Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир “ўйин” фош этилди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасида даволанаётган беморларнинг мурожаатларидан сўнг, Kun.uz таҳририяти томонидан суриштирув ўтказилган эди. Унда болалар шифохонаси бир кун ичида шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси биносига кўчирилгани (таажжубланарлиси, Президентнинг шаҳарга ташрифидан бир кун аввал шошилинч равишда шифохона кўчирилиб, эшик-ромлари қўпориб ташланган), бу эса беморларда хавотир уйғотгани, бироқ ЎДСЭН вакилининг изоҳига биноан турли касалликларни бир-биридан ажратган ҳолда даволаш мумкинлиги ҳақида ёзилган эди.

Ушбу ҳолат бўйича жараённи ўрганиш чоғида бошқа кўпгина масалалар, таъбир жоиз бўлса, тиббиёт соҳасидаги иллатларнинг айримлари ошкор бўлди.

Хусусан, мактаблардаги ноқонуний фонд пуллари Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасида ҳам борлиги маълум бўлди. Канцелярия маҳсулотлари учун ё ҳамшира ёки бемор ўз ёнидан харажат қилади. Бундан ташқари, беморларга шифокорлар томонидан қиммат дорилар (арзон ва таркиби бир хил маҳаллий муқобили бўлган ҳолда) ёзилиши таҳририят мухбири суҳбатлашган беморлар томонидан маълум қилинди. Биз ҳолатни ўз тилимиз билан эмас, балки суҳбатлашганларимизнинг тилидан борича акс эттиришга қарор қилдик.

“Булар ҳаммаси коробка йиғади. Нима демоқчиман? Буни исбот қилиб бўлмайди-ку, лекин дўхтирларнинг ўзлари сизга ёзилган дорининг қутисини олиб қўяди. Бор нарса бу. Масалан, давлат томонидан шифохонага ажратилган дори 14 минг сўмлик десак, уни тугаган дейишади ва 22 мингликни ёзиб, шу дорини олиб кел, дейди. Кейин, дорини ишлатиб бўлгач, унинг қутиси, аниқроғи штрих-кодини оволишади”, – дейди хаста қизини кўтариб юрган йигит. Унинг айтишича, шифокорлар ёки ҳамширалар қани дорингизни кўрайчи, деб дорининг қутисини олиб қўйишади.

Яна бир онанинг айтишича, “9800 сўмлик дори билан 32 минглик дори таркиби бир хил бўлса-да, даволовчи шифокор айнан қимматини ёзади”.

“Аммо, 9 минг 800 сўмликни давлат чиқараяпти, 32 мингликни фирма чиқараяпти. 9 минг 800 ликни эмас, 32 мингликни ёзади-да, қутисини оволади. Уларга (шифокорларга демоқчи) қанақадир процент бор бўлса керак. Оддий шунчаки шифокорларнинг халатидаги чўнтагида ҳам қутилар туради. Агар уларга манфаат бўлмаса, чиқиндига ташланиши керак бўлган нарсаларни нима қилишади. Ҳамширалар укол қилиб бўлгач, йиғишади. Сумкаларини кўринг, бир нечта қути бўлиши аниқ”, – дейди бошқа бир она.

Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасидан шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасининг алоҳида корпусига кўчирилган беморларнинг ота-оналари билан суҳбатлашишда давом этиб, бу масалада янада кўпроқ фикрларни, улар дуч келган ҳолатларни сўзлаб беришларини сўрадик. Улардан бири, ҳатто республикадаги обрўли клиникалардан бирида бошидан ўтказган ҳолатини алам устида сўзлаб берди.

“Бу балки республика бўйича кенг тарқалган нарсадир, айтолмайман. Лекин Тошкент шаҳридаги ТошМИ (Тошкент Тиббиёт институтининг халқ орасида номланиши) клиникасида ҳам борлигини биламан. Ўзим янги ТошМИда ётдим. Менга қиммат-қиммат дориларни ёзишди. Олиб келганимдан сўнг, антибиотикларнинг қутиларини устидаги белгили жойини йиртиб олишди.  Кейин янги ТошМИдаги дўхтирлар чўнтагингизга қараб муомала қилар экан. Кесарево бўлишга ордер билан бордим. Қарашмади, сенсалор бўлдим, дўхтирлар орасида. Кейин, уйдагиларим 100 минг-100 минг сўмдан қўл ҳақи беришган экан, кам экан, олмайман дейишибди. Кўп шифохоналарда кийимингизга қараб муомала қилишади”, – дейди суҳбатдошлардан бири.

