Қуёш энергиясида ҳаракатланувчи учоқ Ҳиндистонга қўнди

Solar

Қуёш батареясида ишловчи Solar Impulse 2 учоғи 10 март куни Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрига қўнди. Бу ҳақда лойиҳа ташкилотчилари Твиттер орқали хабар бердилар. 9 март куни учоқ Абу-Даби шаҳридан Уммон пойтахти Маскатгача учиб ўтган эди.

Фақатгина қуёш батареясида ишлайдиган, тунда ҳам парвоз қила оладиган Solar Impulse 2 аппарати беш ой ичида 35 минг километр масофага учиб, ер шарини айланиб ўтиши режаланган.

Агар ушбу режа амалга ошса, учоқ тарихда ер куррасини айланган илк қуёш энергиясида ишловчи учувчи аппарат бўлади.

Solar Impulse 2 Ҳиндистондан сўнг Хитойга, сўнг Тинч океани узра Шимолий Америка қитъасига учади.

Учоқнинг қанотлари қулочи 72 метр, оғирлиги 2,3 тоннага тенг. Қаноти 17,2 мингта қуёш батареялари билан қопланган. Унинг максимал тезлиги соатига 140 километрни ташкил этади.

Бўлишинг: