Юрагимга яқин кишилар

 

Гулла, яшна, завол кўрма ота маконим Жиззах

Абулфайз БАРОТОВ

            Мана ҳозир дарёни кесиб ўтадиган кўприк келади. Кейин поезд йўли устидан ўтадиган кўприк бошланади. Юрагим ҳиприқиб, гупуллаб ура бошлади. Бу йўллардан минг марталар ўтган бўлсамда, мени кучли ҳаяжон чулғаб олади. Айниқса кўприк устидан Жиззахга кираверишдаги ўнг томондаги катта тепалик кўзга ташланганида, юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлади. Ана шу тепалик тугаб, олдинда кўм-кўк дарахтларга бурканган шаҳар бутун борлиғи билан намоён бўлганида юрагим олов бўлиб ёнади.  

            Бу шаҳарда мен қайта дунёга келганман. Бу ерда менга иккинчи марта ҳаёт бахшида этган инсонлар яшайди ва яшаб ўтган. Жарроҳ Николай Васильевич Садовников, Суннат Қосимов (марҳум), ёш жарроҳ Ислом Субҳонқулов, ажойиб дўстим, менда ҳаётга, яшашга иштиёқ уйғотган Солиха Альбековалар ёдимга тушганида қалбимда қуёш чарақлаб чиққандай бўлади. У кунларни унутиб бўлмайди. Комсомол йўлланмаси билан чўлни ўзлаштиришга бориб, Жиззах туманидаги “Боғдорчилик” (Ҳозирги Пахтакор тумнидаги “Паҳтакор” сув истемолчилари уюшмасида қурилиш ишларини олиб бораётган “Янгиерводстрой”  трестининг совхозда қурилиш ишларини олиб бораётган 6-механизиялашган кўчма колоннасида бетончилик қилардим. Кечалари эса, учатка нозири пункти қошида ташкил этилган кўнгилли халқ дружиначилари штабида навбатчилик қилар ва эл тинчлигини сақлаш мақсадида  кўчаларни  айланардик. 1963 йилнинг 2 январ билан 3 январига ўтар кечаси навбатчилик пайтимда безорилар ўқига учраб бир умр ногирон бўлиб қолдим. Шаҳардаги “Қизил казарма” касалхонасининг жарроҳлик бўлимида бир ярим йил ётдим. 5 марта оғир операцияни бошимдан ўтказдим. Гарчи юқорида номларини фаҳр билан тилга олган жарроҳлар мени бурдалаб танамдаги сочмалардан  тозалаган  бўлсаларда, мен тирик қолган эдим. Мана орадан неча ўн йиллар ўтибдики, танамда сақланиб қолган 76 та сочма ўқ билан яшаб келмоқдаман.

            Ҳа, мен бу йўллардан минг марталаб ўтганман. Ҳар гал кўзимда ёш, юрагим жўнбўшга келиб хитоб қиламан.

    -Салом, Она шаҳрим!!Салом юрагимга яқин кишилар! Сизлар туфайли мен бу ёруғ оламда яшаяпман. Тириклик Абдулла Орипов айтганидек, ярим ҳикматдир. Бунинг учун Сизлардан бир умр қарздорман, ҳамма-ҳамааси учун, ушалмаган орзуларим учун ҳам миннатдорман Сизлардан !

            Кейин шаҳримнинг кўҳна тарихи бутун бўй-басти билан ўтмишдан қалқиб чиқади, юрагимни олам-олам ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

            Архиелогик қазишма материаллари, шунингдек тарихчиларнинг маълумотлари эрамиздан аввалги XII ва XI асрларда Паркан (Фарғона),Суғд, Хоразм, Парфия, Бактрия Ўрта Осиё ҳудудида бўлганлигидан гувоҳлик беради. Бу вақтда Жиззах ҳудуди Суғд таркибида бўлган Форс подшоҳлари Кир ва Доро I нинг босқинчик урушлари  натижасида Форс империяси асорати остида қолган.

Эрамизгача бўлган 320 йилда Александр Македонский Яқин ва ўрта Шарқни ўзига бўйсундириб,Қашқадарё ва Самарқанд ҳудудларини босиб олди. 327 йилда эса Қўрғон Ровот орқали Сирдарё соҳилигача яқинлашиб борди ва Александрия шаҳрига асос солди. (Ҳозирги Хўжанд) шаҳри ҳудудида). Қўрғон Дарбозақаъла қурилиб, бу ерда ҳарбий бошлиқлар, йирик ер эгалари истиқомат қилганлар. Аҳолининг паст табақаси шаҳардан ташқарида яшаган.

            V-VI асрларда вилоят ҳудудининг аҳолиси ҳунармандчилик, косибчилик   ва чорвачилик билан шуғулланган. Эрмизгача бўлган ХI –XXII асрларда Марказий Осиё ҳудудида 15 дан ортиқ кичик давлатлар ҳукм сурган. Улардан бири Устурашана бўлиб, унга ҳозирги Жиззах, Зомин, Ўратепа кирган. Араб географларидан  ибн Хавқал Муқаддасий асарларида Устурашана  давлатида 400дан ортиқ сарой ҳамда қўрғон, шунингдек, 17вилоят бўлганлиги кўрсатилган. Бошқа бир манбаъда Уструрушанадан етишиб чиққан энг улуғ алломалардан бири Абул –Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Ахмад Устурушанийдир. У инсоният тарихида бола хуқуқларига оид ягона илмий хуқуқий асар-жомъий ахком ас-сиғорнинг муаллифлари саналади.

            Жамоҳир ибн Али аз Зоминий, Али ибн аби Сахил аз Зоминий сингари мухаддислар Мухаммад ибн Хасан ибн Мухсин Ал-Устрашоний, Абу Ахмад Зоҳид Ал Ховосий, Исмоил ибн Абдурахмон аз Санжафиний каби фикҳшуносларнинг номларини алоҳида қайд этиш мумкин.

            Ўрта аср араб манбалари асосида Усрушана Самарқанднинг олди ва Сайхун дарёсининг қуйи қисмидаги катта бир вилоят эканлигини аниқланган. Уструшана минтақасининг хозирда жойлашган худуди Жиззах ва Сирдарё вилоятлари худудини ўз ичига олган.

            Айрим олимлар (хусусан тожикистонлик тадқиқотчиларнинг) Бунжикатни-Панжикент ёки Шахристон деб аташлари тўғри эмас. Тарихий манбалар ва илмий далиллар “Бунжикат” Уструшана минтақасининг пойтахти, йирик хунармандчилик ва савдо маркази бўлганини тасдиқлайди. Бунжикат шаҳарининг ҳозирги давридаги ўрни Жиззах вилоятининг Бахмал тумани деб белгиланган.

            Профессор Акмал Саидовнинг “Жиззах алломалкари” ва имом Устуранашаний асари ҳақидаги “Жиззахнинг ёрқин саҳифалари” мақоласида таъкидланишича,  Уструшанада таваллуд топган ва Моворауннаҳрнинг илмий марказлари ҳамда шарқ мамлакатларида яшаб ижод қилган 8 нафар шоир тўғрисида маълумотлар баён этилган ҳамда уларнинг бадиий ижодидан намуналар келтирилган.

            Моворауннаҳр дунё тамаддуни хусусан, ислом маданиятининг машҳур марказларидан саналади. Худуддаги Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хива, Кеш, Насаф, Фарғона, Шош каби қадимий шаҳарлар номи ўрта асрларда бутун дунёга ёйилган эди. Бироқ бу худудда номи кўпчиликга умуман номаълум бошқа йирик маданият ўчоқлари ва илм масканлари мавжуд бўлган. Улардан биттаси Жиззах вилоятида жойлашган қадимий Уструшанадир.

            Жиззах воҳаси бундан қарийб 3000 йил олдинги манбада ҳам эътироф этилган. Ўша олис замонларда бу худуд гоҳо Сўғдиёна, гоҳо Суғд орти саклар қабиласи таркибига кирган. Илк ва ўрта асрларда Уструшана сифатида мавжуд бўлган бу ўлка ҳақида маълумотларни ўрта аср географларидан Ибн Хавқал, Ал-Истаҳрий, Ал-Махдисий, Ибн Хуртдазибих, Ибн ал-Фақих каби олимларнинг асарида учратиш мумкин.

