«Математика» металлом йиғишга, «адабиёт» кўча тозалашга…

 

«Математика» металлом йиғишга, «адабиёт» кўча тозалашга… Ёхуд ўқитувчини зиммасига кирмайдиган юмушларга ким мажбурламоқда?

«Фарзандим информатика фанидан икки йиллик дарс жараёнида айтарли нарса ўрганолмади. Шу боис репетиторга бердим. Болам орадан уч ой ўтиб, дастурлашни яхши ўзлаштирди. Бир томондан, бундан беҳад хурсанд бўлсам, иккинчи тарафдан эса мактабдаги таълимнинг сифатсизлиги, ўқитувчининг етарли малакага эга эмаслигидан жаҳлим чиқди…»

Таҳририятимизга Андижон вилоятидан келган хатда келтирилган ушбу ҳолат бизни анча мулоҳазага чорлади. Бундай вазиятни бугун деярли барча таълим муассасаларида учратяпмиз. Ўқув соатларида ўтилиши керак бўлган дарслар «продлёнка», «қўшимча дарс», «репетитор» тарзида «чуқурроқ» ҳамда «сифатли» қилиб ўтилмоқда.

Аммо ушбу мақолада мулоҳаза юритмоқчи бўлган мавзумиз бу ҳақда эмас.

Ҳаммамиз боламизнинг илмсизлиги учун кўпроқ ўқитувчини айблашга одатланиб қолганмиз. Тўғри, шолига қўшилиб курмак ҳам сув ичганидек, шунчаки кунни ўтказиб, маошини олиб юрган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Бундайларни нафақат таълим, балки бошқа соҳа вакиллари орасида ҳам учратиш мумкин. Лекин ўз ишини қадрлайдиган, заҳматкаш, инсофли, ёш авлоднинг таълим-тарбиясига сидқидилдан бош-қош бўладиган, шарафли ва машаққатли касбини улуғлаб келаётган ўқитувчилар жуда кўп.

Аслида ўқитувчи ўқувчиларга яхши дарс ўтолмаслигининг ўта муҳим, керак бўлса, бирламчи сабаби ҳам бор. У ҳам бўлса, унинг гарданига асосий иши бир четда қолиб, ҳаддан ташқари ортиқча вазифалар юклатилишидир. Оқибатда бу таълим сифатига ўзининг салбий таъсирини ўтказиб, муаллим айбсиз айбдорга айланиб қолмоқда.

Келинг, бу ҳақда яхшиси, ўқитувчиларнинг ўзидан сўрасак.

«Дам олиш куни ҳам иш»

— Ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бераман, — дейди исмини айтишни истамаган Олмалиқ туманидаги мактабларнинг бирида фаолият юритаётган ўқитувчи. — Бошқа ташкилотларда ҳафтада асосан, беш кун иш бўлса, биз етти кун ишлаймиз. Якшанба куни камида олти нафар ўқувчининг уйига бориб, ота-онаси ва ўзи билан бирга расмга тушиб, суратни мактабга топширамиз. Бундан кўзланган мақсад — ўқитувчи, ҳатто, дам олиш куни ҳам ўз ўқувчиларини назорат қилиб боришини кўрсатишдир. Камига, мактабларда керагидан ортиқ қоғозбозликка ружу қўйилган. Ўқитувчи ҳар бир қилган иши учун бир энлик қоғоз тўлдириб, ҳисобот ёзишга мажбур.

Энди ўзингиз ўйланг. Бунақа иш тартибида қандай қилиб эртанги дарсга тайёрланиш мумкин? Очиғи, бугун ўқувчининг ҳаётига биринчи галда ота-онасидан кўра, кўпроқ ўқитувчи жавобгар, деган қараш мавжуд. Яқинлари унинг келажаги учун иккинчи даражали гўё.

«Ҳашар» ва «мажлислар»

— Бошланғич синф ўқитувчисиман, — деб гап бошлади ўзини таништиришни истамаган яна бир ўқитувчи. — Тўғриси, охирги пайтларда мактабдаги ҳаддан ортиқ вазифаларни деб, ҳатто, ўз соҳамни яхши кўрсам-да, ишлагим келмай қолди. «Туманга ҳокимликлардан текшириш келади» дея, навбатдан ташқари ҳашарлар, мажлислар, фаррош борлигига қарамай, хонаю йўлакларни ювиш кабилардан чарчадим. Тўғри, бу каби юмушлар ҳам керак. Аммо назаримда, бизнинг биринчи галдаги ишимиз — ўқувчиларга сифатли таълим бериш.

