«Биринчи зарбада тиззаларигача, иккинчи зарбада белларигача». Лотин ва кирилл атрофидаги гаплар

Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Тилшунос Элдор Асанов бу масалага батафсил ёндашиб, кирилл алифбосига қайтиш ёқланган чиқишларга аниқ жавоблар қайтарди.

25 йилдирки, Ўзбекистонда “лотинга ўтиш” сагаси давом этмоқда. Бу борадаги баҳс қай даражада кенг миқёсли эканини, мубоҳаса баъзан ҳаддан ташқари қизиб кетишини, унинг доирасида қайси тарафлар қанақа аргументлар илгари сураётганини батафсил таърифлаб ўтириш, чамамда, ортиқча бўлса керак. Лекин шу кунларда мунозара янги босқичга кўтарилди.

10 август куни интернетда адабиётшунос, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг президентга мурожаати эълон қилинди [6]. Мактуб ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Ўнлаб журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчилари унга ўз муносабатини билдирди. Интернет сайтларида мақолалар чоп этилди. Кимдир муаллифни давлат раҳбарига ортиқ даражада “пахта қўйиш”да айблаган бўлса, аксарият у берган кирилл алифбосига қайтиш таклифини кескин танқид остига олди. Facebook’да махсус ҳештеглар тарқатилди, жараёнга афғонистонлик, тожикистонлик, қозоғистонлик ва қирғизистонлик ўзбеклар қўшилди. Ҳали ҳеч қачон алифбо атрофидаги баҳслар бу қадар кенг тус олмаган эди. Ижтимоий тармоқларда бошланган кампанияда чет эллик ўзбекларнинг иштирок этгани ҳам катта янгилик бўлди.

Айни пайтда, ушбу жараён Ўзбекистон ахборот майдонининг нуқсонларини фош этиб қўйди. Биринчидан, баҳс маданиятидан йироқ, постҳақиқат фалсафаси негизида ҳис-туйғуга урғу берадиган кишилар аниқ ечимлар таклиф эта олмаслиги, аксинча, вазиятни чигаллаштириши тушуниб етилмади, шекилли, ижтимоий тармоқларда бир-бирининг далилларига эмас, шахсиятига мушт кўтараётганлар кўпчиликни ташкил этаётгандек, назаримда. Иккинчидан, охирги ойларда Ўзбекистон медиасида муайян ўзгаришлар бўлганига қарамай, публицистик матнлар савияси ҳамон пастлигича қолмоқда. Айрим журналистлар ва муаллифлар чиройли сўзларни ипга тизиб чиқишнинг ўзи оммага таъсир қилиш учун кифоя, деган қарашдан воз кеча олмаганки, шаклан оҳудай нозик, мазмунан ўлик тошбақанинг косасидай пуч матнлар дунё юзини кўришда давом этмоқда.

Мана шу икки камчилик бартараф этилса, ўйлайманки, алифбо мубоҳасаси айни керакли ўзанга тушиб олади. Бутун миллат тақдирига дахлдор бундай масалани ҳал этишда бақир-чақир кўтариш, бир-бирининг “овозини ўчириш”, баландпарвоз мақолалар ёзиш, бошқа ғоя тарафдорларини виртуал сазойи қилиш тўғри эмас. Барча ўз фикрини айтиш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга деган универсал ғояга содиқ бўлсаккина бизни-да эшитишади, бизни-да ҳурмат қилишади. Таъсир акс таъсирни келтириб чиқаради. Шундай экан, баҳс иштирокчиларини бир-бирини эшитишга, далилларига эътибор қаратишга, тирноқ ичидан кир қидириш ўрнига биргалашиб аниқ ечимлар устида ўйлашга чақирган бўлар эдим. Зеро барча — бир жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари, бирга яшай олиш учун муроса қилишни ўрганиш керак, ўз фикрини зўрлаб сингдириш эса яхшиликка олиб келмайди. Мавзуга бефарқ бўлмаган журналистлардан ҳам ҳамма айта оладиган қолипли гаплардан қочиб, далиллар, фактларга таянган ҳолда ўқувчиларга тафаккур озуқаси беришни тавсия қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзим ҳам мавзу бўйича мулоҳазаларимни билдиришга, баҳсларни кузатиш давомида қайд қилганим баъзи муаммоли ўринларни таҳлил ғалвиридан ўтказишга қарор қилдим.