            Ўрта асрларда гуллаб-яшнаган Уструшанадаги энг катта тарихий шаҳарлардан бири Зомин бўлиб, бу ерга доир маълумотлар ўрта аср араб манбаларида атрофлича ёритилган. Зомин қадимда “Сарасанда”, “Сусанда”, “Сабза” номлари билан ҳам аталган.

            Жиззах худудида кўплаб машҳур шоир ва адиблар, шунингдек 70 дан ортиқ мухаддис ва 30 дан зиёд фақиҳ олимлар фаолият олиб борган. Бироқ улардан кўпчилигининг на ҳаёти на илмий мероси бугунга қадар ўрганилмаган. Шу ўринда Абу Бакир Дулаф ибн Жаҳдар аш-Шиблий,  Муҳаммад ибн Али Хусайн аш-Шиблий, Усмон ибн Али аш-Шиблий, Абулкарим Маҳмур Коризий, Убайдулла Аламкаш, Муаззамхон каби шоирлардир. Толиб ибн Али ап-Зоминий, Аҳмад ибн Муҳаммад аш-Зоминий, Райҳон ибн Муҳаммад ал-Уструшаний, Абдулвоҳид ибн Абдураҳмон ал-Шовкатий, Али ибн Аби Иброҳим ал-Уструшаний, Жамоҳир ибн Али ал-Зоминий, Али ибн Аби Саҳл ал-Зоминий сингари муҳаддислар, Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Муҳсин ал-Уструшаний, Абу Аҳмад Зоҳид ал-Ховосий каби фикҳшуносларнинг номларини алоҳида қайд этиш мумкин.

х  х   х

 

            Ўзбекистон ССР олий Совети Президуми 1973 йил 29 декабрда Ўзбекистон ССР таркибида Жиззах вилоятини ташкил этиш тўғрисида Фармон қабул қилди. Бу, Совет хукуматининг Мирзачўл ва Жиззах вилоятининг ишлаб чиқарувчи кучларини янада ривожлантириш тўғрисида қилаётган ғамхўрликларининг яна бир ёрқин далили бўлди. Жиззах вилояти таркибига Сирдарё вилоятидан Жиззах, Дўстлик, Зомин, Мирзачўл, Зафаробод, Пахтакор, Фориш туманлари, шунингдек Самарқанд вилоятидан Бахмал ва Ғаллаорол вилоятлари кирди. Ўша вақтда Жиззах вилояти  таркибида 5 та шаҳар (тўрттаси туманларга буйсунувчи)  вилоятга шаҳар типидаги 5 та посёлка, 11 та маъмурий туман, 72 та посёлка ҳамда қишлоқ советлари бор эди.

            Жиззах шаҳри-вилоятнинг йирик маъмурий, индустриал ва маданий маркази бўлиб Х-асрдан бери маълум. Унинг майдони 31,5 км2, аҳолиси 65минг киши эди. Жиззах жануб томондан тоғлар орасидаги текисликда ва шимол томондаги тоғлар орасидаги текисликда ва шимол томондаги даштда Сангзор дарёсининг текисликда чиқадиган ерида-Ўзбекистоннинг шимолий-шарқ қисмида унинг жанубий-шарқ қисми билан боғловчи ягона тоғ долонида қулай жойлашган. Илгари Жиззах кичик қишлоқ бўлиб, аҳолиси безгак, чечак, куйдурги ва бошқа касалликлардан азоб чеккан.

           Жиззахнинг географик жиҳатдан қулай жойлашганлиги (Самарқанд – Жиззах-Чиноз –Тати, Жиззах- Ровот-Ўратепа ва Фарғона  савдо шаҳрига айланишига олиб келди. У XI- асрнинг  иккинчи ярмида араб истилочилари  Марказий Осиё ҳудудига бостириб кирди.

