Ўзбек тадқиқотчилар меҳнат мигрантларининг ватанга таъсири ҳақида

Ўзбек тадқиқотчилар меҳнат мигрантларининг ватанга таъсири ҳақида

Жорж Вашингтон университетида “Ўзбекистон ташаббуси” номи остида ўтган конференцияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди. Ёш олимлар ўз илмий изланишлари хулосасини тақдим этди.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликларидан иборат қишлоқ хўжалиги тизими вужудга келди. 2009 йилгача мамлакатда 200 мингга яқин фермер хўжаликлари ташкил этилган бўлса, ҳозирга келиб улар сони кескин камайган. Чунки пахта, буғдой каби давлат буюртмаси асосида етиштириладиган экинлар маҳсулдорлигини ошириш, харажатни камайтириш учун фермер хўжаликлари ҳажмини катталаштириш ва кичик фермерлар фаолиятини тугатиш сиёсати амалга оширилди, дея таҳлил қилади Германиянинг Либниц институтида бу борада тадқиқот олиб бораётган Нодир Жонибеков.

“Бундан ташқари, қишлоқ жойларида яшовчи оилаларнинг аксарияти ўз уйларида ёки бошқа жойдан олинган ерларда деҳқончилик билан шуғулланади. Улар, асосан, мева ва сабзавот етиштиради, шунингдек, чорва. Ҳаммаси шахсий истеъмол учун”, – дейди у.

Олимнинг айтисича, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалигини турли шаклда ишловчи ва ўзаро алоқадорликда фаолият юритувчи ранг-баранг деҳқончилик тизимига ўхшатиш мумкин.

“Уларнинг фаолияти бир-бири билан боғлиқ. Фермерлар ерларни, одатда, узоқ муддатли ижара асосида ишлатишади. Аммо бу шартномалар тугатилиши мумкин. Фермер хўжаликларини бирлаштириш даврида бунга гувоҳ бўлдик. Оилалар ихтиёридаги томорқалар устидан эгалик қилиш бўйича эса одамлар анча эркин ва доимий эгалик ҳиссига эга”, – дейди Жонибеков.

Тадқиқотчи фермер хўжаликлари ҳажми катталашиши оқибатида юзага келган янги муаммоларни ҳам тилга олади.

“Кичик фермерлар иши самаралироқ эди. Чунки улар ўз маҳсулотларини яхшироқ бошқара олади. Катта фермаларда эса бошқарув харажатлари катта, самарадорлик эса паст. Фермер хўжаликлари жуда катта, уларни юритиш қийин. Айни пайтда мустақил деҳқончилик қилувчи оилалар керакли техника ва бошқа ёрдамни ўз вақтида ололмайди”, – дейди у.

Фермерлар ва уларнинг ишчилари ўртасидаги муносабатлар, асосан, норасмий шартномаларга таянади. Фермер ўз ишчисига маълум миқдорда маош тўлаши ҳамда деҳқончилик қилиб оиласини боқиши учун ер бериши мумкин.

Фермер хўжаликларидаги меҳнат муносабатлари ҳақида сўзлар экан, Жонибеков дейдики, кўп ҳолларда ўртада ҳеч қандай расмий шартнома йўқ. Хизмат ҳақининг бир қисми пул, бир қисми ҳосилдан улуш ёки имтиёзли шартлар билан фойдаланиш учун бир парча ер бериш каби шаклларда амалга оширилади, дейди ўзбекистонлик олим.

“Бундай норасмий иш юритиш ёмон. Чунки унда ишчиларнинг ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаган бўлади. Ҳукумат ҳам исталган пайт, хоҳласа, бу ерларни олиб қўйиши мумкин”, – дейди у.

Ўзбекистонда фермер хўжаликларида ишловчи 400 одам билан суҳбат ўтказган Нодир Жонибеков хулосасига кўра, ишчи оилаларга ердан фойдаланганлик учун олдиндан қўйиладиган шартлар, масалан, маълум миқдордаги маҳсулотни топшириш режасини белгилашда ҳосилга таъсир қилувчи табиий омиллар ҳисобга олинмайди.

