Йўлимиз тоқатлилик, бағрикенглик ва кечиримлилик йўлидир!

bviboryЎзбекистонда 2014 йил 21 декабрь куни Олий Мажлисга (мамлакат парламенти), халқ депутатларининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Рўйхатдан ўтган тўртта партия: Социал-демократик,  Либерал-демократик, Демократик ва Халқ-демократик партияларининг сайловда иштирок этишига рухсат берилди. бундан ташқари, парламентда 15 та ўрин Ўзбекистон Экология ҳаракати учун олиб қўйилган. Парламентга сайловлардан сўнг – келгуси йилнинг март ойида президент сайловлари бўлиб ўтиши керак. . “Фарғона” ахборот агентлиги Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган, таъқиб этилаётган ёки тақиқланган мухолифатдаги ҳаракатларга мурожаат қилиб ўзларининг сайловолди дастурлари ҳақида сўзлаб беришни таклиф қилди. Агар улар бугунги кунда демократик сайловларда иштирок этиш имкониятига эга бўлганларида, сайловчиларга нималарни ваъда қилган бўлардилар?

Бугун биз эътиборингизга “Бирдамлик” Халқ-Демократик Ҳаракатининг АҚШда истиқомат қилаётган раиси Баҳодир Чориевнинг мақоласини тақдим этамиз. Ушбу мақолада Ўзбекистонда ҳокимиятни нозўравонлик йўли билан алмаштириш тарафдорлари иқтидорга келган тақдирда Каримовнинг сон-саноқсиз мулозимларининг тақдири қандай кечади, ўзлаштириб олинган давлат ва халқ бойликлари қандай йўллар билан бюджетга қайтарилади ва кимларга амнистия берилади, каби саволларга жавоб берилган.

* * *

Қайд этиш жоизки, Ислом Каримов мамлакатни бошқараётганидан бери ҳукумат мулозимлари халқ, миллат равнақи ҳақида қайғурмай, аксинча, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб келдилар.

Айнан ана шундай ўзибўларчиликнинг ортидан Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий, жиҳатдан ўта абгор аҳволга келиб қолди.

Мавжуд режимнинг раҳбарлари ва амалдорлари мамлакат ва халқ бойлигини талон-тарож қилиб, катта қисмини ўзлаштириб олдилар ва бу жиноий ишлар ҳамон давом этмоқда. Ўзбекистонга йўналтирилган юз миллионлаб долларлик инсонпарварлик ёрдамлари аҳолига етиб бормай, тўғридан-тўғри “элита”нинг чўнтагига тушди. Давлатининг ташкил этувчиси саналган Ўзбекистон халқи эса қарийиб 25 йилдан буён хорлик ва зорликда яшамоқда.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ўз олдига мавжуд ноинсоний режимни тугатишни мақсад қилиб қўйган ҳамда келажакда иқтидорга келиши ортидан мамлакатда мулкдорликка асосланган, эркин бозор иқтисодиётига таянган демократик давлат бошқарувини жорий этишни режалаштирмоқда.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг 2014 йилнинг 26-27 апрель кунлари бўлиб ўтган Қурултой якунига бағишланган Матбуот анжуманида мустақил журналистлар томонидан, “Мавжуд режим амалдорлари томонидан қонунга зид равишда ўзлаштириб олинган бойликларни қандай тасарруф қилмоқчисизлар?” каби мазмундаги саволлар берилди.

Ўшанда юқоридаги саволга қисқа жавоб беришга тўғри келган эди. “Биз “элита” ўзлаштирган бойликларини легаллаштириб берамиз, аммо жиноятчилар албатта қамоқда ўтиради”, деб қисқача жавоб билан чекланишга мажбур бўлдим. Чунки, матбуот анжуманида саволларнинг барчасига атрофлича ва батафсил жавоб беришга вақт етмасди.

Шу важдан, ушбу мақолада Каримов режимининг амалдорлари тўплаган қонуний ва ноқонуний бойликлар тақдирига батафсилроқ тўхталишни лозим топдим. Ўйлайманки, ушбу мақола орқали ўқувчилар “Бирдамлик” ҳукумат бошқарувига келса, ҳозирги раҳбарлар ва амалдорларга қандай муносабатда бўлади?” деган саволга атрофлича ва батафсил жавоб олишга муваффақ бўладилар.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ҳукумат бошқарувига келса, ўз олдига ҳозирги ҳукумат мулозимларидан қасд олишни мақсад қилиб қўймаган.