Шуларни деб, турмуш ўртоғим ҳам ишлашимни истамаяпти. Боз устига, оиламга етарлича вақт ажратолмаяпман. Лекин «кун келиб изига тушар», деган умидда, қолаверса, ота-онам тўрт йил ўқишимга контракт тўлаб ўқитгани боис ишимни йиғиштиришга кўзим қиймайди.

Яқинда ўқитувчилар орасида тарқаган гап ҳаммасидан ўтиб тушди. Нима эмиш, энди ҳар бир ўқитувчи мактаб боғидаги ўзига бириктирилган ерга помидор ва булғор қалампири кўчати экармиш. Шундай қилинса, бир йўла деҳқонга айланамиз-қоламиз.

Концерт залининг кўрки

— Бошқа мактабларда бўлгани каби бизнинг мактабда ҳам ортиқча қоғозбозлик ва югур-югурлар жуда кўп, — дейди Тошкент вилояти мактабларининг биридаги инглиз тили ўқитувчиси. — Бу ҳеч кимга сир эмас. Майли, ҳаммасига чидаб, кўз юмиш мумкиндир. Лекин бирон бир хонанданинг концерт дастурига мажбурий чипта сотилишини қандай изоҳлаш мумкин?

Ўзи охирги пайтларда ўқитувчи ҳокимияту маҳалланинг текин дастёрига айланди-қолди. Энди санъаткорларнинг концерт дастурига ўзи хоҳламаса-да, мажбуран олиб борилишига қандай чидаш мумкин? Ўтган ой мактабимиз ўқитувчиларига бир санъаткорнинг концерт дастурига мажбурий чипта тарқатилди. Борсак-бормасак, маошимиздан 20 минг ушлаб қолинди.

Ўзи мажбурий обуналардан чарчаб кетганмиз. Бундай концертларга боришга ҳеч бир ўқитувчининг ортиқча пули ҳам, вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ. Унга кетказган вақтини, яхшиси, дарсга сарфласа, ўзи ва ўқувчиларига кўпроқ фойда бўлади-ку!

Апрель ойида ҳар бир ўқитувчи ўзига бириктирилган маҳаллада уйма-уй юриб, хонадон аъзосидан, ҳовлисидаги дарахтларигача ҳисоблаб чиқдик. Ҳайронман, бу каби ишларни маҳалла фуқаролар йиғини қилиши керак эмасми?

* * *

Ҳа, бу мулоҳазалар эгалари бор одамлар ва бу гапларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Фақат эртага ўша ўқитувчи шаънига турли гап-сўзлар бўлмаслиги учун уларнинг исм-фамилиясини келтирмадик. Қолаверса, бу ерда бутун тизимдаги муаммони айтиш ниятида эдик. Газетамизда бироз илгарироқ кўтариб чиққан мавзумизда фақат фамилияси келтирилган биргина кишига вазирлик томонидан «қаттиқ» чора кўрилгани каби вазият юз беришидан истиҳола қилдик.

Шу ўринда савол туғилади: нима учун мактабларда ортиқча қоғозбозлик кўп? Муаллимга ваколати ва мажбурияти доирасига кирмайдиган вазифаларни ким буюради? Мутасаддилар қаерга қарамоқда?

«Ортиқча қоғозбозлик йўқ»

Жорий йилнинг 25 апрель куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосарига шу каби саволлар билан мурожаат этдик. Мутасадди раҳбар уларга қуйидагича жавоб берди:

— Ўқитувчини ортиқча қоғозбозликдан озод этиш мақсадида мураккаб ва чигал формулали баҳолаш тизимидан воз кечилди. Унинг ўрнига беш баллик тизим жорий этилди. Бу ҳам ўқувчи, ҳам ўқитувчи, қолаверса, ота-онага ҳам тушунарли бўлди. Педагогик юкламалар бирмунча осонлаштирилди. Тўғри, олдин ўқитувчи гул экса, ота-она билан уйма-уй юриб гаплашса, бу ишлар бажарилганини исботлаш учун ундан сурат талаб қилинар эди. Лекин ҳозир ундай эмас, бунга чек қўйилган.

