Бўтакўз (Иккинчи боб)

Эртаси куни одатдагидан барвақтроқ, тонготарда турдим. Кеча ўтовда ётиб ўзимча шундай аҳд қилган эдим: бор кучимни ишга солиб шундай ишлайинки, бирон киши койишигина эмас, ҳатто таъна ҳам қила олмасин. Ўзимнинг бошқалардан кам эмаслигимни бир кўрсатиб қўяй.


Даставвал ёнилғини келтириб, бакларга ўзим қуйиб чиқдим. Сўнгра, иш бошлагунга қадар тракторларнинг радиаторларини сувга тўлдириб қўяй деб, аравам билан булоқ томон жўнадим, ундан кейин нонушта қилиб олишга улгуриш ва бирор дақиқани ҳам зое кетказмай яна сув ташиш керак. Ҳозирча иш мен ўйлагандек бораётганди.
Бу орада ғира-шира, оқимтир туман қопланган уфқ ортидан аста-секин қуёш бош кўтара бошлади. У гўё чексиз чўзилиб кетган Анорхой даштларига назар ташлашдан чўчиб, анча вақтгача ўрнидан қўзғалмай турди. Сўнг яна бир қараганимда қиё боқиб, жамолини кўз-кўз қилаётгандай кўринди. Қуёш тиғ ураётган пайтдаги дашт манзарасидан гўзалроқ нарса бўлмаса керак! Гўё улкан ложувард денгиз ўз қирғоқларидан кўтарилиб чиққан-у, шу бўйича мовий тўлқинлари музлаб қолгандай, унда-мунда қуйқа тортиб қолган қисмлар тўқ кўк ва сарғиш тусда жилваланади.
О, Анорхой, о, бепоён дашт! Нега сукут сакдайсан, нималар ҳақида хаёл сурасан? Асрлар бўйи нималарни сир сақлаб келяпсан, келажакда сени нималар кутяпти?
Мен бор-йўғи бир сувчиман, лекин бунга ўксинмайман. Ҳали мана шу ерларга ҳам, машиналарга ҳам ўзим ҳукмрон бўламан. Ахир иккита тракторимиз, бу ерда қилинаётган ишларнинг ҳаммаси — ишнинг бошланиши, холос. Мен тадқиқотчиларнинг Анорхой даштида катта ер ости дарёлари бор, деган фикрини аллақаерда ўқиган эдим. Эҳтимол, бу ҳали тахминдир, аммо нима бўлса ҳам, ишончим комилки, кишилар бу ерларга сув келтирадилар. Анорхойда кўм-кўк боғ-роғлар шивирлашиб, соя-салқин ариқлардан сувлар шарқираб оқади, дашт шамоли майин эсиб, олтин буғдойзорлар ҳосилини кўз-кўз қилади. Бу ерда шаҳару қишлоқлар бунёдга келади. Бизнинг авлодларимиз бу чўлни фахр билан Анорхой бўстони деб атайдилар. Яна бир неча йиллардан сўнг бу ерларга менга ўхшаш бирор ўспирин йигит келганда, эҳтимол, унга сув ташувчи арава билан чўл бўйлаб кун бўйи санқиб юришга ва қандайдир бир бадфеъл ўзбошимчанинг сўкишларини эшитишга тўғри келмас.
Лекин ҳарҳолда, мен унга ҳасад қилмайман, чунки мен бу ерга биринчи бўлиб келганларданман!..
Аравани тўхтатиб қўйиб, эрталабки Анорхой кенгликларини томоша қилдим. Мана пгу дамда ўзимни ер юзидаги энг бахтиёр, энг кучли, ҳатто энг гўзал одам деб ҳис қиламан. Ҳа, Анорхой ерлари саноат ўлкасига айланади!..
Ниҳоят, уфқ ортидан заррин нурларини сочиб, баркашдай қуёш кўтарилди.
