Баҳодир Чориевнинг Сайловчиларга Мурожаати

bahodirАзиз ватандошлар! Қадрли миллатдошлар!

Аввало, барчангизни кириб келган Наврўз билан табриклайман.

Баҳор ва янгиланиш – халқимизнинг узун йиллардир орзиқиб кутаётганидир. Зеро Ўзбекистон мана 25 йилдан бери диктатор Каримов бошлиқ жиноятчи тўда тарафидан ишғол қилингандир. Чорак аср мобайнида мамлакатимиз барча соҳаларда таназзулга юз тутди: оддий халқнинг турмуш даражаси ёмонлашди, мамлакатда ишсизлик ва қашшоқлик кучайди, давлат органларида порахўрлик авж олди. Бу фожеалар оқибатида яна-да улкан фожеа юзага келмоқда: миллат ўз маънавий қадриятларини йўқотиб бормоқда!

Албатта, бундай аянчли аҳвол абадий давом этмайди. Тарихда ҳам халқимиз каби моддий ва маънавий қашшоқликка юз тутган, ўзлигини, ҳатто маълум муддат давлатчилигини йўқотган халқлар бўлган. Улар алал-оқибат ўз келажаги ўз қўлида эканини англаб етганлар, зулмга қарши, истибдодга қарши бирлашган ҳолда курашганлар ва тарихий ғалабага эришганлар.

Ўзбекистонни истило этган ва унинг барча бойликларини эгаллаб олган, халқини нормал инсоний ҳаёт кечириш имконидан маҳрум этган бу – диктатор Каримов бошлиқ жиноятчилар тўдасидир. Бу тўданинг бош мақсади – мамлакатнинг ерости ва ерусти бойликларини пуллаб бойлик орттириш, давлат террори орқали халқни доимий қўрқув остида ушлаб туриш, ва шу йўл билан ўз ҳокимиятини давом эттиришдир. Уларнинг қўлида ноқонуниййўллар билан тўпланган миллиардлар, ҳамда хизматига сотилган миллионлаб шотирлар, сиёсатини мақтовчи маддоҳлар, сиёсатига рози бўлмаганларни жазоловчилар бор. Бутун бошли армия, куч ишлатар тизимлар бор. Бир қарашда, бу жаллодлар гуёки енгилмас куч ва чексиз қудрат каби туюлиши мумкин, аммо реал воқеълик бутунлай бошқачадир.

Эътибор қилинг, ҳар қандай зулм ва ҳақсизлик устида қурилган режимлар охир оқибат йиқилган ва йиқилмоқда, бунга энг ёрқин мисол сифатида Шарқий Европадаги коммунистик режимлар, Совет Иттифоқи, кейинчалик Грузия, Украина ва Қирғизистон, сўнгги йилларда эса Тунис, Миср, Ливия каби ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Бу ўлкаларнинг халқлари ҳам худди биз каби бошида турган золим режимларни, эҳтимол, абадий ва енгилмас деб ўйлашгандир. Бу халқлар ўз тақдири ўз қўлида эканини англаб етгач, ҳақ ва адолат учун курашга отланган сиёсий ташкилотларга қўшилиб, уюшганлар. Уларнинг оғир ва муросасиз кураши натижасида шу нарса ошкор бўлдики, аслида диктатура сиз ва биз ўйлагандик кучли эмас эканлар.

Азиз ватандошлар! Қадрли миллатдошлар!

Биз 2004 йилда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатини туздик. “Бирдамлик”нинг мақсади – Ўзбекистондаги қаттол режимга қарши нўзоравон, тинч ва легал йўллар билан курашишдир. Ва мана қарийб 11 йилдан буён ўз мақсади йўлида собит қадам ташлаб келмоқда. Бизнинг нозўравон кураш йўлимиз диктатура режимига қарши энг мақбул, ва энг оз инсоний талофатлар билан курашиш усулидир. 11 йил олдин ўз ҳақларини талаб этиб майдонга чиққан “Бирдамлик” ҳаракати, мана бугун муқобил президентлик сайловларида қатнашмоқда.

Биз келажакда халқимизнинг қўллови ва сиёсий фаоллиги ёрдамида Каримов диктатурасига барҳам берамиз.

Каримов режимига барҳам бериш ортидан, зиммамизга жуда катта масъулиятли вазифани юклайди. Мамлакатда эркин, шаффоф ва демократик сайловлар ўтказиш, ҳамда ҳуқуқ ва адолатга асосланган янги давлатчиликни тиклаш, иқтисодни бугунги таназзулдан олиб чиқиш, мамлакат бўйлаб ҳар соҳада кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш лозим бўлади.

