Азимов кетди, пул ислоҳоти нима бўлади?

Рустам АзимовФото муаллифлик ҳуқуқи OFFICIAL
Мирзиёев ва Азимов Каримовнинг дафн маросимида ёнма-ён тобуткашлик қилишган.

Охирги икки ҳафтада сўнгги икки ўн йилликда Ўзбекистон ҳукуматининг банк-молия тизими ва иқтисодиёт комплексига раҳбарлик қилиб келган икки шахс ҳукуматдан кетди.

Улардан биринчиси-Марказий Банк раиси Файзулла Муллажонов 23 май куни 67 ёшида оламдан ўтган бўлса, иккинчиси- Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов сешанба куни истеъфога чиқарилди.

59 ёшли Азимов Ислом Каримов яратган сиёсий-иқтисодий тизимда энг муҳим ўринлардан бирини эгаллаб келган ва марҳум президентнинг меросхўри сифатида кўрилганди.

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланиши ортидан ўзбек тилидаги интернет нашрларида бошланиб кетган омма сўровларининг ҳаммасида Рустам Азимов номзоди энг кўп овоз олганди.

Аммо афтидан, ушбу омма сўровларининг натижаси Мирзиёевни, унинг ўтмишдаги сиёсий рақиби деб ишонилган Азимов ўзи режалаётган ёки эълон қилган ислоҳотларни амалга ошириш учун энг яхши номзод эканига ишонтира олмаган.

Ёки Каримовнинг чорак асрлик бошқаруви даврида шахсий садоқат тамойилига қурилган кадрлар сиёсатида етишган Мирзиёевдаги савқи табиий бунга изн бермаган.

Ва бу билан Мирзиёев қайсидир маънода Каримовнинг 1992 йил бошидаги тажрибасини такрорлаётган бўлса, ажаб эмас.

Ўшанда янги сайланган биринчи Президент халқ орасида анча машҳур ва элита ичида ҳам сезиларли қўллаб-қувватловга эга бўлган, ўжар ва мустақил кўринган вице-президент Шукрулло Мирсаидовдан, гарчи у ўз аризаси билан кетган бўлса ҳам, “қутулганди”.

Аммо Азимовдан фарқли ўлароқ, Мирсаидов ўзининг сиёсий интилишларини яширмаган ва Каримовга очиқ қарши чиққан, у танлаган сиёсий курсни “нодемократик” дея қоралаганди.

Мирсаидовнинг кейинги қадамлари, хусусан, унинг мухолифат сафларига қўшилиши ва Каримовдан норози гуруҳларни ўз атрофида жипслаштириш уринишлари Каримовнинг қўрқуви бежиз бўлмаганини кўрсатди.

Албатта, буларнинг биронтаси Азимовда бўй кўрсатгани йўқ.

Азимовнинг истеъфоси Президент Мирзиёев иқтисодиётни тубдан янгилаш дастурини эълон қилган паллада юз бермоқда.

Айнан Рустам Азимов ҳозирда кўп миллиардлик кредитларга муҳтож Ўзбекистонни халқаро молия институтлари билан боғлаб турган муҳим шахс бўлган.

Ҳатто ғарб молия институтлари Ўзбекистонга қарзларни “шахсан Рустам Азимов кафолати остида” берганини айтадиганлар ҳам бор.

Хўш, ҳозирда ислоҳотларнинг тақдири нима бўлади?

Пул-валюта соҳасида кутилаётган ўзгаришлар амалга ошадими?

Би-би-си бу борада минтақавий шарҳловчиларнинг фикрларини сўраган.