“Ўзи фирмалар билан ишлаш ҳолати роддомда (Олмалиқ шаҳар туғуруқхонаси) жуда кўп. Шаҳар (Олмалиқ) шифохонасида ҳам шундай. Масалан, ўзим ҳомиладорлик вақтимда ҳар ой ётишимга тўғри келди. Ҳар чиққанимда шифокор выпискага (шифохонадан жавоб бериш қоғози) 3-4 мингдан олди. Аслида, шундоқ ёзиб бериладиган нарса. Ҳар сафар. Мен 9 ой давомида ҳар ой ётиб чиқдим”, – дейди ёш она. Унинг сўзларига кўра, “беморлардан совун-порошок (кир ювиш кукуни), канцтоварга деб пул йиғилади”.

“Мана роддомга бориб, ҳали туғмасимиздан ишлатмайдиган, керакмас дориларни ҳам ёзиб ташлашади. Аслида ишлатмайди бизга шуларни. Ҳаммаям ўша ёзилган дориларни қайси бирини, нимага ишлатяпсан, менга қўйдингми, деёлмайди”, – дейди куюнчаклик билан.

Иллюстратив фото

Биз шу ўринда Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасининг таъмирланишига доир саволлар билан мурожаат қилдик.

“Биринчи қаватни таъмирлаб (юзаки, жорий дейишга гувоҳларнинг сўзларидан кейин тилим бормади) бўлишган экан, биз иккинчи қаватни таъмирлашни бошлаганларида ётдик. Айтмоқчи бўлганим, ромни ташқариси, кўзга ташланадиган жойи бўялган, ичини очиб кўрса бўялмаган. Шуни (таъмирлашни) кўзбўямачиликка эмас, сидқидилдан қилишсин. Давлатнинг пули кетяпти-ку, ёнидан кетаётгани йўқ”, – дея қайғуради яна бир фуқаро.

Аммо, бошқа бир аёл бунинг аксига гувоҳ бўлганини, яъни таъмирлаш ишларини ҳамшираларнинг ўзлари ўтказишгани, қурилиш молларини ўзларининг ёнидан харид қилишганини айтади.

“Бизлар ҳам 3-сон болалар шифохонасидан кўчиб келдик юқумли касалликлар шифохонасига. Ўша ердаги ҳамширалар Президент келар экан деб, ўз ёнларидан харажат қилиб, оқлаб, бўёқларни харид қилиб, ўзлари устачилик қилиб, бўяшиб, енгил таъмирлаш ишларини ўтказишди. Мен шу вақтда ўша шифохонада эдим. Лекин, кейинроқ, бўлмас экан деб (талабга жавоб бермас экан маъносида), бу ерга кўчиришди”, – дейди бошқа бир бемор боланинг онаси.

Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонаси ҳамширалари билан суҳбатлашиб, улардан ҳам ўз соҳасидаги камчиликларни сўрадик. Улардан бирининг айтишича, шифохонада ҳамширалар сони 2 мартага камайтирилгани сабабли ёзув-чизув ишлари кўпайган. Бундан ташқари, фонд пули йиғишлар, касаллик варақаларининг нусхаларини кўпайтириш ишлари ҳам ҳамширалар чўнтаги ҳисобига амалга оширилишини у тасдиқлади.

“Бугунги кунда ёзиш-чизишларимиз кўпайиб кетди. Битта укол қилсак, битта ёзамиз, бемор болани отаси ёки онасига қўл қўйдирамиз. Илгари бир ҳамшира ёзса, бошқаси муолажа ишини бажарарди. Ҳозирда ундай эмас. Ҳатто вена томирдан укол қилсак, масалан, 3 грамм спирт сарфланди, дея қайд қиламиз, ўзимиз имзо чекамиз ва бемор имзосини қўйдирамиз.

Бу ҳам етмагандек, иш кунимиз тугагандан кейин ҳар бир фойдаланилган шприцни санаб топширамиз. Бир кунда ( иш куни ҳисобида – 12 соат) бир ҳамшира ўртача 25 та томчилаб юбориш муолажасини қилса, 2-3 та дафтарга (ота-оналар дафтари, ҳамшира дафтари, муолажа дафтари кабилар) 25 марта ёзиб, имзо қўяди, қўйдиради. Иш вақтимиз тугагандан сўнг, бўлим бошлиғига ҳисобот топширганимиздан ташқари, бош шифокор ўринбосарига яна ҳисобот берамиз. Бунда шприцларнинг ўлчамига ҳам эътибор берилади”, – дейди ҳамшира.