            Манбаларда Жиззах  “Кампир девор” номи билан тилга олиниб,унинг ҳудуди тахминан  10-12 км бўлган, мустаҳкам қўрғон билан ўралган.  Муғул босқинчилари даврида шаҳар вайрон қилинган. ХVI-асрда Бухоро хони Абдуллахон (1557-1598 йиллар) Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Шимолий Афғонистон, Туркманистон ҳудудларини ўз ҳокимлигига бирлаштирди. Унинг амри билан Зарафшон дарёсида узунлиги 97 километрлик Туятортар канали ўтказилди. Жиззах ҳудудидаги пахса девор билан ўралган кўкаламзорлаштирилган қўрғон (Кейин Ўрда номини олган жой) Абдуллахоннинг эътиборини айниқса ўзига тортди. Бу ерда пишиқ ғиштдан иморат, Ўрданинг марказида туби ва ён қирғоқларига  пишиқ ғишт терилиб, ҳовуз бунёд этилади. ХVII асрнинг бошидан ХIХ  асрнинг иккинчи ярмигача Марказий Осиёда хонлар ва беклар ўртасида тўхтовсиз урушлар бўлиб турди. Жиззах вилояти ҳудуди ҳам бундай урушлардан четда қолмади.

            Рус қўшинлари томонидан 1865 йилда Тошкент босиб олинганидан кейин чор ҳукумати ўз олдига навбатдаги вазифани –Бухоро амирлигини бўйсиндиришни қўйди. Бунинг учун эса Жиззахни босиб олиш лозим эди. Бухоро амири Музаффархон ўз қўшинлари билан Жиззахга келиб, шаҳарни мустаҳкамлаш мақсадида Жиззах беги Оллоёрга Пахса деворнинг иккинчи қаторини тиклашга буйруқ берди ва бу иш тез муддатда бажарилди.

            1866 йилнинг 11-18 октярида генерал Черняев билан Оллоёр қўшинлари ўртасида жанг бўлди ва оқибатда шаҳар босиб олинди. 1867 йилда Жиззах уезди ташкил этилди ва у Сирдарё таркибига, 1887 йилнинг январида эса Туркистон губернаторлигининг Самарқанд вилояти таркибига кирди.

             Марказий Осиёнинг жумладан, Жиззах ўлкасининг Россияга қўшиб олинишида Россиянинг прогрессив роли шундаки, гарчи капитализм ўзи билан бирга жаҳолат олиб келса-да, халққа беҳад азоб-уқубатлар олиб келган урушларга барҳам берилди.

             1869 йилда генерал фон Кауфманнинг буйруғига мувофиқ Жиззах билан Чиноз ўртасида савдо йўлида жойлашган пунктлар реконструкция қилинди, канал қурилди. Жиззах Тошкент- Самарқанд –Фарғона йўлидаги савдо марказига айланди.

            Шаҳарда савдо-сотиқ ҳунармандчилик ривожлана бошлади, қурилиш ишлари олиб борилди. 1888 йилда Жиззахда 147 та косибчилик, кулолчилик, совунгарлик, заргарлик ва бошқа корхоналар бўлган. Уларда асосан маҳаллий усталар ишлаган. Савдо-сотиқ ва саноатнинг ривожланиши натижасида Жиззахнинг ғарбий қисмида (Тоғ этагида) янги шаҳар қад кўтарди. 1887-1888 шаҳар аҳолиси 12735 кишидан иборат бўлган бўлса, 1897 йилда 15719 кишига етди. Шаҳарнинг янги шаҳар қисмида ҳарбийлар амалдорлар, савдогарларлар ва буржуалар яшаган. Шаҳар идоралари, савдо базалари, дўконлар ҳам шу ерга жойлашган.

            Шаҳарга рус вакиллари ва тараққийпарвар зиёлилар-ўқитувчилар, врачлар ва бошқалар келишди. Янги мактаб ташкил этилиб, унда рус ўқитувчиси Шалинов дарс берди. Мактаб махаллий аҳоли ўртасида илғор рус маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланди.

