
Яқинда “Камолот” қурултойида Мирзиёев томонидан Халқ таълими вазирининг ўринбосари этиб тайинланган Алишер Саъдуллаев ёлғиз ва ногирон отахон ҳақида ёзди.
Вазирнинг 23 ёшли ўринбосари Facebook саҳифасида Навоий вилоятининг Томди туманидаги отахон сафарини том маънода ўзгартириб юборганини ёзди.
“Томдилик отахон менинг сафаримни туб маънода ўзгартириб юборди. Кеча уст-бошимни алмаштириб, оддий халқ билан мулоқот қилишга отландим. Кунимни айнан шу иш билан бошлашга ахд қилгандим!”, – деб ёзади у.

Алишер Саъдуллаев эътибор қаратган отахоннинг исми шарифи келтирилмаган, бироқ унинг 70 га кирганини, фарзанд кўрмаганини, бўксаси синганлиги ва мўйсафид даврида ёлғиз қолганини англаш мумкин.
“Аслида бу отахонни мактабларни айланиб юрган вақтимда деразадан кўриб қолдим. Буни пайқаган шу ерликлар мени чалғитмоқчи бўлишдими, тезда мени гапга солишди, аммо уларнинг барчасидан ўша ерда қолиб мени кутишларини сўрадим. Яқинлашиб ҳол-аҳвол сўрадим, отахон бир неча йилдан бери бўксаси синганлиги туфайли аранг ўзи мустақил оёққа тура олади. Буни кўриб чидаб тура олмадим ва туман ҳокими муовинини чақиришларини сўрадим. Ажабланарлиси, улар бу отахон ҳақида билмас эмишлар!!!”, – дея ҳайратини изҳор қилган ёш мулозим.
Алишер Саъдуллаев гапига исбот сифатида отахоннинг уйи ва билан тушган суратларини жойлаштирган. Маҳаллий мулозимлар отахонга ижтимоий ёрдам кўрсатишишини айтишган.
“Шундай бўлсада, бу отахонга ижтимоий ёрдам кўрсатилиши такидлаб ўтилди! Отахоннинг ҳамма маълумотларини олдим ва ҳоким муовини билан келишиб олдик! Аслида барчамиз шундай жойларга бориб, шу каби мазлумларимизнинг ҳолидан хабар олишимиз шарт!”, – дея постига якун ясаган у.
22 ёшли Алишер Саъдуллаев “Камолот” қурултойида Президент Мирзиёев назарига тушгач, Халқ таълим вазири ўринбосарлигига тайинланган. Тадбиркор Алишер Саъдуллаев қурултойда сўз олган ва у томонидан янграган таклифлар Президентга маъқул келган.
1994 йил 11 июлда туғилган Саъдуллаев 23 ёшга тўлишига 10 кун қолганда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба энг ёш вазир ўринбосари лавозимига ўтирган.
Qalampir.uz сайтининг хабар беришича, Алишер Саъдуллаевни Мирзиёевнинг ўзи қурултойда тажриба тариқасида вазир ўринбосари этиб тайинлаган.
Бундай қилинишига Алишер Саъдуллаев томонидан ёшларга тил ўргатиш истиқболлари ҳақида Президентга берган таклифлари сабаб бўлгани айтилган.
http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-40769021