Аммо халқ ва давлат мол-мулкнини талон-тарож қилишда, одамларни ноҳақ қамаб, калтаклаб қийноққа солишда, зўравонликда, одам ўлдиришда, халқни хор-зорликка маҳкум этиб, қашшоқ қилишда жонбозлик кўрсатганларнинг ҳаммаси одил суд олдида жавоб берадилар ҳамда қилмишларига яраша жазога тортиладилар.

Айбсизлик презумциясига кўра, суд қарори чиққунигача ҳеч ким айбдор деб ҳисобланмайди.

Жиноий жавобгарликка тортиладиган собиқ амалдорларга адолатли суд кафолатланади, адвокат ва ҳимоячиларнинг эркин фаолияти таъминланади. Ҳар бир айбланувчининг тақдирига адолатли ёндашилади. Адолат тамойилларига тўлиқ риоя этилиши қаттиқ назорат остига олинади. Жазо муддатларини ўтаётган маҳкумларнинг яқинлари ва қариндошларига нисбатан тазйиқ ва таъқиб ўтказилмайди.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ўз олдига қўйилган мақсадга эришиш учун нозўравон кураш усулини танлаган. Бу кураш усули ғоят машаққатли, оғир йўлни босиб ўтишни тақазо этади. Нозўравон кураш фаоллари зиммаларига юкланган маъсулиятни чуқур ҳис этган ҳолда яхшилик, кечиримлилик, бағрикенглик ва сабр-тоқат билан фаолият олиб борадилар.

Ҳозирги давлат мулозимларининг содир этган жиноятларининг кўлами қанчалик катта бўлмасин, уларга халқининг бир вакили сифатида қаралади ва барча ҳуқуқларининг риоя қилиниши кафолатланади. Шунингдек, маҳкумлар жазони ўтаётганларида уларнинг яқинлари ва қариндошлари билан қонунда белгиланган тарзда учрашувларига, озиқ-овқат, кийим-кечак олиш каби ёрдам олишларига тўсиқ қўйилмайди.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ҳукумат бошқарувига келган тақдирда асосий диққат-эътиборини мамлакатда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларда ва технологик тармоқларда улкан ислоҳатларни изчиллик билан амалга оширишга қаратади. Мулкдорликка асосланган, демократия тамойилларга таянган эркин фуқаровий жамиятини шакллантириш бўйича иш олиб борилади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Каримов режимига хизмат қилаётган амалдорларнинг ҳаммаси ҳам халқ душмани эмас. Уларнинг баъзилари моддий эҳтиёжлари ортидан каримов режимига хизмат қилиб бойлик ортирдилар.

Мулкдорликка асосланган демократик, эркин фуқаровий жамиятни шакллантирар эканмиз, ишбилармон ва тадбиркорларга кенг йўл очишимиз ва шу билан бирга, режим амалдорлари томонидан ўзлаштирилган бойликларни ўзбек халқи равнақи йўлида хизмат қилдиришимиз керак. Бунинг учун амалдорларга имконият яратиб бериш, уларнинг турли йўллар билан топган бойликларини легаллаштириш керак деб ҳисоблаймиз.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати кечиримли, бағри кенг жамоа. Шу билан бирга, Ҳаракат қонун устиворлигига қатъий риоя қилади, ислоҳатларни жиддий назорат этади ҳамда бошқалардан ҳам шуни талаб қилади. Биз мамлакатмизни эркин, бозор иқтисодиётга ўтиш ишида қаттиқ туриб ҳаракат қиламиз ва ислоҳатларни қаттиққўллик билан бошқарамиз. Шу билан бирга, сафимизда, ҳукуматда ва қолаверса ҳаётнинг барча соҳаларида порахўрликка қарши аёвсиз кураш олиб борамиз.