            1895-1899 йилларда Самарқанд-Тошкент темир йўли қурилди. У Жиззахнинг Россиянинг турли шаҳарлари билан иқтисодий алоқасини мустаҳкамлашда катта роль ўйнади. XIX-асрнинг бошларида 7 та ғишт заводи ва 1 та пахта тозалаш заводи ишга туширилди. Темир йўл ва заводларда маҳаллий аҳоли вакиллари рус ишчилари билан бирга меҳнат қилишди.

            Маҳаллий ишчиларнинг аҳволи оғир эди. Агар рус ишчилари ойига 25-30 сўм маош олган бўлсалар, маҳаллий ишчиларники 12-14 сўмга тўғри келар эди. Турли хил солиқлар жуда кўп эди.

            Шаҳарнинг эски шаҳар қисмида ҳам янги уй-жойлар, хунармандчилик корхоналари қурилди. Бозор ичида савдо дўконлари кўп бўлиб, уларда турли хил махаллий хамда Тошкент, Фарғона, Ўратепа, Бухоро ва бошқа шаҳарлардан келтирилган моллар билан савдо-сотиқ қилинарди. Бу ерга келадиган савдогарлар учун кўпгина карвонсаройлар қурилди.

            Маҳаллий хунармандлар ўзлари ясаган буюмлар шуҳрат қозонишган. Қосим кулол, Мамадиёр темирчи, Самиғ темирчи, Шаймон мисгар, Уста Йўлдош, Нуриддин ва Муҳиддин заргарларнинг донғи кетган эди. Улар ясаган буюмлар бежиримлиги ва юқори сифати билан ажралиб турарди.

            Илғор рус зиёлиларининг таъсири остида эски шаҳарда ҳам янги усулдаги мактаблар очила бошлади. Бухоро мадрасасини битириб чиққан Аҳмаджон Норматов 1884 йилда шундай мактаб ташкил қилди. 1910 йилда Мирзақори Мирабдулла ўғли ва Исмоил Мўмин Эсонов янгича мактаблар очишди.

            Меҳнаткашларнинг аҳволи кун сайин ёмонлашиб борарди. Айниқса биринчи жаҳон уруши бошлангандан кейин янада оғирлашди. Чор хукуматининг аҳолини мардикорликка сафарбар этиш тўғрисидаги фармонга жавобан 1916 йилда Туркистонда қўзғолон кўтарилди. Бунда Жиззах уездининг айниқса Ўзбек, Равот, Қоратош, Сангзар, Совруқ, Боғдон, Фориш, Янгиариқ, Ём, Ўсмат, Қоратол, Чашноб, Қизилқум, Чордара, Кўктепа сингари валосларнинг аҳолиси фаол қатнашди.

            Жиззах қўзғолони ўз хусусиятига кўра прогрессив бўлиб, у чоризмга қарши қаратилган ва миллий озодлик харакати тусини олган эди. Бироқ қўзғолон стихияли бўлиб, у марказлаштирилган рахбарга эга эмасди. Шунга қарамай қўзғолон Абдулла Очилов, Мамарайим Абдурахмонов, Абдусамад Бобожонов, Махаммад Мамаражабов, Абдусалом Хўжаев сингари кўпгина қахрамонларни етиштириб чиқарди.

            Таёқ, тош, кетмон билан қуролланган қўзғолончилар чор аскарларга қарши хужум қилдилар, маъмурий идораларни бузиб ташладилар. Темир йўл вайрон қилинди, Ломакино ва Обручево ўртасидаги кўприк ёндириб юборилди. Телеграф сими узиб ташланди. Қўзғолоннинг характерли белгиси шундан иборат бўлдики, аҳоли бойлардан подшо малайларидан ўч олди. Мирзаёр мингбоши, Комил мингбоши, Тилмоч Мирзахамдам, уезд хокими полковник Руклин, пристав Залотоголовов ва бошқалар ўлдирилди.

            Солдатлар, казаклар ва сапёрлардан ташкил топган ва замбараклар билан қуролланган жазо отряди қўзғолончилардан қонли ўч олди. Юзлаб одамлар ўлдирилди, кўплар суд ва терговсиз осилди. Хонадонлар ёндирилди. Моллар хайдаб кетилди. Қишлоқлар замбараклардан ўққа тутилди.

