Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид янги лойиҳани ўқиб…

Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид янги лойиҳани ўқиб…

Биз ўзбеклар ўтмишда бир неча алифболардан, жумладан, араб ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1929 йилгача), лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1929-1940 йй.) ва кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1940 йилдан эътиборан)дан фойдаланганмиз. Бу сизу бизга тарихдан яхши маълум.
Юртимиз мустақил давлат бўлгач, орадан кўп вақт ўтмай, 1993 йил 2-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунда янги алифбо 31 ҳарф ва 1 тутуқ белгисидан иборат тарзда жорий этилди. Бироқ илк бор тақдим этилган янги алифбо турли хил эътирозларга сабаб бўлавергандан кейин унга 1995 йил 6-майда қатор ўзгартишлар киритилди. Бу каби ўзгартишлар Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонуни билан мустаҳкамланди.
Ушбу қонунга кўра амалдаги 31 ҳарф ва 1 тутуқ белгиси 26 ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасига алмаштирилди. Кейинги ўзгартишларга кўра, тутуқ белгиси алифбомиздан чиқарилди, яъни тиниш белгилар қаторига ўтказилди. Шундай бўлса-да, тутуқ белгиси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига 30-тартиб билан киритилди. Айни пайтда ушбу алифбо муомалада.
Аммо… лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш 24 йилдан бери пайсалга солинмоқда. Соҳага оид илк қабул қилинган қонунда янги алифбога 2005 йилгача узил-кесил ўтиш кераклиги белгиланган эди. Бироқ ҳар хил сабабларга кўра, аниқроғи, собиқ давлат раҳбари ва унинг атрофидаги русийзабон амалдорларнинг лотин ёзувига ўтишни сидқидилдан хушламасликлари боис, ҳатто бу алифбога навбатдаги муддат — 2010 йилда ҳам ўтилмади. Бунинг натижасида мамлакатимизда кейинги пайтларда янги ўзбек алифбосининг ишлатилиш доираси жиддий тарзда торайди. Шу кунга қадар кўчаларимиздаги ёзувлар, расмий хатлар ва бошқа ҳужжатлар кирилл ёзувида ёзилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда ватандошларимиз орасида “яна ўша кирилл ёзуви асосидаги эски ўзбек алифбосида қолсак керак” деган тахмин-гумонлар кучаймоқда, ҳатто бунга оид таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. Айнан шундай шубҳаю гумонлар туфайли бир пайтларда янги алифбомизни ўрганишга бел боғлаганлар уни ўрганишни давом эттиришни тўхтатиб қўйишди, ўрганмаганлар эса бир йўла бу ишга киришмай қўя қолдилар. Агар лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига яқин йиллар ичида ўтилмаса, у ҳолда қилинган шунча саъй-ҳаракатлар зое кетиши ҳеч гап эмас.
Назаримизда, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўта олмаётганимизга алифбодаги камчиликлар тўғаноқ бўлаётгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Яқинда “Бирдамлик” ХДҲ раҳбари Баҳодир Хон Туркистон ўзининг “Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги лойиҳаси”ни эълон қилди ҳамда алифбомизни мукаммаллаштириш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. “Модомики, – дейди муаллиф, – замонлар оша ёзувга бўлган талаб тобора ортиб борар экан, ҳар бир миллат, ҳар бир элат ўз алифбоси, унинг қулайликлари ҳақида ўйлаши, бош қотириши лозим ва буни табиий ҳол деб биламан. Муаллиф ўз фикрини давом эттирган ҳолда: “Назаримда, ҳозир амалга киритилган лотин ёзуви асосидаги алифбомиз айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Уни янада мукаммаллаштириш давр талабига айланди. Фикри ожизимча, замонавий техника, технология, иқтисод каби муҳим соҳалар ривожи талабларидан келиб чиққан ва дунё тараққиётига асосланган ҳолда алифбомизни ҳам омма учун янада содда ва тушунарли шаклга келтириш, бир сўз билан айтганда, унга айрим ўзгартишлар киритиш керак, деб ҳисоблайман”, дея якунлайди. Билъакс, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси лойиҳаси муаллифи Баҳодир Хон Туркистон шу йилнинг 1 январидан ўзи жорий этган янги алифбодан унумли фойдаланмоқда. Қуйида Баҳодир Хон Туркистоннинг янги лойиҳаси эълон қилинмоқда.
Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги лойиҳаси

1-ustunda o’zbek kirill alifbosi.