Фитна борми?

Мавзу бўйича фаоллик кўрсатаётган блогерлардан бири — Сардор Салим диққатга сазовор тахминни кун тартибига қўйди. Унинг қарашича, ташаббус расмий шахслар томонидан ахборот майдонига ташлангани, расмий ва ярим расмий сайтларда кирилл ёзувига қайтиш тарафдорларининг мақолалари бот-бот эълон қилинаётгани маълум буюртма борлигини кўрсатади: кимлардир мана шундай “ташаббус”лар ортидан “халқ иродаси” иллюзиясини яратмоқчи ва кириллга қайтиш масаласини “халқнинг хоҳиши” қилиб кўрсатмоқчи. Лекин ижтимоий тармоқларда авж олган аксилкирилл кампанияси бу уринишларни чиппакка чиқарди, бутун халқ бўлмаса-да, ҳарқалай, ёшлар кириллга қайтишга мутлақо қарши эканлигини яққол кўрсатди.

Бир муддат вақтни мақсадли сарфлаш учун унча-мунча катта матнларни четлаб ўтаётганим боис Шуҳрат Ризаевнинг мурожаатига жиддий эътибор қаратмаган эдим. Лекин юқорида таърифланган шов-шувдан сўнг, шунингдек, Сардор Салимнинг тахминини текшириш мақсадида мактубни ўқиб чиқишга жазм этдим. Очиғини айтганда, узундан-узоқ қилиб ёзилган мурожаат билан танишиб чиққач, танқидчиларнинг аксарияти уни тўлиқ ўқимадимикан, деган андиша уйғонди, акс ҳолда, фикри ожизимча, у ерда бошқа, анча ўринли таклифлар ва фикрлар айтилганини кўришар эди. Айтайлик, Ўзбекистон театри тарихи музейини ташкил этиш, бадиий фильмлар учун махсус павильонлар яратиш, Навоий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қодирий сингари адабиёт намояндалари номига мукофотлар ташкил қилиш ташаббуслари ҳеч кимда салбий муносабат уйғотмаслиги тайин. Алифбо муаммосига эса мурожаатда атиги икки абзац бағишланган экан. Шунга қарамай, айнан кириллни биринчи, лотинни иккинчи қилиб белгилаш таклифи ёшларнинг ва интеллигенция вакилларининг кескин қаршилигига сабаб бўлди. Аммо бу масалага мактубда жуда кам диққат қаратилганидан келиб чиқсак, буюртма ҳақидаги фаразлар ўзини оқламайди. Афтидан, ҳам лотин, ҳам кирилл тарафдорлари бундан нотўғри сигналлар тушунган.

Алифбо — тилшунослик муаммосими?

Алифбо баҳсларида тилшунослар кўп эсга олинади, лекин уларнинг ўзи негадир жимлик сақлайди. Бу сафар ҳам бир-икки ҳурматли ҳамкасбларим ижтимоий тармоқларда очиқлама қилганларига гувоҳ бўлдим, лекин, умуман олганда, улар етарли даражада фаол эмас.

Дарҳақиқат, бир қарашда, ёзув — бевосита тилшунослик ва тилшунослар билан боғлиқ масала. Лекин баҳснинг асосий иштирокчилари — журналистлар, ёзувчилар, блогерлар, тилга қизиқувчи турфа соҳа вакиллари. Тилшунослар бу ўринда баҳс томонларининг танқид объекти сифатида саҳнага чиқади: уларни шунча йил ичида янги алифбони ҳаётга татбиқ эта олмаганликда, талабга жавоб берадиган тузук ёзув тизими ярата олмаганликда, бутун бир авлодни овора қилганликда айблашади.

Ўз кўз қарашларини газеталарда, телевидениеда ифодалайдиган филологлар ва тилшунослар ҳам йўқ эмас. Бироқ, кузатишларимга қараганда, уларнинг кўпчилиги алифбо, умуман хат-савод масаласига тилшунос эмас, журналист ёки шунчаки фуқаро сифатида баҳо беради. Эксперт-мутахассис муносабатини билдириш ўрнига улар ҳар қандай журналист айта оладиган “халқимиз саводсизлашиб кетяпти”, “тил қоидасини бузганларни жазолаш пайт келди” сингари баландпарвоз, аммо мантиқи ва фойдаси оз шиорбозликдан нари ўта олмайди.

