Каримов ва Атамбаев айтишуви алоқаларга қанчалик таъсир қилади?

karimov-atambaevЎзбекистон раҳбари Каримов Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан берган баёнотида узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш – биринчи даражали вазифамиздир, деган эди.

Бу орада, унинг Москвадаги анжуманда Қирғизистон раҳбарига қарата айтган гаплари қизғин муҳокамада. Қирғизистон матбуоти Каримовнинг Алмазбек Атамбаевга берган танбеҳларини мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилгани билан боғлаётган бўлса, Украина матбуоти Москва режалаган зиддиятни Каримов пучга чиқаргани ҳақида ёзмоқда. МДҲ лидерларининг Москвада ўтган норасмий саммитида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонлашга оид мулоҳазалар бўйича Каримов ва Атамбаев ўртасида кузатилган тортишув мунозаралар уйғотишда давом этмоқда.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи ишлар бўлими бошлиғи Сапар Исаковнинг матбуотга берган изоҳига кўра, Атамбаевнинг фикрлари мутлақо мантиқли ва ўринли, лекин Ислом Каримовнинг давлат раҳбари сифатида бошқа бир давлат раҳбарининг чиқишини бу тариқа ва бундай оҳангда баҳолаши ўринсиз бўлган.

Ўзбекистондан фарқли Қирғизистонда, қирғиз матбуотида ҳам Каримов ва Атамбаев ўртасида кечган тортишувнинг икки давлат ўртасидаги алоқаларга қанчалик таъсир қилиши мунозара қилинмоқда.

Қирғизистонлик экспертлар Каримовнинг Атамбаевга нисбатан танқидлари ғалабани қандай нишонлашга оид баҳсларга эмас, балки Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши билан боғлиқ кўришади.

Эксперт Марс Сариевнинг ёзишича, Евроосиё иттифоқига аъзолик Қирғизистонни Ўзбекистон таъсиридан узоқлаштиради, қўшниларига нисбатан босим имкониятидан маҳрум бўлаётган Каримов эса бундан асабийлашмоқда ва норасмий саммитда буни ошкор этиб қўйган.

Қирғизистон шарҳловчиларига кўра, президентлар тортишиши шундоқ ҳам кескин бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатларда зиддиятни оширмайди, ўзбек томони табиий газни ўчириши эҳтимоли йироқ.

Украинада матбуот мавзуни изчил муҳокама қилмоқда. “Vestiua.com” нашри ўз мақоласини “Ислам Каримов поставил на место Алмазбека Атамбаева” деб номлаган.

Нашрга кўра, Кремль МДҲнинг заиф давлати Қирғизистондан, президентидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Кремль Атамбаев қўли билан Москвадаги ғалаба парадида қатнашишдан бош тортган МДҲ лидерларини камситмоқчи бўлган, аммо тажрибали Каримов Москванинг бу ниятини пучга чиқарган.

Украина матбуоти Каримов ва Атамбаев тортишувини ёритар экан, Президент Петро Порошенконинг Москвадаги парадда иштирок этмаган давлатлар раҳбарларига билдирган миннатдорчилигини эслатиб ўтади. Украина Москвани ғалаба байрамини ўзлаштирганликда айблайди, Қрим ишғолида қатнашган рус ҳарбий техникаси ғалаба парадида қўйилишини қабул қилиб бўлмас деб баҳолайди.

Ўзбекистонлик эксперт Анвар Назирнинг айтишича, Каримов Москвадаги ҳарбий парадда иштирок этмагани Иккичи жаҳон урушидаги ғалаба мамлакатда Хотира ва қадрлаш куни нишонланиши билан боғлиқ. Лекин Украинадаги сўнгги можаролар Москва сиёсатидан хавотирни жиддий оширган, Тошкент эса МДҲда Украинани қўллаб-қувватлаш позициясида.

“Бу очиқ-ойдин айтилмаяпти, лекин Тошкент Украина томонида. Охирги пайтда МДҲ миқёсида юритилаётган сиёсат ҳам шундан дарак бераяпти, Украинани қўллаб-қувватлаяпти. Чунки бу нарса (Россиянинг Украинадаги ҳаракати) Тошкент учун ҳам хавфли, Украинада Қрим масаласи пайдо бўлгач, бирданига ўзбек интернетида ҳам турли гаплар пайдо бўлди, Қорақалпоғистондаги айирмачилар, мустақиллик ҳақида. Ўзбекистон ҳукумати бундай нарсаларга жуда сезгир, бу нарса ёқмайди, лекин бу Қрим муаммосидан келиб чиққан оқибат. Бу оқибат Ўзбекистонда ҳам сезилиши мумкин, ҳукуматнинг эса бунга нисбатан ўз жавоби бўлиши керак”, – дейди Анвар Назир.

Каримов ва Атамбаев ўртасидаги тортишув МДҲ лидерларини 8 май куни Москвада ўтган норасмий саммитида кузатилди.

МДҲдаги айрим лидерлар Москвадаги ҳарбий парадда иштирок этмаётганини, ғалабани унутишга уриниш борлигини танқид қилган Атамбаевнинг чиқишига Каримов кескин қаршилик билдирди. Каримв мустақил давлат раҳбарлари ғалаба байрамини ўзлари хоҳлаган жойда, ўз халқлари танлаган усулда ўтказишга ҳақли эканини айтди.

Атамбаевнинг бу менинг шахсий фикларим эди, деган эътирозига эса Каримов сизнинг фикларингизни биз анчадан буён биламиз, қабилида аччиқ жавоб қайтарди.

8 май куни Москвадаги саммитда иштирок этган Каримов ҳарбий парадда иштирок этмай шу куни Тошкентга қайтиб келган эди. Саммит ортидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи лидерлари иштирокида ўтган учрашувда эса Қирғизистон бу иттифоқ аъзолигига қабул қилинди.

amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400