2-ustunda hozirgi lotin alifbosi.

3-ustunda biz taklif qilayotgan lotin alifbosini yangi loyihasi.

Аа         Aa     Aa
Бб         Bb     Bb
Дд         Dd    Dd
Ее         Ee     Ee
Фф       Ff      Ff
Гг         Gg     Gg
Ҳҳ        Hh     Hh
Ии        Ii        Ii
Жж      Jj        Jj
Кк        Kk     Kk
Лл        Ll       Ll
Мм      Mm    Mm
Нн       Nn      Nn
Оо       Oo       Oo
Пп      Pp        Pp
Ққ       Qq       Qq
Рр       Rr        Rr
Сс       Ss         Ss
Тт       Tt          Tt
Уу       Uu        Uu
Вв      Vv         Vv
Хх       Xx     — — bu harf qisqarib o’rniga Hh ishlatiladi.
Йй     Yy     Yy
Зз      Zz      Zz
Ўў      O’o’   Öö
Ғғ      G’g’   Ğ ğ
Шш [Sh sh] [Sh sh] harf birikmasi
Чч [Ch ch] [Ch ch] harf birikmasi
— — Ng ng  — —
Цц  —  —      Cc
Ёё  [Yo yo]  [Yo yo] harf birikmasi
Ээ     E e     [Ei ei] harf biikmasi
Юю [YU yu] [Yu yu] harf birikmasi
Яя   [Ya ya] [YA ya] harf birikmasi
Ъъ [ ’ ] [ bu harf bor so’z shu harf yonidagi unli harfga yana huddi shunday unli harf qo’shish bilan yoziladi. Masalan “maanaviyat”, “maarifat”]
Ьь    — —     — —

Муаллифнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид янги лойиҳасини ўрганиш жараёнида шуни англадикки, бу ерда таклифлар асосан шу кунга қадар баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган, Хх – Хх, Ўў – O‘o‘, Ғғ – G‘g‘ ва кирилл алифбосидаги Ъъ – юмшатиш белгиси, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тутуқ [’] белгисига тегишли. Бундан ташқари, тилшунос олимлар эътиборидан четда қолиб келаётган кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги Цц ҳарфларини алифбо тартибига киритиш ҳам таклиф қилинган. Бизнинг фикримизча таклифлар ўринли. Назаримизда амалдаги Хх ва Ҳҳ ҳарфлари ўрнига ягона Hh ҳарфини қўллашга оид киритилган ўзгартириш ўзини оқлайди. Бу ҳарф қардош туркларда ҳам бир ҳарф сифатида ишлатилади. “Х” ҳарфи фақат кирилчада “х” тарзида ўқилгани билан бошқа айрим Ғарб тилларидаги алифбода “кс”ни англатади (масалан, такси-taxi).
O‘ o‘ ҳарфи ўрнига таклиф қилинган Öö ҳарфи ҳам талабга жавоб бера олади, деган фикрдамиз. Чунки амалдаги O‘ o‘ ҳарфи тилшуносликда қатор чалкашликларни келтириб чиқараётгани маълум. Ёзувда ушбу белги ([‘] ўрнига кўп ҳолларда тутуқ [’] белгиси ёки ҳар икки белгига ўхшамайдиган бир алоҳида белги [`] қўйилиши одамларни жиддий тарзда чалғитяпти. Бунинг натижасида масалан, O‘zbekiston сўзи O`zbekiston, O’zbekiston тарзида ёзилмоқда. Энди бу сўзларни кирилл алифбосига ўгирсак, Оъзбекистон тарзида ўқишимизга тўғри келади.
O‘ o‘ ҳарфи устига қўйилган белгига тегишли чалкашликлардан G‘ g‘ ҳарфи ҳамда [’] белгилари ҳам мустасно эмас. Муаллиф шу каби қоидаларни инобатга олган ҳолда G‘ g‘ ҳарфини Ğ ğ тарзида ўзгартирган ва бу мақсадга мувоқиф келади, деб ўйлаймиз.
[’] белгиси. Муаллифнинг кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юмшатиш [Ъъ] белгисини англатадиган тутуқ белгиси ўрнига тутуқ белгиси олдидан ёки кетидан келган унли товушни такроран келтириш таклифи ҳам ўзини оқлайди деган умиддамиз. Ана шундай сўзларга мисоллар келтирамиз: ma’naviyat, ma’rifat, daf’atan, la’l, ra’no, ta’minot. Энди ушбу сўзларни таклиф қилинаётган янги лойиҳа асосида ёзиб чиқамиз. У ҳолда maanaviyat, maarifat, dafaatan, laal, raano, taaminot тарзида ёзилади.
Ц ц ҳарфи ҳамиша ўзбек тили имлосида долзарб мавзу бўлиб келган. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида кириллча “ц” товуши икки хил – “s” ва “ts” ҳарф бирикмалари орқали ифодаланмоқда. Масалан, айрим жойларда sirk, айрим жойларда эса “tsitk” тарзида ёзилмоқда. Худди шундай: sement-tsement, sentner-tsentner, Sialkovskiy-Tsialkovskiy, sunami-tsunami ва ҳакозо. “Ц” ундоши ўрнига қўлланилаётган лотин алифбосидаги “ts” ҳарф бирикмаси баъзи ўринларда ўзини оқламайди. Ssenariy, biotsikl, sirkul ва бошқа сўзларни ўқишда ўқувчилар чалғиши мумкин. Биз ўзбеклар барибир “ц” товушини меъёр бўйича талаффуз қила олмаймиз. Аммо тилимизда рус ва бошқа Ғарб тилларидан ўзлашган сўзлар бор. Шуни инобатга олган ҳолда русча “ц” товуши лотинча “s” ҳарфига қориштирилмай, алоҳида ҳарф сифатида алифбомизга “С с” ҳарфи тарзида киритилганини кўпчилик қўллаб-қувватлайди, деган фикрдамиз. Демак, янги алифбога биноан юқорида келтирган мисолларимиз Сirk, cement, centner, Cialkovskiy, cunami, csenariy, biocikl, cirkul тарзида ёзилади. Бу эса ушбу сўзларнинг шунчаки осон ўқилишинигина эмас, енгил талаффуз қилинишини, талаффуз меъёрларига мосликни ҳам таъминлайди. Дўстлар, Баҳодир Хон Туркистон томонидан таклиф қилинган Лотин алифбосига асосланган янги ўзбек алифбоси лойиҳаси ҳақида Сиз қандай фикрдасиз?

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Исмат хушев билан юзма-юз, ёҳуд иккиланиш қанча давом этади?

Хориждаги ўзбек журналисти Исмат Хушев билан ғойибона суҳбат. 2012 йилда муҳожирликда ташкил қилиниб, Канаданинг Торонто шаҳридан эшиттиришлар бераётган "Дунё ўзбеклари " ...

 эврил туроннинг ўзбекистонга қайтиши            

Ўзбекистон  ҳеч биримизга сир эмаски, моддий ресурсларга ниҳоятда бой мамлакат. Шунинг баробарида дунёни лол қолдирувчи буюк тарихига, маданий, маърифий, маънавий ўзлигига ...

Артистпарастлик. у барча жамиятларда бор, аммо…

Куни кеча шоу-бизнесимиз «қиролича»ларидан бирининг чекка туманда, тумонат одам қаршисида қўшиқ куйлагани видеоси тарқалди. Одамнинг кўплигидан танга отсангиз ерга тушмайди. ...