Мактабнинг эгаси ким: вазирликми ёки ҳокимлик?

 

Умумтаълим мактабларининг доирасимон муҳрига нима деб ёзилганига эътибор қаратганмисиз? Кўрган бўлсангиз ҳам диққат қилмаган бўлишингиз мумкин. Чунки ундаги ёзувни ўқиш бироз қийинчилик туғдиради. Мактабда имтиҳон ёхуд якуний назорат топширганингизда дафтар четига босилган тўртбурчак штампгачи? Саволларга қандай жавоб ёзишни билмай турганингизда ўқиб кўрган бўлсангиз керак. Ҳеч бўлмаса, умрингизда бирор марта умумтаълим мактаби дарвозаси тепасига илинган ёзувга эътибор берганингиз аниқ.

Ҳар уччала ёзувга нима битилган? Уларни нима бирлаштириб туради? Уларнинг барчаси бир хил жумла билан бошланади ва тугайди: Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги … вилоят (ёки Тошкент шаҳар) халқ таълими бошқармаси … туман (ёки шаҳар) (шу ерда узундан-узоқ тушунарсиз жумлалар келади) бўлимига қарашли фалон сонли умумий ўрта таълим мактаби…

Думалоқ муҳр, тўртбурчак штамп ва дарвозадаги ёзувдан мактабнинг Халқ таълими вазирлиги деган ташкилотга қарашли эканлиги ва унинг фаолияти айнан шу ташкилотнинг ҳудудий идоралари томонидан бошқарилиши англашилади.

Мактабда ким хизмат қилади? Ўқитувчи! Ўқитувчи ўз вазифаси бўйича кимга бўйсуниши керак? Халқ таълими вазирлиги ва унинг вакиллик органларига! Ҳарҳолда, мен шундай тушунаман. Аммо вазирлик мулозимлари буни бошқачароқ тушунадиган кўринади.
Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси вакиллари ўқитувчиларнинг хизмат вазифасига кирмайдиган, аммо уларнинг зиммасига юкланаётган топшириқлар бўйича саволларга жавоб қайтаришдан доим қочиб келишади. Уларга қачон мажбурий меҳнат ва йиғимлар борасида савол берилса, бу вазирликнинг ваколат доирасига кирмаслигини даъво қилишади.
Вазирлик расмийлари иддаосича, ўқитувчиларга юкланаётган ортиқча юмушларга Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий ташкилотларининг мутлақо алоқаси йўқ. Педагогик фаолиятдан ташқари топшириқлар вазирлик томонидан берилмайди.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда халқ таълими вакилига ўқитувчилар зиммасидаги ортиқча ишлар бўйича савол берилди. Халқ таълими мулозими эса журналистнинг саволига жавоб бериш ўрнига, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга ким жалб қилаётган бўлса, саволни ўша ташкилотларга беришни тавсия қилди. Расмий мулозим Халқ таълими вазирлиги фақат таълим сифатига жавоб беришини қайд этди.

Бошқача қилиб айтганда, Халқ таълими вазирлиги ўз тизимида хизмат қилаётган юз минглаб педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслигини ва бошқа ташкилотлар мажбурий меҳнатга жалб қиладиган бўлса, уларни ҳимоя қилмаслигини эътироф этди.

Икки ҳафта муқаддам Sof.uz сайтида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганига доир маълумот аудиоёзувли далил билан эълон қилинган эди.

Туман халқ таълими бўлими мудираси директорлар мажлисида ўқитувчи ва боғча ходималарини пахта «чеканка»сига жалб этиш, картошка экиш, пенсияларни пластикка ўтказиш учун пенсионерлардан ариза йиғиш, қандайдир «керакли» китоб ҳамда концертга пул йиғиш бўйича кўрсатмалар бергани аудиоёзувда ўз аксини топган.

Халқ таълими мудираси бу топшириқларнинг вилоят ҳокими томонидан буюрилганини эътироф этган. Қайд этилган йиғилиш 19 июль куни бўлиб ўтган бўлса, унга доир мақола 21 июль куни Sof.uz сайтида эълон қилинди.