Куннинг бошланиши ёмон эмас. Моторлар ҳам ишлаб турибди. Сувни пешма-пеш ташиб келтиришга ҳам улгуряпман. Аммо ҳали кечга узоқ…
Сувга қатнаб юрганимда бир вақт булоқ бошида кўй-қўзиларнинг кичик бир қўтонини учратиб қолдим. Уларни бу ерга бир қизча ҳайдаб келган экан. У кўйларни булоққа яқинлаштирмай, ариқчада суғормокда эди. Қаёқдан келиб қолди у! Эҳтимол, биздан этакрокдаги қўш тепалик ортидан, сойлик томонидан келгандир. Чўпонлар ўша ёкда ўрнашган эди. Қизнинг чеҳраси менга танишдай туюлди. Мен қайси бир журналда худди шу қизга ўхшаш, кокили пешанасига тушиб турган ёшгина хитой қизнинг суратини кўрган эдим. Балки шунинг учун мен уни қаердадир учратгандай бўлаётгандирман.
Биз бир-биримизга жимгина қарадик. Менинг кутилмаганда бу ерда пайдо бўлиб қолганим унга қанчалик ғайритабиий туюлган бўлса, унинг бу ерга келиб қолиши ҳам менга шундай кўринди. Бироқ ҳеч нарса бўлмагандай аравадан сакраб тушдим-да, ишбилармон кишилардай булоқдан сув олиб, бочкани тўлдира бошладим.
Шу маҳал қўйлар ҳам сув ичиб бўлишди, қиз уларни бир чеккага ҳайдай бошлади. Ёнимдан ўтиб кета туриб:
— Бу булоқнинг оти нима? — деб сўради.
Мен ҳозир сув олганимда лойқаланиб қолган, нурсиз жилваланиб турган булоқ кўзига термилганимча ўйланиб қолдим. Дарвоқе, яккаю ягона булоғимизнинг бирон номи бўлса керак, ахир? Мен ҳамон ўйланиб турарканман, бу орада сув тиниб, юзи равшанланиб, туби қуюқ кўк тусга кирди.
— Бўтакўз! — дедим қизга қайрилиб.
— Бўтакўз булоғи? — пешана сочини бир силкитиб табассум қилди қизча. — Жуда гўзал экан оти! У ҳақиқатан ҳам бўталоқнинг кўзига ўхшайди, ўйчан кўринади.
Биз гапга киришиб кетдик. Қиз бизнинг томонлардан экан. У, ҳатто ўқитувчим Олдиёровни ҳам таниркан. О, бу кимсасиз чўлда нотаниш қиз оғзидан севимли ўқитувчимнинг номини эшитиш қандай яхши!
Эҳтимол, у ҳам Анорхойга ана шу муаллимнинг гапи билан келгандир. Қиз ўтган йили мактабни, бизникини эмас, бошқа мактабни тамомлаб, ҳозир сақмончи — қўйларнинг қўзилаш даврида чўпон ёрдамчиси бўлиб ишлаётган экан.
— Қўрамиздаги қудуқнинг суви шўр, — деди. — Мен бу ерда булоқ борлигини эшитгандим.
Ўзимнинг ҳам оқин сувларни кўргим келиб кетди, қўзиларим ҳам зилол сув қанақа бўлишини билишсин дедим! Қўзиларни боқиб, катта қилиб чўпонга топшираман, кейин университетга ўқишга кетаман…
— Вақт-соати етса мен ҳам ўқимоқчиман, — дедим. — Бироқ мен механизация мактабига кираман. Мени аслида бу ерга тракторда ишлаш учун юборишган эди, манави эса, шунчаки, вақтинча… — бочкани кўрсатдим унга. — Вақтинча ёрдамлашяпман… Сув ташигани бошқа бировни юборишлари керак.
Мен бу гапни чакки айтиб қўйдим, оғзимдан чиқиб кетганини ўзим ҳам сезмай қолдим.
Уялганимдан аъзойи баданимдан иситма чиқиб кетди, аммо яна шу ондаёқ музлаб кетдим — узоқдан Абубакирнинг «ёқимли» овози эшитилди:
— Ҳе-е-ей, академик, жағингга тушираман!
— Оббо, кўп гапириб юборибман-ку!
— Нима бўлди? — ҳайрон бўлиб сўради қизча.
— Ҳеч нима. Шундай, сувни олиб бориш керак, — дедим қизариб.
Қизча қўзиларини келган йўли билан ҳайдаб кетди. Абубакир шудгорнинг узоқ чеккасида, трактор кабинасидан туриб муштини ҳавода силкитганича, томоғини йиртиб бақирарди.
