Шаҳватпарастликка бир диний ниқоб: Кўпхотинлик

Шаҳватпарастликка бир диний ниқоб: Кўпхотинлик

 

Қуръонда кўпхотинликка буюрилмаган, тавсия ҳам этилмаган, ва хатто рухсат ҳам берилмаган.
Қуръон нозил бўлган “қавм”да кўпхотинлик бор экани, ва Қуръон бу мавзуга ҳам тегингани, асло тавсия ёки рухсат берилганини англатмайди.

Худди қулдорлик, жориячилик, ичкилик ёки бой-камбағал тафовутига тааллуқли оятлар келгани каби кўпхотинликка тааллуқли ҳам оятлар келган. Бу оятларни ўқиганда, шуни кўриш мумкинки, Қуръоннинг даъвати, ташвиқи ва эришмоқ истаган якуний мақсади – «бирхотинлик»дир.

***

Келинг, бир бошдан…
Бу ҳақдаги Қуръон отларини бирма-бир кўриб чиқайлик.

Биринчи оят – Нисо:129-оят.
Ушбу оятда кўпхотинлик асло “буюрилмаслиги” ва буюрилиши мумкин ҳам эмаслиги очиқ аён бўлади. Зеро Аллоҳ таоло ҳеч қачон инсоннинг тоқати етмайдиган ишга буюрмаган ва буюрмайди.
“Ҳар қанча уринсангизлар ҳам, хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар” (4:129).Ушбу хитоб эркак зотининг барчасига йўналган бўлиб, бирор бир синф ё қатлам учун истисно ё имтиёз бермаган.
Хўп, шундай экан, Аллоҳ эркакларнинг адолат қилишини «лан тастатиъуу» дея (таъкиди нафйи итиқбол), яъни «ҳаргиз, ҳеч қачон, ва барча келажак замонлар учун бирдек имконсиз» эканини айтиб, ортидан то Қиёмат бунга буюрадими?
Буюрмайди!
Дарвоқе, муфассир Қозий Абдулжаббор (ваф. 415/1025), ушбу оят нозил бўлиши билан, эркаклардан кўпхотинлик таклифи соқит бўлганини ёзади. Яъни бу оятдан кейин на бундай бир буйруқ, на бундай бир тавсия бор, на бундай бир рухсат бор.

Иккинчи оят – Нисо:2-3-оятлар.
Энди эса, кўпхотинликка «рухсат» сифатида келтириладиган оятларга мурожаат этамиз:
«Етимларга молларини беринглар. Покни нопокка алмаштирманглар. Уларнинг молларини ўз молингизга қўшиб еманглар. Зеро бу улкан гуноҳдир. Агар етимларга адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, сизларга покиза бўлган аёлларни иккита, учта, тўрттадан никоҳланглар. Энди агар адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, битта аёлга ёки қўл остингиздагига/аҳдлашганларга. Мана шу ҳаддан ошмаслигингизга яқинроқдир» (Нисо:2-3)

Оятнинг ҳеч қандай иловасиз, қавссиз ва мазҳаб талқинларисиз таржимаси мана шу шаклда бўлиши керак.
Шу ўринда бир қатор саволлар туғилади:
Агар бу оят кўпхотинликка рухсат бериш учун нозил бўлган бўлса, нега унда кўпхотинлик эмас, балки етимлар ҳаққи уч маротаба кўпроқ зикр этилмоқда? Бўлиб ҳам, «беринг» (фаътуу) ва «еманглар» (лаа таъкулуу) дейилмоқда? Буларнинг кўпхотинликка нима алоқаси бор?
Бунга жавобни энг классик манбалардан бири бўлмиш Фахруддин ар-Розий тафсирида кўрамиз:

“Икрима ривоят қилади: Бир кишининг ёнида ҳам аёллари, ҳам етимлар бўлади. Ўз молини аёллари учун сарфлаб, ҳеч қандай моли қолмайди, ва охири муҳтож ҳолатга тушиб, энди етимларнинг молини сарфлай бошлайди. Мана шу сабабдан, Аллоҳ таоло “Мабодо кўпхотинли бўлсангиз-у, етимлар ҳақида адолатли бўлолмасликдан қўрқсангиз, билингки, бунинг учун тўрттадан ортиқ хотин олиш сизга таъқиқланади, тўрт хотиннинг ҳақларини риоя этолмасликдан қўрқсангиз, у ҳолда битта хотин сизга етарли» дейди.