Алишер Илҳомов, Лондондаги SOAS (Осиё, Африка, Яқин ва Ўрта Шарқ тадқиқотлари ) Университети тадқиқотчиси: Гарчи Каримов даврида Азимов ва Мирзиёев узоқ вақт бақамти ишлашган эса-да, ҳар икки шахс эҳтимолий ворис сифатида кўрилгани учун, Азимов президент бўлишни истаган, истамаганидан қатъий назар, икки ўртада бир-бирини рақиб сифатида қабул қилишдек муносабатлар бўлганини тасаввур қилишимиз мумкин. Пировардида, куч тизимларининг дастагини олишга муваффақ бўлган Мирзиёев президент бўлди, аммо ҳукуматда Азимовга ўхшаган маълум таъсирга эга шахснинг бўлиши уни ўзига етарли даражада ишонишига халақит қилиши мумкин. Мирзиёев гарчи Бош вазир бўлган бўлса ҳам, асосан қишлоқ хўжалиги соҳаси учун масъул эди. Азимов эса, банк-молия тизимига раҳбарлик қилган. Ўзбекистондаги молия тизими жуда мураккаб, таъбир жоиз бўлса, “бир неча қаватли” тизим. Пахта ва бошқа хомашёлардан келган улкан даромадларнинг ҳаммасини Молия вазирлиги томонидан назорат қилинган. Азимов куч тизимларига орқа қилмаган бўлса ҳам, унинг қўлида жуда катта заҳиралар бор эди. Гарчи Мирзиёев Азимовни аввалроқ молия вазирлигидан четлатган бўлса ҳам, ҳали кўпгина одамлар жой-жойларида тургани учун Азимов кўпчилик назарида барибир бошлиқ ва катта таъсирга эга шахс мақомини сақлаб келаётганди. Менимча шунинг учун ҳам Мирзиёев охирги ойларда Азимовга босим ўтказиб келди ва ҳатто уни жамоатчилик кўз ўнгида ерга уришга ҳам ҳаракат қилди. Унга товуқ боқишни топширди ёки лимон етиштиришга жалб қилди. Мен масалан, Азимовнинг ўрнида бўлсам, тезроқ бу каби таҳқирловчи вазиятдан қутулиш ва ҳукуматдан кетишга ҳаракат қилган бўлардим. Аммо биз билмаймиз, Азимов ўз истаги билан кетдими ҳукуматдан ёки кетказилдими. Ўз вақтида Азимов Ўзбекистонга маълум сармояларни жалб қила олган ва халқаро молия институтлари билан қандайдир алоқалар, муносабатларни йўлга қўя олганди. Бу маънода ҳозирча ҳукуматда Азимов билан бўйлашадигани йўқ. Шу жиҳатдан унинг Ўзбекинвестга ўтказилгани мантиқий бир қарор. Аммо янги лавозимда Азимов ҳақиқий ваколатлар ва имкониятларга эга бўладими, йўқми, бу қоронғу. Азимов айнан ислоҳотлар учун йирик кредитлар зарур бўлган бир вақтда ҳукуматдан кетаяпти. Эҳтимол, Мирзиёевнинг Россия ва Хитойда катта-катта сармоявий шартномаларни имзолаб қайтгани унда ўзига янада кўпроқ ишонч ва куч берган бўлиши ҳам мумкин. Аммо шахсан менга Мирзиёев ўзи эълон қилган ислоҳотларни амалга оширишда кимларга таяниши қоронғу. Бунинг учун бошқарув ва банк-молия тизими, пул-кредит сиёсатида жуда катта тажрибага эга одамлар керак бўлади. Ҳозирги ҳукуматдаги кадрлар ҳақиқий бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб кўрмаган, фақат Каримовнинг мактабидан ўтган одамлар. Албатта, Азимов ҳам эски тизимдан чиққан, аммо бошқалардан фарқли ўлароқ, у халқаро молия институтлари билан яқиндан ишлаган, жаҳон иқтисодиёти, банк тизимининг қандай ишлашини билади ва баъзи тажрибаларни, хусусан, 1990-йиллар ўрталарида Ўзбекистонда тадбиқ қилишга уринган. Ҳар ҳолда, Азимов даврида Ўзбекистондаги банклар халқаро андозаларда бўлмаса ҳам, ишлаб турди ва ҳаётий зарур функцияларни бажарди. Албатта, алмаштириб бўлмайдиган одамлар йўқ. Эҳтимол, ғарбда таҳсил олган, илғор фикрдаги ёшлар орасидан кимлардир жалб қилинар бу соҳага. Аммо мен ҳозирча бу каби ишораларни кўрмаяпман.

Рустам АзимовФото муаллифлик ҳуқуқи OFFICIAL
Мирзиёев ва Азимов Каримовнинг дафн маросимида ёнма-ён тобуткашлик қилишган.

Сапарбой Жубаев, Остонадаги Евросиё Университети доценти:Ўзбекистонда пул-кредит сиёсатини Президент аппарати ва молия тизими раҳбарлари томонидан тайинланган комиссия аъзоларининг таклифи бўйича шахсан Президент ҳал қилади. Масалан, Марказий банк раиси, марҳум Муллажонов қандайдир таъсир ўтказиш имконига эга бўлмаган. Мулажонов ҳақида билимли ва ўта эҳтиёткор мутахассис, деган гапни айтиш мумкин эди.

Ҳозирда валюта курси бўйича иккита ўзгариш йўли танланиши мумкин. Биринчиси-фақат Президент қабул қилган қарорлар асосида босқичма-босқич, аста-секинлик билан амалга ошириш йўли. Назаримда бу йўл бошланди ва зарур қарорлар қабул қилинди. Энди Халқаро валюта жамғармасидан катта миқдорда кредит олиш ва расмий ҳамда бозор курсларини бир-бирига яқинлаштириш йўлидир.