Айни дамда, тилшуносларга ёғилаётган маломат тошлари ҳам ҳар доим асосли бўлмаётганини таъкидлаб ўтишга мажбурман.

Биринчидан, академик доираларда кўтарилган масалада ички, илмий баҳс бор, бироқ бу баҳс натижалари одатда кенг жамоатчиликка маълум бўлмайди. Академик нашрлар ва тадбирлар оммавий медиачалик кенг қамровга эга эмас. Охирги пайтларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил этилган махсус комиссия кенгроқ кўламга чиқиб, ижтимоий тармоқлар ва очиқ мажлислар орқали ушбу баҳсга кенг жамоатчиликни ҳам жалб қилишга уринмоқда. Қатор тилшунос мутахассислар газеталарда, журналларда илмий ва оммабоп мақолалар бериб бормоқда.

Иккинчидан, унутмайликки, қайси алифбодан фойдаланиш илмий эмас, сиёсий масаладир. Илмий жиҳатдан ҳар қанақа ёзувни ҳар қанақа тилга мослаштириш мумкин. Ёзувни пайпоқдай алмаштириш ёки битта алифбога садоқат сақлаш “тўғри” ёки “нотўғри” эканлигини исботлайдиган ҳеч қандай объектив илмий омиллар мавжуд эмас. Ахир илм-фаннинг асосий қуроли — холислик, холислик эса ягона ва мутлақ ҳақиқатнинг ўзи йўқлигини тақозо этади. Лотинга ўтиш жараёнида ҳам, ундан анча олдин, кирилл ёзуви кириб келганида ҳам тилшунослар сўқир ижрочилар эди, холос.

Ишончим комилки, илмий дискурс билан жамоатчилик баҳсининг қўшилиш нуқтасида саволларга жавоб топилади. Олимларнинг методик ёндашуви, улар тўплаган бой фактик материал журналистлар ва адабиётчиларнинг куйинчаклиги билан қўшилса, мунозарага маъно-мазмун, аргумент кучи киради. Ҳозирги тортишувлар эса кўпроқ “Шум бола”даги сарлавҳага чиқарилган далиллаш услубини эслатади.

Аргументация

Мана шу илмийликнинг, таҳлилнинг етишмаслиги сабабидан айрим мушоҳадалар кишида ғалати таассурот уйғотади. Ҳатто энг самимий гурунгларда ҳам пухта ўйланмаган, нима бўлса ҳам ўз сўзини ўтказиш учун айтилган далиллар кўп янграйди. Ушбуларга теран нигоҳ билан қарасангиз, дашт ўртасидаги чайла мисол мантиқ шамолидан сочилиб кетади ва беихтиёр суҳбатдошингизнинг нохолислигидан ҳафсалангиз пир бўлади. Айтайлик, “х” ва “ҳ” товушлари фарқланмаслигини, уларни бирлаштириб юбориш тилга салбий таъсир этмаслигини айтсангиз, консерватив қараш соҳиблари “араб сўзларида бор, тарихан шундай, қолаверсин” деб турволади. Лекин “унда унлиларни ҳам, тарихдан келиб чиққан ҳолда, олд ва орқа қаторга бўлиб, тегишли ҳарфлар киритайлик” деб кўринг, ўша кишиларнинг ўзлари дарҳол тўнини тескари кийиб, “халқ шунга ўрганиб бўлди” деб оғзингизга уради.

Буни мисоллашда Мирзабек Жапақов исмли ҳуқуқшунос журналистнинг куни кеча чоп этилган “Аросатда қолган лотин ёзувими ёки муаммосиз кирилл?” [4] мақоласи бизга “савалаш ёстиқчаси” (“груша для битья”) вазифасини бажариб беради.

