ЎИҲ Афғон ўзбекларини қўлга қурол олишга чақирди

IMUАфғонистон қонунчиларининг таъкидлашича, Покистон, Чеченистон, ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар ҳар куни мамлакатга кириб келмоқда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса сўнгги баёнотида Афғонистондаги ўзбекларни сафга чорлаган. Маҳаллий аҳолини деҳқончиликни йиғиштириб, қўлга қурол олишга ундаган.

Афғонистон шимолида жойлашиб, “Исломий давлат” ёрдамига умид қилаётган Ўзбекистон Исломий ҳаракати навбатдаги баёнотида ўзбекларга мурожаат қилади. Гуруҳ деҳқончиликни йиғиштириб, қўлга қурол олишга чақиради.

Баёнот Қундузда толиблар билан зиддиятли жанглар давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқалган бир пайтга тўғри келди.

​“Озодлик” радиосининг туркман хизмати Афғонистон парламентида 4 май куни шимолдаги вазият муҳокама қилингани ҳақида хабар беради.

Депутат Улам Тариқ Мажруҳга таяниб хабар берилишича, Афғонистонга ҳар куни Покистон, Чеченистон ва ўзбекистонлик юзлаб жангарилар кириб келмоқда. Вилоятларда вазият оғирлашган, аҳоли яшовчи ҳудудлар жангарилар қўлига ўтмоқда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонга кўчиб ўтаётгани ҳақида хабарлар аввалроқ пайдо бўлган эди. Гуруҳ раҳбари Усмон Ғозий “Фейcбук” тармоғида қилган сўнгги баёнотида гуруҳ асосан Афғонистон шимолига кўчганини тасдиқлайди.

Афғонистонлик ўзбек Ҳайбатулоҳнинг айтишича, ҳаракат жангарилари айрим маҳаллий ўзбекларда қўллаб-қувватлов топиши эҳтимолдан холи эмас.

“Албатта улар бир томондан тил, миллатдошликни олға сурса, бошқа томондан Толибон ёки Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг қонун-қоидаларини ёқловчи, ёқтирадиган одамлар ҳам бор, буни рад этиб бўлмайди. Афғонистон ҳукумати аввал ҳам бу ҳаракат Қундузда жойлашиши сабаби, у ерда ўзбеклар кўплиги, мафкурасини қабул қилгани билан изоҳлаган эди. Қундузда уларни қўллаган, муносабатга киришган, фаолият юритишига имконият берганлар бўлиши мумкин. Қундузда тожикистонлик, қирғизистонлик жангарилар ҳам бор”, – дейди у.

Ҳаракатга оид бугунги вазият ҳақида турли мунозараи фикрлар мавжуд. Айрим шарҳловчилар гуруҳ кучая бошлаганига урғу берса, айримлар фикрларига кўра, Покистондаги ваҳшийликлари учун Вазиристондан сиқиб чиқарилган жангарилар ҳозир ҳаётларини сақлаб қолиш учун курашмоқда.

“Ўзбекистон Исломий ҳаракати Вазиристондаги қилмишларидан сўнг (ЎИҲ томонидан амалга оширилган террор ҳужумлари) Покистон ҳукумати уларни қаттиқ тазйиқларга олди. Ҳозир улар ўз жонларини сақлаб қолиш ҳаракатида юрибди, кичик-кичик гуруҳлар шаклида Афғонистон шимолининг чекка ҳудудларига, асосан, ўзбеклар бор жойга кўчишмоқда. Ҳаракат ўз фаолиятини Ўзбекистонга ёки минтақага йўналтиради деб ўйлаш, нотўғри. Бунинг учун уларда моддий қудрат ҳам, техник имкониятлар ҳам йўқ”, – деган фикрда “Ислом ва сиёсат” саҳифаси муаллифи Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Сўнгги пайтда Афғонистон билан чегарадош бўлган бутун минтақа бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган, терроризм таҳдидига оид тарғибот ишлари ўтказилмоқда.

“Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти хавфсизлик идоралари йиғилиб, “Исломий давлат”га қарши курашга келишиб олишди, аммо “Исломий давлат” қаёқда-ю, ШҲТ қаёқда. Экстремизм ва терроризм таҳдиди ваҳималари минтақа режимлари учун, диктатурага хизмат қилмоқда, диндорларга нисбатан тазйиқларни кучайтирмоқда”, – деган фикрда Абутов.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Паркентда топилган диний варақалар бўйича фавқулотда махсус амалиёт ўтказишди. Ёш ўсмирларни ҳибсга олиш билан якунланган қўшма амалиёт аҳоли орасида ваҳима уйғотгани айтилади.

amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қирғизистон 2015 йил майигача евразэс аъзоси бўлиши мумкин

23 декабрь куни Евроосиё иқтисодий кенгашининг Москвада ўтказилган йиғилишида Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартномага қўшилиши ҳақидаги ҳужжат ...

Ўзбекистон наркокураш учун ақшдан $6,2 млн. ёрдам олади

27 апрель куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шартномага киритилган 13-рақамли тузатишни имзолади. Бу ...

Россия ва тожикистон «мусулмонларни қайта тарбиялаётган» хитойни қўллаб-қувватлади

БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашида Хитой томонидан Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилди. Хитой ҳукумати ушбу ҳудудда ўзгача сиёсат юритмоқда ва ...