2015 йил 1 январдан эътиборан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ) ҳақидаги шартнома кучга кирди. Иттифоққа биринчи бўлиб Беларусь раислик қилади.
ЕИИни тузиш ҳақидаги шартномага мувофиқ Иттифоқ ҳудудида товарлар, хизматлар ва ишчи кучининг эркин ҳаракати таъминланади, иқтисод соҳасида келишилган ёки ягона сиёсат юритилади. Миллий қонунчиликларнинг ЕИИ қоидаларига 10 йил давомида мослаштирилиши кутилмоқда.
2016 йилда Иттифоқда умумий фармацевтика бозори, 2019 йилда умумий электр энергияси бозори, 2025 йилда нефть, газ ва нефть маҳсулотлари бозори пайдо бўлади.
2014 йилнинг 29 май куни Россия, Қозоғистон ва Беларусь Евроосиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартномани имзолаган эди. Россия президенти Владимир Путиннинг қайд этишича, мазкур Иттифоқ Жаҳон савдо ташкилоти принциплари асосида ишлайдиган янги иқтисодий ташкилотдир.
2 январь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқига Арманистон ҳам қўшилди. Май ойида эса Қирғизистоннинг ҳам Иттифоқ аъзосига айланиши кутилмоқда.