Аслида бу мақола публицистик раддиянинг ёмон намунасидир. Муаллиф холисликни, босиқликни бир чеккага йиғиштириб, оппонентларини ҳақорат қилишдан тап тортмайди. Рақибларини “лўттибоз” деб сўкиш, уларни кирилл имлосига “хиёнат қилган”ликда айблаш на ҳуқуқшунос, на журналист мақомига ярашмайдиган беодобликдир. Журналист этикаси, оммавий баҳс ва мулоқот маданияти ҳақида олдинроқ ёзиб бўлганим учун бу мавзуда чуқурлашмайман.

Муаллиф сўзининг бошида адабиётшунос Шаҳноза Тўрахўжаеванинг “Ҳуқуқ ва бурч” газетаси саҳифаларидан ер олган “Лотин ёки кирилл — қай бири маъқул?” номли мақоласини [7] кўкка кўтариб мақтайди, айниқса у кириллга қайтишни маъқул топганини урғулайди. Тўрахўжаева хонимга раддия йўллаган Ҳотамхон Луқмоновга эса [5] рўйхушлик бермайди ва “халқимизда ‘чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин’, деган пурмаъно мақол бор” дея ёзғиради.

Аввало, адабиётшунос билан тилшунос орасида сезиларли фарқ бор. Адабиётшунос ҳали тилнинг “қассоби” дегани эмас (албатта, Шаҳноза опанинг мақоласи анча савияли, чиройли ёзилганини, у масалага таҳлилий ёндашишга ҳаракат қилганини эътироф этиш лозим). Иккинчидан, бир-икки абзацдан сўнг Жапақовнинг ўзи ҳам қассоб эмаслигини унутиб қўяди-ю, жигарни талоқ билан адаштириб юборади. У тарихий фактларни бузиб кўрсатганини, агар қасддан қилмаган бўлса, фақат шу билан тушунтириш мумкин.

Иқтибос (имловий хатолар тузатилган):

“Мустақилликка эришган илк йилларданоқ ўша пайтдаги айрим ғарбпараст депутатлар, парламент етакчилари ўзбек ёзувини лотин графикасига ўтказиш ташаббуси билан чиққанлар. Уларнинг иддаоси рус шовинистлари халқимизга кирилл алифбосини мажбурлаб тиқиштиргани, шу сабаб мустамлакачилар имлосидан воз кечиш лозимлиги бўлган.

Аслида шундаймиди? Асло! Аксинча, рус шовинистларининг асл мақсади СССР халқлари, жумладан, араб имлосида ёзувчи халқларни тўлалигича лотинлаштириш эди.

Шунинг учун ҳам 1920–1930 йилларда А.В. Луначарский бошчилигида СССР бўйлаб лотинлаштириш кампанияси бошланганди.  Бу борада 1929 йил 7 август куни СССР ҳукумати қарори ҳам чиққан. Лотинлаштириш сиёсати СССР худудида олиб борилган ўзига хос кампания ҳисобланиб, дунёнинг асосий қисмини (иероглифлардан ташқари) лотин графикасига ўтказиш режаси бўлган ва бунинг ортида диний, сиёсий ва ижтимоий таъсирлар ҳам мавжуд эди.

Айнан мана шу кампания таъсири остида ўша пайтда Бокуда бўлиб ўтган турк тилшунослари қурултойи турк эллари учун лотин алифбосининг араб алифбосидан яхшироқ яралганлиги тўғрисида илмий қарорини берганди.

Мана шу қарордан кейин Ўрта Осиё халқлари бирин-кетин лотин имлосига ўта бошлаган. Бироқ, лотин ёзуви ўзини оқламаганлиги сабабли лотинлаштириш сиёсати ҳам узоққа чўзилмаган. Бу сиёсатнинг оқибатини вақтида тушуниб етган ўзбек зиёлиларининг саъй-ҳаракати билан 1940 йили лотин алифбосидан воз кечилиб, унинг ўрнини кирилл алифбоси эгаллади”.

Ҳурматли муаллиф Боку конференцияси иштирокчилари ҳам, ўзбек лотин ёзуви инкишофчилари ҳам “пантуркчи, миллатчи” ёрлиқлари ёпиштирилиб қамалгани, сургун этилгани, отиб ташланганини билармикин? Қайдам. Келинг, воқеалар аслида қандай бўлганига қизиқиб кўрамиз.

