Таълим бўлими мудирлари ўқитувчиларни ўз соҳасидан бошқа ишга жалб қилишга ҳаққи борми?

Sof.uz сайти таҳририятига ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани юзасидан шикоят келиб тушгани ҳақида аввал  хабар  берган эдик. Бунинг далили сифатида ҳатто аудио ёзув ҳам тақдим этишди.Ўқитувчиларни ўз соҳаларидан бошқа ишларга жалб этиш ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри? Шу масалада ҳуқуқшунослар фикрини ўргандик. Қуйидаги мақола шу ҳақда.Меҳнат қилиш билан боғлиқ асосий тамойиллар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси томонидан белгилаб қўйилган. Унинг 37 моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Мазкур модда давомида мажбурий меҳнат тақиқланиши ва унга фақатгина қонунда кўрсатилган ҳоллардагина рухсат берилиши айтилади.Мажбурий меҳнат тушунчасига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 7 моддаси ва «Аҳолини иш билан таъминлаш» ҳақидаги Қонуннинг 2 моддасида таъриф берилган. Мажбурий меҳнат бу бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашдир. Демак, ўқитувчиларни ўз соҳасидан ёки меҳнат шартномасида кўзда тутилган фаолият турларидан ташқаридаги ишларга жалб этиш қонунчилигимиз доирасида мажбурий меҳнат деб ҳисобланиши учун ўқитувчилар бундай ишларни «жазо қўллаш таҳдиди» остида бажараётган бўлиши керак. Пахта теримига, картошка экиш ёки бошқа ишларга ҳеч қандай таҳдидсиз ўз хоҳишларига кўра чиқаётганлар мажбурий меҳнат қурбонлари ҳисобланмайди. Аммо вояга етмаганларнинг пахта теримига ҳаттоки ўз хоҳишлари билан чиқишлари ҳам, қонунчиликка кўра, тақиқланган.Пахта чеканка қилишга, пахта теришга, кўча тозалашга ёки нафақахўрлардан мажбурий ариза ёздириб олишга чиқиш қачон «мажбурий меҳнат» ҳисобланади?Агар бу фаолият турлари мажбурий тусда, яъни бажарилмаган тақдирда чора кўриш таҳдиди билан амалга оширилган бўлса, мажбурий меҳнат бўлади. Бирор кишини ўз ихтиёрига қарши меҳнат қилишга мажбур қиладиган ҳар қандай таҳдидни «жазо қўллаш таҳдиди» деб тушуниш лозим. Таҳдид қилиш, кўпинча, бирон ҳуқуқ ва/ёки имтиёзларни чеклашга қаратилган бўлади. Таҳдидлар турли кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, ўқитувчига нисбатан ўқув даргоҳи маъмурияти маошини вақтида бермаслик, белгиланган вақтда меҳнат таътили олишига йўл қўймаслик, ҳайфсан эълон қилиш каби таҳдид чораларини қўллаши мумкин.Агар бирон киши пахта теримига чиқишдан, картошка экишдан ёки шу каби асосий касб фаолиятига алоқаси бўлмаган бошқа ишларни қилишдан бош тортгани натижасида юқоридаги каби таҳдидларга дучор бўлса, демак, у инсон ноқонуний мажбурий меҳнатга дучор қилинаётган бўлади.Мажбурий меҳнат учун кимга қандай жавобгарлик бор?Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши юридик жавобгарлик учун асос бўлади. Юридик жавобгарликнинг 4 асосий кўриниши мавжуд: жиноий, маъмурий, интизомий ва фуқаролик-ҳуқуқий. Меҳнатга мажбурлангани учун ёки меҳнатга мажбурланиш давомида, масалан, пахта даласида содир бўлган нохуш воқеага алоқаси бўлган ҳар қандай мансабдор шахс ёки давлат органига нисбатан юқорида санаб ўтилган жавобгарлик турларининг биттаси ва/ёки бир нечтаси қўлланилиши мумкин.Мактаб ўқитувчилари дала ишларига ноқонуний жалб этилгани учун ушбу ўқув масканлари раҳбарлари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин. Бунда, энг аввало, умумтаълим мактаби директорлари масъулдир, чунки қонунчиликка кўра мактабнинг ўқув-тарбия жараёнига ва кундалик фаолиятига бевосита раҳбарликни директор амалга ошириши белгиланган. Агар мактаб директорлари туман ёки шаҳар таълим бўлими мудирлари ёки бошқа юқори турувчи мансабдор шахслар томонидан мажбурланган бўлса, бу мансабдор шахслар ҳам жавобгар ҳисобланади. Мазкур қоида, халқ таълими мудирларини тумандаги мактаб ўқитувчиларини ўз касбига кирмайдиган ишларни, жумладан, пахта териш каби қишлоқ хўжалиги ишлари ёки кўча тозалаш ёки қурилиш каби бошқа соҳалардаги ишларни қилиш мажбурловчи ҳокимларга ҳам тегишли. Видеодаги «Қишлоқ хўжалиги биринчи ўринда» дея дағдаға қилаётган мудира нафақат касби ва ўз хизмат вазифасига хиёнат қиляпти, балки Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, меҳнат тўғрисидаги қонунларини ва бошқа қонунларини ҳамда маъмурий ва жиноят кодексларидаги қонунларини (ўзбошимчалик, ҳақорат қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суисътемол қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш, мансабга совуққонлик билан қараш) бузяпти. Натижада бундай қонунбузар ва жиноятчи давлат хизматчиларининг айби билан Ўзбекистон Республикаси имзолаган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ва бошқа инсон ҳуқуқлари ҳужжатларини бузилишига олиб келиб, халқаро жамиятида Ўзбекистон обрўйини тушишига сабаб яратяпти.Юқоридаги давлат органлари ёки мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари устидан шикоят аризасини ёзишдан олдин, ўқитувчилар ҳуқуқбузарлик учун масъул бўлган мансабдор шахсга, яъни мактаб директорига ҳуқуқбузарликни зудлик билан тўхтатишини, акс ҳолда юқори турувчи давлат органи ёки мансабдор шахсга шикоят аризаси билан мурожаат қилишини айтиши лозим. Улар бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида оммавий ахборот воситаларига (ОАВ) хабар беришлари ҳақида ҳам огоҳлантиришлари мумкин. Баъзан шундай иш тутилганда, шикоят ёзишга ҳожат қолмайди ва сизга нисбатан қилинган ҳуқуқбузарликка чек қўйилади. Агар директор ёки бошқа раҳбар шахс ўқитувчилар эътирозига нисбатан таҳдидни янада кучайтирадиган бўлса, ишдан ҳайдаш, маошини бермаслик каби жазо турлари билан қўрқитадиган бўлса, булар ҳуқуқбузарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлади ва юқори органга ёки судга шикоят қилинганда буларни алоҳида қайд этиб ўтиш керак.Тегишли давлат органлари ёки мансабдор шахслар юборилган шикоятларни ўрганмасдан эътиборсиз қолдирса, улар амалдаги қонунчиликни бузган ҳисобланади ва бунинг учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.Мажбурий меҳнатга дуч келган одам нима қилиши керак?Биринчи навбатда, мажбурий меҳнатга жалб этилаётган одам мансабдор шахсдан бу ишни қандай қонун ҳужжатларига асосланиб қилаётганини сўраши керак. Аксарият мансабдор шахслар фуқаролар томонидан ўз ҳақ-ҳуқуқларининг талаб ва ҳимоя қилинишига ўрганмагани учун бундай саволга эътиборсизлик, дўқ уриш ёки қўрқитиш билан жавоб бериши мумкин. Бундай вазиятда унга қайси қонунга асосланиб бундай иш тутаётганини билмоқчи эканлигингизни эслатинг. Раҳбар дўқ уришда давом этса, зарурат туғилган тақдирда, тегишли давлат органларига шикоят қилишга ва ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун малакали адвокат ёллашга мажбур бўлишингизни билдиринг.Агар ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни қонунчилигимиз доирасида самарали ҳимоя қила олишингизга кўзингиз етмаса, албатта, малакали адвокат ёллашингиз керак. Малакали адвокат муаммоингизни ўрганиб чиққандан кейин сизни ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли ҳақида бир қарорга келиши мумкин.Адвокат ёлламасдан ўзингиз ҳаракат қилишга қарор қилсангиз, қуйидаги чораларни кўришингизни тавсия этамиз.Биринчидан, ҳам туман, ҳам шаҳар прокуратурасига сизни мажбурий меҳнатга жалб қилишаётгани ҳақида шикоят қилишингиз керак. Шикоятда сизни қонуний асоссиз меҳнат қилишга мажбурлаш амалдаги қонунчиликка қарши эканлигини баён этишингиз керак. Бунда сизни кўча тозалашга ёки далада ишлашга ким мажбур қилаётганини, агар чиқишдан бош тортсангиз, нима билан таҳдид солаётгани, қайси куни таҳдид қилгани, қандай таҳдид қилгани, агар гувоҳлар бўлса, кимлар гувоҳ бўлганини ёзиб, сизни мажбурий меҳнатга мажбур қилаётганларга қарши қонуний чора кўришларини сўрашингиз керак.Давлат органларига турли масалаларда ариза ёки шикоят билан мурожаат қилиш Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Агар прокуратурага қилган шикоятингиз натижа бермаса, шикоят аризасини судга топшириш керак бўлади.Тегишли органларга топшириладиган ариза намунаси