Интернет тармоғида анчагина шов-шувга айланган ва мунозараларга сабаб бўлган ҳодисага расмийларнинг муносабат билдиришга шошилмаганига кўпчилик эътибор бермаган бўлиши мумкин (бундай бепарво муносабатга ўрганиб қолганмиз). Бизга маълум бўлишича, мутасаддилар муаммони ҳал қилиш ўрнига, мудиранинг гапларини ёзиб олиб, тарқатган «хоин»ни излашга тушиб кетишибди. Қуръон билан қасам ичдирилгани эса ҳаммасидан ошиб тушибди.

Наҳотки, вазирлик ёки Фарғона вилояти ҳокимлиги воқеага муносабат билдиришни ўзига эп кўрмаса? Наҳотки, бўлиб ўтган ҳодиса учун жамоатчилик олдида жавоб бериш масъулияти муҳтарам раҳбарларимизда бўлмаса? Наҳотки, халққа хизмат қилиши лозим бўлган амалдорлар шу халқни, унинг вакиллари бўлган ўқитувчиларни, муаммони жамоатчилик олдига кўтариб чиққан «тўртинчи ҳокимият»ни бир тийинга олишмаса?

Ўзини ҳурмат қилган ҳоким ёки вазир бундай ҳодисадан кейин жуда истеъфога чиқмаса ҳам, халқ олдида баёнот бериши лозим эди. Йўл қўйилган хато учун кечирим сўраши керак эди. Аммо мана 12 кундирки, мутасаддилар ҳеч нарсадан хабари йўқ кишилардек бепарво юришибди.

Президент ишонч билдириб, халқ таълими вазири ўринбосари қилиб тайинлаган ёш амалдор қани? Дейлик, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига муносабат билдириш вазирнинг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарининг вазифасига кирмас.

Аммо у киши шундоқ ҳам вилоятларда ўз фаолиятига умуман алоқадор бўлмаган ишларни қилиб юрибдику. Вазир ўринбосари Навоийда бир камбағал отахонга эътибор қаратибдилар. Отахоннинг халқ таълими соҳасига алоқадорлиги бор эканми? Ҳарҳолда, мен биринчи бўлиб ёш ўринбосар муносабат билдиришини кутган эдим.

Аудиоёзув эълон қилинганидан 11 кун ўтиб, Ўзбекистон тумани ҳокимиятида йиғилиш бўлгани хусусида маълумот олдик. Мажлисда халқ таълими мудираси масаласи кўрилган. Sof.uz манбасига кўра, туман ҳокими халқ таълими мудирасини бу лавозимга «нолойиқ» деб топган ва уни вазифасидан озод қилган.

Бу хабар интернетда овоза бўлиб улгурмасдан, мудира опамиз ўз вазифасида қолгани тўғрисида иккинчи хабар таҳририятга келиб тушди. Не ажабки, мажлис аввалида ишдан ҳайдалган мудира йиғилишнинг иккинчи қисмида вазифасига қайтарилган. Маълум бўлишича, унинг бир неча соат ичида лавозимга қайтишига Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасидан бўлган битта қўнғироқ кифоя қилган.

Вилоят халқ таълимига масъул киши туман ҳокимининг қарорини бекор қилган! Тасаввур қиляпсизми? Халқ таълими вазирлиги ҳудудий ташкилотларининг ҳокимликларга ҳам бўйсунишини, шунинг учун ҳокимнинг топшириқларига вазирлик аралаша олмаслигини айтиб турса-ю, вилят бошқармаси раҳбари туман ҳокимининг қарорини бир пул қилса!

Эмишки, бошқарма бошлиғи туман халқ таълимини бошқаришга муносиб номзод йўқлигини айтибди. Наҳотки, 66 та мактабда минглаб ўқитувчилар фаолият олиб борадиган туманда халқ таълимини бошқара оладиган муносиб номзод топилмаса? (Амалдаги мудиранинг бу лавозимга муносиблиги ҳам ўша аудиоёзувдаги гапларни эшитган кишида шубҳа уйғотади.)