Ўтган асрнинг 30-йилларига қадар ҳали жадидлар — ўзбек, қозоқ ва бошқа маҳаллий халқлар зиёлилари озми-кўпми, куч ва нуфузга сазовор эди. СССРга қадар араб хати барча туркий халқларнинг тилини бирлаштирувчи муҳим омил саналар эди. Негаки арабча ҳарфларда турли лаҳжа ва шеваларга хос матнлар деярли бир хил шаклда ёзилар, бу турк тилли халқлар бир-бирини тушунишини осонлаштирар эди. Биринчи модернистлар бўлмиш жадидлар лотин хатининг бундан-да афзалроқ эканини тушунишди; бирламчи, лотин ёзувидаги турк тили дунёга яқинлашади, иккиламчи, барча турк тиллари ва лаҳжалари учун ягона алифбо ёки жуда яқин лотинча тизимларнинг ишлаб чиқилиши натижасида турк эллари бир-бирини тушунишда давом этаверади.

Ана шу ғояларга етишиш илинжида турк халқлари бирин-кетин лотин ёзуви асосидаги алифболарини ишлаб чиқа бошлади.

Шу ўринда Жапақов сийқаси чиққан яна бир клишени такрорлайди. Унинг фикрича, “лотин ёзуви ўзини оқламаган” экан. Лотин хат тизимига қарши келтириладиган бу аргумент негизида етарли асос йўқлигини пайқаш қийин эмас, шунга қарамай, консерватив муаллифлар “ёзув ўзини оқламаган”идан лоф уришдан чарчамайди.

Шуҳрат Ризаев “лотин алифбоси, мутахассислар фикрича, тилимиз табиатига унчалик мувофиқ эмас” деганда нимани назарда тутган? Қайси мутахассислар? Тилнинг “табиати” нима ўзи? Агар фонетикаси бўлса, унда ўзбек тили табиатига юз фоиз мувофиқ битта ёзув тизими бўлган — турк-рун (кўктурк, Ўрхун-Енисей) хати. Қолаверса, ҳар қандай алифбони тилнинг табиатига мослаштириш — имкони бор иш.

Мирзабек Жапақов “лотин ёзуви ўзини оқламаган” деганда бирор нарсага асосланяптими? Менимча, журналист мавзуни қониқарли ўрганиб ўтирмасдан, сонлар ва фактлар орасига шахсий фикримни тиқиштириб кетсам, у ҳам фактга айланиб қолади деб ўйлаган. Тегишли илмий адабиётлар билан таниш одам яхши биладики, ўзбек лотин ёзуви кириллча муқобилидан анча мукаммал эди, бугунги лотинда учраётган нуқсонлар унда бартараф этилганди. Жумладан:

– ўзбек тилининг тўққиз фонемали вокализмини (унли товуш таркибини), сингармонизм ҳодисасини тўлиқ акс эттирар эди;

– 1929 йилдаги Самарқанд тил ва имло конференциясининг адабий тил ҳақидаги қарорида бошқа тиллардан кирган сўзларнинг ҳаммаси “ўзбек тилининг темир қонунига” бўйсунган ҳолда ёзилиши ва ўқилиши, яъни ўзбекчалаштирилиши белгиланган эди;

– “ш”, “ч”, “нг” товушлари диграфлар (қўшҳарфлар) билан эмас, диакритикали ундош ҳарфлар билан ифодаланар эди;

– бошқа туркий тиллар билан ўзаро тушуниш даражаси юқори эди [2].

Турк ва мусулмон жамиятларининг ёппасига кириллга ўтказилиши руслаштириш сиёсатининг бир қисми бўлди. Турк халқларининг тиллари бир-биридан, айниқса Туркиядан узоқлаштирилди. Гуржилар ва арманилар кириллга ўтказилмаганида ҳам кўп гап бор.

XX асрнинг 30-йилларида, кирилл хатини жорий этиш арафасида мазкур сиёсий буюртмани бажариш доирасида кўпчиликка таниш туюладиган қизиқ-қизиқ жараёнлар рўй берди: газеталарда, радиода, илмий ва илмий-оммабоп китобларда, оммавий тадбирларда лотин алифбоси “ўзини оқламагани”, “мос келмагани”, “реал турмуш талабларига жавоб бермагани” иддао этилди, модернистлар “фош” этилди, миллатчиликда айбланди, кириллча маҳаллий тилларга яхшироқ мос келиши уқтирилди. Хуллас, кирилл имлоси жорий этилиши учун замин ҳозирланди.

