МАКТАБ БОЗОРИДАГИ МОЖАРОЛАР

 

Vohid Luqmonov

Тошкент шаҳрида яшовчи аҳолининг аксарияти “Отчопар”, “Бек- барака”, “Абу-Сахий” буюм бозорларидан кийим-кечак харид қилишади. Ушбу савдо ҳудуди айниқса, август ойларида харидорлар билан гавжум бўлади.
Яқинда “Бек-барака” буюм бозорида бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. 12-13 ёшлардаги қиз: “Ўша юбкани олиб беринг”, деб ҳиққиллар, она эса: “Қизим, у жуда калта экан, барибир мактабга кийишга рухсат беришмайди”, дея қизини кўндиришга уринар эди.
–Ўрта Чирчиқ туманидан келдим, – дейди Санобар исмли аёл. – Бир ойда саккиз юз минг сўм маош оламан. Маошимни олдиму, ўғлим билан қизимни бозорга етакладим. Саккиз яшар ўғлимга Наманганда тикилган костюм-шимни 130 минг сўмга, туфлини 65 минг сўмга, оқ кўйлакни 33 минг сўмга, кетани 35 минг сўмга, сумкани 90 минг сўмга, спорт формасини эса 85 минг сўмга олдим. Пайпоқ, майка, ички кийимлар учун ҳам 42 мингча сарфладим. Қизим бешинчи синфга ўтди. Унга 45 минг сўмга оқ кофта, 60 минг сўмга юбка, 7 минг сўмга бантик, 85 минг сўмга спорт кийими, 100 минг сўмга сумка олдик. 14 минг сўмни бошқа зарур нарсаларга сарфладик. Ўғлим учун 480 минг сўм, қизимга 311 минг сўм жами – 791 минг сўмлик кийим-кечак сотиб олдим. Ўқув қуроллари учун пулимиз етмади.
– Ўтган йили қизимга мактаб маъмурияти томонидан сотилган формани олиб бергандим, – дейди Бектемир туманида яшовчи Ойгул исмли аёл. – Қизимга мосини топгунимизча уч-тўрт марта мактабга қатнашимга тўғри келди. Қизимнинг бўйи паст, елкаси кичкина бўлгани учун чеварга 20 минг сўм тўлаб тўғрилатдик. Бу йил бошимни оғритмай, бозордан ўзига лойиқ келадиганини олиб бердим.
– Икки фарзандимнинг ўқув қуроллари учун 200 минг сўм ажратгандим, – дейди Ҳилола исмли аёл. – Афсуски, бу урвоқ ҳам бўлмас экан. Фарзандларим бу йил юқори синфга ўтгани боис кўпроқ қалин дафтарлар керак бўлар экан. 48 варақли дафтар 1300, китоб жилдлари 3500, дафтар ўрайдигани 4500, кундалик 5 минг, 6 донали пластилин 6 минг, 8 доналиси 8 минг, пенал 5 мингдан 18 минг сўмгача. Клейнинг энг арзони 2500, бўёқлар 6-16 минг сўм атрофида. Ручкалар донаси 600 сўмдан, расм дафтари 40 варақлиси 12 минг сўм. 12 варақли дафтарларни доналаб олсангиз 450, улгуржи савдода 200 сўмдан сотиляпти.
– Мактаб бозорида савдо қилаётган савдогарлар терминал бор, деб ёзиб қўйишган. Лекин “30-40 минг сўм пул учун бозор ичига кириб юраманми”, деб пластик карточка орқали савдо қилишни истамайди, – дея суҳбатга қўшилди кекса харидор Комил ота. – Мана ҳозир пластик карточкамда 40 минг сўм пул қолганди. Дафтар-ручкасини олиб кетай десам, ҳеч бири савдо қилишни истамади.
– Ота-оналар бозорга тушгач, энг аввало боласига бош-оёқ кийим-кечак олиб беришади. Дафтар-ручкага келганда пуллари оз қолганини баҳона қилишади, – дея эътироз билдирди Рустам исмли сотувчи йигит. – Бизни ҳам тўғри тушунинглар, мактаб бозорида вақтинчалик савдо қиламиз. Шу боис таниш-билишларнинг терминалидан фойдаланиб турамиз. Уч-тўрт сўм фойда қолмаса, бу ерда ўтириб нима зарил?!
Маҳбуба МИРАҲМЕДОВА, Тошкент шаҳар оила маркази директор ўринбосари, оилашунос:
– Ҳозир айни тортишувлар палласи, десак ҳам бўлади. 7-8 ёшдаги болаларни бир амаллаб йўлга солиш мумкин. Аммо 12-13 ёшлардаги ўғил-қизларни ўз йўриғингизга юргазиш осон эмас. Балоғат остонасидаги болаларга иккита гап кўп, биттаси камлик қилади. Айримлар болани кўнглини ўкситмай, ёқтирган нарсасини олиб бериш керак, унинг диди ёшликдан шаклланади, дейишади. Бола барибир болалигига боради. У ҳаётни, атрофни тўлиқ баҳолай олмайди. Улар ўзларининг диди, ички оламига эмас, атрофдагиларнинг фикри, эътиборига қулоқ солишади. Телевизорда кўрган машҳур инсонларга тақлид қилишади. Уларга ўхшаб ки­йинсам, мактабда ҳаммани лол қолдираман, деб ўйлашади.
Бозорга боришдан аввал ота-она фарзанди билан келишиб олиши зарур. Ўзининг иқтисодий имконияти, уйдаги шарт-шароит, мактаб талаби ҳақида тушунтирса, бола ҳам ота-она раъйига юради. Агар ота-она мени айтганим бўлади, тамом, шуни киясан, деб шарт қўйса, бола ҳам қайсарликда ундан ошиб тушади.Яқинда бир танишим билан мактаб формалари хусусида суҳбатлашиб қолдик. Иккинчи синфга ўтган неварасига форма олиб берибди. Бувининг айтишича, мактаб бу йил янги форма жорий қилибди. Ўтган йили олган формасини кийиш мумкин эмас эмиш. Бу ота-оналар учун иқтисодий зарар келтирмайдими?
Ҳар бир таълим муассасаси ҳар йили мактаб формасини ўзи истаганча ўзгартириши, ота-оналарни қандайдир кичик цехларда, дидсизлик билан тикилган кийим-кечакларни сотиб олишга мажбур қилиши ортида нима турганини барчамиз яхши биламиз.
Таклифим: мамлакат миқёсида мутахассислар томонидан чуқур ўйланган, боланинг физиологик, психологик жиҳатлари, маънавияти, диди ҳисобга олинган ягона мактаб формаси жорий қилиниши лозим ва бу формалар қўлбола цехларда эмас ростмана фабрикаларда, ўта нозик дид билан тикилиши керак.
Биз эса хулоса ўрнида мутахассиснинг таклифини кенг жамоатчилик, ота-оналар, мактаб мутасаддиларига ҳавола этамиз. Хўш, сизнингча юртимизда ягона мактаб формасини жорий этиш керакми?