— Кетяпман-ку, ахир, кетяпман! Овозингни ўчирсангчи! Одам деган бегона қиз оддида шунчалик ҳам бақирадими? — дедим ғазаб билан ва отни чоптириб кетдим.
Бочкадаги сув шалоп-шулуп чайқалиб, сачраб, бошимдан оёғимгача шалаббо қилди.
Тўкилса тўкилаверсин, менга деса бир томчиси ҳам қолмасин! Мен бундай хўрликка ортиқ чидаёлмайман!
Абубакир кабинадан сакраб тушди-да, яна ўтган сафаргидай менга ташланди. Мен жиловни тортиб, отни таққа тўхтатдим-да:
— Агар сен шунақа бақираверадиган бўлсанг, ишни ташлайман-у кетаман, — дедим жаҳл билан.
У кутилмаганда бу гапдан довдираб қолди, лекин ҳуштак чалиб юборди-да, етти пуштим қолмай сўка бошлади.
— Сен лапашанг академиксиз ҳам Анорхой бор эди, бундан кейин ҳам ўт тушкур бу чўл қуриб кетмайди! Йўқол бу ердан тезроқ! Энди сен қолган эдинг менга тил тегизмаган, иштонсиз студент!
Мен аравадан сакраб тушиб, қамчини трактор орқасига улоқтириб юбордим-да, одимлаб кетдим.
— Тўхта, Камол! Ундай қилма! Қаёққа борасан, тўхта! — деб орқамдан қичқирди Қалипа.
Бу гап мени баттар қизиштирди, қадамимни яна тезлаштирдим.
— Тўхтатма уни, қўявер, қуриб кетсин! — Абуба-кирнинг овози эшитилди орқамдан. — Усиз ҳам эвини қилармиз!
— Сен одам эмассан, ваҳший ҳайвонсан, нима қилиб қўйдинг! — дашном берарди унга Қалипа.
Уларнинг аллавақтгача жанжаллашгани қулоғимга чалиниб турди.
Тобора олдинга интилиб, қадамимни тезлаштир-дим. Қаерга боришим — аҳамиятсиз. Атрофда тирик жон йўқ, тўрт томоним қуп-қуруқ дала. Булоқни, дала шийпонини орқада қолдириб, тош ҳайкал турган тепаликни ҳам босиб ўтдим. Дарғазаб бўлиб тиржайиб турган тош кампир бўм-бўш қолган қоп-қора ва нурсиз кўзлари билан мени кузатиб, узоқ асрлар давомида ерга қандай ботиб турган бўлса, ҳозир ҳам шу тахлитда бақрайиб турарди.
Мен ҳеч нарсани ўйламай кетиб борардим. Фақат биргина истагим бор эди, у ҳам бўлса — кетиш, иложи борича бу ердан тезроқ кетиш. Бу лаънати Анорхой даштини елкамнинг чуқури кўрсин.
Кўз ўнгимда ҳувуллаб ётган қуруқ чўл. Барча паст-баландликлар, қиру сойлар, чор атрофдаги ҳамма нарса бир-бирига ўхшарди. Бу жонсиз, бир-бирига ўхшаш манзарани ким яратди экан? Нега таҳқирланган, хўрланган мен бу аччиқ шувоқзор, шўр босиб ётган бепоён кенгликларни кезиб чиқишим керак экан? Қаёққа назар ташлама — қуп-қуруқ, жонсиз биёбон, яйдоқ дала. Бу ерда одамзод учун нима бор? Унинг яшаши учун бошқа жой қуриганми? Эрталабки ўй-хаёлларим энди менга жуда кулгили бўлиб туюлди.
Мен ўзимнинг ожизлигимни, бошпанасизлигимни ва тушкин аҳволдалигимни бутун вужудим билан ҳис этиб: «Мана сенга ёвшонзор гўзал даштлар-у, мана сенга Анорхой ўлкаси!» деб ўз-ўзимдан кулардим.
Тепамда осмони фалак, теварак-атрофим чексиз дашт, ўзим эса гўё бу ерга аллақаердан келиб қолганман-у эгнимдаги қавилган фуфайка, оёғимдаги кирза этик ва ранги ўчиб кетган шапкада муштдай одамга ўхшаб кўринардим.