Янги алифбо у қадар ёмон эмас эди, табиийки, бироқ лотин хатини ишлаб чиқишда қўлга киритилган ютуқлар унда йўқотилди: ёзув сингармонизмни акс эттирмай қўйди, бунинг натижасида юз йил ичида қанчадан-қанча шевалар бу ажойиб хислатини йўқотди, “нг” диграф билан ифодаланадиган бўлди, араб тилининг рудиментлари бўлмиш “ҳ”, “ъ” ҳарфлари сақлаб қолинди, йоталашган унлиларни ифодалайдиган е, ё, ю, я ҳарфлари жиддий заруратсиз қўшилди, ўзлашма сўзлар рус тили қоидалари бўйича талаффуз қилиниши дарсларда, радио ва газеталарда тарғиб этилди [1], бу ўзбек тили фонетикаси синишига олиб келди. Бунинг оқибатларини ҳозир ҳам кўришимиз мумкин: “дирекция”, “директор”, “телевидение” ва яна юзлаб бошқа байналмилал сўзларни ўзбек тили фонетикасига мослаб талаффуз қилганлар “саводсиз”га чиқарилади, мавзунинг моҳиятини тушунмаган “олғаватан”чилар “саводли” бўлиш учун бу каби сўзларни русча талаффуз қилишни тарғиб этади, бир сўз билан айтганда, ўзбек тили рус тилининг босимидан ҳалигача қутула олмай келмоқда.

Мақолада лотин имлосига қаршилар риторикасига хос яна бир қанча анъанавий аргументлар келтирилади. Уларни ҳам кўриб чиқамиз.

Муаллиф яна қудуқни тўнкариб, минора ясамоқчи бўлади ва қуйидаги таққосни келтиради:

Эндиликда эса бундай шахслар яна ўртага чиқиб янги технологияларни ўзлаштиришда лотин алифбосининг ролини рўкач қилишмоқда. Хўш, технологияларнинг юксак чўққисига чиққан японларнинг лотин алифбосидан хабари бормикин? Жанубий Кореяни қўятурайлик, миллиардлаган аҳолиси бор Хитойликларнингчи?  Уларга лотин алифбосини таклиф қилиб кўринг-чи!? Нима деркин?”.

Жуда кўп айтиладиган бу эътироз аслида янглиш аналогиядир. Бу ўринда ўзбек журналистикасининг таърифлаб бўлинган қусури — мавзуни чуқур ўрганмай, фактларни текширмай туриб популизмга берилишини яна бир қайта эсга олмай иложим йўқ.

Ҳар бир халқнинг ёзув маданияти ўзига хос йўл билан ривожланади, шунинг учун уларни ўзаро қиёслаганда эҳтиёт бўлиш керак. Хитой иероглифларини ўзбек кирилл алифбосига қиёслаш қай даражада тўғри? Хитойликлар ўз хатини 4 минг йил, ҳиндлар 2,5–3 минг йил, араблар, японлар, корейслар, гуржилар, арманилар 1,5–2 минг йилдан бери ишлатади (ҳиндлар ва эронликлар, айрим араб давлатлари бир вақтнинг ўзида лотинча транслитерацияни ҳам қўллайди). Бу ёзув тизимлари ҳозирги халқларни ўтмиш билан боғлайди, маданий узлуксизликни таъминлайди. Ўзбек кирилл ёзуви шу қадар чуқур тарихга эгами, шундай жиддий вазифани бажарадими? Агар аналогия кўктурк хати ёки ҳеч бўлмаса араб графикаси учун келтирилса, ўринлироқ бўларди.