Азиз ватандошлар! Қадрли миллатдошлар!

Ўзбекистон учун энг мақбул тузум бу – Оммавий Мулкдорликка асосланган Демократик, Эркин, Фуқаровий жамиятдир. Биз буни қисқача қилиб “Мулкдорлик тузуми” деб атаганмиз.

Мулкдорлик тузуми бу – авваламбор адолат ва ҳуқуққа асосланган давлат бошқарувидир. Зеро Мулкдор ўз сўзига ва ўз ҳақини ҳимоя қилиш имконига эга бўлади.

Мулкдорлик тузуми бу – эркин бозорга асосланган иқтисоддир. Иқтисодга давлат қонун доирасидан бошқа аралаша олмайди.

Мулкдорлик тузуми бу – ўзбек халқининг дини ва миллий қадриятларига асосланган янги ижтимоий сиёсатдир.

Мулкдорлик тузуми бу – халқимизнинг турмуш даражасининг ортишидир.

Мулкдорлик тузуми бу – Ўзбекистондаги барча Ерлар халққа бир умрга бепул тақсимланиши, ва ҳар бир фуқаро ўз ерини ўзи тасарруф этиши демакдир.

Мулкдорлик тузуми бу – Маориф соҳасига давлат бюджетини нақд ярми ажратилади демакдир. Ва Маориф ходимларининг турмуш даражаси яхшиланади демакдир. Янги авлоднинг билим даражаси ўсади демакдир.

Мулкдорлик тузумидан энг кўп манфаат кўрадиган тараф бу – халқимиздир, энг кўп йўқотадиган тараф эса – бугунги ҳукумат тепасидаги жиноятчилардир. Мана шунинг учун ҳам ҳокимият Мулкдорлик тузумига, бу тузумни ёқлаётган “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатига, ҳамда Ҳаракат фаолларига қарши турли тазйиқ ва қоралаш кампанияларини ўтказиб келмоқда. Аммо бизни бир нарса қувонтиради, ватандошларимиз орасида Мулкдорлик тузуми ҳақида хабардор бўлаётган ва уни қўллаётган кишилар тобора кўпаймоқда. Бизни келажакка умид билан қарашимизнинг сабаби ҳам мана шудир.

Мулкдорлик тузумида мамлакатда солиқ ва божхона ставкалари камайтирилади.

Хусусийлашмай қолган корхоналарнинг барчаси хусуийлаштирилади.

Чет эл инвесторлари учун ҳар томонлама қўлай шароитлар яратиб берилади, икки фуқаролик йўлга қўйилади, ҳамда ОВИР тизими бутунлай бекор қилинади.

Мулкдорлик тузумида янги темир йўллар, автомобил йўллари ишга туширилади, янги электр, газ, ичимлик суви тармоқлари қурилади.

Мулкдорлик тузумида Тиббиёт соҳаси буткул хусусийлаштирилади.

Мулкдорлик тузумида бугунги “Сўм” бекор қилинади ва янги “Турон” пул бирлиги муомалага киритилади.

Азиз ватандошлар!

Биз келажакда Янги Ўзбекистонни янги сиёсий тузум – “Мулкдорлик тузуми” асосида қурамиз. Биз бу улкан мақсадларни фақат сизга, сизнинг қўлловингизга ишонган ҳолда қўйганмиз.

Қадрли миллатдошлар! Бизни қўлланг ва муқобил сайловларда менга овоз беринг.

Биз сизнинг ишончингизни оқлашга ва сиз учун хизмат қилишга тайёрмиз!

Ҳурмат ва эҳтиром ила

Баҳодир Чориев
Ўзбекистон Президентлигига номзод
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раиси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бизга амалий кўмак керак: мени жисман йўқ қилиш истагида оғулашмоқда !

МЕНИНГ ФАОЛИЯТИМ УЧУН ФАРЗАНДЛАРИМ ТАВОН ТЎЛАШИ КЕРАКМИ? ЁШ ҚИЗАЛОҚЛАРИМНИ ЗАҲАРЛАШ КИМГА, НИМАГА КЕРАК?   Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча элчихоналар ва дипломатик ...

Ӯзбекистон республикаси президенти шавкат миромонович мирзиёевга мурожаат

Муҳтарам Шавкат Миромонович! Ҳурматли жаноб Президент! Мен Боҳодир Чориев, Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг асосчиси ва етакчисиман. (more…)