Шу ҳолатда йўлсиз кетавердим. «Бирор ерда темир йўл изига чиқиб қоларман, — деб ўйлардим ўзимча, — сўнг бирон разъездда юк вагонларига осилиб оларман. Одамлар олдига бораман…»
Ортимда туёқларнинг дукур-дукурию, отларнинг пишқириғи эшитилганда ҳам ҳатто қайрилиб қарама — дим. Бу Сорокин. Ундан бошқа одам бўлиши мумкин эмас. Ҳозир ҳойнаҳой койиб беради, сўнгра ялинади, майли, нима бўлса бўлар! Лекин орқамга қайтмайман, қайтишни хаёлимга ҳам келтирмайман.
— Тўхта! — хитоб қилди паст овоз билан Сорокин. Мен тўхтадим. Сорокин терга ботган отида менга яқинлашди. Малла қошлари остидаги кўм-кўк, ўткир кўзлари билан менга жимгина тикилиб турди-да, сумкасига қўл солиб ундан бир қизил қоғоз олди — бу даштга келган кунимоқ, зўр ифтихор билан унга топширган комсомол йўлланмам эди.
— Ма, буни қоддириб кетиш мумкин эмас, — у йўлланмани хотиржамлик билан менга узатди.
Мен унинг боқишида на таъна, на дашномдан асар кўрмадим, у мени айбламасди ҳам, ачинмасди ҳам. Бу қараш — мушкул ишларни бажариб, ҳар қандай тасодифий қийинчиликларга кўниб қолган одамнинг жиддий нигоҳи эди. Сорокин кафти билан ҳорғин, соқол босган юзларини артиб оларкан:
— Агар разъездга бормоқчи бўлсанг, ҳув анави сойлик томон ўнгроққа қараб юр, — деб кўрсатди у менга ва отини буриб, секингина орқасига қайтиб кетди.
Мен ҳайрон бўлиб, унинг орқасидан қараб қолдим. Нима учун у мени уришмади, нега бу ерда қолишга ундамади? Нега у бошини қуйи солган, от устида бунчалик ҳорғин ўтирибди? Оиласи — хотин, бола-чақалари аллақаёқларда, узоқда. Ўзи бўлса бу ерда йил — ўн пкки ой чўлни кезиб юргани-юрган. У қанақа одам ўзи, Бўм-бўш Анорхойнинг нимаси қизиқтираркин уни?
Нима сабабданлигини ўзим ҳам билмайман-у, бироқ унинг орқасидан аста-секин эргашиб боравердим.
Кечқурун биз ҳаммамиз ўтовда тўпланишдик. Ҳеч ким чурқ этмасди. Ўртага сукунат чўккан, фақат гулхандаги ўтинларгина чарс-чарс ёнарди. Бунинг ҳаммасига айбдор мен эдим. Ҳамон ҳеч ким оғиз очмади. Лекин Сорокиннинг хафақон ва жиддий чеҳрасида упинг нимадир демоқчи эканлиги сезилиб турарди.
— Хўш, энди нима қиламиз? — деди Сорокин ниҳоят ҳеч кимга қарамай.
— Нима бўпти, Анорхойни сел босибдими? — де-ди Абубакир заҳарханда қилиб.
Шундан сўнг Садабек оҳиста ўрнидан туриб, жимгина ўтовдан чиқиб кетди. У Абубакир билан бўлган муштлашишдан сўнг у билан гаплашмас, афтидан, хрзир ҳам гапга аралашмоқчи эмас эди. Унинг укаси, прицепчи Эсиркеп ҳам ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, аммо фикридан қайтиб, яна жойига ўтирди.
Абубакир у билан ҳам чиқиша олмасди. Бир куни илтимосимга кўра Эсиркеп мени
Садабекнинг тракторига бириктирилган плугга ўтқазди-да, ўзи сув тапшйдиган аравага чиқди. Бироқ у сувни бир оз кечиктириб келтирган экан, Абубакир унга ҳам дўқ урибди. Аммо Эсиркеп ўзини ҳақоратлашга йўл қўймабди. У ҳам беллашадиганлардан. Ахир у мендан уч ёш катта.