Айни пайтда ўқитувчи бешта йўналиш бўйича: дарс ишланмаси, синф журналининг ўз вақтида тўлдирилиши, йиллик тарбиявий ишлар режаси ва йиллик мавзулар бўйича ҳисобот топширади. Бу ўқитувчиларга ортиқча оғирлик туғдирмайди.

Вазирлик ўқитувчига унинг ваколатига кирмайдиган вазифаларни юкламайди. Биз фақат таълим муассасасини тоза тутишини, сифатли таълим беришини талаб қиламиз, холос. Муаллимга «металлом» ёки «макулатура» топширишни ҳам ҳеч қачон буюрмаймиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. Бундай топшириқларни қайси ташкилот буюрса, саволлар шу идора раҳбарларига берилса, адолатдан бўларди.

Вазирлик ҳар доим бунга қарши курашиб келади. Мақсадимиз — ўқитувчи биринчи галда асосий вақтини билим беришга қаратишини таъминлаш. Шу боис вазирлик фақат таълим сифатига жавоб беради.

* * *

Мутасадди раҳбар вазирлик фақат таълим сифатига жавоб беради, дейди. Тўғри, шундай бўлиши керак. Аммо нега таълим сифатига рахна солаётган тўсиқларга эътибор бермайди? Вазирлик ўқитувчига ваколатидан ташқари вазифаларни буюрмас экан, нега бошқа ташкилотлар бундай қилиши учун йўл беради? Саволни ўша ташкилотга беринг, дея ўзини четга олиши қанчалик мантиққа тўғри келади? Ахир, улар ўз тизимида ишлайдиган ходимларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул эмасми?

Мактаблардаги ҳаддан ортиқ йиғимларга вазирлик жавоб бермай, ким жавоб беради? Аслида давлат ҳокимият органлари нима учун ўқитувчиларга дуч келган вазифаларни топширади? Уларнинг бунга ҳаққи борми? Очиғи, бу саволларга на ҳокимликлардан, на вазирликдан жўяли жавоб ололдик.

Ислоҳотлар самара бериши учун…

Японлардан қисқа фурсатда шунчалик ривожланишнинг моҳиятини сўрашганда, улар, биз биринчи галда таълим соҳасига жиддий эътибор қаратдик. Ўқитувчиларнинг маошини вазир маошига тенглаштирдик, обрўсини император даражасига кўтардик, деб жавоб беришган экан.

Бугун мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, уни янада такомиллаштириш мақсадида кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шундай экан, бугун таълим тизимида биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини кўтариш ва мустаҳкамлаш, ваколатига кирмайдиган ҳар қандай вазифалардан озод этиш зарур. Чунки улар бор вақтини бошқа ишларга сафарбар этса, бу соҳадаги ислоҳотлар кутилгандек ижобий самара бермаслиги мумкин.

Шунинг учун бу борадаги илк қадамни ҳозирдан қўймоғимиз лозим. Зеро, келажак бугундан бошланади.

Ана шундагина юқоридагидек ҳолатга — фарзандимиз учун «репетитор» ёллаш ёки «қўшимча дарс»га пул тўлашга ҳожат бўлмайди.

 Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» газетаси

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистонда 52 йигитнинг ўлимига ким, кимлар сабабчи бўлганлар?

Бунга ҳар кас ўзича ёндашади. Ҳатто ўрис, қозоқ, ўзбек жосуслик ташкилотларини айблашгача борадилар, яна бошқа сабабларни рўкач қиладилар... (more…)

Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?

  Ушбу мавзуда қоғоз қоралашга биргина нарса сабаб бўлди. У ҳам бўлса яқинда ташкил этилган «O‘zbekiston24» телерадиоканалида “Аҳмадбой” иши бўйича Жиноят ишлари бўйича ...

Қамашидаги мактабларга нам брикетлар ва сифатсиз кўмирлар етказиб берилмоқда

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида мавжуд 89 та умумтаълим мактабига 1312 тонна брикет нам ҳолатда етказиб берилмоқда. Натижада мазкур ёқилғи маҳсулоти 200-300 кг кам ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400