Мақсадимиз – бошланган барча ислоҳатларни поёнига етказиш, халқимизни фаравон ҳаётга етаклаш.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ҳукумат бошқарувига келгач, каримов режимига хизмат қилган барча тоифадаги мутасадди ва амалдорлардан Ўзбекистон ичкарисидаги ва ташқарисидаги ўзлари эгалик қилаётган барча бойлик, қимматбаҳо зеб-зийнат буюмлари, пул маблағлари, кўчмас мулк, умуман олганда, барча активларни декларацияга киритишларини талаб қилади. Декларацияда баҳолар аниқ кўрсатилиши шарт.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ўзлаштирилган бойликларни қуйидаги усул бўйича қонунийлаштиришни режалаган:

Ўзбекистон халқи учун ўртаҳол ҳисобланган 100 минг долларни бошланғич ставка сифатида белгилаб олинади. Уй, машина, пул маблағлари ва қимматбаҳо буюмлардан иборат ушбу миқдордаги бойликка эга бўлган амалдорга нисбатан ҳеч қанақа чора кўрилмайди, бойликларини легаллаштириш, қонунийлаштиришга ҳожат қолмайди.

$100 мингдан зиёд бўлган барча моддий бойликларнинг доллар ҳисобидаги эквиваленти йилига 10 фоизлик йиллик устама билан 10 йил муддатга “Халқ Кредити” номи остида расмийлаштирилади. Мисол учун, декларацияни тўлдирган амалдорнинг барча бойлиги $150 мингни ташкил этиши маълум бўлди: $150.000 – $100.000 = $50.000. Демак, унинг $50 минги “Халқ Кредити” сифатида расмийлаштирилади. Амалдор ҳар йили давлатга шу сумманинг 10 фоизини, яъни 5 минг доллардан устама тўлаб боради. 10 йил ўтганидан сўнг “Халқ Кредити”ни қоплаш учун $50 минг суммани тўлиқ қайтаради.

Демак, биз амалдорга белгиланган ўртача суммадан юқори бўлган пулларни давлатга қайтариб бериш учун 10 йил муддат берамиз. 10 йил ичида у 10% устамаси билан қонунийлаштирган “Халқ Кредити”ни фоизи ва кредитни ўзини тўлалигича давлатга қайтариб тўлайди. Бу давр мобайнида собиқ амалдор қўлидаги сармояни ишлаб чиқаришга киритиб, бу суммани бир неча баробарига кўпайтириш имкониятига эга бўлади. Амалдорларнинг ноқонуний пуллари шу йўл билан қонунийлаштирилади.

Яна бошқа бир мисол келтираман. Агар амалдорнинг барча пул маблағлари 1 млн 300 минг долларга тенг бўлса, у давлатга бир миллион икки юз мингни қайтариши керак бўлади ва унга шу суммада “Халқ кредити” расмийлаштириб берилади. Демак, у барча фоизлари билан давлатга 2,4 млн доллар қайтариб бериши керак бўлади.

Агар кимдир Декларацияда кўрсатилган мулкдан бирини “бу менинг мулким” деб даъво қилса, судларда исботлаб берса, демак, бу мулк 10 йил давомида сотилмайди, шу баҳода декларацияда қайд қилинганча “Халқ Кредити” тасарруфида қолади. Агар даъвогар мулкини қайтариб олиш ҳақида фуқоралар ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилса, унинг иши адолатли равишда ва тегишли тартибда кўриб чиқилади. Агар унинг даъвоси қониқтирилса, жавобгар даъво мулк учун тўлаётган фоизини 10 йил давомида олиб туради ва шу муддатдан сўнг мулкини тўлиқ қайтариб олади. Ёки даъвогар ўз мулкини қайтариб олиш учун 10 йил кутишни истамаса, унда мулкнинг декларацияда кўрсатилган нархини АҚШ доллари ҳисобида тўлаб, амалдордан сотиб олади. Бироқ давлат даъвогарнинг шу мулк учун тўлаган пулларини 10 йил ўтганидан сўнг унга тўлиқ равишда қайтариб беради ва даъвогар шу пуллари ишлатилгани учун йилига 10 фоиз миқдорда устама фоизларини қўшиб олади.

Даъвогар ўз мулкини қайтариб учун бериган пуллар амалдорнинг “Халқ Кредити”га тушади. Амалдор тўлаётган 10% устаманинг бир қисми даъвогарларнинг мулки миқдорида фоизини тўлашга йўналтирилади. Бу ишлар марказлашган ҳолда амалга оширилади. Амалдор фоизини давлатга тўлайди, давлат ўз навбатида, суд қарорини ижро этиб, даъвогарга тегишли фоизини тўлаб боради хамда 10 йилдан сўнг мулк тўлиқ ҳолатда амалдордан даъвогарга қайтаради.

