20 йилки ярим ўлик бўлиб яшаётган тожик аёллари

Хатлоннинг Қумсангир қишлоғидан қочаётган аёллар ва болалар.Фото муаллифлик ҳуқуқиСОЛОВЬЕВ АНДРЕЙ/TASS
Image captionХатлоннинг Қумсангир қишлоғидан қочаётган аёллар ва болалар.

Тожикистондаги фуқаролар урушига якун ясаган миллий ярашув битими имзоланганига 20 йил тўлди.

1992-1997 йиллари давом этган бу уруш собиқ Совет Иттифоқи қулаши ортидан чиққан энг узоқ давом этган ва энг қонли хунрезлик бўлган.

Тожикистон фуқаролар урушида:

  • 100 минг инсон ҳалок бўлди;
  • 55 минг бола етимга айланди;
  • 26 минг аёл бева қолди.

Миллионлаб одамлар жон сақлаш учун бошқа давлатларга, ҳатто, Афғонистонга қочиб ўтишди.

Аммо кўплаб аёллар учун 20 йиллик яралар ҳамон битмаган. Балки ҳеч қачон битмаслиги мумкин.

Гулрухсор Сафиева
Image captionГулрухсор Сафиева “Аёллар ва уруш” китобини ҳаётий ҳикоялар асосида ёзган.

Таниқли тожик шоираси ва ёзувчи Гулрухсор Сафиева уруш даҳшатларини бошидан кечирган аёллар ҳикояларини “Аёллар ва уруш” китобида жамлаган.

Ёзувчининг айтишича, кўп аёллар ўз юрагини тўкиб солиш учун ҳам унинг олдига келишган.

(Мақоладаги ҳикоялар кўнгилни хира қилиши мумкин).

“Китобни икки йил ёздим, кейин қўлим бормади” – эслайди Гулрухсор Сафиева – “Иродам етмади, даҳшатли ҳақиқатлар кўп эди”.

Китобдаги аёлларнинг исмлари ўзгартирилган. Уруш пайти 25-30 ёшларда бўлган у аёлларнинг кўпи ҳозир ҳаёт эмас.

“Уларнинг бошига тушган мусибатлар, таҳқирлар ва азобларга ҳамма ҳам бардош бера олмайди” – дейди ёзувчи.

“Тирик аёллар эса ҳамон ярим ўликдек яшашаётганини айтишади”.

Миллионлаб одамлар уруш пайти қочқинга айланганди.Фото муаллифлик ҳуқуқиСОЛОВЬЕВ АНДРЕЙ/TASS
Image captionМиллионлаб одамлар уруш пайти қочқинга айланганди.

Зўрлангани учун эри ҳайдаган

Ёзувчи Қирғизистонда пайти учратган қочқин аёлни уруш пайти зўрлашган, кейин эри ҳам ундан юз ўгирган.

Унинг эри қуролли исёнкорлар сафида бўлган, рақиблари эса қасос олиш учун хотинини зўрлашган.

Аёл болаларини олиб қочқинга айланган. Уруш тугагач, қайтиб келган эри эса унга далда бериш ўрнига, балки “ҳаромсан” деб уйдан ҳайдаган.

“Аёл кишини бир неча марта ўлдириш мумкин” – мушоҳада қилади ёзувчи – “Унинг болалари ё эрини ўлдирганда, уйини хонавайрон қилганда ва номусига тажовуз этганда”.

Тожикистон урушида 55 минг бола етим, 26 минг аёл тул қолди.Фото муаллифлик ҳуқуқиСОЛОВЬЕВ АНДРЕЙ/TASS
Image captionТожикистон урушида 55 минг бола етим, 26 минг аёл тул қолди.

“Бола жондан азиз эмас экан”

Панжлик Садафнинг ёлғизгина қизчаси бўлган. Урушда кўпчилик билан солга ўтириб, дарёдан Афғонистонга қочишган.

Аммо дарё ўртасига етганда, отишма бошланади ва барча сувга қулаб тушади.

Садаф қандайдир бутага осилиб қолади, аммо қизчаси сувга чўка бошлади. У онасидан ёрдам сўрайди.

Лекин Садаф қўлини қўйиб юборса, ўзи ҳам сувга чўкишини англайди. Қизини қутқара олмайди.

“Бола жондан азиз деган гаплар ёлғон экан” – тан олади Садаф – “Ўлимга юз тутган чоғингда ўз жонинг кўзингга ширин кўринаркан”.

Садаф ҳамон гуноҳ ҳисси билан яшайди. Ўзини кечиролмайди.

Уруш яралари битмаган

Одамлар урушни эслашни исташмайди. Хотиралар жуда оғриқли.

Тожикистон уруши инсонларни қурбонлар ва жаллодларга ажратган.

Ҳозир айрим ишлар қайта кўриб чиқилмоқда. Маълум бўлишича, энг шафқатсиз ёмонликларни қилган одамлар танишлар ёки қўшнилар бўлиб чиқаётир.

Уруш баҳонасида кимдир эски жанжал учун қасос олган, бошқаси эса бир пайтлар қиз бермай, совчисини қайтарган оилани беномус қилишга бел боғлаган.

“Уруш гувоҳлари тилидан ёзилган тарих балки ҳеч қачон ҳақиқат бўлолмас. Чунки ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор”.

“Ҳозир холис ҳикояларни кутманг, бунга вақт керак” – дейди Гулрухсор Сафиева – “Ҳали бунга эрта”.

http://www.bbc.com/uzbek/central-asia-40419549

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Москва ўрмонидан ўзбекнинг жасади топилди

8 октябрь куни Москва вилояти Люберец туманидаги ўрмондан Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган. Бу ҳақда ТИВ хабар қилмоқда. 2 октябрь куни “Томилинск электрон заводи” ...

Самарадаги автоҳалокат оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик жароҳатланди

2019 йил 17 июнь куни соат 19.00да Самара вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 6 киши, жумладан, 3 нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди. Бу ҳақда ТИВ ...

Газ таъминоти нореал қарз ёзади, миб ундиради, ўртада истеъмолчи сарсон

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро З. Ботирова Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч ...