атамалар қўмитаси ишлаб турибдими? Турибди. Шунга қарамай, шунга қарамай…

Бизнингча, шу қонунни бизда ҳам қўллаш, шу қоидани бизда ҳам жорий этиш керакка ўхшаб кўринади. Сабаб дейсизми? Сабаби, Н. А. Аристов, В. В. Решетов, В. В. Бартольд, Н. А. Баскаков, А. Ю. Якубовский, В. В. Радлов сингари машҳур шарқшунослар, атоқли олимлар биргина ўзбек тили эмас, ҳатто туркий тиллар бўйича профессорлик даражасига, бирлари эса академиклик мартабасига эга бўлиб турсалар-у, биз эса, биз эса жисму жонимизга она сути билан кирган жонажон тилимизни тилмоч орқали ўрганиб турсак! Хомталаш қилиб ёнтоқзорга судраб турсак! Тамшаниб турсак! Чайналиб турсак! “Туркий бекораст” дея башорат қилганларнинг тилларини узундан-узун қилиблар турсак! Кўнгилларини кўк бўйи кўтариблар турсак! Тегирмонларига сувлар қуйиб турсак!” (Бу кўҳна калимани ҳали-ҳамон жевачка мисоли эзиб чайновчилар йўқмидир?)

Ўз “Тил сандиғимиз”ни ўзимиз очолмай, ўз уйимизга ўзимиз киролмай турсак! Ўзимизни ўзимиз масхара қилиб турсак! Қорин қайғуси қозонгача, қадр қайғуси қабргача! Ота-боболаримизнинг, буюк сиймоларимизнинг йиғлай-йиғлай қазиган ариқларидан тўлиб-тошиб келиб турган сувнинг – улуғ Истиқлолнинг, шу Истиқлол берган улуғ наъматнинг – қадр-қийматимизнинг қадрига етмай турсак!
Турсак! Ўз тилимизга ўзимиз ажнабийлик қилиб турсак! Турсак!

Таклиф. Олтмишинчи йилларда “отахон” газетамизда навбатдаги сонга тушириладиган материалларни бир марта кўздан кечириб, элакдан ўтказиб берадиган, ўзбек тилини пухта-пишиқ биладиган ўрин (штат) бўлар эди. У киши аросатда қолган, ихтилофга сабабчи бўладиган сўз, атама ва ибораларни тутиб қоларди. Шу ўрин қайта тикланиб газета-журналларда радио ва телевидениеда жорий этилса. Бу лавозимга “Тўғонбеги” мақоми берилса. “Тўғонбеги” тўғонбошида туриб сувни хас-хашаклардан тозалаш билан машғул бўлса. Мисол учун, йирик шохли молни қорамол, майда шохли молни жонлиқ, она сигирни соғин сигир, она қўйни совлиқ, эркак қўйни қўчқор тарзида тузатиб, тозалаб турсалар. Шунда қуруқ гап сўқишдан, қуруқ ваъзхонликдан, умумий гапдан қутилиб амалий ишга ўтган бўлар эдик.

Хайрли ишнинг кечи йўқ дейдилар. Бу хайрли ишимиз, албатта, бир ҳафта, бир ой ёки бир йилда эмас, муттасил назорат қилиб, муттасил шуғулланиб бориш билан амалга ошадиган иш. Ва ҳамма-ҳаммамизнинг вазифамиз. Бу ишда жонкуяр зотлар бош-қош бўлишига умид боғлаб, таъзим-тавозе билан,

Тўра СУЛАЙМОН

http://kh-davron.uz/yangiliklar/muborak-kin/tora-sulaymon-til-ozagimizning-ozligimizni-oziga-bekligimizning-bosh-belgisi-ochiq-xat.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хиралашди оинаи жаҳон — шуҳрат аббос қазо қилибди.

ШУҲРАТ АББОСОВ... Жон халқумга аста келибди, Тақдир ҳақдир, неки билибди. «Маҳаллада дув-дув гап», дўстлар, Шуҳрат Аббос қазо қилибди. (more…)

Москвада марказий осиё эркаклар ўз ватандошларини зўрлади

Москва ғарбидаги квартираларнинг бирида қизларни зўрлаган эркаклар Ўрта Осиё фуқаролари эканлиги аниқланди. Бу ҳақда РИА Новостига таяниб Соф.уз сайти ёзмоқда. Иллюстратив ...

Мактаб бозоридаги можаролар

  Vohid Luqmonov Тошкент шаҳрида яшовчи аҳолининг аксарияти “Отчопар”, “Бек- барака”, “Абу-Сахий” буюм бозорларидан кийим-кечак харид қилишади. Ушбу савдо ҳудуди айниқса, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400