Мажбурий ижро бюроси нега фуқарога маблағларини ундириб бермаяпти?

Маълумки, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси фаолияти юзасидан қатор норозилик кайфиятдаги хабарлар чиқмоқда. KUN.UZ таҳририятига ҳам бу каби мурожаатлар бўлиб турибди. Жумладан, куни кеча таҳририятга Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Қудуқсой қишлоғидан Насиба Алимова келди. У ўз мурожаатида Мажбурий ижро бюроси фаолиятидан шикоят қилди.

Алимованинг маълум қилишича, жорий йилнинг 18 январь куни нотариусдан ижро қоғозини олиб, ижро бюроси бўлимига бориб топширган. Орадан 8 ой ўтса ҳамки, ҳеч қандай натижа йўқ экани, уларнинг ундиришмаётгани айтилди.

“Мен Ҳазратқулов Икромжон исмли фуқарога 27 миллион 950 минг сўм қарз берганман. У Янгийўл тумани, Эски қовунчи маҳалласида яшайди. Ушбу фуқарога нотариус қарз шартномаси орқали қарз берилган. У турмуш ўртоғимнинг таниши. 2015 йил 6 апрель куни 20 кун муҳлатга олишган, орадан мана 2 йил муддат ўтди. Ҳалигача қайтариб беришмади. Суд орқали ишончнома ёрдамида ундиришга қарор қилдим. Ўзим ижарада яшайман, 2 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Ҳозир жуда ҳам мушкул аҳволдаман”, – дейди аёл.

Унинг айтишича, Мажбурий ижро бюросига ижро хатини бориб топширганидан сўнг, Янгийўл мажбурий ижро бюроси қабулхонасига май ойида қўнғироқ қилиб иши кимда ва қандай жараёнда экани ҳақида қизиққан. У ердаги ходим эса – Пирматова Марҳабо исмли аёл унга қўполлик билан муносабатда бўлган.

“У керак бўлса, келиб текшириш кўр, деди. Бундан ташқари, оғизга олиб бўлмайдиган турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Нима Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили уларга тегишли эмасми? Президентимиз фуқароларни қабул қилинглар, муомала қилинглар, деб айтмоқдалар-ку?! У ходим эса “Бу телефон менинг шахсий телефоним, хоҳлаганимни гапираман” деб менга қўполлик қилаяпти. Мен эса Сурхондарёда яшайман, ҳозир боришга имконият йўқ, деб тушунтирдим. Керак бўлса, келасан, деди. Сўнг Феруза Акбарова исмли ходимга иш ўтган дейишди. Унинг олдига 15 маротаба бориб келдим. Менда эмас иш, деди. Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим, у ердан уларга буйруқ беришди: “Шу нусхалар билан ишни кўраверасан” деб. Кейин менга тегишли бўлган иш шкафининг тагидан чиқди. Борганимдан сўнг ўша ерда чанг босиб ётганини кўрдим. Сўнг ишни ижрога қўйишди, Феруза Акбарова исмли ходим шуғулланди. Қарзимни 500 минг, 1 миллион қилиб ундириб беришди, бошқа ундиришмади. 15 маротаба борганимда ҳар хил баҳоналар билан алдайди. Бекзод Сотиболдиев исмли бошлиғининг олдига ҳам кирдим, “Қўлимиздан келганини қилмоқдамиз, ходимларимиз ишлашмоқда” деди. Жисмоний шахсларнинг мурожаати тўғрисидаги қонунга кўра неча кун, десам, 30 кун дейилди. 30 кундан нечтаси ўтди-ку? Сўнг улар 4 ижрочини қўшиб беришди, ўша қарздорнинг уйига бордик. Арзимайдиган нарсаларни хатлаб олишди. Кейин маълум бўлишича, қарздор бир ижрочининг қариндоши экан, шунинг учун орқага суриб, шундай ўйинлар қилишаётган экан. Ундан кейин порталга ёздим, натижасиз жавоб хати келади”, – дейди Алимова.

Унинг айтишича, турмуш ўртоғи Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида хонадонларни таъмирлаш билан шуғулланади. Оилада қарзга берилган пулларни эса “Уй оламиз” деган мақсадда йиғиб юришган.

“25 июль куни Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаевнинг қабулида бўлдим. У 10 кун муҳлатда қарзи ундириб берамиз, деб ваъда берганди”, – дейди аёл.

Халқимизда яхши бир гап бор. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Мажбурий ижро бюроси фаолиятидан айни кунда аҳоли ўртасида норозилик кайфиятининг кучайиб бораётгани бор ҳақиқат. Умид қиламизки, юқори лавозимдаги мутасадди раҳбарлар бу вазиятга эътибор қаратиб, керакли чора-тадбирларни амалга оширади.

http://kun.uz/news/2017/08/20/mazburij-izro-burosi-nega-fukaroga-mablaglarini-undirib-bermaapti

Аудиолар