Бундан ташқари, тилга олинган халқларнинг миллий ёзувлари яна қатор муҳим сиёсий ва социолингвистик вазифаларни бажаради. XIX аср охири — XX аср бошида араб тилини ҳам, хитой тилини ҳам лотин ҳарфларига ўтказиш лойиҳалари бўлган. Бу лойиҳалар қабул қилинмай, академик муассасалар жавонларида қолиб кетгани техника ва технология соҳасида жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мирзабек Жапақов хитой иероглифларида компьютерда матн териш қандай қийинчиликлар келтириб чиқаришини тасаввур қила олмаса керак. Аммо тарихий ёзувни сақлаб қолиш қарори бошқа жиҳатдан чўт берди.

“Ягона араб миллати” концепциянинг рўёби бевосита ёзув сиёсатига боғлиқ эди, зеро бир-биридан тамомила узоқлашиб кетган, амалда алоҳида тилларга айланиб улгурган ўнлаб араб лаҳжаларини ягона тилга бирлаштиришда барча учун умумий имло талаб этиларди. Бугунги кунда араб графикаси Мальтадан бошқа барча араб тилли давлатларни қамраб олди. Шунинг учун улар ҳанузгача ўзини ягона халқ деб билади. Бундан ташқари, ягона ёзув араб тилини парчаланишдан асрамоқда.

Хитойда ҳам ўнта атрофида алоҳида тил ажралиб чиқмаслиги учун уларни ягона тилга бирлаштиришда, хитой миллатининг бирлигини сақлаб қолишда иероглифлар ҳал қилувчи аҳамият қозонади. Бир-бирини эшитса мутлақо тушунмайдиган мана шу ёзувга қараб бир хил маънони тушуниб олади.

Ўзбек кирилл хати-чи, мана шундай бирлаштириш миссиясини бажарадими? Аксинча, у араб хатидан фойдаланадиган афғонистонлик, саудиялик, покистонлик ўзбекларни, лотин хатидан фойдаланадиган туркиялик ўзбекларни биздан узоқлаштиради.

Қулоққа чалинган яна бир эътироз билдириш приёми лотин имлосининг камчиликларини санаш, газеталар, китоблар лотинча чиқмаётганини рўкач қилишдир. Танлаб олинган мақола ҳам бу масалани четлаб ўтмаган:

“Бугунги кунда ёшларимиз хат-саводини лотинда чиқаришаётганига қарамасдан улар кирилл имлосини афзал кўрмоқда. Ёшлар нафақат ўзбек адабиёти, балки, Чингиз Айтматов, Гёте, Теодор Драйзер, Жек Лондон сингари кўплаб жаҳон адабиёти намояндаларининг мумтоз асарларини айнан кирилл имлосида севиб ўқимоқдалар”.

Бу ҳам янглиш аналогиядир, чунки “газеталар, китоблар лотинча чиқмаяпти” тезисидан “айб лотин ёзувида экан” деган хулоса ясаб бўлмайди. Рост, лотинда савод чиқарган миллионлаб ёшлар бу ёзувда етарли миқдорда китоб, газета ўқишдан мосуво, бу ёшларнинг саводсизлашуви, маргиналлашувида маълум роль ўйнамоқда.

Лекин айтингчи, ким ва нега лотин ёзувида газета ва китоб чиқармаяпти? Ёки бўлмаса лотинча ҳарфларнинг ўзи қалам остидан қочиб кетяптими? Ёки 35 та кириллча ҳарфни эслаб қолишга ақли етган ўзбеклар 29 та лотин ҳарфини эслаб қола олмайдими?

Бугунги технологиялар компьютернинг битта тугмасини босиш билан катта-катта матнларни кириллдан лотинга ўгириш имконини беради. Шундай экан, гап лотин ёзувининг мақсурлигида эмас. Қолаверса, кириллча жорий этилган дастлабки паллаларда ҳам аҳоли “вақтинчалик саводсиз” бўлиб қолган, газеталар, китоблар чиқариш, шаҳар эпиграфикасини кириллга ўтказиш йўли билан бу ҳол бартараф этилган. Ҳозир шу ишни такрорлашга нима халақит беради? Элита бир имзо билан бутун мамлакатда лотин ёзувини тўлиқ татбиқ этиши мумкин, бундай қилинмаётган экан, айбни балогардон имлодан эмас, расмий муассасаларнинг тор йўлкаларидан қидиринг.