Абубакирнинг гапига ҳеч ким жавоб бермасди.
— Бу ерда ўйлаб ўтиришнинг нима ҳожати бор, — қўшимча қилди у, — ишни ким тўхтатган бўлса, ўша жавоб бераверсин.
— Гап ким ҳақу ким ноҳақ эканлигида эмас! — жавоб қилди Сорокин унга қарамай. — Бу ерда бир ёш йигитнинг тақдири ҳал бўляпти, у энди нима қилиши керак?
— Такдир эмиш! — ғижинди Абубакир. — Бунақа академикларнинг тақдири аллақачон ҳал бўлган, булар бир пулга қиммат, қўлидан иш келмайди! — менсимай қўл силтади у. — Хўш, ўзинг ўйлаб кўр-чи, Сорокин, булар нимага ярайди? Биз ўз кучимиз билан ғалла
отиштирганимизда улар ўн йиллаб ўқиб юришди. Уларни биз боқдик, кийинтирдик, хўш, нима натижа чиқди, мактабда буларга нимани ўргатишди? Машинани билишмаса, отга бўйинча солишни эплай олмаса, ҳатто айилни ҳам дурустгина тортолмаса… Нега энди мен унинг учун тер тўкишим керак экан. Унинг олимлигини бошимга ураманми, тош ҳайкалларнинг сирини билса билибди-да, нима бўпти? Қўлидан бирон иш келмаса. Бас, шундай экан, ўзгаларни ҳам ишдан қолдирмай, туёғини шиқиллатиб жўнаб қолсин! Сен ҳам, Сорокин, менга ёпишаверма, мен ёлғиз ўзим сменачисиз ишлаяпман, ҳеч кимдан тап тортадиган жойим йўқ! Агар ортиқча кўринаётган бўлсам — эртагаёқ бу ердан ғойиб бўлишим мумкин. Аммо тилимни тиймайман:
мен бунақа академикларни бир тийинга олмайман!..
— Бас қил! — деди Сорокин, ҳамон Абубакирнинг юзига қарамай, унинг сўзини чўрт кесиб.
— Буни биз сенсиз ҳам биламиз. Гап бунда эмас. Қани айт-чи, Камол, ўзинг нима демоқчисан?
Мен ҳадеганда жавоб қайтаролмадим. Абубакириинг гапларини тинглаб ўтириб, унинг сўзларида ҳам жон борлигини англадим. Аммо бу сўзларнинг ҳаммаси ғайирлик ва адоват билан айтилган эди. Нега? Ахир мен қўлсиз-оёқсизманми ёки Абубакир қилган ишни қеч қачон қила олмайдиган, ўтакетган ландавурманми? Ёки саводлилигим менга халал беряптими? Мен буни тушуна олмасдим. Бироқ шундай бўлса ҳам, Сорокиннинг саволига иложи борича бамайлихотир жавоб беришга уриндим.
— Мен бу ерга прицепчи бўлиб ишлаш учун келганман. Менга мана шуниси аҳамиятли. Эгар-жабдуқни бўлса уддалай оламан. Буни ҳамма билади, ҳатто Абубакирнинг ўзи ҳам билади. Бундан кейин ҳам худди шундай ишлайверишим мумкин эди. Аммо сув ташишни хоҳламайман. Хоҳламайман, вассалом!
— Бизда бошқа иш йўқ, — деди Сорокин.
— Демак, кетишим керак экан-да! — таъкидладим. Қалипа менга қаради-да, ғамгин хўрсиниб қўйди:
— Камол, мен ўз ўрнимни сенга бериб, сенинг аравангда сув ташийверардим-у, аммо сен бунга кўнмайсан-да…
Бу кутилмаган гап бўлди. Қалипа ўзининг раҳмдиллигиданми ёки Абубакирнинг бақириб, сўкинган пайтларида хижолат тортиб ҳар вақт нима биландир упинг қўполлигини юмшатишга ва билинтирмасликка ҳаракат қилганиданми, ҳайтовур, шу сўзларни айтишга журъат этганди. Мен ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмай қизиқ устида:
— Кўнаман! — деб юбордим.