Нигора РАҲМОНОВА,
“Оила ва жамият”
Мухбири

Феесбук
Анвар Нуриддинов:
– Мен ҳам оддий мактаб ўқитувчиси сифатида мактаб формаси бир хил ва сифатли бўлиши керак, деган фикрга қўшиламан ва қишки мавсум учун ҳам алоҳида танлаш керак деб ҳисоблайман.
Гулнора Нуриддинова:
– Мен Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 19-мактабнинг математика ўқитувчисиман. Мактаб формалари кузги ва қишки мавсумларга мўлжаллаб тикилса яхши бўларди. Бизнинг ўқувчилик давримизда мактаб формаси бир хил эди. Куз ва баҳорда енгил матодан тикилган калта енглисини, қишда узун енгли қалин матодан тикилганини киярдик.
Зикриллохон Эргашев:
– Таклифга мен ҳам қўшиламан бу лойиҳага ақлли одам керак.
Муаззам:
– Ўқувчилар сунъий толали матодан тайёрланган кофталарни кийишга мажбур бўляпти.
Раҳимжон Турдиев:
– Узунроқ кийимларни тикиш керак.
Ҳамидулла Ризаев:
– Кийим нархи ҳаммани ҳам қониқтирмайди, мактаб формалари давлат томонидан дотацияланган бўлиши керак.
Умму Ҳидоят:
– Қизимнинг мактабида ҳам олдинги йили бошқача форма эди, бу йил энди оқ-қора дейишибди.
Моҳигул Назарова:
– Ўғлим Автомобиль йўллари коллежида 3-курсга ўтди. Ўтган йили курс раҳбари мажбурлаб форма тиктиртирди. Аммо сифатсиз тикув корхонаси сифатсиз матодан расво қилиб тикиб берди. Йил ўртасида бошқа шим ва оқ кўйлак олиб бердим.
Телеграмм фойдаланувчиси: Ш: (исмини ёзмади)
– Республика бўйича мактаб формаларининг ягона шакли дизайни ишлаб чиқилса. Ҳамма шароитидан келиб чиқиб тиктирса. Ушбу масалада мактабдаги форманинг дизайни, қаерда тикилиши ортида директор ё биронта уддабурон турган бўлади. Энди Тошкентда тикилса, бунинг ортидан ҳеч ким манфаат олмайди деб ким кафолат беради. Иқтисодий томондан ҳам харажати ошади. Размерлар ҳар хил. Ташкилий томони ҳам мураккаблашиб кетади.

https://www.facebook.com/groups/649483048588031/permalink/733319270204408/

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Даромад чакки эмас, буромад қандай?

  Бугун бизнинг иқтисодий аҳволимиз қандай. Расмий маълумотлар бўйича иқтисодий аҳволимиз ёмонга ўхшамаябди. Шу ўринда эътиборимизни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар ...

2019 йилда энг кўп олтинни ўзбекистон сотди

2019 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон жаҳонда энг кўп олтин сотган давлат бўлди. Бу ҳақда World Gold Council (Олтин бўйича жаҳон кенгаши) ҳисоботида маълум қилинди, деб  ...

Бош кўтаргани учун “боши кесилган” тадбиркорлар

Бу бозордан ҳар куни давлатга қарийб 15 миллиард сўм топшириларди, бугун эса ҳеч вақо… 1,5 минг нафардан ортиқ одам меҳнат қилиб, оиласини боқарди, бугун эса улар иш излаш ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400