Ечим

Тил, ёзув, имло масалалари сиёсат билан бевосита боғлиқ бўлгани туфайли, илгарироқ таъкидланганидек, уларни ҳал этиш учун қандайдир объектив критерийлар келтириш мушкул. Энг мақбул ечим — ўзаро ҳурмат билан оммавий, публицистик ва методологик баҳс олиб бориш ҳамда барчани қаноатлантирадиган муроса йўлини танлаш. Шахсан ўзим нафақат ёзувни, имлони, балки умуман тилни жиддий ревизия қилиш тарафдориман, бу қарашларимни бир-икки йил муқаддам алоҳида мақола шаклида билдирган эдим [3]. Лекин барчанинг манфаати инобатга олиниши учун муросага тайёрман ва бошқаларни ҳам шунга чақириб қоламан.

Сўзим якунида шахсий нуқтаи назаримни айтар эканман, лотин ёзуви энг рационал танлов эканлигини яна бир бор қайд этиб ўтмоқчиман. Лотин графикаси ўзбек тилини жаҳон ҳамжамиятига яқинлаштиради, бу ҳатто энг майда жиҳатларда ҳам ўз аксини топади. Масалан, Ўзбекистонга ташриф буюрган туристлар кўчаларда лотинча пешлавҳалар ва ёзувлар кўрса, анча осон мўлжал олади, шаҳарни бемалол кезади.

Лотин хатининг бошқа устунликлари ҳақида кўп ёзилган, такрорлаб ўтирмайман, фақат бир нарсага эътибор қаратмоқчиман.

Амалдаги лотин ёзувида камчиликлар борлигини инкор қилиб бўлмайди. Лекин ҳар қандай камчиликни бартараф этиш мумкин. Жуда узоққа бормай, ўша ўтган аср тажрибасидан фойдаланса бўлади. Қолаверса, бу ўзбек тили рус, форс, инглиз ва бошқа тиллар анъанасидан узилиб, ўз ривожланиш йўлини топиши учун бир имконият бўлади.

Адабиётлар

1. Абдуллаев Ф. Тил қандай ривожланади. – Тошкент: “Фан”, 1972. Б. 12.

2. Ибрагимов С. Орфография узбекского языка // Орфографии тюркских литературных языков СССР. – Москва: «Наука», 1973. С. 220.

* * *

3. Асанов Э. Янги ўзбек тили лойиҳасига чизгилар. http://www.taraqqiy.uz/2015/06/yangi-ozbekcha/

4. Жапақов М. Аросатда қолган лотин ёзувими ёки муаммосиз кирилл?http://sharh.uz/munosabat/item/19547-arosatda-olgan-lotin-jozuvimi-joki-muammosiz-kirill

5. Луқмонов Ҳ. Ўзбек олимасига раддия: Лотин алифбоси миллатмиз учун зарур.http://kun.uz/news/2017/07/30/uzbek-olimasiga-raddia-lotin-alifbosi-millatimiz-ucun-zarur

6. Ризаев Ш. Президентимизга мактуб. http://kitobdunyosi.uz/publitsistika/460-prezidentimizga-maktub.html

7. Тўрахўжаева Ш. Лотин ёки кирилл — қай бири маъқул? http://kun.uz/18754060?q=%2F18754060

http://kun.uz/news/2017/08/16/birinci-zarbada-tizzalarigaca-ikkinci-zarbada-bellarigaca-lotin-va-kirill-atrofidagi-gaplar

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

2019 йилда давлат бюджетидан умумий ўрта таълимга 19,9 триллион сўм атратилгани маълум бўлди

Таълим соҳасини молиялаштириш учун 2017—2018 йилларда жами 10,4 триллион сўм ва 13,7 триллион сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 19,9 триллион ...

Туркманистонда талабаларга ҳусусий таксида юриш таъқиқланди

Туркманистонда олий таълим масканининг талабалари қишки таътил давомида давлатга қарашли учоқ, поезд ва автобус билан юриш мажбуриятини олди. Бу ҳақда мамлакатдаги ...

Президент халқ дарди билан яшаши керак !.

Мен хайвон эмасман, мен ақлли мавжудод бўлган инсон сифатида ўз фикримни ҳар доим билдиришга хақлиман !!!. Президент халқ дарди билан яшаши керак !. Ҳа бизнинг президентимиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400