Картошка ва гўштдан сўнг бозорларда пиёзнинг ҳам нархи қимматлашди

Facebook ижтимоий тармоғининг “Халқ билан мулоқот” гуруҳида бозорларда пиёз нархининг қимматлашганига оид мақола эълон қилинди. “Оила ва жамият” газетаси мухбири муаллифлигидаги мазкур мақолада маҳсулот нархининг кўтарилгани сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув олиб борилган.

Бугун одамлар дам картошканинг, дам сабзининг нархи ошиб кетаётганидан нолишяпти. Гўштнинг баҳосинику тушуниш мумкиндир, пиёзга нима бўлди, пиёзга? Ҳозир айни ёз, пишиқчилик пайти бўлса, нега полиз маҳсулотлари бунча қиммат?
Қўйлиқ, Чорсу, Олой бозорларини айланиб сотувчи ҳамда харидорларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

– Бир неча йилдан бери Олой бозорида пиёз сотиб, тирикчилик қиламан, – дейди сотувчи Шарифжон ШАРОФОВ. – Пиёзнинг испанский ва қарсилдоқ навларининг 1 килограммини 4.500 сўмдан сотяпмиз. Қарсилдоқ кўпроқ Ғазалкентда етиштирилади. Бу йил картошка кам бўлгани сабабли қишда Покис­тон, Эрон, Белорусдан сотиб олинди. Эшитишимча, энди бизнинг деҳқонларимиз етиштирган пиёзлар Эрон ҳамда Покистонга экспорт қилинаётганмиш. Шу сабаб нарх-наво кўтарилиб кетди.

Чорсу бозорида савдо қилаётган Ниёзжон исмли (фамилиясини айтишни истамади) сотувчининг ҳам фикрларига қулоқ тутдик.

– Майдароқ пиёзларни уч килосини ўн минг, йирик­ларини эса 3.500-4.000 сўмдан сотяпман. Ўзим ҳам томорқамда картошка, пиёз етиштираман. Пиёз серўт бўлгани учун меҳнати кўп. Кўчати кўчириб ўтқазилса, ҳосилдорлиги яхши бўлади. Мунтазам суғорилмаса, таъми аччиқ бўлиб қолади. Касалликка қарши тез-тез дори-дармон бериш керак.

– Бир неча йиллардан буён Қўйлиқ деҳқон бозори­да пиёз сотаман, – дейди Ҳамида Арслонова. – Улгуржи бозордан 3.300 сўмдан олиб чиқиб, 3.500 сўмдан сотяпмиз. Айни кунларда Қоратол навига эҳтиёж кўп. Қоратол юпқа пўчоқ, сувли бўлади. Жиззах ҳамда Оҳангарондан келтирилади. Сентябрь ойидан бошлаб бозорларимизда халседон навини сотишни бошлаймиз. Қизил пўчоқли, совуққа чидамли. Деҳқонлар уни август охири сентябрь бошларида мезон шамолини едирганидан кейин ковлаб олишади. Мезон шамолини еган пиёз, чиримайди. Айрим деҳқонлар бу йил пиёз қиммат бўлишини башоратлаб, ҳосилни музлаткичларга солиб қўйишяпти.

– Қуйи Чирчиқ туманида яшайман, – дейди 58 ёшни қаршилаган Олмасхон ая Аҳмадалиева. – Икки ўғил, икки қизимни уйлантириб, уйли-жойли қилганман. 450 минг сўм пенсия оламан. Оиламизда 10 киши яшайди. Бизга 2-3 килограмм пиёз урвоқ ҳам бўлмайди. Бир ҳафтага 8-10 килограмм сотиб оламан. Оиламиз катта, тез-тез хоним, манти қилиб бермасак, йигитларни тўйдириш қийин. Бозорга тушганимда нарх-навони кўриб, хафа бўлиб кетаман. Кийим-кечакни-ку, ямаб-ясқаб кийиб кетаверамиз, аммо қоринни тикиб бўлмайди. Қора қозонни қайнатиш учун бозорга чопамиз, бу ерда аҳвол ҳалигидай. Пиёзнинг нархи нега бунча қиммат, десангиз ҳамма елка қисади. Ахир, бунинг жавобини кимдир билиши керак-ку?

Акмал МИРЗАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бошқармаси етакчи мутахассиси:
– 2017 йил 15 май ҳолатига кўра республика бўйича жами 43.785 гектар майдонга пиёз экилган. Бу 963 минг тонна ҳосил дегани. Бир гектар ердан 22 тонна ва ундан юқори ҳосил олинади. Бугун бозор расталарида сотилаётган пиёзлар январ-февраль ойларида плёнка остига сепилган. Плёнка остига экиш катта харажат. Ундан ташқари меҳнати ҳам кўп. Кун исиши, совишига қараб плёнка очиб, ёпиб турилади. Табиийки, иш ҳақи ҳам шунга яраша бўлади. Баҳорги пиёз кузгисига қараганда ҳосилни кам беради. Шу боис бозорларимиздаги нарх-наво вақтинчалик қиммат. Насиб бўлса, яқинда кузги пиёзлар ковлаб олиниб, бозор расталарига чиқади.

Сотувчи-ю мутахассислар ҳатто ерга уруғ қадаган деҳқонларнинг фикрларини ҳам эшитдик. Аммо пиёз нега қиммат, деган саволга ҳеч кимдан аниқ жавоб ололмадик. Дарвоқе, пиёз нега қиммат?

http://sof.uz/news/show/10490-kartoshka-va-gushtdan-sung-bozorlarda-pi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда доллар курси 3,62 сўмга қимматлади

Ўзбекистон Марказий банки 2019 йилнинг 9 июлидан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади. Янги қийматга кўра, АҚШ доллари курси бироз ошиб (+3,62 сўм), ...

Ислом каримов асака заводини корейсларга қандай сотган?

Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов ЎзА билан суҳбатда Ислом Каримов Асакадаги прицеп заводини Жанубий Кореянинг Daewoo ширкатига қандай сотгани ...

Қандай фойда олиш керак?

Дунёда алдоқчи, ночор қариндошлару тиламчилар шунчалар кўпки, ҳар ким ўз пулларини улардан қўрғонни ҳимоя қилгандек асраши керак. Доимо ҳушёр туриш лозим. Инсон ўзини ...