Тошкентдаги емакхоналар “жаз кабоб”га гўшт етказа олмаяпти

 


Пойтахтдаги қатор емакхоналарда бўлган тошкентлик манба тушдан кейин кабоб тугаб қолаётганига гувоҳ бўлди. Аниқлашича, емакхона эгалари бозорда гўшт камёб-қимматлиги боис, ўзбеклар севган емакнинг бу турини етазиб беролмаяпти. Бозордаги гўшт кризиси, Бош вазир Абдулла Орипов шахсан назоратига олганига қарамай, 3 ойдирки, давом этмоқда.

Тошкентлик манба 29 июл куни пойтахтда номи чиққан кабобхоналарда бўлди ва мол гўштидан тайёрланган “жаз кабоб”ни буюртма қилишга уринди.

Натижада, аксар кабобчилар халқ тилида “жаз кабоб” дейиладиган емакнинг бу турини тушдан кейин пиширмаётгани маълум бўлди.

“Тошкентдаги “Миллий Таомлар” номи остидаги кафелар ва халқ орасида “шашликхона” дейиладиган емакхоналарда, айниқса, жаз кабоблари етишмаяпти. Пешиндан кейин жаз кабобни, умуман, топиб бўлмапяти”,деди манба Озодлик билан суҳбатда.

Емакхона эгалари ва ошпазлар бундай танқисликка “поставшиклар гўшт етказиб беролмаётгани” ва “шашликка сихлайдиган мол гўштининг килоси 43 000 сўмга чиқиб кетгани”ни сабаб қилиб келтирмоқда.

Пойтахтлик иқтисодчи Тошбекка кўра, сўнгги бир ой ичида бир сих кабобнинг нархи ўртача 500-800 сўмга ошгани кузатилган ва бу мамлакат ҳукуматининг гўшт бозоридаги инқирознинг олидини олишга уринишлари кутилган натижани бермаётганидан даракдир.

“Қанақадир фонд ташкил қилиш, гўшт нархини назоратда ушлаб туришга уриниш – буларнинг ҳаммаси қисқа муддатли чора. Бу чоралар кутилган натижани бермаяпти ҳам. Чунки, гўшт танқислигининг қатор сабаблари бор – нарх-наво, валюта бозори, чорвачилар айтганидек, ем-хашак етишмаслиги ва ҳоказо комплекс муаммоларни ҳал қилиш керак, биринчи навбатда”, дейди иқтисодчи.

Кейинги икки ой ичида бутун Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархи 25 фоизга қимматлади.

Сўнгги бир неча кун ичида Тошкент бозорларида бир кило мол гўшти ўртача 35 минг сўм, бир кило қўй гўшти ўртача 38 минг сўмдан сотилди. Озиқ-овқат дўконларида эса мол гўштининг бир килоси 35 минг сўмдан 45 минг сўмгача сотилмоқда.

Қиёс учун шу йилнинг бошидаги нархни эслаш мумкин: бозорда бир кило мол гўшти 22 минг сўм, бир кило қўй гўшти эса 25 минг сўм, озиқ-овқат дўконларидаги гўшт нархи ўртача 27 минг сўм эди. Яъни, ярим йил ичида гўшт нархи қарийб 50 фоизга ошиб кетди.

Май ойида Бош вазир Абдулла Арипов гўшт нархини туширишни талабқилганидан сўнг, бозорларда арзон гўшт сотувчи расталар пайдо бўлди. Нарх-навони барқарорлаштиришга кўмалашувчи жамғарма тузилди. Лекин ҳозирча гўшт арзонлаш ўрнига фақат қимматлаётгани кузатилмоқда.

Қассоблар ва гўшт савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг айтишича, гўшт нархининг ошишига бир қанча омиллар сабаб бўлаяпти. Жумладан, бензин нархи ошгани боис, асосан, жанубий вилоятлардан ташиладиган қорамолларни пойтахт ва бошқа вилоятларга келтириш ҳаражатлари ошгани, ем-ҳашак танқислашгани ортидан унинг нархи кескин кўтарилиб кетгани ва шунингдек, маъмурий босимлар ҳам гўшт нархининг кун сайин қимматлашига сабаб кўрилмоқда.

Бундан ташқари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспортига тақиқ бекор қилингани ҳам бунинг сабабларидан бири сифатида келтирилмоқда.

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил май ойидаги 5034-сонли фармони билан республикадан экспорт қилинувчи озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатидан гўшт ва гўшт маҳсулотлари чиқарилган.

https://www.ozodlik.org/a/toshkent-kabob-gosht-tanqis-qimmat-restoran-oshxona/28648724.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистонда ўртача ойлик маош 9,1 фоизга кўпаяди, ўзбекистонда-чи?

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Қозоғистонда маоши кам ишчиларнинг,  шунингдек, давлат ташкилотларида ишлайдиган ишчи-ходимларнинг ойлик маоши 1,5 ҳисса кўпаяди. Бу ҳақида ...

Тошкентдаги емакхоналар “жаз кабоб”га гўшт етказа олмаяпти

  Пойтахтдаги қатор емакхоналарда бўлган тошкентлик манба тушдан кейин кабоб тугаб қолаётганига гувоҳ бўлди. Аниқлашича, емакхона эгалари бозорда гўшт камёб-қимматлиги ...

Чинозда 350 кишидан 3 млрд сўмдан ошиқ пул тўплашга улгурган янги аҳмадбой пайдо бўлди

2015-2016 йилларда юртимизда чинозлик «Аҳмадбой»нинг довруғи достон бўлган эди. Халқ орасида «Аҳмадбой»нинг пулни икки баравар қилиб қайтариб бериши ҳақидаги хабар яшин ...