Бухоро шаҳри прокурори
Усмон Турдиевга
Бухоро шаҳри, Мустақиллик кўчаси
1991 уйда яшовчи Отабек Фарҳодовдан
АРИЗА
Бухоро шаҳри 6 мактаб директори бўлмиш Олима Сатторова мазкур мактаб ўқитувчиларини далага чиқиб чеканка қилиш, мажбурий обуна ва китоблар учун пул йиғиш ҳамда нафақахўрлардан пенцияларини пластик карточкага ўтказиш бўйича ариза ундириш каби ишларга мажбурламоқда. Директор Сатторованинг мазкур хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб биламан ва сиздан бунга қарши тегишли чоралар кўришингизни илтимос қиламан.
Мазкур йилнинг июль ойида Олима Сатторова йиғилиш пайтида барча ўқитувчиларга навбат билан, мактабдаги иш соатларидан ташқари пайтда далага чиқиб ишлаш шарт эканлигини айтган. Мен буни хоҳламаслигимни, бу иш менинг касбий вазифаларим қаторига кирмаслигини айтсам, Сатторова бунга жавобан мени меҳнат таътилига чиқармаслиги, иш соатларимни камайтириши ҳақида қўрқитиб таҳдид қилди. Сатторованинг мазкур хатти-ҳаракатлари қуйидаги сабабларга кўра меҳнатга мажбурлаш бўлиб,  амалдаги қонунчиликка кўра, ноқонуний ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида меҳнат қилишга мажбурлаш тақиқланган. Хусусан, Конституциянинг 37 моддаси мажбурий меҳнатни ман этади. Меҳнат Кодексининг 7 моддасида ҳам шундай қоида белгиланиб, бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш мажбурий меҳнат экани айтилган.
Юқорида кўрсатилган сабабларга асосланиб, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларининг тўхтатилишини сўрайман. Олима Сатторова ёки бошқа таълим мутасаддилари томонидан бундай ишларга мажбурлаш ҳолати қайтариладиган бўлса, шикоят аризаси билан тегишли юқори турувчи давлат органларига, хусусан, вазирликларга ва судга мурожаат қилишимни билдираман.
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга асосланиб, шикоят аризамга 15 кун ичида жавоб беришингизни сўрайман.

2017. 25. 07             [имзо]            Отабек ФарҳодовЭслатма: прокуратурага ёзиладиган шикоят аризаси намунасини иловасидаги жой ва исм номлари тўқима.
Шунингдек, аризага мазкур ноқонуний ҳолатни тасдиқловчи гувоҳлар, видео/аудиоёзув ёки ёзма буйруқ каби далилий ашёларнинг ҳам нусхасини топширишингиз мумкин. Аризани топширганлигингиз ҳақида қабул қилиб олган шахсдан санаси ёзилган чек олишни унутманг.

http://sof.uz/news/show/10311-talim-bulimi-mudirlari-uqituvchilarni-uz
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкент вилоятида бозорда савдо қилаётган аёллар куч билан қўлга олинди

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги бозорда катта жанжал юз бериб, можаро давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар аёлларни куч билан қўлга олишга ҳаракат қилдилар, деб ...

Тошкентда “тозалаш-антитеррор” тадбирида 4 ярим минг кишига маъмурий чора кўрилди

  Тошкентда 30 июлдан бери ўтказилаётган “Тозалаш-Антитеррор” тадбирида рўйхатдан ўтмай пойтахтда яшаётган 4 ярим минг кишига маъмурий чора кўрилди. Тошкент шаҳар Ички ...

Навальнийни қўллаб-қувватлаб россияда бўлиб ўтган тадбирларда 290 киши ушланди

Муxолифатдаги сиёсатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида шанба куни Россиянинг 26та шаҳрида бўлиб ўтган тадбирлар вақтида 290 киши ушланди. "ОВД-Инфо" барча ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400