Ўтов сув сепгандай жим бўлиб қолди. Гулхандаги ўтиннинг чирс-чирс этиб ёнаётганигина эшитиларди.
Ҳамма ҳайрон бўлиб менга қаради. Балки мени, эси ҳушини йиғиб олиб, сўзидан қайтар деб ўйлаётгандирлар? Шундай бўлиб чиқдики, мени кўролмайдиган ва менга ҳеч қандай яхшиликни раво кўрмайдиган киши чангалига ўзимни ўзим тутиб бердим. Лекин бошқа ҳеч нарса демадим.
Айтилган сўз — отилган ўқ. Сорокин менга яна бир синовчан назар ташлади-да:
— Шу гапинг гапми? — деб сўради.
— Ҳа!
— Менга барибир! — деди Абубакир ва гулханга тупурди. — Аммо олдиндан айтиб қўяй:
сал гап бўлса, каллангга тушираман! — Унинг менсимай истеҳзо ва адоват билан ўқрайган кўзлари қоронғида совуқ чақнади.
— «Сал гап бўлса» деганинг нимаси? Нега элдан бурун дўқ қиляпсан? — деди ҳозиргача ўзини тутиб ўтирган Эсиркеп ортиқ чидай олмай. — Эплаб кетади, бу шунчалик мушкул ишми, донишмандлигингни қара-ю! У менинг плугимда ишлаган.
— Сендан ҳеч ким сўраётгани йўқ, бировнинг ишига аралашма. Ҳали кўрамиз. Тракторга ҳам, ишга ҳам мен жавобгарман…
— Бас қил! — Сорокин яна норозилик оҳангида Абубакирнинг сўзини бўлди ва менга қараб:
— Эртадан ишга туш, — деди-да, ўрнидан туриб эшик томон юрди. — Хайр, энди дам олинглар.
Ўша кеча деярли ухлай олмадим. Абубакир билан ишимиз қандай бўларкин? Ахир ҳозиргача у билан аҳён-аҳёндагина учрашардим, эртадан бошлаб эса тун-кун унинг ихтиёрида бўламан. Гарчи прицепчининг вазифаси чидам ва сабр-матонатни талаб қилса ҳам, мени унча чўчитмасди. Албатта, керакли жойларда плуг тишини илдам ва аниқ кўтариб туширишга кўникиш керак, токи тракторнинг ҳаракати бирор минут ҳам тўхтаб қолмасин. Ундан ташқари, мен тракторчига ҳамма ишда — машинани ювиб артишда ҳам, ремонт қилишда ҳам ёрдамлашишим керак. Қани, Абубакир сўраган ключиними, болтними, гайкасиними ски яна бошқа зарур нарсаларни дарҳол топиб бермай кўр-чи…
Кейин билсам Алдей ҳам мижжа қоқмабди. У қоронғи кечада ёнимга келиб ўтирди-да, бошимни силади:
— Ўйлаб кўрсанг бўларди, Камол, сен у билан чиқиша олмассан, оқкўнгил, ювошгинасан. Унинг кўнглидагини топа олмассан. У сени қийнаб қўяр.
— Мен унинг кўнглини топмоқчи эмасман! Қийноқларига бўлса кўникиб қолганман.
— Майли, ихтиёр ўзингда, ўзинг биласан, — деди паст товуш билан ва хўрсинганича ўз жойига кетди.


Чингиз Айтматов

Бўтакўз (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-нозик

Гулшан  бояғи  етти  қизлар  ёнида  ухламоқчи  эди.  Нозик  билан  Туҳфа  ўрун  ёзар  эдилар. Қумри Гулшанга шўхлиқ қилар эди. — Сен аҳмоқсан, Гулшан опа! — дер эди Қумри. — ...

От кишнаган оқшом (қисса) 63-қисм

63 Кечаси бир маҳалда катта дарвоза дўқ-дўқ этди. Елкамга чопонимни ташлаб, ташқариладим. — Ким у бемаҳалда келган? — дедим. Ташқаридан овоз бўлмади. Дарвоза занжири ...

От кишнаган оқшом (қисса) 37-қисм

37 Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди. Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди. Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди! Қишлоқда отлар кишнамай қолди. ...