“Ҳар йили етиштирилган ҳосилнинг нархида ўзгаришлар бўлади, сув таъминоти ва бошқа омиллар ҳосил миқдорига таъсир қилади. Олдиндан белгилаб қўйилган режани бажариш эса бундай шароитда қийин”, – дейди тадқиқотчи.

Айни шу ҳолатни фермерларга давлат томонидан қўйиладиган мажбуриятларда ҳам кўриш мумкин. Йиллик ҳосил миқдорини белгилашда ҳосилнинг қандай бўлишига таъсир қиладиган табиат омили ҳисобга олинмайди.

Австралиянинг Гриффит университетида тадқиқот олиб бораётган яна бир олим, ўзбекистонлик тадқиқотчи Жаҳонгир Қаҳҳоров хорижга, асосан, Россияга йўл олаётган меҳнат мигрантларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига кўрсатаётган таъсирини ўрганмоқда.

Унинг айтишича, хориждан жўнатилаётган маблағ ўзбекистонлик оилалар топадиган даромаднинг муҳим қисмига айланган. Шунингдек, Россияга ишлаш учун кетаётган мигрантларнинг ўртача ишлаш муддати борган сари ошиб бормоқда, дейди у.

“2006-2007 йилларда меҳнат муҳожирларининг Россияда ўртача қолиш муддати 4-6 ойни ташкил этган бўлса, 2013 йилга келиб уларнинг ўртача ишлаш муддати 8 ойга етди”, – дейди Қаҳҳоров.

Сўровларда муҳожирларнинг 49 фоизи рус тилини ёмон билишини айтган. Саккиз фоизи эса бу тилда мутлақо гапира олмайди. Аммо тилни билмаслик ишчиларнинг Россияга келишига тўсиқ бўла олмаяпти, дейди тадқиқотчи.

“Мигрантларнинг аксарияти қишлоқлардаги катта оилаларга мансуб ва улар, асосан, ўрта мактаб таълимини олган, холос. Ўзбекистондан Россияга малакали мутахассислар кетяпти, деб бўлмайди. Оддий ишларни бажарувчи малакасиз ишчилар улар”, – дейди у.

Жаҳонгир Қаҳҳоров хориждан келаётган маблағнинг ватанда қандай мақсадлар йўлида сарфланаётганини ҳам ўрганган.

“Ўзбекистонда Россияга ишчи жўнатаётган оилалар топган даромадларини, асосан, соғлиқ ва бошқа озиқ-овқат билан боғлиқ бўлмаган харажатларга сарфламоқда. Даромад ўсяпти, аммо шуниси қизиқки, озиқ-овқат учун харажат камайган. Таълим харажатлари ҳам оилалар учун муҳим эмаслиги аниқланди. Даромад ўсса ҳам, таълим учун сарфланадиган харажатда ўзгариш бўлмади”, – дейди тадқиқотчи.

Қаҳҳоров таҳлилича, ҳукуматнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан сиёсати мужмал; хорижга ишлаш учун кетаётган фуқаролардан ҳатто нафратланиш кайфияти бор.

“Ундан кўра, ҳеч қандай сиёсат бўлмагани яхши эди. Ҳозирги қараш уларни ажратиш, айблаш, ҳатто таҳқирлаш сиёсатига асосланган. Ваҳоланки, тадқиқотимизнинг кўрсатишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳукуматнинг бюджет танқислиги муаммоларини ҳал қилишга катта ҳисса қўшади. Аҳолининг йирик қисми учун улар ижтимоий хавфсизлик кафолати вазифасини бажармоқда”, – дейди ўзбекистонлик тадқиқотчи.

Анжуман якунида янграган хулоса шу бўлдики, Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакат иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалигига таъсири улкан. Чунки бир неча миллионни ташкил этувчи бу мигрантлар мамлакат ичидаги ишга яроқли аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Россия иқтисодиётининг сустлашиши оқибатида бу мамлакат меҳнат бозорида юз бераётган ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳатто сиёсий ҳаётида силкинишларга сабаб бўлиши мумкин деган хавотирлар бор.

amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400