Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов милиция ходимлари тарафидан кўчада олиб қочилган ва мажбурий тарзда руҳий касаллар шифохонасига жойланган. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси хабар қилади.
Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, Алиқул Саримсоқов айни дамда Жиззах шаҳар руҳий касалликлар шифохонасида сақланмоқда.
Саримсоқов саккиз кун аввал Тошкентда бедарак йўқолгани ҳақда ОАВда хабар қилинган эди.
Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов вилоятда фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган. Ўтган йил май ойида у маҳаллий ҳокимият вакилларининг қонунга хилоф амаллари ҳақидаги шикоятларига жавоб қилмаётган Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевни жавобгарликка тортишни талаб қилиб чиққан эди.