Энди саволлар туғилади? Туман халқ таълими бўлими мудирини тайинлаш ваколати кимга тегишли? Қайси ҳуқуқий нормада бу белгилаб қўйилган? Вилоят ХТБ раҳбари туман ҳокимининг қарорини бекор қилишга ҳақлими? Туман ҳокими қарорида қатъий тура олмайдиган даражада бўш одамми? Туман ХТБ мудираси нима сабабдан ишдан олинган эди-ю, вилоятдагилар қайси асосга кўра уни вазифасида қолдиришни лозим топишди?

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга йўлламаслигини даъво қилган Халқ таълими вазирлиги нима учун ҳалигача мазкур воқеага бефарқ? Вазирлик ўзига итоат қилмаган мудирани нима учун ҳокимнинг қарорига хилоф тарзда лавозимда қолишига йўл қўйди? Йўл қўйдигина эмас, балки, йиғилиш иштирокчисининг эътирофича, ўша мудира лавозимида қолиши кераклигини вилоят бошқармаси орқали туман ҳокимига тайинлади.

Ҳатто вилоят ХТБ раҳбари туман ҳокимининг халқ таълимига оид қарорини бекор қила олар экан, нима учун вазирлик ҳокимларнинг ўқитувчиларга ўтказаётган зуғумларига қарши курашмаяпти? Битта мудирани ишда қолдириш учун ўртага тушган бошқарма нима учун минглаб мактаб ўқитувчиларига ноқонуний вазифалар юкланганда сукут сақлаб турибди? Битта мудиранинг ишдан ҳайдалмаслиги минглаб педагогларни мажбурий пахта «чеканка»сидан ҳимоя қилишдан кўра муҳимроқми?

Халқ таълими вазирлиги аввал аниқлаштириб олиши керак: ҳудудий халқ таълими идоралари раҳбарлари бир пайтнинг ўзида ҳам ҳокимлик, ҳам вазирликка бўйсунса, бир-бирига зид қарорлар чиқарилган тақдирда, кимнинг қарорига амал қилинади?
Мактабларнинг эгаси аслида ким? Ҳокимликми ёки вазирлик?

Ана шу саволларга жавоб топсак, муаммонинг ечимига яқинлашишимиз мумкин.

Тушунишимча, Халқ таълими вазирлиги ўз ваколатига доир масалаларга масъулиятсизлик билан ёндошмоқда. Вазирликнинг бепарволигидан фойдаланган ҳокимлар эса ўқитувчиларга турли топшириқлар беришдан андиша қилмай қўйган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси туман ҳокимига халқ таълими мудирасини ўз ўрнида қолдириш бўйча босим ўтказа оляптими, демак, ўқитувчиларни турли хил ортиқча юмушлардан халос қилиш ҳам қўлларидан келади. Бунинг учун озгина хоҳиш ва жавобгарлик ҳисси бўлса кифоя.

Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

http://sof.uz/news/show/10480-maktabning-egasi-kim-vazirlikmi-yoki-hok

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ислом каримов британиядан сиёсий бошпана сўради

Ўзбекистоннинг марҳум президенти невараси Ислом Каримов Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган. (more…)

Инсоннинг ҳайвончалик қадри қолмаётирми?

Ҳукумат шу кунгача ярим миллиондан кўп фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқароси паспортини қачонгача бериб тугатиши ҳақида ҳеч қандай билдирги бермади. Аммо ...

Қодировчилар болаларни ўзлари учун дуо қилишга мажбурлади

Чеченистон ҳукумати мактабгача ёшдаги болаларга уч рангли кийим кийдириб Россия байроғини шакллантирди, сўнгра Грознийдаги марказий масжидга йиғиб, Украинада жанг қилаётган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400