Иккинчиси-тижорат банклари фаолиятини либераллаштириш йўли билан миллий валюта курсини бирданига эркинлаштириш. Бу йўл иқтисодда “шок терапияси” номи билан маълум. 2-3 йил корхоналар ва одамлар маълум қийинчиликларни бошдан ўтказишади, аммо катта ислоҳотлар амалга оширилиши шарт. Энг асосийси – тижорий банклар фаолиятига маъмурий аралашувни йўлга қўймаслик зарур. Айни пайтда фақат молия тизими эмас, балки бутун иқтисодиётда чуқур ислоҳотларни ўтказиш керак бўлади.

Ўзбекистон Марказий банкининг собиқ ходими: Ўзбекистонда банк-молия тизими абгор. Соҳада ислоҳотлар ўтказиш учун биринчи галда кадрларни тозалаш, яъни турли йўллар билан амалга чиққан, адашиб юрганларни бўшатиб, ўрнига профессионал, ҳалол, ватанпарвар кишиларни қўйиш керак. Мен, банк тизимида 5 йил фаолият кўрсатдим ва муаммолардан хабардорман. Марказий банк раҳбарияти орасида четда ўқиган, замонавий банк тизимидан хабардор, хориж тилини биладиганлар бор. Бироқ, улар ҳеч қандай об-ҳавони ўзгартира олмайди. Уларнинг асосий вазифалари банк тизимимизнинг кўрсаткичларини халқаро андозаларга мувофиқ ҳолда тайёрлаш ва тақдим этишдан иборат холос, яъни улар ислоҳотлар қилишга қодир эмаслар, уларга бундай ваколат берилмаган. Мен тижорат банкларининг кўплаб раҳбарларини, мутахассисларини бевосита танийман. Банк тизими пора, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик асосида фаолият юритаётганини таъкидламоқчиман. Валюта, конвертация масалаларини эса ёзиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Бутун дунё амалиётида Марказий Банк, умумият-ла, ҳукуматдан мустақил ва фақат қонунчилик ҳокимиятига бўйсунувчи орган ҳисобланади. Бизда ҳам Марказий банк тўғрисидаги қонунда бу тамойил ўз ифодасини топган. Амалда-чи? Амалда Марказий банк ўтган йиллар давомида ҳеч қачон бундай мавқеъга эга бўлмади. Ҳар йили у томонидан эълон қилинадиган пул-кредит сиёсати тўғрисидаги йўналишлар ҳам расмиятчиликдан иборат бўлди. Жойлардаги тижорат банклари тўлиғича маҳаллий ҳокимият, прокуратура назоратида. Марказий банк бир қарор чиқаради, жойлардаги ҳокимият бошқача, бошқа томондан органлар назорати. Пул-валюта ва банк тизимида ислоҳотлар бошланадими, йўқми бу, энг аввало олий раҳбариятнинг истак-хоҳиши ва амалий ҳаракатига боғлиқ. Ушбу ўринда Марказий Банкка янги раиснинг ким бўлиши муҳим. Ҳозир турли-туман даражаларда кадрлар алмашувлари бўлиб турибди. Мен уларнинг баъзиларини билганим учун шуни таъкидламоқчиманки, фақат Алихўжа кетиб Хўжаали қўйилмоқда. Яна талантли, ҳалолларга майдон берилмаётир. Агар бу ишда ҳам шундай йўл тутилса, яхшилик кутиш қийин.

Иккинчидан, Марказий банк мустақил орган сифатида фаолият юритиши керак, у ҳукуматнинг қўлида дастак бўлиши керак эмас.

Учинчидан, эркин конвертацияга йўл очиш, қора валюта бозорига барҳам бериш учун амалдаги яширин мафия структурасини таг-томири билан қуритиш даркор. Бу эса олий раҳбариятдан қатъий ҳаракат ва жасорат кўрсатишни талаб этади. Лекин агар ҳақиқатда олий раҳбарият шунга қасд қилса, бу ишни амалга ошира билади, деб ўйлайман.

http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-40173508

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Рустам мадумаровга тегишли яна бир мулк аукционга қўйилди

Рустам Мадумаровга тегишли Rubicon Wireless Communication МЧЖ кўчмас мулки аукционга қўйилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар берди. Очиқ аукцион нархни тушириб бориш йўли билан, ...

Imf ўзбек иқтисодининг жорий йилда 7¸5% ўсишини башорат қилди

29 апрелдан 12 майга қадар Ўзбекистонга сафар қилган Халқаро валюта жамғармаси делегацияси эълон қилган баëнотда айтилишича¸ Европа ва Россиядаги иқтисодий жараëнларнинг ...

Ўзбек пахтасининг 95% қўлда терилади

Ўзбекистонда бугунги кунда пахтанинг фақат 5 фоизигина техника томонидан терилади. Бу ҳақда “Ўзагромашсервис” ассоциациясидаги манбага таянган ҳолда Podrobno.uz нашри хабар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400