Декларацияларда мулкнинг қиймати $ ҳисобида аниқ кўрсатилиши шарт.

“Халқ Кредити” остида расмийлаштирган мулк учун даъволар икки йилгача қабул қилинади. Шу муддатдан сўнг давлат ҳам, фуқаролар ҳам амалдор тўлдирган декларацияда кўрсатилган мулкка даъво қила олмайди. Амалдорнинг ихтиёрига қонунийлаштириб берилган барча кўчмас мулкига нисбатан икки йилгача сотиш, гаровга қўйиш, совға қилиш ва бошқа кўринишдаги олди-берди муомалаларига тақиқ қўйилади. Шу муддатдан сўнг амалдор барча кўчмас мулкни ўз ихтиёрича тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Амалдор декларацияда кўрсатилган барча бойликларини, пул маблағларини Ўзбекистон ичида ишлатиши шарт. Ўзбекистон ташқарисидаги мулк ва пулларини 2 йил ичида Ўзбекистонга олиб кириши ҳамда мамлакат иқтисодиётига инвестиция қилиши шарт.

“Халқ Кредити” олган кишилар хом ашёни қайта ишлаш, стратегик ишлаб чиқариш корхоналарининг қимматбаҳо қоғозларини ва давлатга ёки даъвогарларга сотишлари шарт. Бу тоифадаги кишилар 10 йилгача хом ашё, стратегик ишлаб чиқариш соҳаларига қўйилмайди. Қолган барча соҳаларда уларнинг фаолияти эркин бўлади.

“Халқ Кредит” доирасидаги тадбиркорлар фақат ишлаб чиқариш билан шуғулланишларига рухсат берилади. Ерларни хусусийлаштириш жараёнида уларнинг фуқаролардан ваучерларни тўғридан-тўғри сотиб олишларига йўл қўйилмайди.

Бирдамлик Халқ Дeмократик ҳаракати Ўзбeкистонда қудратга кeлгач кeнг қамровли иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишни ўз Дастурига киритган. Шу ислоҳатларнинг бир қисми ерни халққа бeпул, қимматбаҳо қоғоз, ваучeрлар орқали ҳусусийлаштириб бeришдир. Бу eрда “Халқ Крeдити” назорати остига тушган амалдорлар халқнинг қўлидан тўғридан-тўғри ваучeрларни сотиб олиб, eр эгалари бўлишига йўл қўйилмайди. Улар бошқалар қўлида тўпланган ваучeрларни фақат қимматбаҳо қоғозлар фондлари орқали сотиб олишлари мумкин. Кўпроқ маълумот олиш учун ҳаракатнинг Дастурига ва шу мавзуга оид мақолаларига қаранг.

Улар ерни хусусийлаштириш учун чиқарилган ваучeрларни фақат Қимматбаҳо қоғозлар биржаси орқали, хусусийлаштирилган eрларни эса Кўчмас мулк биржалари ёки бошқа манбалардан сотиб олишлари мумкин бўлади.

Ўн йил давомида барча устама фоиз ва асосий кредитлар давлатга қайтарилганидан кейин “Халқ Кредити” доирасида қонунийлаштирилган маблағлар эркин ва озод саналади, собиқ амалдорлар ўз бойликлари ва пулларини истаган соҳада, истаган йўналишда сарфлашлари, истаган давлатларига олиб чиқиб кетишлари мумкин. Собиқ амалдорлар барча ўзбекистонликлар қатори тадбиркорлик қилиши, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда назоратсиз, эркин фаолият юритишлари мумкин.

Тўлдирилган декларация матбуотда эълон қилинади. Амалдорнинг декларацияда кўрсатмай яширган бойликлари мавжудлигини аниқланса, суд қарори билан тегишли тартибда ушбу моддий бойликлар амалдор номига очилган “Халқ Кредити”га уч баробар миқдорда жарима ҳисобида қўшилади. Жаримага тортилган мулкнинг бир баробари шу мулкни фош этишга ҳисса қўшган шахсга ёки органга мукофот сифатида берилади, икки баробари эса давлат ҳисобига ўтказилиб, амалдор бу миқдор учун давлатга жарима ва устама фоизларни тўлайди.

