Туркманистонда ўнлаб сиёсий маҳбуснинг тақдири номаълум

Собиқ Ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов
Собиқ Ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов

Туркманистон йиллар давомида ёпиқ жамиятлигича қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, мамлакатда юздан зиёд сиёсий маҳбус бор ва уларнинг тақдири номаълум. Айни дамда Туркманистон ҳукуматидан бу маҳбусларнинг аҳволи ҳақида маълумот беришни талаб қилувчи кампания олиб борилмоқда.

АҚШ Давлат департаментининг Дунёда инсон ҳуқуқларига доир йиллик ҳисоботига кўра, Туркманистонда диний ва сиёсий эркинлик йўқ, амалдаги тузумга қарши чиққанлар таъқиб этилади, панжара ортига ташланади. Марҳум президент Сапармурод Ниёзов пайтида амал қилган репрессив сиёсат бугун ҳам давом этмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакатда юздан зиёд сиёсий маҳбус бор ва уларнинг аҳволи – тирик ёки ўлгани ҳақида ҳатто оила аъзоларига ҳам маълумот берилмаган.

Каспий денгизи атрофидаги мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ўрганувчи “Crude Accountability” ташкилоти “Уларнинг ҳаётлигини исботланг” деган акция бошлаган. Виржиния штатида жойлашган бу гуруҳ раҳбари Кейт Уоттерснинг айтишича, юзга яқин маҳбусдан 66 нафарининг шахси аниқланган.

“Бу халқаро кампания бўлиб, Туркманистон ҳукуматини сўнгги 13 йилда қамалиб бедарак кетган инсонларнинг аҳволи ҳақида хабардор қилишни сўраймиз. Халқаро ташкилотлар орқали, халқаро механизмлар ёрдамида ҳукуматга босим қўйиб, сиёсий маҳбуслар ҳақида маълумот улашишни, оила аъзоларига улар билан кўришишга рухсат беришни ҳамда маҳбусларни тиббий ва ҳуқуқий хизматлар билан таъминлашни талаб қиламиз. Улар тирикми, йўқ, шуни билмоқчимиз”, – дейди Уоттерс.

Интернетда “Туркманистон ҳақида муқобил хабарлар” сайти асосчиси, туркманистонлик журналист Руслан Мятиевнинг айтишича, сиёсий маҳбусларнинг аксарияти 2002 йилда Ниёзовга қарши суиқасдга алоқадорликда айбланиб қамалган.

“Бу инсонларнинг баъзилари 13-20 йилга қамалган, бироқ бу ишдаги роли жуда минимал бўлган. Айримлари катта ёшда. Туркманистонда ўртача ҳаёт давомийлигининг қисқа эканини ҳисобга олсак, баъзилари касалликдан вафот этган бўлиши ҳам мумкин. Ҳукумат, ҳеч бўлмаганда, улар тирикми, йўқми, шуни айтса бўларди”, – дейди Мятиев.

Маҳбуслар орасида собиқ Ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадов ҳам бор. У ҳам Ниёзовга қарши фитнада айбланиб, 2002 йилда қамоққа ташланган. Ўшанда, 13 йил олдин Шихмурадов 53 ёшда эди.

2006 йил охирида Ниёзов вафот этиб, унинг ўрнига Соғлиқни сақлаш вазири Қурбонгули Бердимуҳаммедов президент бўлганига қарамай, аҳвол кескин ўзгармади.

2007 йилда янги давлат раҳбари 11 сиёсий маҳбусни озод этди, Ниёзовга сиғинишга чек қўйди, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи иккита комиссия ташкил этди, давлат диний озчиликдаги 13 та гуруҳни рўйхатга олди. Бироқ, дейди ҳуқуқ фаоллари, матбуот ва уюшиш эркинлигини чекловчи қонунлар ислоҳ этилмади, репрессив назоратни амалга оширувчи органлар ҳали ҳам фаол ишламоқда, Ниёзовга сиғиниш Бердимуҳаммедовга сиғинишга алмашди.

Энг қизиғи, дейди журналист Руслан Мятиев, марҳум Туркманбошига қарши фитнада айбланганлар озодликка чиқмади. Унга кўра, Ниёзовнинг ўлимидан сўнг давлатни ҳар хил кучлар бошқармоқда.

“Бу маҳкумларнинг Бердимуҳаммедовга умуман алоқаси йўқ. Уларнинг амалдаги президентга қарши шахсий ғарази ҳам йўқ. Менинг назаримда, Бердимуҳаммедов бу масалани ҳал қила олмайди. У ташқи ва ички сиёсатга бош, аммо бу ишлар билан унинг атрофидаги бошқа кучлар шуғулланади”, – дейди Мятиев.

Марказий Осиё бўйича консултант Майлз Смитнинг айтишича, Бердимуҳаммедовнинг бошқарув услуби Ниёзовникидан фарқ қилади, аммо натижа ўша-ўша.

“Ниёзов пайтида кўп нарса томоша учун қилинарди, ҳозир ҳам одамлар сиёсий қарашлари учун қамоққа олинмоқда, аммо шовқин-суронсиз”, – дейди Смит.

“Уларнинг тириклигини исботланг” акцияси асосчиси Кейт Уоттерснинг айтишича, Туркманистон кичик ва ёпиқ мамлакат бўлгани сабаб у ердаги сиёсий жараёнлар ҳақида маълумот олишнинг иложи йўқ. Бусиз эса унга босим қўйиш осон эмас. Журналист Руслан Мятиевга кўра, туркман мухолифатининг йўқлиги ҳам республикадаги жараёнлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишни қийинлаштирмоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилади

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқаролар ...

Термизлик фуқаро 1,5 миллион сўм қарзи борлиги учун москвага учиб кета олмади

Термиз шаҳрида яшайдиган А.Устаев жорий йилнинг 27 март куни Қарши шаҳридан Москвага учиб кетиши керак эди. Лекин, рўйхатдан ўтиш вақтида аэропорт ходими унга солиқ ...

Бахтиёр абдусаматов тадбиркорларни қурилиш ва йўл ишларига мажбурлагани учун озодликдан маҳрум этилган

Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов ер майдони ажратиб бериш эвазига тадбиркорларни ижтимоий бинолар қуриш ва кўчаларни асфальт қилиш ишларига мажбурлагани учун ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400