Аллоҳнинг сўнг каломидан шу нарса англашиладики, бу оятдан мурод – хотинни кўпайтириб бериш, яъни тўрттагача чиқариш эмас, балки аксинча, озайтириш, яъни битта билан кифояланишдир. Бир ва тўрт орасида чегара қўйилганки, “Агар тўрттага адолатсизлик қилишдан қўрқсангиз, у ҳолда учта; учтага адолатсизлик қилишдан қўрқсангиз, у ҳолда иккита; иккитага адолатсизлик қилишдан қўрқсангиз, у ҳолда битта аёл сизга етарлидир» дейди. Энг маъқул ва мақбул тафсир ҳам мана шу, яъни Аллоҳ таоло эркакларни кўпхотинга уйланиб олиб, сарф-харажатини етказиб беролмай, етимлар молини ейишини азалдан билган, шунинг учун ҳам етимнинг валийини кўпхотинга уйланишдан тиймоқда” (Ф.Розий; Тафсири Кабир; 7-ж., 328-с.).

Хуллас, Нисо:3-оят тамоман “етимларнинг моли” билан боғлиқ мавзудир.

Бошқа тарафдан, шуни унутмаслик керакки, Қуръон нузули даврида кўпхотинлик зотан мавжуд эди, бунга алоҳида оят келиб рухсат беришига ҳожат ҳам йўқ эди – урфан жоиз эди. Оятнинг нузул сабаби бутунлай бошқа – кўпхотинлик кенг ёйилган жамиятда, ўз хотинларининг харажати учун қарамоғидаги етимлар ҳаққини ейиш ҳам ёйғин эди, мана шу ноҳақликни тузатиш учун нозил бўлгандир бу оят, ва «Етимни молини беринг, етимнинг молини ноҳақ еманг» дея буюрмоқда, «хотинларни кўпайтиринг» деб эмас.

***

У ҳолда, кўпхотинликка ҳеч қандай рухсат йўқми?

Бу каби саволлар «рухсат» нима эканини билмасликдан келиб чиқади.

Рухсат дегани қийналган, ноилож ва музтар ҳолатдаги кишиларга берилади.
Мисол учун, чўчқа гўштини ейиш каби, яъни аввалдан ҳаром қилинган бўлиб, зарурат ҳолатлари юзага келганида (масалан, ўлим хавфи туғилганда) изн берилади, ва очлик кетгунича ейишга рухсат бўлади.
Худди шунга ўхшаб, бу ерда ҳам кўпхотинлик аввал таъқиқланган бўлиб, сўнг бирор зарурат ҳолатлари, дейлик, эркаклар «битта хотинга қаноат қилолмаса», ёки бева ва етимлар кўпайиб кетса, ва бунга ҳеч бир чора топилмаса, ана у ҳолда икки, уч ва тўрт хотин олишга «рухсат» берилган дейиш мумкин.

Ахир бундай зарурат йўқ-ку!? Шундоғам арабларнинг турмуш тарзи кўпхотинликка асосланган. Урушлар бўлиб келган, Бадр, Уҳуд ғазотларда тул ва етимлар қолган, араблар ўз урфига биноан уларни ўз никоҳига олишган, етимларни ўз қарамоғига олишган, буларнинг ҳаммаси зотан бор эди Қуръон нозил бўлган даврда. Оят, аксинча, мана шу урфдан туғиладиган муаммоларни ечиш учун нозил бўлмоқда.

Қуръон оятлари қулдорлик ёйғин жамиятни қулларни озод қилишга чақиради, бой-камбағал тафовути авжга чиққан жамиятни бу тафовутни бартараф этишга чақиради, «эҳтиёждан ортиғини беринг, инфоқ этинг, ижтимоий тенгликни таъминланг», дейди. Шунга ўхшаб, кўпхотинлик ёйғин бўлган жамиятга «адолат қилолмайсиз, озайтиринг, битта билан кифояланинг» дейди.

Юқорида келтирилган Икрима ривоятидаги 2-3-4 сонларидан мақсад ҳам шу – бугунги умуминсоний маъқул ва мақбул «бир эркак ва бир аёл» моделига асосланган оилани барпо этишдир. Мабодо рухсат дейилган тақдирда ҳам, бу – фиқҳий таъбир билан – «урфан» жоиз бўлиши мумкин холос, «шаръан» эмас.

***

Бугунга келайлик.

Бугун имомга (кўпинча яширин) никоҳ ўқитиб, 2-3-4-хотин қилиб олишлар Қуръоннинг ғояси ва мақсадига тамоман зиддир.

Биринчидан, имомлар никоҳни шаръий дея эълон этганидан кейин, оилада юз берадиган барча муаммоларни ҳам шаръий йўл билан ечишлари шарт бўлади. Масалан, ажралишдан кейинги молиявий масалалар: мулк ажрими, мерос тақсими, қарзларни ўташ, агар ворис қарзни ўтай олмаса, уни байтул-молдан қоплаш (ҳа, худди шундай!!!) ва ҳ.к. ва ш.к. Имомлар бу шаръий ҳукмлардан бирортасини бажаряптими? Албатта йўқ, шундай экан, бу никоҳлар ва талоқларнинг шаръийлиги қанчалик? деган савол туғилади, аммо бу – айри мавзу.