Мисол учун, амалдорнинг декларацияда кўрсатилмаган Ўзбекистон ичида ва ташқарисидаги жами мулк ва пул маблағлари миқдори 5 миллион долларга тенг бўлса, ушбу мулкни топиб, судда асослаб берган кишига суд қарори билан 5 млн доллар мукофот тарзида қонунийлаштирилиб берилади. Собиқ амалдор эса 10 фоиз устама тўловлари билан 10 миллион долларга жаримага тортилади. Давлат ҳам жаримага тортилган амалдорга нисбатан ўз даъвосини қўйиши мумкин. Бунинг натижасида жавобгар бир умрга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Амалдорнинг декларацияда кўрсатилмаган мулкини топиб, суд орқали қонунлаштириб олган шахс ўз навбатида ушбу бойликларини 10 йил муддатга Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция қилиши шарт.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, жиноят содир этган барча амалдорлар жавобгарликка тортиладилар. “Бирдамлик” халқ ҳаракати ҳукумат бошқарувига келган тақдирда, уларга нисбатан амнистия қўлланиб, муддатидан аввал озод этилиши мумкин. Бироқ бирорта фуқаро собиқ амалдорга нисбатан даъво қўядиган бўлса, амнистия қўлланмайди ва у жазо муддатини тўлиқ ўтайди. Шуни алоҳида такидлаш жоизки, бугун Каримовга хизмат қилаётган давлат амалдорлари ва мулозимлари катта мтиҳон, улкан синов олдида турибдилар. Улар Каримовга эргашиб, келажакларини бутунлай барбод қилишлари ёки бизга, Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатига қўшилиб, саодатли келажакларини яратишлари мумкин. бизни ҳам молиявий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллашга шошилинг дея Сизларга мурожаат қиламиз. Ушбу мурожаатимизни ўзингиз учун улкан бир имконият деб билинг.

Сафимизга қўшилиб, ёки қўшилмай бизга кўрсатишингиз мумкин бўлган ҳар қандай моддий ва маънавий кўмагингизни юксак баҳолаймиз. Келакажда сизга тегишли ҳар қанча бойликларингизни ҳеч бир муаммосиз, юқорида зикр этилган схемаларни қўлламай, фоиз ундирмай қонунийлаштирилиб беришни ваъда қиламиз. Агар билиб ёки билмай, оғир жиноят содир этган бўлсангиз, сизни судларда ҳимоя қиламиз ва халқимиздан сизни кечиришини сўраймиз. Эртанги кунингиз ҳақида ўйлаб кўринг, бугун кеч эмас, мухолифатга ўтинг, бизга қўшилинг.

Ўтмасангиз ҳам режимга кўр-кўрона хизмат қилишдан тийилинг. “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати сиз ва яқинларингизнинг омон қолиши, мол-мулкингизнинг дахлсиз бўлиши ҳақида қайғуради. Ўз келажагингизни ўзингиз яратасиз, дея умид қиламиз. Бугунги кунда амалга оширилажак эзгу ишларни эртага қолдирманг, акс ҳолда кеч бўлади!

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг раиси, Баҳодир Чориев, 2014 йил, декабрь

 http://uzbek.fergananews.com/article.php?id=1677 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда жон сақлаш учун кураш кетмоқда

Ўзбекистонда кейинги 25-30 йил ичида рўй берайтган ижтимоий-сиёсий эврилишлар ҳақида сўз кетганда, менинг кўз олдимга Танзаниядаги Серенгети пасттекислиги келади. Бу текислик ...

Оқибатли дўст айрилмас

Улуғбек Тоғаев Инсоннинг савоб ва гуноҳ амаллари сарҳисоб қилинадиган кун, мабодо унинг савоб ишлари Жаннатга киритилмоғи учун етмай қолса, Тангри унга яна бир имкониятни ...

 эврил туроннинг ўзбекистонга қайтиши            

Ўзбекистон  ҳеч биримизга сир эмаски, моддий ресурсларга ниҳоятда бой мамлакат. Шунинг баробарида дунёни лол қолдирувчи буюк тарихига, маданий, маърифий, маънавий ўзлигига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400