            1916 йил қўзғолон мағлубиятга учради. Лекин ўзбек халқи эзувчиларга қарши рус халқи билан рус пролетариати билан иттифоқ тузиш орқали курашиш мумкинлигини тушунди.

            1917 йилда Жиззахда совет хокимияти ўрнатилди. 1918 йилда ташкил этилган Жиззах партия ташкилоти ва 1919 йилда тузилган ёшлар уюшмаси Жиззах уездида ерни дехқонларга бўлиб беришда уларнинг маданий маиший шароитини яхшилашда катта роль ўйнади. Милиция отрядлари қишлоқларда совет хокимиятини мустахкамлашда шунингдек бойлар ва қулоқ унсурларга қарши курашда катта иш бордилар. 1918 йилнинг апрель-май ойида Жиззахда ер ва сув комитети ташкил этилди.

            1920 йилда Жиззахда “Қўшчи” уюшмаси тузилди. Унинг биринчи рахбари коммунист Нўъмонқори Охунов бўлган эди. Уюшма раҳбарлари камбағал ва ўртахол дехқонлар орасида катта ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бордилар. Уюшма қишлоқларда феодал- патриархал қолдиқларнинг илдизларини қуритишда қишлоқ хўжалигини мустахкамлаш ва ривожлантиришда жуда катта роль ўйнади.

            1925 йилда Жиззахда уезд кооперативи тузилди ва янги хўжаликлар ташкил этишда муҳим роль ўйнади. У деҳқонларни энг зарур ашёлар, саноат моллари ҳамда бошқа асбоб-ускуналар билан таъминлаб турди. 1925 йилда кооперативнинг раиси Неъмат Бўронов бўлган эди.

            Жиззахга ҳақиқий ўзгаришни мустақиллик олиб келди. Она шаҳримни узоқ йилга мулжалланган  тубдан қайта қуриш дастури тузилиб, у ҳаётга тадбиқ э\тилмоқда. Дастурга кўра шаҳардаги пастқам, ўз умрини ўтаб бўлган яшаш жойлар, баъзибир замон талабларига жавоб бермайдиган бинолар бузилиб, ўрнига 2-3 қаватли гўзал, яшашга ҳар томонлама қулай турар-жойлар қад кўтармоқда. Бозорлар янги кўринишлларга эга бўлди. Шаҳар ичидаги йўллар кенгаяди.

  Жиззах келажакда Тошкент ва Самарқанд сингари гўзал шаҳарга айланиши  ўйлаб қалбим олам-олам қувончларга тўлди

             Мана мен азиз ва табаррук тупроққа қадам қўйдим Мен даволанган “Қизил казарма” касалхонси ер билан текис бўлиб, ўрнини спорт комплексига бўшатиб берибди.Замон андозасига жавоб берадиган улкан Стадион қурилишиши ниҳоясига етай деб қолибди.

             Юрагим олов бўлиб ёнади. Инсонларга иккинчи ҳаёт бағишлаган,  ўзлари мангу ором топган азиз инсонлар. Сизларнинг билиб-билмай қилган барча гуноҳларингизни парвардигорим ўз даргоҳитда кечирсин. Жаннатидан жой ато қилсин, имонини бут айлаган бўлсин, дея дуо қилдим.

                                    Сизга ҳурмат билан                 Абулфайз БАРОТОВ.

БУЮК ИПАК ЙЎЛИДАГИ ГАВҲАР

(Истиқлол шарофати билан Зомин кўрки, таровати билан кўзни қувонтирадиган, дилни яшнатадиган масканга айланди).

   Жиззах вилоятининг чекка туманларидан бири бўлган Зомин Амир Темур замонида ҳам маълум ва машҳур бўлган. Ҳозир уни Ўзбекистоннит улкан қурилиш майдонига айланган дейиш мумкин. Пурвунииқор тоғлар қуршовида жойлашган Зоминда туризмни ривожлантириш борасида Бирлашган миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад сайёҳликдан тушадиган валюта тушумларини кўпайтириш, янги иш ўринларини вужудга келтириш, шу билан аҳолининг турмуш даражасини кўтаришдан иборатдир.

         Яқинда бир гуруҳ олимлар Зомин туманида бўлиб, узоқ тарихга эга 56 минг гектарлик Зомин қўриқхонаси, Миллий боғ ва ўрмон хўжалиги билан танишишди. Айниқса сиру-синоатларга бой Хўжаи Сероб ота, Кўктўнли ота, Хўжа Қаҳҳор қадамжолари, Тўрткўлтепа, Хайиткултепа, Бобоёнғоқ каби тарихий ёдгорликлар ажнабий меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

          Зоминнинг туристик имкониятларини кенгайтириш бугунги куннинг муҳим талаби. Ана шулардан келиб чиқиб, БМТнинг Тараққиёт Дастури, “Ўзбектуризм” миллий компанияси, Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари федерациясининг Курортлар бошқармаси ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.

         2012 йилда Зоминда тоғ чанғи спортини йўлга қўйиш мақсадида чанғи трассаси қурилиб ишга туширилди. Сўнгги йилларда хушманзара ва сўлим Тоғтерак, Усмонлисой, Ўрикли, Ҳулкар, Пшоғор қишлоқларида ташкил этилган 20 дан зиёд меҳмонхона уйлари қулай шарт-шароитлари билан сайёҳларга манзур бўлаётир.

         Шу ўринда яна бир янгилик: БМТнинг Тараққиёт Дастури доирасида Ўзбекистонда биринчи марта Зоминнинг бриндиг ва маркетинг стратегиялари ишлаб чиқилди. Сайёҳларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи гид-таржимонлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Зомин миллий боғида модулли кичик меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар, кўнгилочар маданий масканлар қуриш бўйича инвестицион таклифлар ишлаб чиқилдики, бу келгусида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

         Зоминни чекка-чекка қишлоқларигача бугун кенг қурилиш майдонига айланган дейиш мумкин. 2014 йилнинг инвестиция дастурига киритилган иншоотлар ҳақида икки оғиз гап. Туман марказидаги Шароф Рашидов номли маҳалла худудида қад ростлаётган ёпиқ сузиш ҳавзасида 50 нафардан зиёд қурувчилар ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишмоқда. Ёпиқ сузиш хавзасини 1октябрь-“Ўқитувчилар ва мураббийлар” байрами арафасида сув спорти ишқибозлари иҳтиёрига топширишга ахд қилишган. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишларининг 70-80 фойизи бажариб бўлинди.

         Икки миллиард олти юз етмиш миллион сўмлик маблағ эвазига бунёд этилаётган туманга қарашли Даштобод шаҳридаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси спорт зали, Мўғол Бешбеги қишлоқларидаги ичимлик суви тармоқлари қурилишларида ҳам шу кунларда юксак меҳнат кўтаринкилиги хукмрон. Хуллас, Зомин мамлакатимизнинг мафтункор шаҳарларидан бирига айланмоқда.

                                                      Абдулфайз Баратов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Зеленский амалдорлардан иш кабинетларига унинг портретларини қўймасликларини сўради

Бугун, 20 май куни Владимир Зеленский расман Украина президенти лавозимига киришди. У Олий рададаги тантанали маросимда қўлини конституцияга қўйиб, қасамёд қилди. Зеленскийга ...

Тайлоқ туман ииб инспектори 60 минг пора билан қўлга тушди

15.05.2019 йил соат 12:40 ларда Тайлоқ туман ИИБ ҲПБ ИИО профилактика катта инспектори А.С. 420-сонли милиция таянч пунктидаги хизмат хонасида фуқаро Н.М.дан туман ҳокимининг ...

Дарбадар ўғилнинг қайтиши

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бугунги тайинловлар орасида эътиборга молик жиҳат — Дилшод Кенжаев дейиш мумкин. Дилшод Кенжаев У сўнгги икки йил ичида ушбу лавозимга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400