Иккинчидан, диндорларимиз ниҳоят шуни англаб етишлари керакки, 2-3-4-хотин қилиб олишлар бевосита бировнинг ҳаққи ва бойлик билан алоқадор муаммо. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун топгани ўзига етмаётган, доимо қарздан боши чиқмаётган қатламларда эмас, аксинча, пули кўпайиб, куч, иқтидор ва давлатга яқин давраларда кенгаймоқда бу одат?
Ахир улар Аллоҳнинг буйруғига амал қилмоқчи бўлсалар, ўзларига 2-3-4-хотин ахтариш ўрнига, ўша аёл-қизларни нега уйланолмай юрган, бунга моддий шароити етмаётган бўйдоқларга никоҳлаб қўймайдилар? Ахир «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини уйлаб қўйинглар» (24:32) оятини ҳеч ўқишмаганми?
Ғамлаган бойликларини ўз ҳаво ва ҳавасларига совуриб, бунга диний ниқоб кийдириш эмас, Аллоҳ бергани молдан Аллоҳ буюрган ўринларга, муҳтожларга, етимларга, қарздорларга инфоқ этмайдиларми? Ахир оила қуролмаётган минглаб эркак ва аёлларнинг ягона сабаби мана шу йўқчилик-ку!?

Учинчидан, Аллоҳнинг динини куч ва бойлик эгалари истагига кўра буриб фатво бериш – тарихда ҳам, бугун ҳам маълум ва машҳур. Бунга чек қўйиш лозим.
«Бир муҳтож аёлни ўз ҳимоямга оляпман, бунинг нимаси ёмон?» дейдиган пулдорларнинг бунақа узрлари ўтмайди. Нима учун бир муҳтож ҳимоя олиш учун сизнинг ётоққа кириши керак? Бўлмаса, ҳимоясиз қоладими? Нега имкони йўқларни никоҳлаб қўйинг амрига (24:32) амал қилиб, сўнгра биродар оила бўлиш мумкин эмас? Нега бу жамиятда пул, мол-мулк фақат эркаклар қўлида жамланиши, аёллар эса доимо заиф, бечора, сассиз ва ҳақ-ҳуқуқсиз бўлиши керак? Нега «иккита, учта, тўртталаб никоҳлаб қўйинг» буйруғини, 2-3-4-хотинликка ол! деб ўйлайсиз, нега ақлингиз эгоизм ва шаҳватдан бошқа нарсага ишламайди?

***

Хотинбозликка диний ниқоб доим тайёр: “Қуръонда бор…”, “Пайғамбаримизни бир нечта хотини бўлган”. Мабодо кичик ёшда қизчангиз бўлса, “Пайғамбар ҳам ёш қизчага уйланган…” ва ҳ.к. уйдирилган диннинг уйдирилган далиллари бисёр…
Золимга қарши ўз ҳақларини талаб қилиб чиққанларга эса “Исломда намойишга чиқиш йўқ” – фатво тайёр.
Кошонаю-асрларда ўтирганларга “Имоми-Аъзам ҳам Бағдоднинг энг яхши уйида ўтирарди” – фатво тайёр.
Jeep минган муллага “Пайғамбаримиз минган туя ҳам энг қийматли туя эди” – фатво тайёр.
Яъни, динни тижорат ҳолига келтирган шаҳват марказларининг ўз ҳирслари йўлида ҳар қандай фатво тайёр…

***

Бутун бу муаммоларнинг илдизи қаерда? Бунга жавобни Аллоҳнинг Каломидан изланг. Бизнинг топа олган жавобимиз шу (ва буни доимо айтиб ҳам келяпмиз) инсониятнинг абадий муаммоси – «Шажараи-хулд ва мулки лаа йабло» (20:120).
Яъни охири йўқ ғамлаш дарди ва битмас мол-мулк ҳирси, минг афсуски, динни ўз нафсига, манфаатига буриш, айниқса аёллар борасидаги масалаларни ўз шаҳватига олат қилиш хасталигининг бош илдизидир, ва бу – бир кун келиб, миллатнинг бошига етади.

http://kamoliddinyoldash.blogspot.ca/2017/06/poligamy.html#more

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“zo’r tv”ни судга беришмоқчи

Қорақалпоғистонлик журналист Даўлетмурат Тажимуратов “Zo’rTV” канали бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ариза билан мурожаат этди. Бу ҳақда “EVERYDAY.UZ” сайти ...

Муштумзўр методист. андижон хтб тизимида бўлаётган хунук воқеа

Беш ойдирки, боши ғавғодан чиқмай қолган Нилуфар Маматқулованинг бор-йўқ айби ўқувчисига бўлган меҳри, ундаги руҳий ўзгаришлардан хавотир олганлиги эди, холос. Унинг ўрнида ...

Ўзбек тили давлат тили (эмас)

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлибди. Биз одатда бир асрнинг учдан бирига менгзалган бу фурсатни ислоҳотлар ва тараққиёт учун жуда қисқа фурсат деб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400