Биз юқоридаги қути йиғишлар маош етишмаслигидан қилинаётгандир, деган ўйда ҳамшираларнинг ойлик маошига қизиқдик. Унга кўра, оддий ҳамширалар 300 минг- 400 минг сўм, олий тоифалилар 500 минг сўм маош олади. Айрим ҳамширалар ишдан ташқари вақтларда 25 минг сўмлик кунлик ишларга ҳам чиқишлари маълум бўлди.

Шу билан бирга, ҳамширалар ота-оналарнинг баъзи нарсаларни тушунмасликларини ҳам айтишди.

“Ота-оналарга ҳам эътирозларимиз бор. Кўп харажат қилишларига баъзан ўзларининг асоссиз хархашалари ва талаблари сабаб бўлади. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги талаби бўйича бир беморни 2 та укол ва 3 та таблетка билан тузатишимиз керак. Аммо, буни тушунтирсак ҳам ота-она мени болам бунга тузалмайди, томчилаб дори юбор, деб туриб олишади. Улар шифокорнинг ёзганига қаноат қилиш ўрнига менга капельница (томчи усулида юборилувчи дори турлари) ёз деб туриб олади.

Баъзан давлат ажратган дори-дармон даволаш курсига етмай қолса, ёнларидан харид қилишига тўғри келади. Шундаям тушунмовчилик бўлади. Давлат менинг боламни касалига ҳам дори ажратган, сизлар уни ўзлаштириб, менга дори харид қилдираяпсизлар, деган ҳолатлар кўп учрайди. Яъни, давлат томонидан ажратилган дори-дармонлар 3 кунлик муолажага етади, беморларнинг ота-оналари тихирлик қилиб, қўшимча антибиотик ёки томчи дориларни талаб қилишади. Бунда лимит тугагани сабабли ўзларига олиб келишни айтишга мажбур бўламиз”.

Унинг давом этишича, касаллик варақаси учун қоғозлар ҳамширалар ёки беморлар ҳисобидан тўлдирилади.

“Ҳар бир беморга 1800 сўм атрофида пулимиз кетади. Шунинг учун оналарга берамиз, ҳеч бўлмаса, 3 тасини нусха кўчириб беринглар деб, тушунган тушунади, пулини беради, бошқаси бермайди. Раҳбарларимиз бизга бир нусхани бериб қўйишади, ўшани ўзларимиз нусха кўчириб, ёпиштирамиз. Яна ҳамшира дафтари, бемор дафтари кабиларни (переплёт қилинган дафтарлар) ҳам ўз ҳисобимиздан харид қиламиз. Бундан ташқари, йилда бир марта 20-25 мингдан фонд пули йиғамиз. Ҳар ойлик маошдан 3-4 минг сўм канцтоварга пул берамиз”, – дейди Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонаси ҳамшираларидан бири.

Юқорида қайд қилинган масалалар юзасидан Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонаси бош шифокорига (Сайёра опа деб таништирдилар) мурожаат қилдик. У буларнинг барчаси ёлғон эканини, фонд пули, канцтовар пулларидан хабари йўқлигини, таъмирлаш ишлари учун ҳам пул йиғилмагани, йиғилган бўлсаям, ўзи кўрсатма бермаганини таъкидлади.

Хуллас, Олмалиқда мана шунақа гаплар. Биз ёздик, сиз ўқидингиз. Хулосани мутасадди ташкилотлар чиқарсин! Балки, келгуси сафар ТошМИ клиникасида даволанаётган беморларга меҳмон бўлармиз.

Шу ўринда ўқувчиларга бир мурожаат. Сиз ёки яқинингиз даволанган шифохонада шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганмисиз? Шундай бўлса, Kun.Uz таҳририятига мурожаат қилинг.

Толиб Раҳматов
Kun.Uz мухбири

http://kun.uz/news/2017/08/16/sizning-tuman-sifohonalarida-am-dorilarning-kutilari-jigiladimi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда собиқ бош прокурорнинг ўғли қидирувга берилди

Ўзбекистон жиноят иши қўзғатилиб¸ ҳибсда қолаëтган собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировнинг 39 яшар ўғли Алишер Қодиров Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни ...

Мактабнинг эгаси ким: вазирликми ёки ҳокимлик?

  Умумтаълим мактабларининг доирасимон муҳрига нима деб ёзилганига эътибор қаратганмисиз? Кўрган бўлсангиз ҳам диққат қилмаган бўлишингиз мумкин. Чунки ундаги ёзувни ...

Нақд пул режасини бажармаган тадбиркорлар терминали тўхтатиб қўйилмоқда

  "Жиззах вилояти, Мирзачўл туманида нақд пул топшириш режасини бажара олмаган тадбиркорларнинг тўлов терминали блок қилиб чиқилаяпти. Бечора аҳоли қийналмоқда. Ойлиги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400